Мактаб ёшидаги кичик болаларга тавсия этиладиган эртаклар

0
3502
марта кўрилган.

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, бу давр болалари мактабга ўзлари мустақил борадиган, озми-кўпми китоблар ўқийдиган даражада бўладилар. Бу давр болаларига ўқиш учун тавсия этиладиган эртакларнинг ҳам кўп қисми она-Ватан, табиат, ахлоқ-одоб, меҳнат, ўқиш ҳақида бўлиши талаб этилади. “Зумрад ва Қиммат”, “Олтин тарвуз”, “Деҳқон билан айиқ”, “Нон ва тилла” (араб халқ эртаги), “Ҳаққуш” (тожик халқ эртаги), “Данак” (қирғиз халқ эртаги), “Қизғанчиқ Пак” (корейс халқ эртаги), “Кучук ва топқирлик” (латиш халқ эртаги), “Ўтинчи йигит”, “Бўри билан эчки” сингари асарлар кичик мактаб ёшидаги болалар севиб ўқийдиган эртаклардир.

Бу ёшдаги болаларга кўпроқ иғво, ғийбат, мунофиқликдан йироқ бўлган эртаклар ёқади. Негаки, яхши, мукаммал тарбияланган бола бошқаларга ҳеч бир озор етказмаслигини, такаббурлик қилмаслигини, ҳеч кимга ҳақорат кўзи билан қарамаслигини, ростгўй бўлишини аввалги давр болалар китобхонлигида тавсия этилган эртаклар орқали билиб олишган. Демак, у ўзидан катталарга ҳурматли, кичикларга шафқатли ва марҳаматли, ширин сўзли ва хушмуомала бўлади. Мана шуларга ўхшаш гўзал хислатли болаларни эл севади, эъзозлайди. “Зумрад билан Қиммат” эртагидаги Зумрад худди шундай фазилатли образлардан биридир.

Зумрад! Халқ орзу қилган, истаган, эъзозлаган қизларнинг ёрқин тимсоли. Бугунги қизалоқлар Зумраддан қанчалик ибрат олишса, Зумрад каби чиройли, одобли, мулойим, ақлли, меҳнатсевар бўлишса арзийди. Қаранг, йўлда лолалар, ранг-баранг гуллар Зумрадни кўриб бошларини эгиб, унга салом берадилар. Зумрад майсалар устида ўтириб дам олганида, гуллар уни олқишлаб, булбуллар қувониб, унга қўшиқлар айтиб берадилар. Хўш, бундай мақтов, бундай эъзоз қайси қизалоққа ёқмайди! Ҳаммага ёқади. Бунга муяссар бўлиш учун эса тинимсиз меҳнат қилиш, катталарнинг, ота-оналарнинг, муаллимларнинг ўгитнасиҳатларига қаттиқ амал қилиш керак. Ана ўшандагина худди Зумрад каби беҳисоб бойлиг-у шон-шарафга, ҳурматга сазовор бўлиш мумкин.

Зумрад эл севадиган даражада чиройли, одобли, мулойим, ақлли. Уни бир кўрган, бир суҳбатлашган киши яна кўрсам, яна суҳбатлашсам деб орзу қилади.

Зумрад отасини, одамларни яхши кўради, ҳайвонларни, табиатни, майса-ю ўтлоқни севади, уларга хизмат қилади. Ҳаммасига мулойим боқиб, қўли билан силаб-сийпалаб эркалайди. Бундан гуллар, ўт-ўланлар, булбуллар қувониб, унга таъзим қилишади, қўшиқлар айтиб беришади.

Меҳнаткаш халқ ўз фарзандларини худди Зумрад каби ишчан, меҳрибон, иболи, бой-бадавлат бўлишини орзу қилган, лекин Қиммат каби эрка, тантиқ, ишёқмасларни ёмон кўрган. Қиммат образи ишламай тишлашга ўрганиб қолган, инжиқ, муттаҳам ва бедаво фарзандни эслатади.

Бизда ва, айниқса, эртакларда ўзидан катталарни ҳурмат қилиш ва кексаларни эъзозлаш, одамохунлик ва меҳнатсеварлик, иболи ва ҳаёлилик асосий масалалардан бири ҳисобланади. Савол туғилади. Хўш, Қимматда юқоридаги фазилатлардан қайси бири мавжуд? Ҳеч қайсиси йўқ.

Халқ фарзандига тўғри тарбия бера олмаган онани ёқтирмайди. Шунинг учун ҳар иккаласи ҳам ўлимга маҳкум – аждар ютиб юборади. Бу ҳолга халқ асло ачинмайди, аксинча, тўғри бўлибди, деб мамнун бўлади.

Китобхон болалар ҳам ҳаётда Қиммат қиёфасига тушиб қолмаслик учун ўзларини ўнглаб олишга, меҳнатни севишга, кўпроқ дарс қилишга, китоб ўқишга интиладиган бўладилар. Ахир Қимматни ишёқмаслиги, одобсизлиги туфайли жуда кўп нарсалар хуш кўрмайди. Ҳатто унинг юриш-туриши, хатти-ҳаракати кучуг-у сеҳргар кампирга ҳам маъқул бўлмайди. Дангасалиги, кеккайганлиги, қўрс, қўполлиги ўзининг бошига етади.

