Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ

0
1435
марта кўрилган.

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг кўп қисмини от устида, жангу жадалларда кечирган бўлса – да, инсоният учун бой манба ёзиб қолдирди. У, аввало, ҳассос шоирдир. Лирикаси марказида ҳасбихол, Ватан соғинчи, муҳаббат ва ҳижрон, инсоннинг пок севгисини улуғлаш, висол орзуси, вафодорлик мавзулари туради.

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг кўп қисмини от устида, жангу жадалларда кечирган бўлса – да, инсоният учун бой манба ёзиб қолдирди. У, аввало, ҳассос шоирдир. Лирикаси марказида ҳасбихол, Ватан соғинчи, муҳаббат ва ҳижрон, инсоннинг пок севгисини улуғлаш, висол орзуси, вафодорлик мавзулари туради.

 

Бобур девон тузганми?

Буюк шоир, айниқса, туркий шеърият анъаналарини Ҳиндистон адабий муҳитига олиб кирган ва сарой шоирларининг туркча шеър ёзишларига катта раҳнамолик қилган. У ўзбек ва форс тилларида ижод қилди. Аммо унинг мумтоз девончилик анъанаси асосида девон тузгани маълум эмас. Бироқ бир рубоийсида ва “Бобурнома”нинг 1509–1510 йиллари воқеалари баёнининг бир ўрнида Самарқанд ҳокими Пўлот Султонга девонини юборганини таъкидлайди. Айни пайтга қадар “Бобур девони”нинг 9 та қўлёзмаси топилган бўлиб, кейинги тадқиқотларга кўра, шоирнинг ҳали илм аҳлига маълум бўлмаган яна бир қўлёзма нусхаси ҳам мавжудлиги аниқланган.

Манбаларда келтирилишича, Бобур шеърларининг умумий ҳажми 400 тадан ортади. Бобуршуносликдаги кейинги тадқиқот ишларида Бобур саккизта шеърий жанрда ижод қилган. Шундан ғазаллар – 126 та (3 таси тугалланмаган), маснавий – 12 та, қитъа – 23 та, туюқ – 20 та, фард – 117 та, муаммо – 54 та, рубоий – 230 та ва бир нечта масну шеърлардир.

Бобур бадиий асарлардан ташқари, мусиқа илми, ҳарб ишига оид қимматли илмий асарлар ҳам яратган, аммо улар бугунга қадар топилган эмас. Унинг “Аруз рисоласи” ўзбек мумтоз шеърияти назариясини ўрганишда муҳим ўрин эгаллайди. Фитрат таъбири билан айтганда, Бобур Мирзо адабиёт ва санъат дунёсида энг теран қараш эгаси бўлган. У ушбу рисолага аруз илми тараққиёти тарихида биринчи бўлиб, 537 вазнни жамлайди ва бу вазнларга етмишга яқин машҳур шоирлар ижодидан турли мисоллар келтиради. Бобур ўзбек мумтоз поэзиясида қўлланиб келинган 289 вазн ва уларнинг шакллари таърифини беради. Умумаруз илмини ўзи ихтиро қилган 248 янги вазн билан бойитиб, арузшунослик илмига катта ҳисса қўшади.

 

Ҳумоюн ва Комронга мактуб

Бобур Мирзо меҳрибон ота, исломшунос олим, етук таржимон ҳам эди. У Хожа Аҳрор Валийнинг насрда битилган панднома, насиҳатнома асари – “Волидия”ни бетакрор тарзда назмда 243 байтда таржима қилди. Унинг “Рисолайи волидийя” таржима асари ва 2258 байтдан ташкил топган “Мубаййин”и барча замонлар учун ҳам қимматлидир.

