Муҳаммад Шариф Гулханий

0
7849
марта кўрилган.

Исёнкор куйчи Гулханий XVIII асрнинг охири XIX асрнинг бошларида яшаб ижод этган ва бу давр ўзбек адабиётида ўзига хос ўринда турадиган ёзувчидир. Унинг асл исм-шарифи Муҳаммад Шариф бўлиб, Гулханий эса унинг адабий тахаллусидир. Тахминларга кўра, у XVIII асрнинг 70йиллари ҳозирги Хўжанд вилоятининг Дарвоза қишлоғида дунёга келади.

Бўлажак ёзувчининг болалиги ўзи оламга келган тоғ қишлоғида ўтади. Бу ерда озми-кўпми ўқиб, савод чиқаради, адабиётга бўлган ҳаваси ортади. Шеъриятга оид кўплаб асарлар ўқийди, халқ оғзаки ижодини берилиб ўрганади ва аста-секин шеърий машқлари бошланади. У ўз илмини ошириш мақсадида аввал Наманган, сўнгра Фарғонага келади, қизиқчилиги, ҳозиржавоблиги ва ҳажвий шеърлари билан кишилар ўртасида танила бошлайди. Айниқса, ғариблик туркумидаги рубоий ва тўртликлари билан эл оғзига тушади. Шоир кейинчалик Қўқонга келади ва қийинчилик билан кун кечиради. У ўзбекча шеърларига Гулханий, тожикча шеърларига Журват деб тахаллус қўяди.

Гулханий бир неча йил Қўқон хони Олимхон саройида навкар бўлиб хизмат қилган, жангларда қаҳрамонлик кўрсатган бўлсада, аммо очлик, юпунлик, муҳтожлик унинг ҳамроҳи бўлиб қолаверади.

Гулханийнинг “Бер менга” радифли шеъри унинг навкарлик даврида ёзилган асаридир. Ғазал оч қолган кишининг ўз хўжайинидан нон сўраши билан бошланиб, лирик қаҳрамон – навкарнинг қалб аламлари сўнгги байтларда изчил очила боради.

Бу ғазалга чуқурроқ назар ташланса, унда фақат якка, очликдан тинкаси қуриган айрим шахс ҳақида гапирилмай, балки катта ижтимоий масала – Олимхоннинг навкарлари орасидаги ички ҳаёт шароити ҳақида гап боради. Ғазалда лирик қаҳрамоннинг қияфаси умумлашма тимсол даражасига кўтарилган, чунки Олимхон навкарларидан фақат Гулханий хон илтифотига сазовор бўлолмади, деган қарорга келиш янглишдир. Демак, лирик қаҳрамон – навкар ўз бошидан кечирганларини баён қилиш асосида Олимхоннинг навкарларга мурувватсизлиги ва қўшиндаги тартибсизликни фош қилади. Ўз ҳуқуқини ёқлаш билан бошқа навкарларни ҳам ана шундай иш кўришга даъват этади:

Ҳазратим, очликдан ўлдим, егани нон бер менга,

Кофир ўлғайман агар десамки, баҳмон бер менга.

Мош-у буғдой-у гуруч берким, шулар менга керак,

Ҳеч айтмасман ақиқ-у лаъл-у маржон бер менга.

Эгнима ёпиқ бериб, қорнимни тўйғиз нон билан,

Сенга било ким демасман дин-у иймон бер менга.

Навкаринг очликдан ўлса, нега ҳайфинг келмагай,

Эй табиби ҳозиқим, дори-ю дармон бер менга.

Нон-у тўн бер, бенаволик дардидан қутқар мени,

Мен қачон айтдимки, Қорун ганжидек қон бер менга…

Гулханийни эр йигитлар тўпидан камситмагил,

Фўта бер, от бер, тўн-у чакмон бер менга.

Халқ золим деб атаган Олимхондан кейин Қўқон тахтига чиққан Умархон ҳукмронлиги даврида ҳам Гулханий турмушида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.

Гулханий аввал адашиб, турмушим яхши бўлармикан, қорним нонга тўярмикан, деган ўй-умидлар билан Умархон саройидаги маддоҳ шоирлар гуруҳига қўшилади. Хонни мақтаб қасида ва ғазаллар ёзади. Қасидаларида Умархонни кўкларга кўтариб мақтайди, хонга унда бўлмаган яхши хислатларни тақади, уни фуқаропарвар, адолатпарвар, зулм ва ҳақсизликка хотима берувчи киши қилиб тасвирлайди ва бу билан хонни ана шундай ижобий хислатлар эгаси бўлишга даъват этади. Аммо Умархон саройидаги фисқ-фужурлар, мунофиқликлар, хон ва уни ўраб олган аркони давлат таянчлари томонидан халқ бошига келтирилган қора кунлар Гулханийдек ҳассос шоирнинг сарой аҳлига бўлган мунособатини ўзгартириб юборди: энди у баъзан ихтиёрий равишда ва баъзан пайровлик қилиб шоҳни таърифлашдан чекинадиган бўлди, ўз эътирозларини билдира бошлади.

