Мактабгача тарбия ёшидаги болаларга ўқиб, ҳикоя қилиб бериладиган эртаклар

0
10970
марта кўрилган.

Бу ёшдаги болаларга тавсия этиладиган эртакларнинг ҳажми қисқа, мазмуни содда бўлади. Аввал эслатиб ўтганимиздек, бу ёшдаги болалар ҳали олам нима эканлигини билмайдилар. Шунинг учун уларга тавсия этиладиган эртаклар табиат, ҳайвонот олами, дўстлик, меҳнат аҳли, жамоа, одоб-ахлоқ тўғрисида бўлиши фойдадан холи бўлмайди.

Бу давр болаларига “Чивинбой”, “Қизғанчиқ ит”, “Туяқуш билан қоплон”, “Мақтанчоқ қуён”, “Ростгўй бола”, “Ариларнинг ғазаби”, “Тулки билан турна”, “Шолғом”, “Қумурсқа”, “Каптар совғаси” каби эртакларни ўқиб бериш фойдалидир.

Боғча тарбиячилари ва ота-оналар олдидаги вазифалардан энг муҳими кичкинтойларни меҳнатга муҳаббат руҳида тарбиялашдир. Болани ёшлигидан бошлаб бир ишга ўргатиш, кичкиналик вақтиданоқ унга бир юмуш бериб, иш қилишга одатлантириш лозим. Унга бериладиган иш аҳамиятсиз, ҳатто “иш” номи беришга лойиқ бўлмаса ҳам ундан келадиган фойда жуда катта. Чунки бундай ишлар меҳнатни севишга ўргатади.

Бола боғчадалигидаёқ ўсиб, улғайиб яшашнинг асоси иш, меҳнат деб камол топмоғи зарур. Боғчада қилиниши керак бўлган юмушларни боланинг ўзи эркин бажарсин, хатолари учун ўзини жавобгар сезсин. Ишлаганда ҳам унинг натижасини ўйлаб, фикр юритиб, тўғри ишлаш учун ғайрат қилишга кўниксин.

Аммо бу борада шу нарсани ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бу малакалар бирдан ҳосил бўлмайди, балки аста-секин юзага келади. Лекин заминни эрта, боғчадан бошлаб қўйиш керак. Болада меҳнат қилиш малакаси вужудга келса, у ота-онаси, катталарнинг кўрсатиб туришини кутиб ўтирмай, меҳнатни ўзи эплаб кетаверади.

Ишга ўрганиш ва ўргатишда диққат қилинадиган яна бир нарса ҳар ишни ўз вақтида бажаришдир. Ишга одатланиш қанча муҳим бўлса, ишни ўз вақтида бажариш шу даражада муҳим, балки ундан ҳам муҳимроқдир. Ҳар ишни ўз вақтида бажармай, кейинга қолдириш кўп ишларнинг йиғилиб қолишига, кўпининг юзаки, сифатсиз ишланишига ёки бутунлай қолиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳар ишни ўз вақтида ғайрат ва матонат билан бажариш лозимдир. Чунки дунёдаги барча тирик нарсалар ҳаракатда бўлади, интилади ва шу туфайли ҳаёт учун зарур бўлган нарсаларга етишади. Ҳатто энг заиф ҳисобланган арилар, чумолилар ва қушлар ҳам интилишда бўлиб, ёзда қиш ғамини ейдилар.

Бу ёшдаги болалар ҳайвонлар ўртасидаги ўзаро аҳиллик ва дўстлик каби хислатларни билишни истайдилар. Ҳайвонот оламида дўстга меҳрибонлик кўрсатиш, бир-бирига ғамхўр бўлиш, ёрдам қўлини чўзиш бор эканлиги “Арслон билан ит”, “Туяқуш билан қоплон”, “Эчки, қўй ва бўрилар” каби эртакларда берилади. “Туяқуш билан қоплон” эртагига назар ташлайдиган бўлсак, унда худди одамлар орасида бўлганидек, ҳайвонлар ўртасида ҳам бир-бирларига ёрдам бериш, айниқса, бошларига кулфат тушганда юракдан, самимий кўмаклашиш ғояси ётади:

Қоплоннинг бошига мусибат тушибди. Томоғига катта бир суяк қадалиб қолибди. Дод-фарёд қилибди. Туяқуш ёрдамга келиб:

– Осмонга қараб оғзингни очиб тур, мен суякни олиб қўяй, – дебди қоплонга.

Қоплон осмонга қараб оғзини очиб турибди. Туяқуш узун тумшуғини қоплоннинг оғзига солиб, тиқилиб турган суякни суғуриб ташлабди.

Қоплоннинг кўзлари равшан бўлиб, ўлимдан қутулибди.

