Калта ақл катта ҳақиқатларни илғамайди

0
116
марта кўрилган.

Ҳақиқатнинг табиати аччиқ, ёлғонники эса ширин бўларкан. Инсон вужудида пайдо бўладиган кўз илғамас айрим майда зараркунандалардан баданни тозалаш учун табиблар ўсимлик, ҳайвон ва бошқа моддалар заҳридан фойдаланиб келади.

Сон-саноқсиз ширин нарсалар турганда заҳарнинг инсонга малҳам бўлиши жуда ажабланарли-да.

Шифобахш неъматлар орасида энг кўп наф келтирадигани асал саналади. Тоза асал истеъмол қилинганда танада чиқит ҳосил қилмайди ва тўлиғича қонга сўрилади. У қон таркибидаги зарарли ҳужайраларни ўлдириб, қонни тозалаш хусусиятига эга. Чунки унинг таркибида табиий ва безарар заҳар бор. Асал соғлом ва тана учун зарур бўлган ҳужайраларга қувват беради. Унинг таркибидаги заҳар зарарли ҳужайраларни ўлдиради. Асалнинг шифобахшлиги шунда. Бу – чинакам мўъжиза!

Кейинги вақтларда сунъий асал тайёрлаш авж олди. Бундай маҳсулот бугун ҳатто саноатда ҳам ишлаб чиқариляпти. Лекин унинг малҳам бўлувчи хоссаси йўқ. Чунки ҳам ўлдирувчи, ҳам тирилтирувчи қудратни бир жойга жамлаш одамзоднинг қўлидан келмайди.

Аслида, ҳар бир нарсада мана шундай нозик мувозанат бор. Бундай меъёрни фақат назари ўткир, закий ва буюк инсонларгина пайқай олади. Манфий ва мусбат зарраларнинг бир текис ва тартибли ҳаракатланишидан электр қуввати ҳосил бўлади. Фақат манфий ёки фақат мусбат зарранинг ўзи ҳеч нарсага яроқли эмас. Инсон ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракатини ана шундай мувозанат билан адолат тарозисига қўя олиши керак. Бундан бошқа ҳаракатлар инсонийликка зид келади. Бировга баҳо беришда уни адолат тарозисида торта олсак, нуқсон ва фазилатлари аён бўлади. Улардан фақат биттасини кўриш адолатсизликдан бошқа нарса эмас.

Биз назаримизни ҳамиша ютуқларимизга тикамиз. Камчиликларимизни эса назарга илмаймиз. Натижада, адолатсизликка йўл қўямиз. Мана шу адолатсизлик табиатимиздаги мезон ва меъёрни бузиб қўяди. Кейин биз нафақат ўзимизга, балки ҳеч ким ва ҳеч нарсага одил баҳо бера олмаймиз.

Менимча, биз буюк деб биладиганларимиз ўз табиатида ана шу меъёрни мустаҳкам ушлай билган кишилардир. Алишер Навоий эса бутун ҳаётини шу адолат мезони асосига қура билган буюкликнинг ёрқин намунаси. Бунга буюк мутафаккир ижодининг ҳар бир сатрида қайта-қайта амин бўламиз. Айниқса, “Хамса” таркибига кирувчи “Ҳайратул аброр” достонида инсонга чинакам инсон деб қараш учун у қандай фазилат ва хусусиятларга эга бўлиши зарурлиги ҳақида баҳс юритилади.

Фикр мисол ва қиёс ёрдамида яхшироқ англашилади.

Тушса хазаф остиға рахшон гуҳар

Қайда гуҳар қадриға андин зарар.

Оддий сополнинг остига тушиб қолиш қимматбаҳо ва ярқироқ гавҳарнинг қадрига зарар етказа олмайди. Ўз навбатида, гавҳардан юқорида туриш сополнинг ҳам қийматини оширмайди.

Хом сут эмган банда баъзан дунёни ўз қаричи билан ўлчамоқчи бўлиб, нотўғри хулосаларга келади. Ёлғон ҳукм чиқаради ва ўз ёлғонларига ўзи алданиб яшайди. Ёлғон шуки, ўзини ва ўзгаларни нотўғри баҳолайди. Кўзимни юмсам, бутун дунё зулматда қолади, деб хаёл қилувчилар ҳам йўқ эмас. Лекин кимнингдир кўз юмиши дунёга зарар келтира олмайди.

