Мени алқамаган киши қолмади…

0
667
марта кўрилган.

Ўтган йили адабиёт аҳли ўлмас асарлари билан бутун дунё адабиётининг йирик намояндалари қаторидан ўрин олган олмон шоири Ҳайнрих Ҳайне (1797–1856) таваллудининг 220 йиллигини кенг нишонлади.

Маълумки, Германиядаги 1618–1648 йилларда бўлган 30 йиллик уруш немис халқини аросатда қолдирди. Вестфалия сулҳи (1648) бу урушга барҳам берди. Сулҳ шартномасига кўра, Германия ҳудудий жиҳатдан майда бўлакларга бўлиниб кетди. Натижада, бир неча кичик мамлакатлар пайдо бўлди. Бу даврда Германия тарқоқ мамлакат бўлиб, иқтисодий-сиёсий жиҳатдан мушкул аҳволга тушиб қолган эди. Германия  шундай бир қаро тун қўйнига чўмган эдики, “ҳатто  немис халқининг энг яхши ва энг кучли донишмандлари ҳам ўз мамлакатларининг келажагига мутлоқ ишончини йўқотиб қўйган эдилар”. Шунга қарамасдан, ўлкада адабий муҳит анча жонланди. Мамлакатдаги  маданий ҳаёт ривожига таъсир қилувчи адабий кучлар пайдо бўла бошлади.

Ҳайненинг ота-онаси унинг ҳарбий бўлишини орзу қилган эдилар. Бироқ Наполеоннинг урушдаги мағлубияти уларни иккилантириб қўяди.  Ҳайнени, мактабни битиргач, Ҳамбургдаги бой савдогар амакиси Саломонлар оиласига жўнатишади. Саломон Ҳайнени савдо ишлари билан шуғулланишга ундайди. Ҳайнеда бу касбга мойиллик йўқлигини сезгач, уни ҳуқуқшуносликка йўналтиради ва моддий жиҳатдан таъминлаб туради. Аммо  ёш шоир на ҳуқуқшунослик, на тижорат соҳасини суймас, унинг маънавий  дунёсини қониқтирмасди. Шунга қарамасдан, Гёттенген шаҳрида ҳуқуқшуносликдан таҳсил олиб, докторлик унвонини олади. Руҳиятидаги  романтикага  мойиллик сабаб, шеърлар машқ қила бошлади.                 

Ҳайне 1819–1825 йилларда Бонн, Берлин ва Гёттенген шаҳарларида таҳсил олган чоғлари немис романтизм мактабининг назариётчиси, профессор А.В.Шлегель билан дўстлашади. Бу дўстлашув унинг шеъриятга бўлган қизиқишини янада кучайтиради. А.В.Шлегель унинг машқларини кўздан кечириб, шеърият сирларидан бохабар қилиб боради. Шоир бир вақтнинг ўзида файласуф Гегелнинг маърузаларига ҳам қатнайди. Шу тариқа адабиёт ва фалсафа Ҳайне ҳаётининг асосий мазмунига айланади. Унинг инсон руҳиятидаги оғриқли нуқталар, жўшқин ҳислар ёрқин ифодаланган кичик жанрлардаги содда, таъсирчан шеърлари оҳангдорлиги, мусиқийлиги билан халқ орасида кенг тарқалган, қўшиққа айланган. Шулардан энг машҳури табиат манзаралари гўзал ифодаланган “Билмам недан беради дарак” деб бошланувчи афсонавий олмон халқ қўшиғи “Лорелея”дир. Бу қўшиқ турли даврларда, турли муносабатлар билан ўзбек тилига ўгирилди ва вақтли матбуотда шеърнинг бир неча таржима вариантлари пайдо бўлди. Шеърнинг биринчи банди шундай жаранглайди:

 

Билмам недан беради дарак

Ғам ўтида ёнаман чандон

Бир эртакким қадим-қадимдан

Тинчлик бермас бирор лаҳза, он[1].

 

Секин-аста унинг ижодида лирик ва эпик элементларга бой романтик кайфият юзага кела бошлади. Ҳайне ўзини романтизмнинг етакчи вакили сифатида намоён қилди. Бу йўналишда қалам тебратган барча ижодкорлар, улар санъатнинг қайси турига дахлдор бўлмасин, асарларида қаҳрамонларининг ўтмиш воқеа ҳодисаларидан ҳайратланишига, табиат гўзалликларидан таъсирланишига, инсон туйғуларининг рангин оҳангларини романтик руҳда акслантиришга урғу берганлар. Бу йўл Ҳайнега ҳам тегишли эди.

Унинг шеъриятида юрак қаърида яширинган  ошиқона эҳтирослар, сиру синоатлар, инжа туйғулар, рад этилган севги, афсонавий ишқ юксак  пардаларда куйланади. Ишқ  изтиробларини  бошидан кечираётган шоир туйғуларига қулоқ тутамиз:

 

Била туриб чеккан азобим

Қандай қилиб ухлайсан беғам?

Гар қўзғалса эски ғазабим

Парчалагум кишанларни ҳам.

