Китоб жавонидаги барҳаёт сиймолар

0
717
марта кўрилган.

Адабиёт оламида шундай асарлар борки, уларнинг қаҳрамонлари ҳатто асар муаллифларини ўз шуҳрати соясида қолдириб, китобхонларнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган. Энг муҳими, бу персонажлар ҳанузгача худди ёнимизда яшаётгандек, тирик одамдек таассурот қолдиради. Бунинг замирида ёзувчининг юксак бадиий маҳорати, қолаверса, ўқувчининг асар қаҳрамонига бўлган меҳр-муҳаббати, у билан ҳар жабҳада ҳамфикру ҳамдард бўлгани ётади.

 

СИМЕНОННИНГ СЕВИМЛИ ҚАҲРАМОНИ

Француз детектив ёзувчиси Жорж Сименон ва унинг машҳур персонажи Жюл Мегрэ ҳақида эшитмаган китобхон бўлмаса керак. Сименон ёзувчилик фаолияти давомида жами 214 та роман ёзган. У адабиёт мухлисларига сермаҳсул ижодкор сифатида машҳур. Асарларида кўпинча жамиятда мавжуд бўлган муаммоларни олиб чиқиши унга доимо юксак ҳурмат, эҳтиром ва эътибор келтирган.

Айтиш жоизки, одатда Жорж Сименон эсланганида барчанинг ёдига Франция пойтахти Париж шаҳрининг Ришар-Ленуар хиёбонидаги уйлардан бирида истиқомат қилувчи комиссар Жюл Мегрэ ва Мегрэ хоним тушиши бежиз эмас. Негаки, ёзувчи яратган 214 романдан 80 таси комиссар Мегрэ ҳақида. Шу романлар орқали Мегрэ китобхонларнинг қадрдони ва яқин инсонига айланди.

Француз адиби даставвал детектив-саргузашт жанрида қалам тебрата бошлаган, 1930 йилда “Файяр” нашриётида чоп этилган илк “Питер-Латиш” романидаёқ жиноятчиларни жой-жойига “ўтқазиб қўйиш”, уларнинг хатти-ҳаракатларини оқлашга ўрин қолдирмасликнинг уддасидан чиққанди. Қизиғи, у бир-икки ой ичида янги романини ёзиб тугатар ва бундан адабиёт ихлосмандлари лол қолишарди. Унинг романлари ўқувчилар ўртасида тезда машҳур бўлиб кетишига бош қаҳрамон – комиссар Мегрэ томонидан жиноятларнинг моҳирона фош этилиши билан бир қаторда жамият ҳаётида учровчи нуқсонлар шафқатсиз ва адолатли тарзда танқид қилингани ҳам сабаб бўлган.

Романдан романга Мегрэ китобхон орзу қилиб, ҳавас билан боқадиган, жиноятчиларнинг додини берадиган тимсол сифатида гавдаланарди. “У оламни болалар кўзи билан кўришни, ҳаётини болаларга аталган ранг-баранг суратли китоблардагидай тасаввур этишни жуда истайди, – деганди Сименон ўз персонажи Мегрэ ҳақида. – Ақлли ота-оналар, уларни яхши кўрадиган болалар ҳамда меҳрибон, сочлари кумушдай оқарган бува-бувилар…”

Шу ўринда алоҳида айтиш керакки, камдан-кам ҳолларда адабий персонаж Жорж Сименон қаҳрамони сингари китобхонда ҳақиқий ҳаётий ишонч туғдира олади. Бошқача айтганда, Мегрэнинг тақдирига узоқ умр кўриш битилган экан. Чиндан ҳам Мегрэ иштирок этган асарларни мутолаа қилар эканмиз, у шу даврда биз билан бир осмон остида яшаётгандек, жиноят содир этган жиноятчиларнинг изига тушиб юргандек туюлади.

