Илёс Муслим

0
5120
марта кўрилган.

Болалар учун асарлар яратишни ўзи учун бир бахт деб билган, сермашаққат ва қутлуғ бу ишга умрини бағишлаган Илёс Муслим 1909 йилнинг 2августида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида чўян қуювчи – ҳунарманд оиласида дунёга келади. У 1924-йилда шаҳардаги Наримонов номли 1-бошланғич ўзбек мактабига киради. Мактабда ўзбекча, қирғизча ва русча китобларни севиб ўқийди. Атрофда бўлаётган ўзгаришларга синчковлик билан қарайди. Дастлабки мақола ва шеърларини мактаб деворий ҳамда республика газеталарида бостириб туради.

1927 йилнинг кузида Илёс Муслим Тошкентга келиб, ўзбек эрлар билим юртига ўқишга киради. 1930 йилда уни муваффақиятли тамомлаб, Қашқадарёга боради. Яккабоғ туманидаги Шаман, Қирғиз ва Шерози қишлоқларида ўқитувчилик қилади.

1931–1932-йилларда Илёс Муслим Ўзбекистон давлат нашриётида, бадиий адабиёт, ёшлар ва болалар адабиёти нашриётларида муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлайди. Шоирнинг биринчи шеърлар тўплами 1932 йилда “Ўсув” номи билан китобхонлар ҳукмига ҳавола этилади. Шу йили “Заҳархандалар” деган иккинчи тўплами, 1934 йилда “Миқти келди” достони босилиб чиқади. 1938 йилда эса “Шеърлар” тўплами майдонга келади.

Илёс Муслим 30 йилларда яратган барча асарларида эрк, озодлик, янги ҳаёт, озод меҳнат, янги давр, ёшларнинг бахтиёр турмуши, юртнинг ўсиши, деҳқон тақдири ва она-Ватанга меҳр каби ўша давр масалалари тўғрисида фикр юритади. Масалан:

Ватан ҳамдам,

Ҳурмиз ҳар дам.

Ёшлик ғунча,

Ўсар ҳар дам.

Меҳнат тошди

Ғайрат жўшиб.

Ҳаёт қайнар

Зафар қучиб.

Илёс Муслим ўзининг “Миқти келди” (1933) поемаси билан 30 йиллар ўзбек болалар достончилигини бошлаб берди. Достонда эркин, тинч ва осуда ҳаётни бунёд этиш учун кураш Миқти ва бошқа образлар мисолида очиб берилади.

Илёс Муслим 1942–1947 йилларда ҳарбий хизматда бўлади. Иккинчи жаҳон урушида немис-фашист босқинчиларига қарши кураш олиб боради. Биринчи Белоруссия фронтида ҳарбий мухбир бўлиб ишлайди. “Ёвни тутдай тўкамиз”, “Адолат жанги”, “Маршрут – Берлин!”, “Тўпчиларга”, “Яшна, Ватан!” ва бошқа ўнлаб шеърлари шу давр ижодининг маҳсулидир.

1947 йилда ҳарбий хизматдан бўшаган Илёс Муслим нашриётга қайтиб, ижодий ишга берилади. Унинг “Турналар”, “Бизнинг мактаб”, “Сенинг совғанг”, “Тилла қўнғиз”, “Ишчан асаларилар”, “Ойлар айтишуви”, “Ойхон ва райҳон”, “Кўрик”, “Биринчи совға” каби китоблари ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг ривожланишига баракали ҳисса бўлиб қўшилади. Бу тўпламлар ёш китобхонларнинг ақлий, ахлоқий, эстетик тарбиясида етакчи ўрин эгаллайди.

Илёс Муслимнинг қайси асарига назар ташламанг, унда давримизнинг болалар адабиёти олдига қўйган вазифалари, кичкинтойлар олдида турган муҳим ишлар тасвир марказига қўйилганини кўриш мумкин. Масалан, “Мактабим” асарида дунёда мактабдан азиз, мўътабар жой йўқ, гўёки “она каби меҳрибон” бир макон, кишининг саводини чиқарадиган, ўзини ўзига танитадиган, онги ва ақлига ақл қўшадиган улкан маскан, деган ғоя илгари сурилади. Шунингдек, асарда боланинг мактабдан беҳад миннатдорлиги, ўзининг олдида турган бир қатор вазифалар, эл-юртга содиқ хизматкор бўлиш учун аввало мактабда яхши ва намунали ўқиш кераклиги содда ва равон мисраларда ифодалаб берилган:

Аъло ўқишдир бурчим,

Сарф этаман бор кучим.

Ишлайман халқим учун,

Қадрдоним мактабим!

