Ҳақ гапнинг хотиби ва котиби

0
139
марта кўрилган.

ХХ аср ўзбек насридаги энг эътиборли бурилиш нуқталардан бири Тоғай Мурод номи, унинг “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Отамдан қолган далалар” каби бир қанча асарлари билан боғлиқ. Зотан, бадиий адабиётнинг бепоён, нафис сўз майдонида юраги бутун адиблар, чин истеъдод эгаларигина жиддий бурилиш ясайдилар.

Тоғай Мурод ўзбек ўқувчиларининг суюкли адиби. У бундай табаррук рутбага фақатгина яхши ижод маҳсули билан эришиш мумкинлигини бир неча карра исботлади.

Гоҳида адиб номи айтилмай бирор асари эсга олинса, изидан шу асарлардаги асосий образлари ва, албатта, муаллифнинг бетакрор ижоди хаёлга келади. Зиёдулла кал, Момосулув, Деҳқонқул, Ақраб, Тарлон каби атоқли отлар ўзбек адабиёти тарихида Тоғай Мурод номи билан параллел яшаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Агар бу адибга бир жумла тавсиф лозим бўлса, мен Тоғай Муродни ҳақ сўзнинг хотиби ва котиби, деган бўлар эдим. Тўғри сўзлиги боис барча билан бирдек тил топишиб, киришиб кета олмаган, айнан, кўплаб чин истеъдодларга хос ўзининг индивидуал табиати билан бошқалардан ажралиб турадиган тақдир эгаси эди Тоғай Мурод. Мен уни китоблари ичидаги ўзининг қаҳрамонлари орасида – гавжум бир муҳитда, аммо ҳаётда ҳамон от устида ёлғиз йўл юриб кетаётган одамдек тасаввур қиламан. Асарларидаги қаҳрамонлари билан астойдил танишган одам унинг ўзини ҳам яқиндан билиб олади. Болаларча самимияту шиддат, ичикишу мардонаварлик, тўғрилигу аразлар Тоғай Мурод табиатига жуда-жуда ярашади. Шу жумладан, Зиёдулла калга ҳам.

Кўчирма: “Аламимдан аразлагим келди!

Барчага, инчунун, баковулга эшиттириб айтдим:

– Биз кетдик! Бизга қачон ҳақ берилиб эди-да, энди берилади! – дедим ўзимча, кўпкарига қўл силтаб жўнадим. Тарлонни тарс-тарс қамчиладим. – Кетдик, Тарлон, кетдик, одамлар биз сағирларга қайишмайди! – дедим.

Тўдадан олислаб бордим. Тарлонни тағин тарс-тарс қамчиладим.

– Кетдик, Тарлон, кетдик, бизнинг калламиз кал! Биз калларга ҳақ йўқ! – дедим. Кетимга қайрилиб қарадим. Узанги йўлдошларим йўлдан қайирар, дея умидландим. Тарлонни имиллатдим. Тағин ўгирилиб қарадим. Изимдан биров-да келмади!”

Яна “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасида Бўри полвон давра айланади ва хитоб қилади: “Халойиқ! Даврада ҳалол олишиб, элга томоша кўрсатайлик. Ҳақ-ноҳақни мен – ўзим ажрим қиламан. Айтганим – айтган, деганим – деган. Даврадаги Бўри полвон сўзим: тарафкашлик, ғирромлик, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўймайман”.

Бу тўғрилик кундасига бошини қўйиб, мана, керак бўлса ол, дейдиган, бироқ ортга бир қадам тисарилиб “оҳ” демайдиган ориятли йигитларнинг шу кунгача жаранглаб турган энг нодир юрак сўзидир. Бу – Тоғай Муроднинг хитоби, бу Тоғай Муроднинг ҳақгўйлиги, ҳақиқатпарастлиги садоси. Булар – адибнинг яшаётган китобларидаги ҳикмат ва ибратлар…

Аслида ҳар қандай ёзувчи юзини иймон ва виждонининг улкан ҳақиқатлари ойнасига солиб, ўзига ўзи ҳисоботлар бериши лозим. Покиза адабиёт ва умрбоқий асарлар шундай очиқ-ойдин тафтишларни талаб қилади.

Ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш учун таржима, тарғиб ва ташвиқ муҳим. Мени ҳайратлантирган янги далил шуки, ўзбек тилини биладиган хориждаги айрим мутахассислар, гарчанд олмон тилига ҳалигача таржима қилинмаган бўлса ҳам, катта авлодга мансуб ўзбек адиблари қаторида Тоғай Муродга ҳам жой беришибди. Қўлимдаги Рудолф Радлер таҳрири остида Германиянинг Мюнхен шаҳрида босилган “Киндлернинг янги адабиёт луғати” (“Kindlers Neues Literatur Lexikon”, München 1998) деган энциклопедик луғатнинг 22 жилдида Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” ( Der Abend, als das Pferd wicherte) асари турибди.

Энциклопедик характердаги бу луғат Европада жуда машҳур. Бунга ҳар кимнинг ҳам исм-шарифи ёзилиб, асарлари шарҳланавермайди. Луғатда Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасига яхши таъриф-тавсифлар берилибди.

Мақола муаллифи Зигрид Клайнмихел ўз фикри исботи учун қиссадан тўртта кўчирма олибди. Энциклопедик луғатлар учун бу жуда катта гап, албатта. У бир ўринда Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асаридаги Қоранорни Тарлонга қиёсан тилга олади. Бошқа бир ўринда кўпкарига эскилик сарқити сифатида қараган қаҳрамон фикрлари келтирилади; кейин Абдулла Қодирий ва унинг “Улоқда” ҳикоялари эсга олинади.

Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссаси мазмунини олмонзабон ўқувчиларга таништириш учун ёзилган изоҳларида хорижлик олиманинг назари – холис, нияти – эзгу. Солиштириш асло тасодифий эмас, менимча.

Муҳтарам журналхон, яхшиси, мен ортиқча сўзлар билан вақтингизни олиб ўтирмасдан, ўша мақолани ўқишни тавсия қилганим маъқул…

 

Баҳодир КАРИМОВ,

филология фанлари доктори.

 

1966 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

“ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси”, “ХХ аср ўзбек ҳикояси антологияси”, “Ўзбек адабий танқиди антологияси” китобларининг ғоя муаллифи ва тузувчиларидан бири. “Қодирий қадри”, “Янгиланиш соғинчи”, “Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин” каби китоблар муаллифи.

 

“Ёшлик”, 2018/2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.