 

МАВЖУД БЎЛМАГАН УЙГА КЕЛАДИГАН МАКТУБЛАР

Таниқли инглиз адиби Артур Игнатиус Конан Дойлнинг миллати ирланд, у 1859 йили Шотландия пойтахти Эдинбургда туғилган. 71 йил умр кўрган ёзувчи машҳур изқувар Шерлок Холмс образи иштирок этган асарлари, ажойиб саргузашт роман, қисса ва ҳикоялари билан жаҳон адабиёти хазинасига бебаҳо ҳисса қўшган буюк сўз санъаткоридир.

У ўзидан 70 жилдлик адабий мерос қолдирган. Айниқса, “Оқ отряд”, “Ватерлоо”, “Денгиз қароқчилари”, “Марокаш тубсизлиги”, “Заҳарланган камар”, “Йўқолган дунё”, “Даҳшатли денгиз қароқчиси Шаркий”, “Сэр Нигель” ва “Михей Кларк” романлари ёзувчига беқиёс шуҳрат келтирган. Бироқ унинг изқувар Шерлок Холмс тўғрисидаги ҳикоя ва қиссалари қолган барча асарларини ўз соясида қолдириб кетди.

Шерлок Холмс ҳақида ёзган илк ҳикоясидаёқ уни бутун Буюк Британия таниди. Унинг ҳикояларига бутун дунё ноширлари қизиқиш билдириб, Шерлок Холмс тўғрисида ёзган асари учун муаллифга ҳар қандай талабини қондириш назарда тутилган шартнома таклиф этишди. Китобхон унинг ҳар бир асарини катта қизиқиш ва интиқлик билан кутарди. Аммо орадан маълум вақт ўтгач, Конан Дойл бу қаҳрамони билан ортиқ “ишлаш”ни хоҳламай қолади ва янги асар кутиб безовта қилаётган ноширлардан ҳам безор бўлади. “Навбатдаги ҳикоям учун мисли кўрилмаган қалам ҳақи сўрасам, ҳеч қайси ношир бундай миқдордаги пулни тўлолмай, шартномадан бош тортади”, деб ўйлайди. Бироқ ёзувчи адашганди. У ҳикоясининг нархини қанчалик ошириб бормасин, ноширлар барибир рози бўлаверадилар. Жумладан, у билан ҳамкорлик қиладиган “Стрэнд” ойномаси вакиллари Дойлдан янги-янги ҳикоялар сўраб, уни ҳоли-жонига қўйишмайди. Тоқати тоқ бўлган адиб Шерлок Холмсдан узил-кесил воз кечишга қарор қилиб, “Холмснинг охирги иши” номли ҳикоя битади. Ажабланарлиси, ҳикоя чоп этилгач, изқувар ҳақидаги ҳикоялар ортиқ чоп этилмаслигини тушуниб етган мухлислар “Стрэнд” ойномасини сотиб олишдан воз кеча бошлашади, нашр эса қарийб 20 мингта обуначисидан айрилади.

Бундан ташқари, Артур Конан Дойлнинг Шерлок Холмс ҳақидаги ҳикоялари кино дунёси тарихида энг кўп экран юзини кўрган асар ҳисобланади: 211 фильм суратга олинган ва машҳур изқувар образи 75 нафар актёр томонидан талқин этилган. Яна муҳим жиҳати шундаки, Артур Конан Дойл ўз асарларида Шерлок Холмсни Бейкер-стрит 221-б манзилида истиқомат қилувчи изқувар сифатида тасвирлаган. Аслида Лондондаги Бейкер-стрит кўчасида бундай рақамдаги уй умуман мавжуд эмас, энг қизиғи, ҳанузгача 221-б манзилига детектив ишқибозларидан Шерлок Холмс номига мактублар келиб туради.

Комиссар Мегрэ ёки Шерлок Холмс тўғрисидаги асарлар ҳар бир ўзбек хонадонида ҳам меҳр билан мутолаа қилинишига шубҳа йўқ. Зеро, жиноятни фош этиб, унинг сабабини топишда бу икки изқуварларга тенг келадиган асар қаҳрамонларини топиш амри маҳол.

 

Азизбек НОРОВ

 

“Қашқадарё” газетаси сайтидан олинди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.