Нодира

0
1023
марта кўрилган.

 (1792–1842)

Шоиранинг асл исми Моҳлар ойим бўлиб, Нодира тахаллуси билан машҳур бўлган. Айрим ўзбекча шеърлари Комила, форс тилида ёзилган шеърлари Макнуна тахаллуси билан шуҳрат қозонган.

Нодира 1792-йилда Андижонда туғилган. Отаси Андижон ҳокими бўлиб, онаси Ойшабегим қизининг тарбиясига алоҳида эътибор беради. 1807-йилда Нодирани Қўқон хони Олимхоннинг укаси Умархонга узатадилар. Умархон Марғилонга бек этиб тайинлангач, шоирани ўзи билан Марғилонга олиб кетади.

1810-йилда Умархон Қўқон хони этиб тайинлангач, Нодира хон кутубхонасидан унумли фойдалана бошлайди. Шарқ шеъриятининг Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Навоий, Фузулий ва Бедил каби буюк сўз санъаткорлари асарларини чуқур ўрганади. Уларнинг анъаналарини ўз шеърларига сингдира бошлади.

Умархон Нодира учун нафақат ҳукмдор, умр йўлдош, балки шеъриятда устоз ҳам бўлган. Нодира шеъриятининг камол топишида, бир томондан, Умархоннинг маслаҳатлари, иккинчи томондан, саройдаги шеърият анжуманлари ўз таъсирини ўтказган.

Саройда ташкил этилган шеърият мажлисларида аёллар иштирок этмаса-да, Нодира атрофида ижодкор аёллар тўплана бошлади. Жаҳон Отин Увайсий, Маҳзуна, Дилшод Барно каби шоираларнинг элга танилишида ва истеъдодларининг камол топишида Нодиранинг хизматлари беқиёс бўлди. 1822-йилда Амир Умархон вафот этгач, тахт вориси Муҳаммад Алихон жуда ёш бўлгани учун мамлакатни бошқариш ишлари Нодира зиммасида эди. Шоира учун бу ишлар, умр йўлдошидан жудолик осон эмасди. Руҳиятидаги тушкунлик, эзгин туйғулар унинг ижодида акс этмай қолмади. Унинг шеъриятида ҳижрон туйғулари акс эта бошлади:

Фиғонким, гардиши даврон айирди шаҳсуворимдин.

Ғамим кўп, эй кўнгил, сен бехабарсен ҳоли зоримдин.

Бухоро хони Насруллохон 1842-йил Қўқонни босиб олгач, Нодирабегим ўғиллари Муҳаммад Алихон ва Султон Маҳмудхон билан бирга қатл қилинди. Аммо шоиранинг муборак номи ўзбек мумтоз шеъриятида абадий қолди. Нодиранинг икки девони сақланиб қолган. Нодира девонида кўплаб ғазаллар билан бирга Умархон вафотига бағишлаб ёзилган шеърий фироқнома ҳам мавжуд. У мумтоз адабиётда ниҳоятда кам учрайдиган муашшар жанрида яратилган. Муашшар ўн банддан иборат бўлиб, ҳар бир банди ўн мисрадан ташкил топган бўлади.

 

Назира ҒУЛОМОВА

 

“Она тили ва адабиёт” (“Шарқ” нашриёт-матбаа аксиядорлик компанияси бош таҳририяти, Тошкент – 2014) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.