Кавсар Турдиева

0
3251
марта кўрилган.

Болалар адабиётининг ёш авлод тарбиясига таъсири шакшубҳасиздир. Айниқса, энг кичик ёшдагилар учун шеърият жанрларидаги асарлар болалар онгига тез етиб бориши, тез эсида қолиши, шунингдек, илк тарбия самараларидан бири сифатида ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашдаги асосий воситалардан биридир.

Сўнгги йилларда бу йўлда самарали ижод қилиб келаётган ўзбек болалар шоирлари талайгина. Улар кекса авлод вакилларининг энг яхши анъаналарини сақлаган ҳолда ўз янги йўналиш ва услубларини ҳам яратмоқдалар. Шулардан бири Кавсар Турдиевадир.

Кавсар Турдиеванинг ҳар бир шеъри маънавий ё маърифий тарбияга, кўпинча, иккаласига баравар хизмат қилади.

Кавсар Турдиеванинг болаларга аталган шеърларини мавзу жиҳатдан бўлиб чиқсак, уларда ватанпарварлик, меҳнат, табиат, боғча ва мактаб, ота-онага муносабат, дўстлик, соғлом турмуш тарзи ва бошқа мавзуларни учратиш мумкин.

Ҳар қайси шеър болалар адабиётининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган тарзда ўқувчилар ёши ва болалар шеъриятининг талабидан келиб чиққан ҳолда ёритилади.

Муаллиф шеърларининг маънавий-ахлоқий юки, тасвирийлиги, мусиқийлиги, уларнинг кўпчилиги куйга солинишига сабаб бўлди. Жумладан, “Мард ўғлонлар бўламиз”, “Лолақизғалдоқ”, “Замонавий қизалоқ”, “Сеҳрли ўлка”, “Миттивойлар қўшиғи”, “Болалик”, “Яхши бола, ёмон бола” ва бошқалар. Масалан, “Яхши бола, ёмон бола” шеъри энг кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган бўлиб, уларнинг ёшига кўра қилган ишларини тасвирлаб, яхши ё ёмонлиги таъкидланади:

Гуллар экиб, дарахтларни оқлаганлар,

Табиатнинг гўзаллигин сақлаганлар,

Жонзотларга кимда меҳр кучли, мўлдир,

Билиб қўйинг, бундай бола яхши, зўрдир.

Кичик мактаб ёшидаги болаларга мўлжалланган “Мард ўғлонлар бўламиз” шеъри ҳам ота ва ўғилнинг савол-жавоби тариқасида берилади. Унда халқ оғзаки ижоди маҳсули бўлган мақоллардан унумли фойдаланади ва болаларга оммабоп, содда тилда ўз фикрларини ифодалайди. Айнан савол-жавоб шакли шеърда худди самимий суҳбат кўринишини намоён қилади ва ўқувчининг ишончини оқлайди:

 – Тоғни баланд демангизлар,

Истасангиз йиқасиз,

Рақибларни кучли деманг,

Ғайрат қилинг, енгасиз.

Мард бўлинглар, ботир бўлинг,

Шу отангиз тилаги.

Эзгу ишга қодир бўлинг,

Йигитга шу кераги.

– Ҳа, дадажон, қўрқмаймиз биз,

Мард ва полвон бўламиз.

Ишончингиз оқлаш учун

Куч-қудратга тўламиз.

Умуман, шоиранинг ватанпарварлик мавзусидаги кўпгина шеърларида Ватан учун ёш авлоднинг масъуллиги, улар шу юрт равнақи учун куч-ғайратларини аямасликлари кераклиги, онаВатаннинг яратиб бераётган имкониятларидан тўлагонли фойдаланишлари ўзларининг, шу билан бирга, Ватаннинг юксалишига олиб келиши яққол кўрсатилади. Чунки юрт фарзанди – ўша элнинг бир бўлаги, улар бир-бирини тўлдиради ва бир-бирига керак:

Юқоридаги шеърда Ватан, унинг қисмлари, бўлаклари, яъни уни ташкил қилувчилари қуёш, ой, замин уйғунлиги тараннум этилади.

