Ўрта ва катта мактаб ёшидаги болаларга тавсия этиладиган эртаклар

0
1565
марта кўрилган.

Мактабгача таълим ва кичик мактаб ёшидаги болаларга тавсия этиладиган эртаклар юқорида кўриб ўтганимиздек ҳажм жиҳатидан кичкина, мазмуни содда бўлишидан ташқари, расм ва бўёқлар билан бой бўлишини ҳам таъкидлаб ўтган эдик. Бу икки гуруҳга кирувчи эртаклар воситасида табиат, она-Ватан, ҳайвонот оламига ғамхўрлик қилиш, тўғри сўзли, одобли бўлиш, катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни эъзозлаш сингари масалалар кичкинтойларнинг онг-тушунчаларига етказилишини эслатиб ўтиш лозим.

Эндиликда бу давр болаларига ўқиш учун тавсия этиладиган эртакларнинг асосий қисми довюраклик, ватанпарварликдан ташқари, яхши касб-кор эгаси бўлиш, халқ ва Ватан учун жон фидо қилишга чорловчи эртаклардан иборат бўлади. “Паҳлавон Рустам”, “Бирлашган ўзар”, “Уч оға-ини ботирлар”, “Эгри билан Тўғри”, “Она ер фарзанди”, “Сардорнинг ойни ушлаб олмоқчи бўлгани” (турк халқ эртаги), “Донишманд қиз” (хитой халқ эртаги), “Қадрдон уйнинг михи” (швед халқ эртаги), “Чоллар, ҳўкизлар, Бўрка ва поп” (грузин халқ эртаги) сингари эртакларни ўқиш учун тавсия этиш мумкин.

Ота-боболаримиздан қолган иборатомуз бир гап бор: яхши ҳаёт кечириш инсоннинг ўзига боғлиқ. У нечоғлик тўғри сўзли, ақлли, тадбиркор, пок кўнгилли бўлса, дўстга, ватанга хиёнат қилмаса, ёлғон гапирмаса, топширилган ишни ўз вақтида бажариб, ваъдасига вафо қилса, уни эл дилдан севади, ҳурмат қилади, эртаклардан ана шу фикрларни уқиш мумкин.

Бизга озгина бўлса ҳам эзгулик қилган одамга эзгулик қайтариш бурчимиз экан, дунёга келишимизга сабабчи бўлган, ўстирган, тарбия қилган ота-оналаримизга доимо муҳаббат, ҳурмат, итоат ва хизмат қилиш бўйнимиздаги шарафли бурчдир. Бу шарафли бурчни адо қилиб, ота-она олқишини олган фарзанд, шубҳасиз, дунёда бахтли, саодатли бўлиб яшайди. Бунинг ёрқин намунасини “Уч оға-ини ботирлар” эртагида кўришимиз мумкин. Эртакдаги ота узоқни кўзлаб иш кўрадиганлардан. Ўғилларига яхши тарбия беради. Натижада ўғиллари ота измидан бориб, комил инсонлар бўлиб камол топадилар. Ота дуоси, ўгит-насиҳатларини дилларига жо қилиб олганликлари учун ҳаётда кам бўлмайдилар.

Уч забардаст ўғил. Учовларининг қўллари кўксида, отага таъзимда. Ақл, куч – жасоратда тенги йўқ бу йигитлар одобда бутун оламни қойил қолдирадилар. Негаки, таълим ва тарбия шундай бўлган. Ота биринчидан, камбағал, иккинчидан, ботир – паҳлавон ўғилларини кўзининг тириклигида ҳаётда ўз йўлларини топиб олишларини орзу қилади.

Дарвоқе, одам қанчалик тарбияли ва ҳалол-поклиги ўзга одамлар билан дўстлашганда, кўпинча сафарга чиққанда, мард – паҳлавонлиги эса курашда, жангда билинади. Ота худди шундай режа, ўй билан фарзандларини узоқ сафарга жўнатади. Бундай олиб қараганда отанинг бошқа оталардан унча фарқи йўқдек туюлади. Аммо эртакни синчиклаб ўқиб, ота насиҳатига назар ташлайдиган бўлсангиз у дунёдаги энг билимдон, узоқни кўра оладиган, ақл-заковатда тенгсиз бир инсон эканлигини сезасиз. Отанинг фарзандларига айтадиган сўзи – насиҳати бир жумлагина. Лекин унинг маъноси, таъсири, кучи оламча бор.

Ота насиҳатини бир неча бўлимларга ажратиб ўрганиш мумкин. Насиҳатнинг биринчисида ҳар бир ота-она ўз фарзандига оламга келиши билан унга яхши, ўзига муносиб исм қўйиб, тўйтомошасини ўтказиб, ўқитиши, хат-саводли қилиши ҳақида гап боради:

– Ўғилларим, мен бой эмасман, мендан қолган давлат сизларнинг маишатингиз учун кифоя қилмайди, ўзимдан кейин бахтсиз бўлиб қолманглар, деб сизларни ўқитдим. Яхши от қўйдим. Тўй қилдим. Вояга етказдим.

Ҳамма замонларда ҳам бола тарбияси муҳим масалалардан бири ҳисобланган. Насиҳатнинг иккинчи бўлимида бола тарбияси ҳақида сўз боради. Болани чинакамига соғлом, тетик, кучқувватли қилиб вояга етказиш, она-Ватан ҳимоясига доимо тайёр кишилар қилиб тарбиялаш, фойдали меҳнат кўникмаларига эътибор бериш таъкидланади:

Сизларни уч нарса билан тарбия қилдим. Биринчидан, соғлом вужудли қилиб тарбияладим – қувватли бўлдингиз. Иккинчидан, яроғ билан таништирдим – яроғ ишлатишга уста бўлдингиз. Учинчидан, қўрқитмай ўстирдим – қўрқоқ бўлмай, ботир бўлдингиз.

Насиҳатнинг учинчи бўлими жуда муҳим. Унда тўғри, ҳалол, пок инсонлар бўлиш сув билан ҳаводек зарурлиги, айни пайтда, мақтанчоқлик ва дангасалик ёмон иллатларга олиб келиши кескин қораланади:

– Яна уч нарсани айтаман, қулоқларингизга қуйиб олинглар, эсларингиздан чиқарманглар. Тўғри бўлинг – бехавотир бўласиз. Мақтанчоқ бўлманг – хижолат тортмайсиз. Дангаса бўлманг – бахтсиз бўлмайсиз.

“Уч оға-ини ботирлар” эртагининг қаҳрамонлари меҳрибон, ўз вақтида қаттиққўл, шу билан бирга талабчан ота тарбиясини олганликлари учун сафарда катта муваффақиятларга эришадилар. Йўлда ўзларига дуч келган барча тўсиқларни енгиб, ботир ва довюракликлари билан эл-юртни лол қолдириб, бахтиёр бўладилар.

Ҳар бир бола дунёда олим ва фозил бўлишга, ўзини софлик ва тўғрилик зийнати билан безашга интилиши, Ватан ва халқига муносиб хизмат қилиши шарт. Ўз ота-онасини эса ҳалол хизматлари билан мамнун этиши керак. Ёшлигидан меҳнат қилишга интилган, тўғрисўз ва софдил инсон доимо эл-юрт олқишига муяссар бўлган.

Хуллас, кимки халқ оғзаки ижодига меҳр қўйса, айниқса, эртакларни кўпроқ ўқиса, ҳаётда кам бўлмайди.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.