Меҳнаткаш халқ бечораҳоллик билан ҳаёт кечирган, кўпинча очлик, юпунлик уларнинг бир умр ҳамроҳи бўлган. Узун тунлари бир-бирларини овутиш, кўнгилларини кўтариш мақсадида эртаклар айтишган. Ўзлари тўқиган эртаклар заминида унумли меҳнат қилиш, фарзанд роҳатини кўриш, бахтиёр бўлиш ва бошқа кўпгина ғоялар ётади. Ўрни келганда бирданига бой-бадавлат бўлиб, беҳисоб бойлик билан эл-юртни, бойбадавлатларни қойил қолдириш меҳнаткаш халқнинг эзгу тилаги бўлиб келганлиги ҳеч кимга сир эмас. “Олтин тарвуз” эртаги худди шундай ўй-хаёл, олий истак билан тўқилгандир.

“Олтин тарвуз” ёш китобхонни кўп нарсага ўргатади. Биринчидан, меҳнаткаш бўлиш, чунки деҳқон ўз ерига қайта-қайта ишлов беради. Иккинчидан, парранда-ю даррандага ғамхўрлик қилиш, негаки деҳқоннинг уйда ейдиган ҳеч вақоси йўқ. Лайлакни сўйиб ейиши мумкин эди. Аммо у бу ишни қилмайди:

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда бир камбағал деҳқон бор экан. Унинг атиги бир таноб ери бор экан. Деҳқон ер ҳайдай бошлабди. Ерни икки марта ҳайдаб бўлиб, яқинидаги катта сойнинг бўйида салқинлаб ўтирса, осмонда учиб кетаётган бир лайлак ерга қаттиқ зарб билан тушибди. Деҳқон қараса, лайлакнинг қаноти синган экан. Деҳқон ҳалиги лайлакни дарров уйига олиб бориб, синиқ қанотига тахта боғлаб, уни бир қанча вақт боқибди. Лайлак соғайиб, учиб кетибди.

Лайлакка қайта умр бағишлаган деҳқон бирор нарсадан умидвор эмас. Шу мажруҳ лайлакни даволаб, унинг ёрдами билан беҳисоб бойликка эга бўламан, деган фикр унинг хаёлига, ўйига ҳам келмаган. Лайлак ташлаб кетган тарвуз уруғини ерга экиб, унга меҳр билан ишлов берар экан бу – олтин (тарвуз) деган тушунчанинг ўзи унда бўлмаган.

Деҳқон очкўз эмас, бир парча нонни ҳам ўзгалар билан, қўни-қўшни, ўзига ўхшаган камбағаллар билан баҳам кўрадиганлардан. Сабр-тоқат билан тарвузларнинг обдан пишишини, етилишини кутган деҳқоннинг яқин қариндошларини, ошнаоғайниларини ҳам меҳмонга чақириши ва тарвуз сўйиши китобхон болаларда яхши таассурот қолдиради:

Деҳқон бир куни тарвуздан учтасини узиб, уйига олиб кетибди. Тарвузлар жуда катта экан. Деҳқон ўзининг яқин қариндошларини ва ошна-оғайниларини меҳмонга чақирибди. Бир маҳал тарвузга пичоқ урса, пичоқ сира ботмас эмиш. Уни қўйиб, иккинчисини сўймоқчи бўлибди, пичоқ ўтмабди, учинчиси ҳам шундай бўлибди. Деҳқон ҳам, меҳмонлар ҳам ҳайрон бўлишибди. Ерга бир уриб ёриб қарасалар, ичи тўла тилла эмиш. Камбағал севиниб кетиб, ҳаммасини меҳмонларга улашибди, улар ҳам хурсанд бўлиб, уй-уйларига тарқабдилар. Уч туп тарвузнинг ҳар бири ўнтадан солган экан. Деҳқон қолган тарвузларни ҳам йиғиб олибди. Шундай қилиб камбағал деҳқон жуда бойиб кетибди.

Халқ воқеани бундай қолдирмоқчи эмас. Ён-атрофдагиларни, камбағалларнинг бойиб кетганини кўра олмайдиганларни ҳеч бўлмаса эртак орқали танқид қилмоқчи, уларнинг жирканч хаёллари-ю ашаддий ёвузликларини, бойлик ва давлат деб қинғир ишларга ҳам қўл уришларини ошкор қилиш мақсадида қўшни – хасис бой образини тўқиган.

Деҳқон қаноти синиб, тўдаси билан уча олмай қолган лайлакка яхшилик қилиб, оёғига тахта боғлаб тузатган ва лайлакнинг инъоми билан беҳисоб бойликка эга бўлган бўлса, бой бу воқеадан хабар топгач, соғ лайлакнинг оёғини синдириб, сўнг даволайди. Бу лайлак ҳам бойнинг даласига тарвуз уруғини ташлаб кетади. Бироқ тарвуздан олтин эмас, балки қовоғарилар чиқиб, кўпчиликни чақади. Бойнинг ҳалок бўлиши эса ёш китобхонда унга нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотмайди. Аксинча, у табиатга, қушларга зиён етказганлиги, бойлик устига беҳисоб бойликка эришиш учун лайлакнинг оёғини синдирганлиги сабабли бу иш тўғри бўлди, деган ижобий хулосага келади, холос.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.