 

Эслайсанми, кўҳна  қўшиқда

Эллар шуни нақл этганин:

Мурда йигит тунда ёрини

Қора гўрга олиб кетганин.

 

Чиройлигим, сени деганман,

Сўзларимга  ишон, кўник, сан.

Мен ҳаётда тирик эканман.

Кучлироқман барча ўликдан.

                           (Хайриддин Салоҳ таржимаси).

 

Ҳайне  асарларида  оҳанг ва ранглар гармонияси ўзаро бирлашиб, сингишиб  кетганки, оҳори тўкилмаган сатрлар шууримизга, идрокимизга бехосдан оқиб кириб келганини сезмай қоламиз. Бу ҳолат, айтиш мумкинки, унинг бутун назми учун хос хусусият саналади. Ҳайне қанчалик романтик бўлмасин, шу қадар реалист ҳам эди. Унинг шеъриятида романтизм билан реализм ижодий усули омухта бўлиб кетган,  дейиш мумкин. Бу ҳолатга  унинг “Германия. Қиш эртаги” поэмаси, “Силезия тўқувчилари”, “Мадҳия” каби озодлик, эркинлик ва ҳақиқат мавзуи куйланган сиёсий қўшиқларини ўқиганимизда гувоҳ бўламиз.  

Демак, Ҳайне романтик шоир сифатида ҳаёт ҳақиқатларини таҳлил қилишга ҳаракат қилар экан, бир вақтнинг ўзида романтик туйғуларини жиловлаб,  реалист  сифатида  сиёсий озодлик ва миллий эрк, бахт-саодат  учун курашаётган  ҳужумкор нафосатшуносга айланади. У ўзи ҳақида: “Немис лирика мактаби мен билан тугайди ва айни пайтда янги, замонавий лирика мактаби бошланади”, – деган эди. У немис ёзувчилари орасида биринчилардан бўлиб, немис романтизм мактабининг  емирилаётганини тан олган, ХIХ аср немис адабиётида  эндигина  пайдо бўлаётган танқидий реализм адабий йўналиши  учун курашган шоирдир. Демак, шу нуқтаи назардан қараганда уни  танқидий реализм адабий йўналишининг асосчиси ҳам дейиш мумкин.

Ҳайне адабий мероси немис адабиётшунослигида уч даврга бўлиб ўрганилади. Биринчи давр 1817–1830 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда унинг илк шеърлари турли хил газета ва журналларда чоп этилган.

1827 йилда  “Ёшлик изтироблари”, “Лирик интермеццо”, “Ватанга қайтиш”, “Шимолий денгиз” каби қисмлардан иборат лирик тўплами – “Қўшиқлар китоби” нашр бўлди. Бу асар олмон лирикасида Гётедан  кейинги муҳим ҳодиса эканлигини кўплаб олмон ҳайнешунослари, мунаққидлари таъкидлайдилар. Машҳур немис халқ қўшиғи “Лорелея”  ҳам шу тўпламдан жой олган.

Шоир ижодининг иккинчи даври  (1831–1846) эмиграция йилларига тўғри келади. “Германияда  фалсафа ва дин тарихи” (1834), “Романтизм  мактаби” сингари асарларида ижтимоий-тарихий, адабий, диний ва фалсафий интилишлар акс этади. Мақолаларида  немис адабий тили ва адабиётига асос солган  М. Лютер,  Лессинг,  Кант, Фиҳте каби немис  файласуфлари портретини  яратади.

Ижодининг учинчи даври (1846–1856) да фалсафий ва сиёсий қарашларининг ёрқин ифодаси бўлган асарлар яратди. “Германия. Қиш эртаги” поэмаси бунинг мисолидир.

Шоир  ҳаёти  изтироб ва машаққатларга тўла кечган. Ҳайне давлат хизматчиси бўлиб ишлашни хоҳларди. Аммо давлат ишларига жойлаша олмайди, чунки унинг эркинликка, озодликка даъват  этувчи, аристократлар, катта ер эгаларига берилган сиёсий ҳуқуқлар барчага берилишини талаб қилиб ёзилган асарлари юқори идораларга ёқмас эди. Натижада, шоир ижодий тақиққа учраб, қўлёзмаларини чоп қилиш ман қилинди.

Бу йиллар ичида шоир ҳар томонлама руҳан  эзилади, ўзини ёлғиз ҳис қила бошлайди. Таъқиблардан тинкаси қуриб, 1831 йилда Парижга кўчиб кетишга мажбур бўлади.

