Ҳусни таълил

0
8487
марта кўрилган.

Ҳусни таълил фикрни асослаш санъатидир. Аммо бу асослаш реал, ҳаётий бўлмасдан фақат шоирона асослаш бўлади.

 

Қуёш ойдек юзунгнинг хижлатидин

Қочиб, тўртинчи кўк узра чиқибдур.

 

Лутфий бу ўринда ёр – маъшуқа юзини таърифламоқда. Унинг юзи қуёшдан ҳам, ойдан ҳам гўзал. Биз ой ва қуёшнинг ердан тепада – кўкда туришини биламиз, аммо шоир бунга бошқача изоҳ бермоқда. Унинг назарида қуёш ёр юзининг гўзаллиги туфайли ер юзидан қочиб кетган ва тўртинчи кўк (осмон)дан макон топган.

Лутфий яна бир шеърида ёзади:

 

Нозуклик ичра белича йўқ тори гесуйи,

Ўз ҳаддини билиб белидин ўлтурур қуйи.

 

Шоир ёрнинг сочи узунлигини мадҳ этади, айни пайтда нозиклик борасида бел ва соч баҳсида у (соч) мағлуб. Шунинг учун ҳам сочнинг ўрни белдан пастда бўлиши керак деган шоирона асос айтилмоқда. Ваҳоланки, узун сочнинг табиий равишда белдан пастда бўлиши ҳаммага яхши маълум.

Ибодат чоғида бошни ерга қўйиш одатдаги ҳол. Аммо шоир уни тамомила бошқача изоҳлайди.

 

Қутлуғ оёғинг ерга тегибдур, онинг учун,

Эл ерга қўюб бош, қилур барча ибодат.

 

Кўриниб турганидай, шоир элнинг ерга бош қўйиб ибодат қилишини ёрнинг “қутлуғ оёғи ерга теккани” билан асосламоқда.

Ёки кишиларнинг қандни сувга солиб эритишлари табиий ҳолдир. Лутфий эса уни шундай таърифлайди:

 

Лабингдин чун сучуклик қанд ўғурлар,

Солурлар эл ани сувға яланғоч.

 

Чойга қанд солиш ҳодисаси акс этаётган бу тасвир бадиий асоснинг гўзаллиги билан эътиборга молик. Адиб назарида қанд ширинликни лабдан “ўғирлаб олган”. Ўғри эса жазоланиши керак. Ўғрига бериладиган жазо турларидан бири уни сувга кийимсиз яланғоч ҳолда киритишдир. Бу тасвир, албатта, кишида завқ уйғотади.

 

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.