“Кўзунг не бало қаро бўлубтур…”

0
7901
марта кўрилган.

Кўзунг не бало қаро бўлубтур

Ким, жонға қаро бало бўлубтур.

 

Мажмуъи давони дард қилди,

Дардингки, манга даво бўлубтур.

 

Ишқ ичра онинг фидоси юз жон,

Ҳар жонки, санго фидо бўлубтур.

 

Бегона бўлубтур ошнодин,

Бегонаға ошно бўлубтур.

 

То қилди юзунг ҳавоси жоним,

Юз сари анга ҳаво бўлубтур.

 

Боқий топар улки, бўлди фоний,

Раҳравға бақо фано бўлубтур.

 

То тузди Навойи ояти ишқ,

Ишқ аҳли аро наво бўлубтур.

 

– – V / V–V–/ V––

мафъувлу / мафоилун / фаийлун

Ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузи маҳзуф

 

Навоийнинг қалами остидан чиққан сўз шунчалик маъно товланишлари билан намоён бўладики, уларни ўқиб ҳайратингиз ортади, қалбингиз ҳузур топади. “Кўзунг не бало қаро бўлубтур” деб бошланадиган ғазалдаги сўзлар ҳам шу хилда:

 

Кўзунг не бало қаро бўлубтур

Ким, жонға қаро бало бўлубтур.

 

Оддийгина кўз тасвирига бағишланган шу мисраларда сўзларнинг жилвасини кўриш мумкин. Гап биринчи мисрада кўзнинг қоралиги ҳақида, кейингисида шу қораликдан кўнгилга (аниқроғи, жонга) тушган ғулғула устида кетмоқда. “Не бало”, “кўз кўриб, қулоқ эшитмаган”, “ҳайрат ва таажжуб уйғотадиган даражада” деган маъноларга эга. Кейинги мисрада “бало” ва “қора” сўзларининг ўрни алмашиб қўлланган. Шу алмашиш натижасида эса мутлақо бошқа – янги маъно юзага чиққан. “Қаро бало” балоларнинг ҳадди аълосидир. Кўриниб турибдики, биринчи мисрадаги икки сўз кейинги мисрада ўринлари алмашинган ҳолда қўлланмоқда. Мазкур ғазал бошдан оёқ шу санъатга таянади. Унинг номи тарди аксдир.

Айни пайтда, кейинги “қаро”нинг феъл сўз туркумига оид “қара” ўрнида қўллангани ҳам сезилади (Бундай ҳолатда ийҳом санъати юзага келади). Бунда у “қарагин”, “кўргин” маъноларини англатади (“қарагин, жонга бало бўлубди”).

 

Мажмуъи давони дард қилди,

Дардингки, манга даво бўлубтур.

 

Бу ерда сўзларнинг ўрни оддийгина тарзда алмашиб келаётгани йўқ. Бу алмашишлар натижасида янги сўз ўйинлари ҳосил бўлмоқда. Дастлабки мисрада “даво” ва “дард” сўзлари шу кетма-кетликда қўлланган эди. Дард қилмоқ, қийинчиликка рўпара келмоқ, қийинчиликни рўпара қилмоқ маъноларини беради. Бунда муайян қийинчиликнинг кучайиши назарда тутилади. “Дард устига дард бўлди”, “Дард устига чипқон” сингари ибораларни ҳам эсга олиш мумкин. Уларда шу маъно янада кучайтирилган ҳолда намоён бўлади. Кейинги мисрада уларнинг ўрни алмашган ҳолда келмоқда. Гарчи шаклан “дард” сўзи ўзгаришсиз қўлланаётган бўлса-да, бу ерда у ишқ, ўй, орзу сингари маъноларни англатиб турибди.

 

Ишқ ичра онинг фидоси юз жон,

Ҳар жонки, санго фидо бўлубтур.

 

Байтда яна сўз ўйинлари кўзни қамаштиради. Айниқса, “юз жон” ифодасига эътибор беринг. У метонимия сифатида юзта одам, яъни ошиқни англатади. Албатта, унинг “ошиқнинг барча жони” шакли ифодалайдиган маъноси ҳам мавжуд.

 

Бегона бўлубтур ошнодин,

Бегонаға ошно бўлубтур.

 

Мумтоз адабиётдаги маъшуқа қаҳри қаттиқлиги ва вафосизлиги билан “машҳур”. Байтда шу маънога урғу берилган. Улар ҳам яна ўша сўзларнинг ўрнини алмаштириш эвазига ҳосил қилинган.

 

То қилди юзунг ҳавоси жоним,

Юз сари анга ҳаво бўлубтур.

 

Биринчи мисра маъшуқа ишқига мубталолик дардининг эътирофидан иборат. Бунинг учун “юзунг ҳавоси” ифодаси имкон берган. Айни пайтда у “юзунгнинг ҳаваси” тарзида ҳам тушунилиши мумкин. Кейинги мисрада эса “юз”нинг “ҳаво” сўзидан олдинга ўтказилиши билан янги-янги маънолар пайдо бўлган. Унда “ёрнинг юзи томон”, “янада” (“борган сари” деган ифодани эсланг) каби маънолар кўзга ташланади.

 

Боқий топар улки, бўлди фоний,

Раҳравға бақо фано бўлубтур.

 

Энди гал зид маъноли сўзларни қўллашга келади. “Боқий” ва “фоний” сўзлари соф тасаввуфий маънога эга. Моддий дунё орзу ҳавасидан устун келсагина, инсон ҳақиқий олам сирларини англаш имконига эга бўлади. Бу ердаги “раҳрав” образи ҳам эътиборлидир. У “йўл юрувчи”, яъни “солик” демакдир. Соликнинг асл мақсади бақо-боқийлик, мангуликдир. Мангулик эса фанода, яъни йўқликдадир. Бу, албатта, моддий олам ҳо-ю ҳавасларини эмас, маънавиятнинг ўзига хос қадриятларини назарда тутади.

 

То тузди Навоий ояти ишқ,

Ишқ аҳли аро наво бўлубтур.

 

Якунловчи байт ҳам тарди аксни сақлаб қолган. Энди наво ва ишқ сўзларига урғу берилади. Кейинги мисрадаги сўзларнинг маъно товланиши диққатга сазовор. “Ишқ аҳли аро наво бўлубтур” дегандаги “наво” кўп маъноли. Унинг “овоза”, “шон-шуҳрат”, “бойлик”, “наво бўлмоқ” – овозаси ёйилмоқ, “Наво” куйи воситасида куйламоқ” сингари маънолари кўзга ташланади.

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.