Иқрорлар ёхуд бутунлик истаги

0
152
марта кўрилган.

Ассалому алайкум, Бобур! Омонмисиз? Рўзғорни ғор дейдилар, шу ғорнинг кенг йўлларида саломат одимлаяпсизми?

Яқинда борганимиз – ўша шеърхонлик кечасида “Фотоаппарат ва мен” деган шеърингизни ўқидингиз. Бундан беш-олти йил аввал сизни айнан шу шеър орқали ғойибдан таниганман. Кейин китобингиз чиқди, анча ютуқларга эришдингиз. Лекин барибир сизни яқиндан билмасдим – шеърларингизни кўп бор ўзингиздан эшитган эсам-да, китоб ҳолида тўлалигича ўқиб чиқмагандим. Шу боис ҳозиргача ёзилган барча машқларингизни ўқиш истаги туғилди…

Сизга бир сирни айтсам: табиатан камгапман. Баъзи ҳолларда айтилиши керак бўлган гапни айтишга нимадир халақит бергандай ўзимни ғалати ҳис қиламан. Буни ўзимча андишага йўяман. Баъзан Сўз, Адабиёт, хусусан, тенгдошлар ижоди ҳақида нималарнидир айтгим келади-ю, андиша қурғур тағин шаштни қайтаради (ҳатто булар бора-бора англаб бўлмас оғриқларга эврилди; ёзганларингиз ҳақида гапириб, ора-сирада оғриқларимдан-да сўз очсам, айбга буюрманг). Шундай бўлса-да, баъзи мулоҳазаларни айтишга жазм этдим. Айтажакларимни фақатгина оддий китобхон ва ижодингизни доимий кузатиб борувчи дўстингизнинг фикрлари, деб қабул қилгайсиз.

…Китобингизга кирган аввалги ҳамда сўнгги бир-икки йил ичида интернет сайтлари ва газета-журналларда эълон қилинган шеърларингизни диққат билан ўқидим. Беш йил аввал “Биринчи китобим” лойиҳасида нашр қилинган “Кўзларимдаги дунё” тўпламингиздаги шеърлар билан кейинги ёзилган машқларингизни таққослаб кўрдим: хўш, шоир ўсибдими? Шеърдан-шеърга ўсганингиз яққол сезилмаса-да, лекин сўз танлаш, ифода усулингизда яхшигина сайқалланиш бор. Ўзингизни қийнамасдан ёзасиз, ақл ва туйғунинг омухталиги сезилиб туради.

Ёзганларингизда кўзга ташланиб турадиган бирламчи жиҳат бу – фалсафий мушоҳада юритишга уриниш. Деярли ҳар бир шеърингиз шундай мушоҳадалар замирига қурилган. Ҳақиқатан, айрим шеърларингизда тасвирланаётган воқеликдан яхшигина фалсафий хулосалар чиқарасиз. Ҳолат тасвирини чизишда ҳам оригиналликка интилишингизни таъкидлаш керак. Туйғулари ҳарорати кўнгилга илиқлик олиб кирадиган “Олапар”, “Фотоаппарат ва мен”, “Юборилмаган суратлар” каби қуйма сатрли шеърларингиз борлигини-да кўпчилик яхши билади.

“Бир кўнгил ўстирсанг ичингда…”, “Бир кун йиғламаса аҳли болалар…” деб бошланадиган шеърларингиз пафоси билан бошқа битикларингиздан ажралиб туради. Бир қарашда уларда ўйчанлик ва ҳазинлик бордай туюлса-да, лекин моҳиятан лирик қаҳрамоннинг эртанги кунга, ёруғ келажакка ишончу эьтимоди сезилади. “Бир кун йиғламаса аҳли болалар…” деб бутун дунёда бошланувчи шеърда мақсад-муддао ҳар бандда такрорланиб келадиган “Бир кун” бирикмаси замирига қурилган: бир кун бўлса ҳам ўқ отилмаса, болалар уйи бўшаб қолса, қанийди мотам бўлмаса, кўнгли борлар бир-бирига етишса, дунё ўзини сал кенгроқ сезса, деб ёруғ кунлар келишига умид қилинади. Бу ишонч ҳар банд охирида такрорланган “Ўша кун келарми, ўша кун борми?” риторик сўроғида янада реаллашади.