“Бобурнома”да ёзилишича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур фарзандларининг таълим-тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлаб, уларни ўқиш ва ўрганишга тарғиб қилган. У “Мубаййин” рисоласини Ҳумоюн ва Комронга диний масалаларни ўргатиш учун назмда ёзади. Бобурнинг Ҳумоюн ва Комронга ёзган мактублари ҳам шу мавзуга қаратилган. Масалан, у Комронга ёзган мактубида бундай дейди: “Фарзанди аршад ва аржуманди саодатнишон Муҳаммад Комрон Мирзо баҳодирга саломи муҳаббат анжомидан сўнг улким, кўкалтош ва ичкиларинг била сабақ ўқурға ружуъ келтуруб эрмишсен. Бу жиҳаттин кўнгулга сурур ва хотирга ҳузур етиб на бисёр хушҳоллиқ юз берди. Тангри таоло даргоҳидин умидим борким, жамиъи қобилият ва салоҳият бобида комил ва мукаммал бўлуб камолға етгайсен”. Албатта, Бобурнинг бундай саъй-ҳаракатлари зое кетмади. Унинг тўртала ўғли, қизи, набиралари ва уларнинг фарзандлари илму санъат, шеъру адабиётда ном қозондилар. Айниқса, Бобур ва бобурийлар хонадони аёллари орасидан шавкатли ҳукмдорлар, оқила маслаҳатгўйлар, етук донишмандлар, забардаст олималар, сухондон шоиралар ва зукко санъатшунослар етишиб чиққанига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, шарқ аёллари ичра танҳо муаррих – ўзининг тенгсиз тарихий асари “Ҳумоюннома” ва нафис байтлари билан машҳур Гулбаданбегим, ўз шеърий ижоди билан машҳур Гулчеҳрабегим, шунингдек, Нуржаҳонбегим (Меҳринисо), Оромбегим (Дилором) Ҳаётбегим, Фанобегим (Фанонисо) Жаҳонаробегим, Зебунисобегим каби оқила ва фозилалиги билан гўзал, элга машҳур бўлганлар етишиб чиқди.

 

Қимматли маълумотлар манбаи

Бобурга дунёвий шараф келтирган буюк асари, шубҳасиз, “Бобурнома”дир. Унда 1494–1529 йиллари Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. Асар қимматини оширадиган жиҳатлардан яна бири унда бир ярим мингдан зиёд шахслар номи зикр этилган. Шундан етти юз нафарга яқини шоҳлар, ҳокимлар, амир-амалдорлар, дин уламолари, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳли, деҳқонлар, ҳунарманд ва бошқа касб эгаларидир. Бу шоҳ асарда, айниқса, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлига катта ўрин берилгани алоҳида эътиборга молик. Навоий, Жомий, Биноий, Муҳаммад Солиҳ, Ҳилолий, Сайфи Бухорий, Мир Ҳусайн Муаммоний, Шайхим Суҳайли, Юсуф Бадений, Аҳмад Ҳожибек, Беҳзод, Султон Али, Ҳожа Абдулло Марворий, Шоҳ Музаффар, Ғулом Шодий, Ҳусайн Удий каби бир қатор шоирлар ва санъаткорлар ҳақида қизиқарли фактларнинг мавжудлиги бугунги кунда ўша даврни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, асарнинг ўн олти ўрнида Ҳазрат Алишер Навоий ҳақида қимматли маълумотлар берилади.

 

Цезардан севимлироқ

Бобур Мирзонинг бой адабий-илмий меросининг нечоғли буюк эканини кўп асрлардан бери Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан билдирилиб келинаётган фикрлардан ҳам билиш мумкин. Улар Бобурнинг инсоний фазилатларини, шунингдек, унинг йирик лашкарбоши, ҳаёт қийинчиликларидан қўрқмайдиган саркарда, илм-фан ва санъатни севадиган, ижод аҳлини қадрловчи олижаноб шахс эканини чуқур ҳурмат билан тилга олишади. Жумладан, инглиз тарихчиси Эдуард Холден, аввало, Бобурни машҳур Юлий Цезар билан қиёслашни лозим топади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида роман ёзган “Бобурнома”нинг инглиз таржимони Уильям Эрскин Бобурни Осиё подшоҳларига қиёслаган ҳолда “Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди”, – дея баҳолайди.

Бу қомусий асарнинг илм – фан соҳасидаги ўрни ҳақида яна кўплаб ёзиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, Бобур қолдирган бой мерос, айниқса, “Бобурнома” неча асрлардан буён ўзбек ва дунё олимларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Бугунга қадар асар дунёнинг 17 та тилига таржима қилинган ва айрим таржималарнинг қўлёзма нусхалари бор. Биргина форсча таржимасининг 20 та қўлёзма нусхаси мавжуд. 17 та тилга қилинган ҳар бир таржима эса турли даврда қайта ва қайта нашр этилган. Дунё бўйича шоир ҳаёти ва ижодига доир ёзилган катта-кичик асарларнинг умумий сони 12 мингдан ошади. Жаҳон адабиётининг йирик намояндалари томонидан Бобур ва бобурийлар ҳақида 30 дан зиёд тарихий-бадиий романлар ёзилган, ўнлаб луғат ва таржима асарлари яратилган.

Ҳозирда Бобур асарларининг котиблар томонидан турли йилларда кўчирилган қўлёзма нусхалари хорижий мамлакатларда, хусусан, Франция, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Туркия каби давлатларнинг китоб фондлари ва музейларида сақланиб келинмоқда.

 

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

mahalladosh.uz

 


 

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.