“Мени мен истаган…”

0
12271
марта кўрилган.

Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд[1] этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра,

Чу улким, баҳрайи андин тилармен, баҳраманд этмас.

Нетай ҳур-у пари базминки, қатлим ё ҳаётимға

Аён ул заҳр чашм[2] айлаб, ниҳон бу нўшханд[3] этмас.

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусн-у малоҳатдин

Ичим ул чок-чок этмас, таним бу банд-банд этмас.

Керак ўз чобуки қотилваши Мажнуншиоримким,

Бузуғ кўнглумдин ўзга ерда жавлони саманд[4] этмас.

Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир

Ажал сариштасидин ўзга бўйнунға каманд этмас.

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий, тегмасин деб кўз,

Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд[5] этмас.

 

V–– – / V–– – / V–– – / V–– –

мафоийлун / мафоийлун / мафоийлун / мафоийлун

Ҳазажи мусаммани солим

 

Ушбу ғазал “Бадоеъ ул-васат” девонига киритилган бўлиб, Навоийнинг фалсафий-дидактик қарашларини анча ёрқин ифодалаши билан ажралиб туради. Олам турфа ҳодисотларга бой. Шулардан бири киши кўнглининг нозиклиги билан боғлиқ. Жумладан, ҳаммага ҳамма ҳар доим ёқавермайди, маъқул келавермайди.

Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

Навоий ниҳоятда ҳаётий муаммони, ечими оғир, қийин масалаларни кун тартибига қўяр экан, уларнинг поетик ифодасини жуда содда ва енгил тарзда ҳал қилади. Мазкур байтда биз сўзлар такрори зиммасидаги вазифаларни кўриб турибмиз. Байтда “мен” олмоши уч марта, “истамоқ” феъли икки марта, от сўз туркумидаги “суҳбат” икки марта, “этмас” ёрдамчи феъли икки марта қўлланган. Аммо бу ерда сўзлар такрори эмас, балки маъноларнинг ажойиб товланиши кишини маҳлиё этади. Сўзлар такрори маънолар жилвасиниг юзага чиқиши учун имкон ҳозирлаб беради. А ҳамда и унлиларининг фаоллиги, радифнинг иштироки байт оҳангдорлигига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб турибди.

Нега киши ўзига маъқул кишилар билан ҳамсуҳбат бўлиш учун ҳам кўп қийинчиликларга дуч келиши керак? Бунинг сабаблари кўп. Шулардан бири, инсон ўзига маънавий озиқ бериши мумкин бўлганларга интилади. Аммо интилтирувчининг имкониятлари интилувчи истаган даражада бўлмаслиги мумкин:

Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра,

Чу улким, баҳрайи андин тилармен, баҳраманд этмас.

Бошқаларга баҳра етказиш имконига эга бўлмаган кишига кўз тутиш ўринли бўлмайди, имкони борнинг эса менга нисбатан рағбати мавжуд эмас, демоқда шоир. Сўзлар такрори бу ерда ҳам асосий мавқени эгаллаб турибди.

Шунга кўра, лирик қаҳрамонни ҳур-у париларнинг базмлари ҳам ўзига тортмайди, қизиқтирмайди.

Нетай ҳур-у пари базминки, қатлим ё ҳаётимға

Аён ул заҳр чашм айлаб, ниҳон бу нўшханд этмас.

Бу ерда жамъу тақсим деган шеърий санъатнинг санъаткорона татбиқи кўзга ташланади. У “ҳур-у пари” сўзлари ҳамда “ул” ва “бу” олмошлари иштирокида содир бўлмоқда. Олмошлар уларнинг барчасига ҳам дахлдор. Буни шундай ифодалашимиз ҳам мумкин:

Аён ул (ҳур) заҳр чашм айлаб,

ниҳон бу (пари) нўшханд этмас.

Ёки:

Аён ул (пари) заҳр чашм айлаб,

ниҳон бу (ҳур) нўшханд этмас.

Айни пайтда “қатлим ё ҳаётимға”нинг ҳурга ҳам, парига ҳам бир хил даражада алоқадорлигини эътироф этиш жоиз.

Жамъу тақсим санъати навбатдаги байт учун ҳам хосдир.

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусн-у малоҳатдин

Ичим ул чок-чок этмас, таним бу банд-банд этмас.

Бу ерда истиора, жамъу тақсим, таъдид ва такрорий сўзлар шоир кўзда тутган маъноларнинг юзага чиқишида асосий восита вазифасини адо этмоқда.

Демак, ҳозиргача мавжуд шароит ва шахслар орасида муносиб дўст топилмади. Ёки бундай дўстнинг ўзи йўқми? Бундай эмас, бундай шахс бор. У – ёрдир. Аммо у ҳам анча-мунча “хислатларга” эга. Хусусан, у қотилваш, мажнуншиор, шунинг учун ҳам унинг жойи лирик қаҳрамоннинг “бузуғ кўнгли”дир:

Керак ўз чобуки қотилваши мажнуншиоримким,

Бузуғ кўнглумдин ўзга ерда жавлони саманд этмас.

Буларнинг барчаси кўнгил туфайли содир бўлади.

Кўнгул уз чарх золидин, фирибин ема ким, охир

Ажал сариштасидин ўзга бўйнунға каманд этмас.

Кунлардан бир кун ёрнинг илиқ меҳр кўрсатиб қолиши эҳтимоли (“Ул ой ўтлуғ юзин очса”) ҳам йўқ эмас. Ана шунда кўз тегмаслиги учун лирик қарамон исириқ солишга тайёр. Аммо бу исириқ доначалари муҳаббат уруғлари бўлиши шарт:

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий, тегмасин деб кўз,

Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

Ушбу ғазал фақат мазмуни билангина эмас, балки шу мазмунга хос ва мувофиқ бўлган шаклий жиҳатлари, тасвир воситалари билан ҳам эътиборга молик. Худди шунинг учун ҳам мазкур ғазал ҳозир ҳам барчамизнинг эътиборимизни тортади, кўнгилларга завқ-у ҳузур бераверади.

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

 


[1] А р ж у м а н д – азиз, иззатли, қадрли.

[2] Ч а ш м – кўз.

[3] Н ў ш х а н д – ширин ва чиройли кулги.

[4] С а м а н д – саман от, тезюрар ва чиройли от.

[5] С и п а н д – исириқ, исириқ уруғи.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.