Лирик қаҳрамонингиз ўтмишни мушоҳада қиларкан, келажакка умид билан қарайди. У эътиқодда (кенг маънода) собит, замондошларини маънан комил ИНСОН сифатида кўришни орзу қилади. Асосийси, у фикрлашдан, ўз қалбини ўрташдан тўхтамайдиган шахс.

…Биласиз, дурустгина шеърлари билан уч-тўрт марта матбуотда кўриниб, устозлар назарига тушган тенгқурлар орасидаги бир-икки йилни ҳисобга олмасак, салкам ўттизга яқинлашиб қолдик. Айримлари икки-уч тўплам эълон қилишга улгурди. Аммо… ҳали ҳеч биримиз ўз йўлимизни тополмаяпмиз – ижод қолиб, ҳиссиётларимизни сўлдирадиган, кўнглимизни хиралаштирадиган майда юмушларга ўралашиб юрибмиз. Буни баъзан тан олгимиз келади-ю, лекин қайсидир важлар сабаб ўзимизни оқлашга уринамиз: тирикчилик, яшаш ҳам керак-да, деб қўямиз… Таассуфки, шоир айтганидек, бизни майда ташвишлар енгяпти. Энди айтинг: буюк орзулар, улуғ ниятлар қўлимизга қалам тутқазмаганмиди?!

Эсингизда бўлса (беш-олти йил аввал), ўзига хос оҳанг ва руҳ билан шеърлар ёза оладиган бир нечта тенгдош йигит-қизлар адабий тўгаракларда қизғин мушоира қилишарди. Кўпчилигимиз уларнинг гўзал шеърларига мухлис эдик. Баъзилари устозлар меҳрини қозониб улгурган эди. Лекин… Гоҳида ўзимга савол бераман: ёниқ шеърлари билан катта умид уйғотган ўша ёшлар ҳозир қаерда? Ўша пайтда ўзлари куйлаган Сўз ва Адабиётга содиқлик туйғулари муваққатмиди?..

Саволлар исканжасидан қутулиб, ўзимча жавоб излайман: наздимда, уларнинг кўпчилиги ўз истеъдодларини асрашга ожизлик қилишди. Баъзилари устоз шоирларнинг мақтовидан талтайишди, бора-бора ўзларидан бошқани тан олмай қўйишди. Рауф Парфи айтганидай, уларни мақтов – ширин оғу ширин ўлдирди. Айримлари минбар шоири бўлиш ҳадисини яхши ўзлаштиришди: баландпарвоз шеърлар айтишни урфга айлантирдилар. Кимнингдир бир неча минг нусхада китоби чиққач, қалам ҳақининг суруридан ҳаволаниб юрди, яна кимдир турли танловларда ғолиб бўлиб, диплому ёрлиқлар олгач, уларнинг орқасидан келадиган имтиёзларга учиб, турли мақомларга йўрғалаб кетди.