Баъзи бир нарсалардан кўз юмиш инсоннинг ўзига зарар етказиши мумкин. Айрим инсонлар юмиқ кўз билан кўрган ҳақиқатни баъзилар очиқ кўз билан ҳам кўра олмайди.

Кўролмаслик – энг хатарли иллат. Лекин ўзи ҳақида холис ҳукм чиқаролмаган кимса унинг иллатлигини ҳам англай олмайди. Оқибатда унга фазилатлар иллат, иллатлар фазилат бўлиб туюлаверади. Масалан, тош билан биллурни уриб синдириш тошнинг қийматини оширмагани каби биллурнинг қадрини ҳам туширмайди. Қимматбаҳо ашёни синдириб, чилпарчин қилиш аслида тошнинг зўрлигидан эмас, тошни ушлаган қўл эгасининг ғўрлигидан. Фақатгина ташқи белгиларга қараб ҳукм чиқариш тўғри бўлганида улоқча мўйсафид саналган бўларди. Лекин ҳар бир ашёнинг кўринганидан бошқа яна минглаб хусусияти бор. Бу хусусиятлар фақатгина шаклга эмас, маънога ҳам дахлдор. Назар солганда ана ўшаларни ҳам кўра оладиган кўз керак.

Уммоннинг сувини ҳовучлаб ўлчаб бўлмаганидек, баъзи ҳодисаларга баҳо беришда бизнинг калта ақлимиз етмаслиги ҳақ. Ўз ақлининг калталигини ҳис қила олиш энг катта донишмандлик аслида. Ғилай кўз билан мўлжални тўғри нишонга олиб бўлмагани каби калта ақл катта ҳақиқатларни илғашга ҳар гал ноқислик қилаверади.

Ҳар бир инсон ўсиб, ривожланишга ҳаракат қилади. Юксалишга интилади. Камол топиш илинжида тараққиётга талпиниб яшайди. Барча тирик мавжудотнинг ҳаёт низоми шундай. Юксалиш учун эса, аввало, илдиз бақувват бўлиши зарур. Юксак нарсалар жонзотни юқорига, юксалишга чорлайди. Тубан нарсалар пасткашликка гирифтор қилади. Ҳақиқат – юксак тушунча. Унга етишиш учун маълум бир юксакликларга кўтарила билмоқ, тараққий этмоқ, маънан юксалмоқ керак. Шунинг учун ҳам у пасткаш кимсанинг қалбига жо бўлмайди. Бир-бирига зид мизожли нарсалар инсон ошқозонида бирлашса, муаммо пайдо қилиб, касаллик юзага келади, баданни тансиҳатликда сақлаб турган тизим издан чиқади. Кимса тубанликни тарк этмагунча ҳақиқатни идрок эта олмайди. Тубан ҳолида ҳақиқат унга наф бермайди, билакс, зарар келтиради.

Гулгаки юз ҳусну латофат дурур,

Атри жуал жониға офат дурур.

Гулнинг ҳусну латофати ҳаммани ўзига ошуфта қилади. Унинг ҳидидан барча ҳузур топади. Лекин бу муаттар бўй жуал – гўнгқўнғиз учун офатдир. Чунки у доимо сассиқ жойларда яшайди. Ўша бадбўйлик унинг ҳаёт мадорига айланиб қолган. У тирикликни бадбўйсиз тасаввур қилолмайди. Гулнинг хуш атри уни ўзи ўрганган бадбўйидан мосуво қилади.

Ҳаёт равиши ҳақиқатга асосланмаган кимса ҳам худди шундай. Ҳақдан, ҳақиқатдан, яхшиликдан баҳра тополмайди. Унга ўз чиркин олами маъқул. У ҳамма ҳузур-ҳаловатни ўша чиркинликда деб билади. Ўшандан бошқа нарсани қабул қила олмайди. Бу ҳам майли, лекин у ҳаммани худди ўзидек бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Худди гўнгқўнғиз ҳамма гўнгда яшаши керак деб билгани каби. Унинг учун бошқа ҳақиқат йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Унда ҳақиқатни кўра олмаслик иллати етакчилик қилади. Шундан сўнг фикр-хаёли, дунёқараши бузилган (фосид) кимса ўзидан бошқача фикрлайдиганларга ҳасад қилувчи (ҳосид)га айланади:

Улки хаёли бори фосид дурур,

Борча салоҳ аҳлиға ҳосид дурур.

