Нодиранинг тахмис яратиш маҳорати

0
439
марта кўрилган.

Адабиёт тарихида бир сюжет асосида бир қанча ижодкор томонидан яратилган асарларни учратиш мумкин. Бир сюжетнинг кўплаб ижодкорларнинг асарларида учрашига нисбатан қўлланадиган сайёр сюжет тушунчаси мавжуд. Шарқ халқлари адабиётида сайёр сюжет асосида яратилган асарларга нисбатан назира-татаббуъ истилоҳи ишлатилади. Татаббуъда татаббуъ қилинадиган асарнинг шакл ва мазмуни янги ёзилаётган асарда ўз аксини топиши керак бўлади. Татаббуълар йирик эпик асарлар билан бирга лирик асарлар асосида ҳам ёзилиши мумкин. Шуни ҳам айтишимиз мумкинки, бир шоирнинг бирор бир ғазалига тахмис боғлашини ҳам татаббуънинг бир кўриниши дейиш мумкин.

Тахмис (арабча – бешталик қилиш, бештага етказиш) – мухаммаснинг бир тури. Тахмис бандлари ҳам мухаммас сингари 5 мисрадан иборат; улар бир шоиргагина тегишли бўлмай, балки 2 шоирнинг мисраларидан ташкил топади: дастлабки 3 мисра тахмис ёзаётган шоир қаламига, кейинги 2 мисра эса тахмис ёзилаётган шоир ғазалига мансуб бўлади. Тахмисда ҳар иккала шоирнинг бир бандни ташкил этаётган мисралари мазмун ва шакл жиҳатидан ўзаро мос бўлиши талаб этилади. Тахмисни, одатда, фалончи шоирнинг ғазалига мухаммас, деб таъкидлаб ёзганлар (фақат бир шоирнинг мисраларидан иборат бўлган мухаммасларга баъзан “таъби худ” – ўзиники, ўзининг таъби, деб қушиб ёзганлар). Тахмислар шоирга ёққан ғазалларга ёзилиши сабабли биргина ғазалга бир неча тахмис қилиниши мумкин… Тахмис ёзиш шоирдан катта маҳорат талаб этади, чунки тахмис яратувчи шоирлар ўзидан аввал яшаб ижод килган шоирларнинг етук ғазалларини ривожлантирганлар, анъаналарини давом эттирганлар. Тахмиснинг сўнгги бандида шоирларнинг тахаллуслари эслатиб ўтилади[1].

“… ўзга шоир ғазалига боғланган мухаммас тахмис деб юритилиб, у тахмисчи шоирнинг ўзга шоир ғазалидаги ҳар бир байтга ўзидан яна уч мисра қўшиш орқали яратилади. Бунда тахмис боғлаётган шоирнинг ўша ғазал мазмунига путур етказмаслиги, қўшилаётган мисраларнинг ғазал вазни, қофияси, радифи ва бошқа жиҳатларига мос бўлиши талаб этилади”[2].

Юқорида тахмисга берилган таърифларга яна шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, баъзида бир шоирнинг бирор ғазалининг бошқа бир шоир тахмиси таркибида айрим байтнинг тушириб қолдирилганлиги ёки бирор сўзнинг ўрнига бошқа сўз қўлланганлигини кўрамиз. Байтнинг тушириб қолдирилишига сабаб тахмис боғловчи шоирга танланган ғазалнинг умумий мазмуни маъқул келса ҳам, тушириб қолдирилган байтига мос мисралар топа олмаганлигидир. Бундан ташқари, байтнинг тушириб қолдирилишига байт тахмис боғловчи фикрларини давом эттиришга халал берганлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, тахмис боғлаш учун танланган ғазал тахмис қилувчи фойдаланган манба нуқсонли бўлиши ҳам мумкин. Бундай нуқсонлар котибнинг ўз билим даражасида матнга “ижодий” ёндашиши ёки тахмисчи фойдаланган манбанинг ноқулай шароитда сақланиши натижасида зарарланган бўлганлигидан келиб чиқади. Шу боис, тахмис учун танланган ғазал матни бирламчи манбадаги матндан фарқ қилади.