Бироз жони ором олгандан кейин қоплон туяқушга қараб шундай дебди:

– Сен мард экансан, менга яхшилик қилдинг, энди иккаламиз дўст бўламиз, зарур вақтда бир-биримизга ёрдамга келамиз, – дебди.

Туяқушга бу гап маъқул бўлибди. Туяқуш билан қоплон иккалалари дўст бўлибдилар.

Халқда “Ўзга билан дўст бўлдингми, бир умрга бўл, уни яхши-ёмон кунларингда синама ва унга риёкорлик кўрсатма,” деган гап бор. Туяқуш бу йўлдан бормабди.

Орадан кўп вақт ўтибди, кунлардан бир кун у қоплонни синамоқчи бўлиб, жўрттага:

– Вой дод, ўляпман, қоплон, мени қутқар! – дея бор овози билан қоплонни ёрдамга чақирибди.

Қоплон чин сўзли, дўстга садоқатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлганлиги учун зудлик билан туяқушнинг олдига шох-бутоқлар орасидан устидаги жунлари юлиниб, ҳарсиллаб етиб келибди. Лекин у туяқушнинг юзидаги табассумни кўриб ҳайрон бўлибди. Туяқушнинг сурбетлик билан “Кўрмаганимга анча вақт бўлди, аҳд-паймонимиз эсингдан чиқиб қолмадими, деб синаб

кўрмоқчи эдим”, деган гапидан қоплон қаттиқ ранжибди, дили оғрибди, дўстидан кўнгли қолибди.

Дўстини алдаган ўзини алдаган бўлади. Сен бировни бир марта алдадингми, тамом, у сенга иккинчи марта ишонмайди. Туяқуш билан ҳам худди шундай бўлибди. Бошқа куни бўри уни ушлаб еб қўймоқчи бўлиб турганида, қанча бақирибчақирмасин, қоплон туяқушнинг овозини эшитса ҳам, “Дўстим жўрттага додлаяпти,” деб ўйлабди ва унинг олдига бормабди. Туяқуш бўрига ем бўлибди.

Қўли очиқ бўлиш, сахийлик қилиш, дўстга содиқлик намунасини кўрсатиш бу даврда тинглайдиган эртакларнинг катта қисмини ташкил этиши керак. “Тулки билан Турна” эртагига назар ташлайдиган бўлсак, бу ҳолнинг бутунлай тескарисини кўрамиз. Дунёда тулки зотидан муғамбир, писмиқ, алдамчи, риёкор бўлмаса керак. Кўп эртакларда турна инсонга яқин юради, унга кўмаклашади, ёрдам беради, сахийликда ибрат кўрсатади.

Эртакда тулки ва турнанинг бир-бирларини уйларига чақириб меҳмон қилишлари ҳақида гап боради. Мақтанчоқ, муғамбир, айёр тулки оддий, содда турнани уйига чақириб:

– Албатта келгин, жонгинам, албатта, азизам, яхшилаб меҳмон қиламан! – дебди.

Баъзан янги дўстингни феъл-атвори қандай эканлигини яхши билмай юракдаги борини ошкор қиладиган болалар каби турна ҳам тулкига ишонади, чинакамига мени меҳмон қилар экан-да, деган ўй-хаёл билан унинг уйига келади. Тулки ширгуруч пишириб, уни ликопчада турнанинг олдига қўяди. У, узун тумшуғи билан ликопчага тақ-тақ уради, аммо ҳеч нарса ея олмайди. Айёр тулки эса бир зумда ширгуручни ўзи еб бўлади.

Эртакда турнага алам қиладиган жойи шуки, тулки ўзи пиширган таомни ўзи еб, яна хушомадгўйлик билан: – Айбга қўшмайсан-да, жон дўстим! Яхшилаб меҳмон қилишга бошқа нарса топа олмадим! – дея сурбетлик қилиб туриши болаларнинг қаҳр-ғазабини келтиради. Уларни ҳаётда тулки каби очкўз, алдамчи бўлмасликка даъват этади.

Эртакда турнанинг ҳам бўш келмаслиги, тулкини уйига чорлаб, мўндига ўзи тайёрлаган овқатни қуйиб, уни бир зумдаёқ, узун тумшуғи билан ўзи еб қўйиши кичкинтойларни хурсанд қилади. Уларда қилмиш-қидирмиш, сен бировга нима қилсанг, сенга ҳам, албатта, қайтиб келади, деган тушунча ҳосил бўлади.

Хуллас, мактабгача таълим ёшидаги болалар ўзлари тинглаган эртаклари ёрдамида атроф олам билан танишиб, нима яхши-ю, нима ёмонлигини билиб ўсаверадилар.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.