Ҳайне 1841–1846 йилларда Парижда яшаган. Бу даврда Францияда ижтимоий-сиёсий муҳит бирмунча шаффоф бўлиб, озодлик ғоялари ҳукмрон эди. 1843 йил Ҳайне Парижда пайтида Бальзак, Лист, Берлиоз, Г. Занд, Гюго, Мендельсон, Шопен сингари маърифатпарвар ижодкорлар билан танишади. Француз адабий-маданий ҳаётида фаол қатнашиб, сиёсий воқеалардан, ижтимоий оқимлардан олмонларни хабардор қилиб туради. Матбуот ходими сифатида икки халқни бир-бирига  яқинлаштиришга, улар ўртасидаги дўстлик ришталарини боғлашга ҳаракат қилади. Немис мунаққиди ва тарихчиси Ф.Меринг: “У ўзини Парижда худди балиқ сувда сузгандай ҳис қилди, бегона ўлкада яшаса ҳам у жойни  ўз еридек кўрди ва ўзлигини йўқотмади”, деган эди. Аммо шоир Парижда ҳам бир умр ватани Германияни қўмсаб, соғиниб яшади. Унинг “Энди у бир туш” шеърида шундай мазмундаги мисралар бор: Ажиб Ватан бор эди менда, Дуб ўсарди азамат, улкан /Бинафшалар мудрарди нафис, Энди у бир туш/ Ватан суяр эди немисча, Ва немисча ўпарди мени.

Шеърда умуминсоний туйғулар куйга солинган. Соғинч  тасвиридаги  бадиий  бўёқлар қуюқ. Шоир “Ватан суяр эди немисча, Ва немисча ўпарди мени” дер экан, туғилган юрти Германияга ишора қилмоқда, унинг келажагига катта умид боғламоқда. Шеърдаги “бинафша” эса эрк, озодлик мажозий маъноларига эга.  Шоир  асарини бежизга “Германия. Қиш эртаги” деб номламаган. Биз бу  тимсолни Чўлпоннинг ижодида ҳам кўришимиз мумкин. Чўлпонда ҳам “бинафша” эрк, озодлик тимсоли  сифатида берилган. Иккала шоирда ҳам мотив, ғоя, мақсад бинафша образи орқали эрк ва озодликка бўлган интилишни бадиий ифода эттиришдан иборат.

Чўлпон Ҳайнени ўқиган, таржима қилган, ундан таъсирланган. Шоирнинг:                            

 

Ҳамма эснаб турди, қулоқ солмади,

Қайғумни гапириб берган вақтимда.

Мени алқамаган киши қолмади,

Қайғумни назмга терган вақтимда.

 

мисраларини ўзбекчалаштирган. Шу маънода, Чўлпонни Ҳайненинг илк ўзбек таржимони дейиш мумкин.

 Бундан ташқари, Ҳайненинг “Силезия тўқувчилари” шеъри 30-йилларда  буюк шоир Ойбек, “Гўзал балиқчи қиз”, “Май ойида” лирик шеър­лари Амин Умарий, “Германия. Қиш эртаги” достонидан парчалар устоз таржимон Миртемир томонидан  ўзбек тилига ўгирилган.

Ойбек ва Миртемир таржималари жамланиб, 1941 йилда “Лирика” номли  тўплам босмадан чиқди. Шундан сўнг Ҳайне асарларининг умумий  ғояси, қаҳрамонлари ижодкорларимиз маънавий дунёсига чуқур кира бошлади. Ҳайненинг ўзбек таржимонлари сафига Мақсуд  Шайхзода, Ғафур Ғулом, Жуманиёз Жаббор, Хайриддин Салоҳ, Абдулла Шер, Муҳаммадали  Қўшмоқов, Олимжон Холдор, Садриддин Салим  Бухорий каби шоирлар келиб қўшилдилар.

“Германия. Қиш эртаги”достони  XIX  аср жаҳон шеъриятининг энг яхши намуналаридан ҳисобланиб, унинг рус тилида ўн тўққизта таржима варианти бор. Достон тўлиқ ҳолда истеъдодли шоир Абдулла  Шер томонидан таржима қилинди. Абдулла Шер таржима жараёнида асарнинг  русча варианти билан биргаликда жаҳон ҳайнешуносларининг тадқиқотларидан ҳам кенг фойдаланди.

Ҳайнедан ўқиб ўрганиш, таржималар қилиш ижодкорларимиз ҳаётида беиз, бесамар  қолмади, унинг бадиий маҳоратидан ижодий таъсирландилар.  Хусусан, атоқли шоир Абдулла Орипов, Пушкин, Гёте, Байрон қатори Ҳайне ижодини меҳр билан ўрганди, унинг ёниқ қалбини, илоҳий муҳаббатини чуқур ҳис қилди. Ундан илҳом олди.

Чунончи,

 

Рейн бўйларидан Ҳайне ҳам шунда,

Гўзал Лорелея тинглар сирини

Бир қўли инқилоб ноғорасида

Амалия  томон чўзган бирини,

деса,  яна бир жойда:

 

Сен  Пушкиннинг севган малаги,

Сен  Гёте  орзу этган қиз.

Сен  Байроннинг қалбин садафи,

Сен Ҳайнени ёндирган юлдуз,

дейди.

Хулоса қилиб айтганда, Ҳайне талқинидаги эзгулик ғоялари халқимиз  қалбида ҳам акс-садо бериб, ижодкорларни илҳомлантирувчи ижод гулшани, тадқиқотчилар учун бой манба бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Ровияжон АБДУЛЛАЕВА,

филология фанлари номзоди

 

“Жаҳон адабиёти”, 2018/1

 


[1] Таржима муаллифники.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.