Мумтоз адабиёт анъаналарини давом эттирган Нодира шеъриятида Навоийнинг қуйидаги ғазалига боғланган тахмис учрайди:

 

Кўнгул жон бирла борди, ҳамроҳингмен дард ила турдум,

Санга жон бирла кўнглумни, сени тенгрита топшурдум.

Нишондур тийра бўлғон ахтари бахтим саводидин,

Тугонларким, фироқинг ўтидин ғам шоми куйдурдум.

Йиғоч бирла бошоқким, танда қолмиш улдурур марҳам,

Жунундинким, фироқинг ўқларин жисмимда синдурдум.

Тутошти шамъдек ҳар бармоғин ҳижрон шароридин,

Илик марҳам қўяй деб чун кўнгул чокига еткурдум.

Чу ул кофир чиқар кўз солмағайсиз, эй мусулмонлар,

Ки мен бечора кўнглумни боқиб турғунча олдурдум.

Қотибдур кўзларимким не ёпилмоқ, не таҳаррук бор,

Қиё боққайму бир деб, азм этарда баски телмурдум.

Юзин кўргач бошимға тушти мушкин зулфи савдоси,

Фиғонким, бир боқишда юз бало бошимға келтурдум.

Кўнгул тинмасқа қолмиш эрди, ҳар навъ орзу бирла,

Ризо кўйида то қўйдим қадам кўнглумни тиндурдум.

Макон гулхан кулин қилдим, Навоий, телбадек яъни

Жунун торожидин охир қаро туфроққа ўлтурдум[3].

 

Навоийнинг Нодира тахмис учун танлаган ғазали юқорида кўриниб турганидек, аслида тўққиз байтдан иборат. Нодира тахсимида унинг олтинчи байти учрамайди. Биз ғазал матнини “Хазойин ул-маъоний”нинг нашри, ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи қўлёзмалар фондида сақланаётган 164,459 ва 698 рақамли қўлёзмалари матни билан солиштирганимизда айрим сўз ва мисраларнинг таҳрир қилинганлигини кўрамиз. Масалан, иккинчи байтнинг иккинчи мисрадаги “Тугонларким” сўзи, 164 (516-бет), 459 (223б-варақ), 698 (139а-варақ) рақамли қўлёзмаларнинг барчасида бир хил тарзда “Тугунларким” шаклида берилган. Тўртинчи байтнинг иккинчи мисрасидаги “чокига” сўзининг ўрнига 698 рақамли қўлёзмада “хокига” сўзи ёзилган. Олтинчи байтнинг биринчи мисраси 164 ва 459 рақамли қўлёзмаларда “Қотибдур кўзларимким не юммоқ бор, не таҳаррук” тарзида берилган. 164 ва 459 рақамли қўлёзмаларда учинчи ва тўртинчи байтларнинг иккинчи мисралари ўрин алмашган. Бу сингари ўзгаришларнинг айримлари мантиқийдек туюлади. Масалан, учинчи ва тўртинчи мисраларнинг қуйидаги каби кўринишда берилиши мисралараро поэтик фикрнинг боғланишини таъминлаган:

 

Йиғоч бирла бошоқким, танда қолмиш улдурур марҳам,

Илик марҳам қўяй деб чун кўнгул чокига еткурдум.

Тутошти шамъдек ҳар бармоғин ҳижрон шароридин,

Жунундинким, фироқинг ўқларин жисмимда синдурдум.

 

Олтинчи байтнинг биринчи мисрасидаги “Қотибдур кўзларимким не юммоқ бор, не таҳаррук” деб таҳрир қилинганлиги ҳам тўғри деб ўйлаймиз. Чунки, сўзлашув нутқида ҳам, адабий тилда ҳам “кўзим ёпилмади” эмас, балки “кўзим юмилмади” дейилади. Ўз навбатида кейинги таҳрир мисранинг мусиқийлиги ва мазмун таъсирчанлигини ҳам оширган.