Катта ва бутун адабиётни катта ва бутун авлод яратади. Буни ўтган асрнинг етмишинчи йиллари авлоди мисолида кўришимиз мумкин. Энди савол: биз бутун авлод бўлишга интиляпмизми? Афсуски, йўқ! Чунки боя айтганимдай, кўпчилигимиз ўзимиздан бошқани тан олишни истамай қўйдик. Сочилиб кетган мағлуб лашкарнинг аскарларидай тарқоқ ҳолда фойдасиз тизмалар тизиш билан бандмиз. Ижтимоий ҳаётга, адабий жараёнга шахдам қадам билан кирмаймиз, ўзимизни шоир санаймиз-у, аммо миллат, халқ, ватан олдида наинки шоир, оддий бир юрт фарзанди сифатида арзирли иш қилганимиз йўқ. Ижтимоий тармоқларда бизни кимдир мақтаб қўйса, шу билан ўзимизни катта шоир ҳисоблаб, тағин ҳаволангиз. Биров айтмайдики, ў, биродар, ҳақиқий ижод ердагиларга керак, пастга тушиб ёз, деб… Биринчи навбатда, ўзимиз шахс сифатида бутун бўлишга интилмоғимиз керак, деб ўйлайман. Шундан сўнг ўзимизни миллат тақдирига дахлдор сезган ҳолда, бир мақсад йўлида бирлашмоғимиз лозим. Бутун авлод бўлмасак, миллатни, адабиётни ёруғ келажак сари қандай етаклаймиз!?

Узр, мавзудан бироз чиқиб кетдим. Бу мулоҳазалар сизни ҳам ўйлантиришига ишонганим учун арзиҳол қилдим шекилли. Тағин ижодингизга қайтсам. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган “Муддао” бадиангизни ўқигандим. Иқтибос келтираман: “Яхши шеър қачон эсда қолади? Менимча, унда ярқ этган воқеа бўлсагина. Ўша воқелик, ўз навбатида, чуқур маъно ташимоғи ҳам лозим. Баланд теракнинг илдизини қурт-қумурсқалар еб битирса-ю, “қарс” этиб ерга қуласа – бизга нима, деймиз. Бироқ ўша терак бир инсон сиймоси бўлса-ю, ўз хатолари туфайли енгилиб, ҳаммамизга ибрат бўлолса – бу бошқа гап. Аслида шеър биргина мисра бўлиб дунёга келади. Қолган сатрлар ўша мисранинг кучайишига, мавзу моҳиятини чуқурроқ очиб беришга хизмат қилиши керак”. Фикрларингизга қўшиламан. Буларни кўп бор давраларда ҳам айтганингизни эшитганман. Бу мулоҳазалар ўз ижодингизга-да тўла мос келади: ёзганларингизни ўқиган киши шеърларингиз ҳақиқатан битта мисра замирига қурилганини сезади (ҳатто “Кураш” шеърингизда инсоннинг жисман ва маънан йиқилишини дарахтнинг қулашига менгзагансиз).

Тўғри, илҳом ёлқинлари билан аланга олган оний ҳиссиёт – англаб бўлмас ажиб бир туйғу (фикр) шоир хаёли (кўнгли)дан нур тезлигида “йилт” этиб ўтади. Шоир ўша кечинмани қоғозга туширмагунича тинчимайди. Дарҳақиқат, шеърда поэтик мақсад-муддао ўша бир фикр атрофида бирлашиб, унинг моҳияти қолган мисралар кўмагида янада тиниқлашади. “Кураш”, “Кимёгар дўстимнинг ўйлари”, “Танга”, “Битта чолни кўрдим саҳрода…” каби шеърларингизда фикрлар банддан бандга кучайиб боради. Кўринадики, уларни бир нафасда, кўнгил кечинмаларини ақл чиғириғидан ўтказиб қоғозга туширгансиз. Ҳеч қандай ясамалик, зўриқиш йўқ.

Битикларингизни синчковлик билан ўқиб амин бўлдимки, шеърларингиздаги лирик қаҳрамон шахсиятингиздан узоқ бўлмаган одам. У ҳам худди сиздай ўйчан ва оғир-босиқ инсон; мулоҳазакор, ҳар бир воқеликдан фалсафий хулоса чиқара оладиган тийрак назарли шахс. Бу сизнинг ютуғингиз. (Умуман, ижодий ютуқларингиз ҳақида устозлар, тенгдошлар томонидан анча илиқ фикрлар, мақтовларни эшитгансиз. Уларни такрорламоқчи эмасман) Аслида, шоирлик ҳам шу-да: ижодида шахсияти, шахсиятида ижоди кўриниб турган қалам аҳлигина асрлар оша халқ қалбида саодатли яшайди. Тарихга боқинг: ҳазрат Румий, ҳазрат Навоий, Пушкин, Қодирий, Толстой, Ойбек, Шавкат Раҳмон…