Гулханий XIX асрнинг биринчи ярмида вафот этди. “Зарбулмасал” халқ эртаклари тахлитида ёзилган мукаммал мазмунли ўткир ҳажвий асардир. Гулханий ўзининг бу асарида халқнинг мазмундор мақоллари, ҳикматли сўзлари ва қочиримларидан моҳирлик билан фойдаланди. У ҳукмдорлар ва уларнинг лаганбардорларини, сарой аҳлининг ярамас кирдикорларини мажоз йўли билан ўткир ҳажв остига олади. Чунки у меҳнаткаш халқнинг оғир, машаққатли ҳаётини ўз кўзи билан кўрди, сарой базмлари, кети узилмас майпарастликлар халқни талаш ҳисобига бўлишини пайқади ва бундай салбий ишлар унинг кўзини очди. Натижада унда сарой аҳлига нисбатан нафрат ҳисси тобора ошиб борди. Аммо шоир, шароитга кўра, ҳукмрон доиралардан норозилигини ва нафратини очиқ-ойдин ифодалай олмас эди. Шунинг учун мажозий шаклдаги “Зарбулмасал” асарини ёзишга киришди. Асарда шоирнинг мақсади, ҳаётга, уни ўраб олган муҳитга, ҳоким табақаларга бўлган мунособати тўғридан тўғри ифода этилмай, балки ҳайвонлар, қушлар ва шунга ўхшаш мажозий образларнинг тасвири орқали ифодаланди. Шоир шу зайлда ўзи яшаган замон учун аниқ воқеа-ҳодисаларни, уларга ўзининг муносабатини, қарашларини тасвирлади.

Муаллиф ўз масалларида мажозий қиёфалар орқали ўша даврдаги ҳукмрон синф вакилларини фош қилади, мамлакатга харобалик, халққа қашшоқлик келтирган ўзаро урушларга қарши омманинг норозилигини ифодалайди.

Гулханий ўз замонида содир бўлган талон-тарожлик, халқни қийнаш, ортиқча солиқлар солиш каби воқеаларни очиқдан очиқ ёза олмас эди. У буни фақат эртак йўли билан амалга ошириш мумкин эканлигини тушунарди. Шунинг учун Япалоққуш ва Бойўғли бир-бирига қуда бўлиши воқеасини келтиради. Бу икки қуда тўй баҳонаси билан мамлакатни хонавайрон қилади. Ёзувчи Кўрқуш, Ҳудҳуд, Кулонкирсултон, Шўранул, Малик шоҳим ва Кордонларнинг бир-бириларига айтган масаллари, ҳикоялари орқали асарнинг ғоявий мазмунини очади.

Япалоққуш ва Бойўғли юқори табақа вакиллари. Уларнинг хатти-ҳаракатлари очкўз ва қонхўр бўри, алдамчи ва шайтон тулкиларга ўхшайди. Буларнинг ўй-фикрлари, юриш-туришлари, шумлик, шаҳар ва қишлоқларнинг вайрон бўлиши улар учун байрамдир.

Гулханий “Маймун билан Нажжор” масалида ҳунар ва ҳунар аҳлини улуғлади, қўлингдан келмайдиган ишга асло уриниб кулги бўлма, кўр-кўрона бировга тақлид қилиб фалокатга йўлиқма, деган фикрни маймун қисмати орқали кўрсатади.

Нажжор жуда ақлли ва моҳир ҳунарманд сифатида тасвирланади. У ижтимоий-фойдали меҳнат билан шуғулланишни ҳар нарсадан юқори қўяди. Гулханий Нажжор ва унинг меҳнатини, дурадгорлик маҳоратини катта муҳаббат билан тасвирлар экан, ҳаттоки маймун ҳам меҳнатга муҳаббат билан қарайди, ҳунарга ва ҳунар эгасига унинг ҳаваси келади, деган фикрни олға суради.

Меҳнаткаш халқнинг оғир ҳаёти, ҳуқуқсизлиги ва ночорлиги, бир сўз билан айтганда аянчли қисмати “Туя билан бўталоқ”да ўзига хос бадиий таъсирли қилиб берилади.

Гулханийнинг тасвирлашича, туя ҳаётда эзилган, тутқун, эрк-ихтиёрсиз, оғир меҳнат бандаси ҳамда қул қисматига маҳкум этилган меҳнаткашларнинг мажозий тимсолидир. Бўталоқ эса она сутига ҳам тўёлмай, оғир машаққатли ҳаёт кечирган, очяланғочликда, муҳтожликда яшаган эрксиз меҳнаткаш болаларнинг тимсолидир.

Гулханийнинг “Тошбақа ва Чаён” масалида бир-бирига зид ва қарама-қарши икки тимсол берилган: Тошбақа – ақлли, фаросатли, сафарларда кўп юриб, анча тажриба орттирган, инсофли, содиқ ва қадрдон дўст тимсоли. У ўз ҳамроҳи Чаённинг сувдан ўта олмаслигини билгач, унга ёрдам қўлини чўзади. Лекин Тошбақа Чаённинг хиёнатини – “сен билмайсанми Чаённинг муддаоси хоҳ дўстнинг кўксига, хоҳ душманнинг орқасига бўлсин ниш уришдир” деган жавобини эшитгач, уни ҳалок қилади. Гулханий бу масали орқали Чаёнга ўхшаган одамлар билан дўст ва ҳамроҳ бўлмасликка, киши ўзини ва тақдирини ўшандай кишиларга топшириб қўймасликка чақиради.

Чаён бутун умри бўйи бировларга ёмонлик қилган, уларга зиён-заҳмат етказган, яхшиликни билмайдиган, яхшиликка ёмонлик қайтарадиган, хиёнаткор тоифаларнинг рамзий қиёфасидир.

Гулханий шу зайлда ҳозирги замон ўзбек болалар адабиётининг майдонга келишида баракали ҳисса қўшган қаламкашдир.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.