Шунингдек, ғазал 164 ва 459 рақамли қўлёзмаларда “Бадоеъ ул-васат” таркибида берилган бўлса, 698 рақамли қўлёмада “Ғаройиб ус-сиғар”га киритилган.

Навоий ғазали ёридан ажралиб ҳижронда қолган ошиқ тилидан баён этилган. Унда фироқ, айрилиқ онларининг шиддати, ошиқнинг севгилисига етишиш учун ўзини ҳар куйга солганлиги, турли хил орзулар оғушида бўлганлиги тасвирланган. Ғазал лирик қаҳрамон орзуларининг амалга ошмаслигини билгач, тақдирга тан берганлигини билдириши билан якун топган. Навоий ғазалидаги айнан ана шу фироқ билан боғлиқ мотивлар шоиранинг севимли ёри – Амир Умирхондан айрилган жудолик, фироқда кечираётган руҳий ҳолатига ҳамоҳанг келганлиги тахмис боғланишига туртки берган. Шунга кўра уни Нодиранинг “Фироқнома” шеърлари қаторига қўшиш мумкин:

 

Сўроғингда биёбонлар кезиб бе поу сар юрдум,

Қуюндек чарх уруб жисмим ғуборин кўкка совурдум,

Сен азм айлаб кетарға, мен бўлуб бемор, қайғурдум,

Кўнглум жон бирла бўлди ҳамроҳинг, мен дард ила турдум,

Сенга жон бирла кўнглумни, сениг тенгрига топшурдум.

Видоингни қилурда куйди жоним хайрбодидин,

Фалак сақфи қарорди дуди оҳимни мидодидин,

Жаҳон зулмат саройи дуди оҳим имтидодидин,

Туганларким, фироқинг ўтидин ғам шоми куйдурдум.

Қошинг ёси таманносидадур пайваста қаддим хам,

Юрак захмиға марҳам истаб этмасман тараддуд ҳам,

Кўнгул новакларингни захмидин роҳат топар ҳар дам,

Ёғоч бирла бошоқ ким танда қолди ул эрур марҳам,

Жунундин ким фироқинг ўқларин жисмимда синдурдум.

Гирибон чок этурман субҳи висолинг интизоридин,

Қаронғу бўлди шомим дуди оҳимни ғуборидин,

Шарарлиғ шуълалар бош чекти кўксум хор-хоридин,

Туташти шамъдек ҳар бармоғим ҳижрон шароридин,

Илик марҳам қўяй деб чун бағир чокиға еткурдум.

Кўруб ул бутни зуннор олмағайсиз, эй мусулмонлар,

Менингдек юз балоға қолғайсиз, эй мусулмонлар,

Саломат кунжидин қўзғолмағайсиз, эй мусулмонлар,

Чу ул кофир чиқар кўз солмағайсиз, эй мусулмонлар,

Ки мен бечора кўнглумни боқиб ўткунча олдурдум.

Мени лол этти гуфтори лаби хомуши гўёси,

Ушатти қанду шаккар қимматин лаъли шакархоси,

На дилкаш ҳусн эрур кўрган сари ортар таманноси,

Юзинг кўргач бошимға тушти мушкин зулфи савдоси,

Фиғонким, бир боқишда юз бало бошимға келтурдум.

Сени топмоқ басе мушкул кўрунди жустужў бирла,

Фироқинг дардиға таскин тилармен гуфтугў бирла,

Гаҳи паймона бирла шуғл этиб, гаҳи сабу бирла,

Кўнгул тинмасқа қолмиш эрди ҳар нав орзу бирла,

Ризо кўйиға то қўйдум қадам кўнглумни тиндурдум.

Зарар қилмас муҳаббат аҳлиға ағёрни таъни,

Эрур бадхоҳларнинг гуфтугўйи барча бемаъни,

Бу кун, эй Комила, бошдин қўюб тожи мурассаъни,

Макон гулхан кулин қилди Навоий телбадек яъни,

Жунун торожидин охир қаро туфроққа ўлтурдум.