Ватаним қайдадир?

Қалбим сўроқлар,

Юрагим боғланган

Яқин-йироқлар.

Ватан – юрагимнинг

Туғилган жойи.

 

Ўлкамнинг қуёши,

Юртимнинг ойи.

Ватаним жисмида

Мен ҳам бир бўлак,

Ватаним менга-ю,

Мен унга керак.

Агар бу ерда Ватан образи лирик талқин этилса, “Ватан иқбол кутар” шеърининг ҳар бир мисраси гўё ҳаракат учун дастурдек жаранглайди:

Сенда, менда, бизда,

Ҳар бир ўғил-қизда,

Ягонадир Ватан,

Асра уни ҳар дам.

Сендан, мендан, биздан,

Ҳар бир ўғил-қиздан

Ватан иқбол кутар,

Бизга имкон тутар.

“Бу бизнинг Ўзбекистон” шеъри эса республикамиз вилоятларининг ўзига хос жиҳатларини ифтихор билан тараннум этади. Бу шеърда ҳам болалар учун қулай савол-жавоб шакли танланади:

Қайси юртнинг нонлари

Киритади жонларни?

Миноралари баланд

Самарқанд бу, Самарқанд!

Кавсар Турдиеванинг сўнгги йиллардаги ижодида туркум шеърлар катта ўрин тутади.

Бу, энг аввало, кичик боғча ёшидаги болалар учун мўлжалланган “Ҳаракатли ўйин” шеърлари туркуми. Улар “Туғилган кун”, “Биз ақлли боламиз”, “Тозалик – гўзаллик”, “Бадантарбия”, “Тандиримиз”, “Офтоб чиқди оламга”, “Сичқончалар қўшиғи” ва кўпгина бошқа шеърлардир. “Туғилган кун” шеъри барча боғчаларда ҳаракатли ўйин сифатида тарбияланувчиларни туғилган кун билан қутлаш учун мўлжалланган:

Акбаршоҳ:

Гулшоданинг бугун туғилган куни,

Давра қуриб табриклаймиз биз уни,

Бўйи ўссин бунақа

(Болалар қўли билан баланд ҳаракатни қилишади).

Йигит:

Қизча бўлсин бунақа, бунақа

(Болалар қўли билан “аъло” ҳаракатини қилишади).

Жумладан, сичқончалар қўшиғида ҳам жониворларни жонлантириш орқали болаларга ахлоқ-одобнинг илк сабоқлари берилади:

Ча-ча-ча,

Салом, сичқонча.

Чўм-чўм-чўм,

Қилайлик ачом.

 

Чий-чий-чий,

Юр, ўйнайлик-чи.

Ча-ча-ча,

Хайр тонггача.

Бу шеър ҳам қофияларнинг жарангдорлиги, ҳаракатларнинг тезлиги, тақлидий сўзларнинг кўплиги ва болаларга таниш сўзлар ишлатилиши билан болалар диққатини ўзига жалб қилади ва тез ёдланади. Худди “Офтоб чиқди оламга” шеъридаги каби:

Офтоб чиқди оламга

Нури тушди хонамга.

Сен қувноқсан, мен қувноқ,

Даврага тушгин, ўртоқ.

Қувноқ қўшиқ бошланар,

Тақ-тақ қилар пошналар

Тақ-тақ-тақ, туқ-туқ-туқ,

Ўйнамаган бизда йўқ.