Ўша бадиангизда шундай фикрлар ҳам бор эди: “Шеър яхлит бир асар сифатида таассурот қолдирмас, унинг ғояси аввало инсон қалбида акс садо бермас экан, бундай тўқималарнинг бир сатри ҳам яшашга лойиқ эмас, деб ўйлайсан киши”. Сиз ҳақсиз. Эркин Воҳидовнинг “Мажнунтол”, “Севги”, “Юрак ва ақл”, Абдулла Ориповнинг “Муножотни тинглаб”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси…”, “Баҳор”, Рауф Парфининг “Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар…”, “Уйғон, эй малагим…”, “Она Туркистон” каби шеърларидаги мисралар шундай қуйма ва табиийки, улардаги бирор сўзни бошқасига ўзгартирсангиз бутун бошли шеърнинг поэтик оҳорига путур етади. Демак, уларда мақсад асосий гапни битта мисрада айтиб олиш эмас, балки кўнгилдан кечган дарду ҳасратларни ҳар бир мисра қатига сингдиришга уриниш бор (тасодифни қарангки, устоз шоирлар ушбу гўзал шеърларни айни бизнинг ёшимизда ёзишган. Қайси биримизда шундай битиклар бор?!).

Сизнинг “Фил фалсафаси”, “Каркидон”, “Юк” каби шеърларингиз кишида охирги банддаги фикрни айтиш учунгина ёзилгандай тасаввур уйғотади. Уларда кўпроқ баёнчилик бўй кўрсатади: фақат воқеани тасвирлаш бирламчи бўлиб қолган. Мазкур шеърларни ўқий бошлаган киши якунда бошқачароқ хулоса кутади (шахсан менда шундай бўлган). Таассуфки, сўнгги банддаги хулосавий фикрга чалғиб, бироз сусткашликка йўл қўйгансиз.

Айрим шеърларингиз баландроқ битикларингиз соясида қолиб кетади: мазмуни бўшроқ. Масалан, “Тақа” шеърингизда теракдан дарвоза ясалгани айтилиб, уни кимдир тепиб ўтгани, яна кимдир таёғи билан туртгани (?), бошқа биров эса тилиб (?) кўргани ҳақида гап боради-да, охири:

 

У энг гўзал дарвоза эди,

Эндигина ясалган дамлар.

Тақа уни чиндан асради,

Асролмади фақат одамлар, –

 

деган сатрлар билан тугайди. Мисралар оддий гаплигича қолган, уларда поэтик оҳор, бадиий-эстетик юқумлилик етишмайди. Тўғри тушунасиз деган умид билан айтаманки, тўпламингиздаги “Жалолиддин Мангуберди монологи” ва “Қўллар” каби шеърларни ҳам жиддий кўриб чиқиб, қайта ишлаш зарур, деб ўйлайман.

Эсингизда бўлса, бир танқидчи акамиз шеърларингизни эшитгач, улардаги воқеабандликни пайқади чоғи, сиз ҳақда “Келажакда насрга ўтиб кетиши мумкин” деган “башорат” қилди. Яна бир устоз шоир сиз ҳақингизда “Бу йигитнинг шеърларини чет тилларга таржима қилиш ўнғай экан. Сабаби таржима жараёнида ҳис-туйғуларни тўла-тўкис ифодалаш қийин, тасвир, сюжетни эса бошқа тилга ўгириш мумкин” деганди. Бу фикрларда жон бор: ҳақиқатан, деярли барча шеърларингиз сюжет асосига қурилади. Сизда ҳолатдан кўра кўпроқ ҳаракатни тасвирлашга уриниш бор. Буни нуқсонга йўймоқчи эмасман, бундай усул адабиётимиз тарихида кўп учрайди. Лекин шеърда фақат воқеабозликка интилиш шеърхонни зериктириши мумкин. Шу ўринда бадиий ижоднинг олтин қоидасини эслатгим келди: нима бўлганини эмас, қандай бўлганини тасвирлаш муҳим-ку!