Илёс Муслим қуёшли Ўзбекистонимизнинг гўзаллигини, болаламинг бахтиёрлигини куйлар экан, уларнинг порлоқ келажагига назар ташлайди. Шу нуқтайи назардан қараганда шоирнинг “Дўстлик” шеъри диққатга сазовордир.

Шоир дўстлик ва тинчлик тушунчасини кичик ёшдаги бола тасаввурида бериб, уларни мактабгача тарбия ёшиданоқ дўстлик руҳида тарбиялашни асосий вазифалардан деб билади. Бу ғояни тинчлик учун кураш туйғуси билан омихта этиб ифодалайди.

Шоир тинчликнинг моҳиятини тушунтиришда кичик ёшдаги болаларнинг савиясига мос усуллар қидириб топган. Яъни болалар тинчликни ширин-шакар қанд, шоколадлар, конфетларнинг мўлкўллигида деб тасаввур қилади, деган хулоса чиқаради. Тинчликни шу йўсинда тушунтириб, уларнинг фикрини тасдиқлайди:

Жуда мўл бўлар шоколадлар ҳам,

Столга тўлар мармеладлар ҳам,

Кўпаяр яна ширин кулча нон,

Ҳолва-ю конфет, обакидандон.

Боғларда ўйнаб-кулиб юрган ва турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўлган болалар ҳам, жаҳон меҳнаткашлари ҳам элнинг, юртнинг тинч ва обод бўлишини, ота-оналарининг ташвиш тортмаслигини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам шоирнинг кичик қаҳрамонлари оламга жар солиб, тинчлик бўлсин, дейдилар:

Боғларимизда яйраймиз ҳар дам,

Билим оламиз, куйлаймиз бардам.

Дунёда халқлар кун кечирса тинч.

Ота-оналар ташвиш тортмас ҳеч.

Бу мурожаатда болаларнинг урушга қарши нафрати, озодлик билан дўстликнинг қудратига зўр ишонч ўз ифодасини топган.

Илёс Муслим “Сенинг совғанг” номли шеърида ўз ҳунари билан ҳамманинг диққатини тортган чевар қизнинг лирик образини яратади. Шоир бу образида ҳаммани ўзига жалб қилган жажжи қизнинг фазилатини кўрди ва уни гавдалантирди. Чевар қиздаги энг яхши фазилатлардан бири унинг меҳнатга меҳр билан берилишидир. Буни шоир турли истиоралар ёрдамида ифодалайди:

Чақнаб турган қувноқ кўзингни

Қўлингдаги ишдан олмайсан,

Ишни ҳар кун олиб ёнингга,

Зеҳн қўйиб кашта тикасан.

Шоир чевар қиз ўзининг бутун меҳри билан тиккан каштасини онасига совға қилиши боланинг ота-онага бўлган чексиз муҳаббатини, у давр ёшларига хос хислатларга эга эканлигини улуғлайди.

Илёс Муслим жисмоний меҳнатни мактабгача тарбия ёшидан бошлашни афзал кўради. Ўзининг бу эзгу ниятини у “Ойхон билан райҳон” деб номланган жажжигина бир шеърида жуда лўнда қилиб таърифлайди.

Ойхоннинг оддий ва соддалиги, тиришқоқ ва уддабуронлиги, ҳатто катта ёшдаги болаларни ҳам қойил қолдиради. У ҳар хил кўчатлар экади. Гап шундаки, ерга кўчат экиш бошқа, уни парвариш қилиш бошқа. Ойхон кўчатларга меҳр билан қарайди. Тагини чопади, сув қуяди. “Жамбил, сада, ошрайҳон” кўмкўк бўлиб вояга етади. Айниқса, “Ойхоннинг сочи каби қуюқ ўсади райҳонлари”. Райҳондан истеъмол қилиб кўрганлар меҳнаткаш қизчага раҳмат айтиб, миннатдорчилик билдирадилар:

Боболар насиҳатин

Эслаб севинчга ботди.

Ҳалол меҳнат роҳатин

Ойхон ҳам шу кун тотди.

Бугунги ўзбек болалар адабиётининг атоқли вакили Илёс Муслимнинг бундай жозибали шеърлари жуда кўп. Унинг фазогирларга бағишлаб яратган “Ракетамиз учди ойга”, “Тўрт ботир”, “Кичик Андриян”, “Ҳайкал” ва бошқа шеърларида довюрак фазогирлар, фазо кемаларини бунёд этган кишилар, фазога парвоз этишга қизиқаётган болалар қаламга олинади.

Шоирнинг “Эшматвойнинг қилиғи”, “Ёмон одат”, “Бефаҳм Эсон”, “Ҳолча билан олча”, “Машмаша”, “Гриппдан ким қочади?” сингари ҳажвий асарларида ишёқмас, дангаса, лапашанг, ўз устида кўп ишламайдиган болаларнинг камчиликлари, нуқсонлари очиб ташланади.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.