Кавсар Турдиеванинг кўплаб туркумлари, жумладан, кўчаларга, касбларга, ҳайвонот оламига, доривор гиёҳларга, йўл ҳаракати қоидаларига, мева ва сабзавотларга бағишланган. Яна унинг турли шаклдаги алифболари ҳам диққатга сазовордир. Масалан, Кавсар Турдиеванинг қайси шеър туркумини ўқиманг, уларда маънавий баркамолликка чорлаш, юртнинг равнақини кўриш истаги барқ уради. “Тошкент кўчалари” туркумига киритилган “Меҳрибон”, “Илтифот”, “Орзу”, “Виждон кўчаси” ҳақидаги шеърлари бунга мисол бўла олади. Масалан, “Виждон кўчаси” шеърини олайлик:

Кўчамга босганинг он,

Сенда уйғонар виждон.

Менга томон қадам ташлайсан,

Сўнгра ўйлай бошлайсан.

Хафа қилган кишингни,

Қилган ёмон ишингни.

Ўтган бўлса айб-қусур,

Бориб сўрайсан узр.

Ҳатто оғир бўлса ҳам,

Хатоларинг олгач тан.

Виждонингни созлайсан,

Сўнгра нафас ростлайсан.

Бу шеърлар кичик ёшдаги ўқувчилар кўз ўнгида меҳр, илтифот, виждон каби мавҳум тушунчаларни жонлантиришга ёрдам беради. Унинг касблар ҳақидаги 1-4синф ўқувчиларига мўлжалланган шеърлари 100 та касбга бағишланган ва улар турли ҳажмга эга: 1-синф учун 4 қатордан, 2синф учун 6,3-синф ўқувчилари учун 8,4-синф ўқувчилари учун 12 қатордан иборат ва турли-туман касбларни ўз ичига олади. Масалан, “Кинолог” ёки “Ландшафт дизайнери”, “Лаборант”, “ДАН ходими”, “Офитсиант”, “Телефон оператори”, “Этнолог”, “Ихтиолог” ва бошқалар.

Мана “Ландшафт дизайнери” шеърини ўқиб кўрайлик:

Ландшафт не? Ўйлаб қара,

Бир хил ер бу, манзара.

Бир хилликни безай дер

Шу соҳада дизайнер.

Рассом сезгиси ҳамда

Юксак дид бордир унда.

Бинога бўлсин монанд,

Майдонда кўкат, дарахт.

Нақшдек экилган гуллар

Гўзал тус ҳосил қилар.

Энг оддий кўримсиз жой,

У бўлса очар чирой.

“Касблар алифбоси” ҳақидаги шеърда турли касбни орзу қилган болалар ана шу соҳада энг маҳоратли, энг билимдон ва юртининг обрў-эътибори учун хизмат қилишни орзу қилади.

Масалан, агроном ойга тарвуз-қовунлар, пахта экиб, уларни карвон орқали ерга юборишни орзу қилади. Боғбон янги нав яратишни хоҳлайди.

Ҳарфлар ҳақида жуда кўп шеърлари мавжуд. Масалан, “Ҳарфлар устахонаси”, “Бемор Б”, “Ҳарфлар шеър ёзишгани ҳақида”. Уларда шеърларни маърифий ва маънавий мақсади бирлашиб кетади ва ўқувчида завқ уйғотади. Бола руҳиятининг турли қирралари акс этади.

Кавсар Турдиева бир шеърида ҳарфларнинг шакли ҳақида маълумот беради. Масалан:

А ҳарфи кўп ёшидан,

Алифбенинг бошида.

Ўхшар икки оёққа,

Томга, икки таёққа.

Шоира ҳатто тўртликларга ҳам қувноқликни, тарбияни ва маърифатни жойлайди. Масалан, V ҳарфига ёзилган шеър:

А ҳарфга қўшсанг мени,

Ва деб боғлайман сени.

Нимадир бир жон-у тан?

Мен, оилам ва Ватан.

Ёки П ҳарфига:

Пақиллоғи пақиллаб,

Юрса кимдир лақиллаб,

П ҳарфидан беомон,

Бир сўз келар – Пушаймон.