Воқеани келтириб, охирида фалсафий фикр айтиладиган шеърларда туйғуларга эрк бермасдан, ақлга таянилади. Бундай шеър эса фақат интеллектнинг маҳсули бўлиб қолиши мумкин. В. Белинский “М. Лермонтов шеърлари” мақоласида поэзия ҳақида фикр юритар экан, ижоднинг асоси илҳомдир, ақл ва ҳисоб-китобнинг аралашуви эса ижодга душмандир, дейди. Олим соф кўнгил кечинмаларининг ақл дахл қилмай туриб қоғозга тушишини илҳом деяётган бўлса ажабмас. Дарҳақиқат, чин маънодаги шеър, аввало, руҳият тасвири, ҳис-туйғу манзараси билан тўйинган бўлиши керак. Шоир шеърда ақлнинг эмас, кўнгилнинг равишига бўйсунмоғи лозим, назаримда…

Бобур, сиз ҳақда яна бир муҳим гапни алоҳида таъкидламоқчиман. Одатга кўра, ижодкорнинг даражаси унинг ёзганлари, аниқроғи, қаламга олган мавзусининг бадиий салмоғига қараб белгиланади. Лекин аксар ҳолларда шоирнинг позициясини, Сўзга, Адабиётга, қолаверса, башарият учун муқаддас ва азиз бўлган олий туйғуларга эътиқоди ҳамда ихлосини қайсидир мавзуда ёзмаганлиги (аслида, бунга ўзини маънавий ҳақдор деб билмаслиги) билан ҳам англаш мумкиндай гўё.

Айтмоқчиманки, сизнинг Ватан ҳақида “жўшиб” ёзилган “жимжимадор” шеърингиз йўқ. Нуқул ўксиниб, оғриниб, нималардандир безган кўйи онангизни саволларга тутадиган “нолишнома”ларингизни ҳам кўрмаганман. Хатни олмагани учун ўзини ҳақоратлангандай сезиб, қиздан арзу дод қилгувчи ошиқ дардлари акс этган мисраларингизни-да билмайман. Шу фазилатингиз билан ҳам бошқа тенгдошлардан ажралиб турасиз, десам муболаға бўлмас. Демак, сиз бу мавзуларга мос ўз жозиб сўзингизни ҳали топа олмаганингизни англагансиз. Шунинг учун “киндик қоним тўкилган замин”, “жаннатмакон юрт”, “сени юксакларга кўтараман” деган сийқа мисраларни айтишдан ўзингизни тийяпсиз. Она ҳақида ҳам томоқ йиртиб, ҳар бандда “Она-а” деб ясама соғинч билан шеър ёзишни ҳам эп кўрмаяпсиз (демак, она ҳақда энг гўзал шеърларингиз энди яралади). Севгини қарама-қарши жинс вакилларининг бир-бирига бўлган табиий майли деб тушунмаслигингизни “Танга”, “Овозимни ёзиб олди бир киши…” каби гўзал шеърларингиз исботлаб турибди.

Яхши эслайман: 2012 йили “Ёшлик” журналида устоз Абдулла Орипов сизга оқ йўл тилаб, ишонч билдирган эди. Таскин шуки, сиз шу ишончни оқлаш йўлида илдамлаяпсиз.

Қалбингизни асранг. Ёруғ шеърлар яралишида Яратган мададкор бўлсин!

 

Ҳусан МАҚСУД

 

“Ёшлик”, 2017–1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.