Инсоннинг барча хатти-ҳаракатларида қалб ва ният энг асосий нарса. Хаёл бузилса, ният барбод бўлади. Ниятнинг манзили – қалб. Бузуқ хаёл ниятни, ният эса қалбдаги бошқа жавоҳирларни, бора-бора қалбнинг ўзини ҳам издан чиқаради. Бундай қалб эгаси энди яхши ишлардан хурсанд бўлмайди, яхшилик соҳибларига ҳавас билан боқолмайди. Фақатгина ҳасад қилади. Яхшилик қилиш қўлидан келмайди, яхшилик қилаётганларга эса ҳасад қилади. Яъни, у буткул кўролмаслик касалига гирифтор бўлади.

Жаҳондаги барча можароларнинг илдизи ҳақиқатни кўролмасликдан. Калтабинлик фақат инсонга хос иллат. Бунчалик бўлиш бошқа мавжудотнинг қўлидан келмайди. Ўз қилмишини ҳақ санаган кимсалар бугун бутун дунёда қанча-қанча одамнинг ёстиғини қуритаётгани бор гап. Навоий таъбирича, улар “дун халқи”, яъни пасткаш, разил ва тубан оломон. “Дунё” сўзининг ўзаги ҳам айни шу “дун” калимасидир. Уч-тўрт сўм пул, молу давлат ёки ўткинчи мансаб-мартаба учун ҳақиқатдан юз ўгириб, бошқаларга ноҳақлик қилувчи пасткаш ва разил кимсаларни дунёга берилган – тубанлашиб кетганлар деб ҳисоблашган.

Қилаётган ишининг аввалу охирини фаҳмлаёлмайдиган, оқ билан қорани, яхши билан ёмонни, ҳақ билан ботилни ажратолмайдиган, қисқача айтганда, бурнидан нарини кўролмайдиган кимсалар – дун халқи.

Меҳрки равшанлиқ этар фош ани,

Кимга гунаҳ кўрмаса хуффош ани.

Ёруғлик (равшанлиқ) бутун оламга қуёш (меҳр) борлигини билдириб туради. Лекин кўршапалак (хуффош)нинг қуёшни кўра олмаслиги қуёш йўқлигига далил бўла олмайди.

Кўрмаслик айб эмас, кўролмаслик айб. Шунинг учун ҳам қуёшни кўрмаган кўршапалак айбдор эмас. Чунки унинг кўзлари қуёшни кўришга мослашмаган. Кўролмаслик кўзи бор жонзотлар учун айб ва гуноҳ. Биз ўзимиздаги нуқсонни кўрмасдан нуқул ўзгаларни айбласак, бу бошқаларнинг эмас, ўзимизнинг айбимиз. Чунки бу айбимиз бошқалардан холи бўлиб, ёлғиз қолганимизда ҳам бизга зарар келтираверади. Бошқаларнинг фазилатини айб сифатида кўриш эса кўролмасликдир. Қалбида кўролмаслик иллати бор кимса қуёш каби энг катта ва ёрқин нарсани ҳам кўролмайди. Биз ўз нуқсонимизни аён кўра билсагу уни йўқотишга киришсак, фазилатларимиздан мағрурланиб, кибрга кетиб қолмасак, ботинимиздаги адолат тарозисини мустаҳкам тута олган бўламиз.

Биз бугун ўз хато-камчилигимизни ҳис қила олсак, уни тузатиш йўлини тутсак, буюк аждодларимиз меросига, хусусан, Навоий даҳосига эҳтиёж сезамиз. Эҳтиёж бўлсагина Навоийга мурожаат қиламиз ва уни тушунишга уриниб кўрамиз. Астойдил қилинган ҳаракат эса ҳеч қачон бекор кетмайди.

 

Ғуломжон БОБОЖОНОВ

 

od-press.uz

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.