Кавсар Турдиеванинг кўпгина шеърлари сужетли. Уларда қаҳрамонлар ўзларининг айнан болаларча хулқ-атвори билан катталарни болаликка қайтарса, кичик ўқувчиларни ҳайратга солади. Уларнинг беғубор қалби ва орзу-тилаклари акс этади. Масалан, “Телефон” шеърида телефондан икки опа-ука тинмасдан ойисига қўнғироқ қилиши табиий акс этган. Мана, улар қўшни болаларни уйга таклиф қилиб меҳмон қилишди. Совитгичдаги бор егуликни “қуритишди”. Мана, қўшниси ўз боласини қараб туриш учун ташлаб кетди. Улар бутун уйни бошига кўтариб, болакайни зериктирмаслик учун уни от бўлиб миндиришди, ойнани синдиришди. Кейин юқори қават балконидан унинг елкасидан ушлаб, пастдаги воқеа-ю манзараларни томоша қилдиришяпти. Шеър қуйидагича якунланади. Болалар онасига телефон қилиб, шу ҳақида хабар беришади:

Энди-чи, балкон оша

Қилаяпмиз томоша.

Уни митти қушлардек

Елкасидан ушладик.

Кўйлагидан тутяпмиз,

Онасини кутяпмиз.

Пастга қарар биз билан,

Гаплашсинми сиз билан?

Гўё қолгандай тилдан,

Ойим “оҳ” деди бирдан.

Ё телефон бузилди,

Ё симлари узилди…

Кавсар Турдиеванинг қаҳрамонлари қувноқ, очиқкўнгил, бирор нотўғри иш қилиб қўйишса, албатта, ўз хатоларини тушунишади. Ёки бўлмаса, бу хатоларни ўқувчи англайди ва уни ўзида тузатишга ҳаракат қилади.

Унинг мумтоз болалар шеърияти намуналарига айланган “Ойим билан аразлашдим”, “Ёдласам бўлмасмиди?”, “Каттаманми ё кичик?”, “Ёзма иш”, “Момақалдироқ” каби шеърлари болалар адабиётига бағишланган турли анжуманларда юқори баҳоланган. “Ёзма иш” ва “Ёдласам бўлмасмиди?”, “Момақалдироқ” шеърлари эса “Зумраша” болалар ҳажвий киножурналида экранлаштирилган. “Ёдласам бўлмасмиди?” шеърида кичик қаҳрамон мактабга шеърини ёдламай боради ва дарс олдидан мўъжиза содир бўлишини интиқлик билан кутади. У ҳамма нарсага рози: шанбаликка чиқишга ҳам, ҳатто шифокор келиб ҳаммага укол қилишига ҳам. Аммо мўъжиза содир бўлмади: ўқитувчи ҳаммадан шеър ёдлаб беришни сўрайди.

Шоиранинг “Сумалак ва минг тилак”, “Иркитвой ва Киркетжон” каби шеърий эртакларида воқеалар занжирли бўлиб, улар энг кичик ёшдаги ўқувчилар онгига тезроқ етиб боради.

Иркитвой пашша билан дўст бўлиб, аввал қўшни қизча, сўнг қўшни амаки, кейин ойиси олдига учиб боради, аммо уни ҳеч ким танимайди. Мазкур шеърий эртак озодалик тарғиботининг энг гўзал намунасидир.

Унинг “Сумалак ва минг тилак” шеърий эртаги миллий қадриятларимизнинг болалар тарбиясидаги аҳамиятини кўрсатади. Қизалоқ сумалакка солиш учун тошлар йиғиш баҳонасида тилаклар ҳам йиғади. Капалак, улоқча, ойиси, опоқи, дўстдан тилаклар олади. Шеър шундай бошланади. Тилакларнинг бари эзгу.

Кетди совуқ, кетди қор,

Салом, гўзал гулбаҳор.

Салом, наврўз, яшиллик,

Эзгулик ва яхшилик.

Кавсар Турдиева ҳозирги замон ўзбек болалар шеъриятида ўз овозига, ўз услубига эга. Унинг шеърлари ёш авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.