Истиора

1
3657
марта кўрилган.

Истиора арабча сўз бўлиб, “қарз олиш” маъносида келади. Истиора икки нарса ўртасидаги ўхшашликка асосланади. Ташбеҳдан фарқли равишда, ўхшатиш воситаси ва ўхшатиш сабаби қўлланмайди.

 

Таманно қилғали лаълингни кўнглум,

Киши билмас они ким, қолди қанда.

(Атойи)

 

“Лаъл” табиатда учрайдиган қимматбаҳо қизил тош айни пайтда, ёр лабидан чиқадиган илиқ сўзни ҳам англатади. Ёрнинг лаби қон каби қип-қизил бўлгани учун ҳам лаълга ўхшатилади. У кўчма маънода сўзни ҳам англатади. Модомики, лаъл қимматбаҳо тош экан, у сўзни англатганида ниҳоятда мўътабар ва қадрли сўз назарда тутилади. Демак, бу ерда ўзи ишлатилмагани ҳолда сўзнинг инсон кўнгли учун нақадар азиз ва қадрли эканлиги таъкидланмоқда. Матнда лирик қаҳрамон айни мана шундай ноёб ва нодир қадр-қимматга муштоқ киши сифатида кўрсатилган. Лаъл – ошиқ учун кутилган сўзнинг қаерга кетиб қолганини ҳеч ким билмайди. Эҳтимолки, “сўз”нинг ўзи қўлланганида байт бунчалик таъсирли ва ёқимли бўлмаган бўлар эди.

 

Тилар эл мансаби олий ва лекин,

Атойи сарви озодингға банда.

 

Ушбу байтдаги истора “сарви озод” бирикмаси орқали акс этган. У ёр қаддини, қоматини назарда тутади. Мазкур ифода ёр қаддининг гўзаллигини, ўзига ярашиб туришини тўла ва таъсирчан ифода этиши билан китобхон учун ҳам манзур ва маъқул бўлаверади.

Алишер Навоийнинг қуйидаги мисраларида қўлланган истиора янада гўзал ва таъсирчандир:

 

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий, тегмасин де кўз,

Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

 

Аслида, бу байтда бир неча истиораларнинг кетма-кет қўлланганини кузатишимиз мумкин: “ой”, “муҳаббат тухми”, “ўт” сўзлари шу вазифани бажариб келган. Ой – юзи ойга ўхшайдиган ёр тимсоли. Фақат ўхшатиш қўшимчалари бўлмагани учун у дабдурустдан тушунилмаслиги мумкин. Аммо “ой”нинг осмон жисми эмас, балки инсонни, алоҳида шахсни англатиб келаётгани сезилиб турибди. Шунинг учун адабиётшунослар истиорани қисқартирилган ўхшатиш деб ҳам айтишади. “Муҳаббат тухми” “муҳаббат” деган абстракт от билан “тухум” (“уруғ донаси”) конкрет отининг бирикувидан ҳосил бўлган. У инсондаги нозик ва қадрли бир туйғуни англатиб турибди. Аммо шу ҳолатида у “ишқ” ёки “муҳаббат” сўзларига қараганда ёқимлироқ ва гўзалроқдир.

“Ўт” бу ерда “олов” сўзи билан синоним тарзда қўлланмоқда. Унинг асосий вазифаси маъшуқа юзидаги рангни кўрсатишдан иборат. Бу “олов ранги”дир. Юздаги қизилликнинг мана шу тарздаги ифодаси гўзалликнинг ҳам ўзига хос ифодаси сифатида кўзга ташланади.

 

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

1 мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.