 

Қайд қилинганидек, Навоий ғазали аслида тўққиз байтдан иборат. Унинг матласидаги тасвирларданоқ лирик қаҳрамоннинг ёри тирик, лекин етишиш имкони йўқ даражада узоқда эканлигини билиш мумкин. Биринчи ва иккинчи мисраларда лирик қаҳрамон ўзининг бир гўзалга ошиқлиги, унга жону кўнглини берганлиги, айни пайтда ҳижрон азобида севгилисига етиша олмай қийналаётганлигини айтади. Учинчи байтдан саккизинчи байтгача ошиқнинг маъшуқасининг гўзаллиги, ҳеч кимга ўхшамаслиги, унга етишиш учун ўзини ҳар томонга урганлигини баён қилади. Саккизинчи ва тўққизинчи байтларда эса, ёр дийдорига етишиш орзуларининг амалга ошиши мушкуллигини англаб, тақдир ишига тан берганлиги, энди ўзини бу орзулардан четга торганлигини ёзади. Нодира матладан бошлаб бу тасвирларга ўзининг айрилиқ, жудолик аламлари билан боғлиқ руҳий кечинмаларини қўшиш билан Навоий ғазалига янгича руҳ бағишлаган. Энда ғазал тахмис таркибида ўқилса, Нодира ва Навоийнинг тақдири бир хилдек деган тасаввурни уйғотади.

Булар билан бирга Нодира бошқа ижодкорлар сингари тахмис қилиш учун танланган ғазалга айрим ўзгартиришлар киритган. Чунончи, Навоий ғазалининг иккинчи байтнинг биринчи мисраси (“Нишондур тийра бўлғон ахтари бахтим саводидин”) тахмисида шоиранинг поэтик фикри изчиллигига мос тарзда “Жаҳон зулмат саройи дуди оҳим имтидодидин” деб ўзгартирилган. Бешинчи банднинг Навоий ғазали байтининг иккинчи мисраси “Ки мен бечора кўнглумни боқиб ўткунча олдурдум” тарзида таҳрир қилинган. Айтилганидек, Навоий ғазалининг олтинчи байтига банд ҳосил қилинмаган. Базнингча, бундай бўлишига сабаб, бу байтда лирик қаҳрамон олдидан қарамай ўтиб бораётган ёрининг бир бор қараб қўйишидан умидворлигини айтмоқда. Ундаги ана шу жиҳатлар Нодиранинг Амир Умархондан айрилган, уни қайта кўришдан умидини узганлиги билан боғлиқ руҳий кечинмаларини тасвирлашга қаратилган фикрининг мантиқий давомийлигига монелик қилади. Шу боис шоира бу байтни тушуриб қолдиришни лозим топган. Ғазалнинг бир байти тушириб қолдирилган бўлса ҳам, Нодира тахмисининг кейинги байтидаги мисралардаги тасвирлар билан узвийлик ҳосил қилган.

Хулоса қилиб айтганда, Нодира ҳам тахмис яратишда мумтоз адабиёт анъаналарига қатъий амал қилган. Шу билан бирга ўзининг бадиий майлларига мослаштириш учун тахмис учун танлаган ғазали матнига таҳрир киритишга ҳам жазм қила олган. Бу билан тахмис учун танлаган ғазалидаги байтлараро поэтик фикр узвийлигига путур етказмаган.

 

Сурайё ЭШОНҚУЛОВА,

филология фанлари номзоди

 

Манба: navoimuseum.uz сайти

 


[1] Ўзбекистон Миллий энциклопедияси.  8-жилд. –Б. 302

[2] http://quronov.narod.ru/dkitk3.html

[3] Навоий Алишер. Хайзойин ул-маъоний. Ғаройиб ус-сиғар. Биринчи том. –Т.: ЎзССР Давлат Адабиёт нашриёти, 1963. –Б. 290.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.