Ҳамза Имонбердиев

0
1654
марта кўрилган.

 (1954–1997)

 

Шалпангқулоқ, ҳой, филча,

Жавоб бергил сўроққа.

Сув тўла хартуминг-ла

Кетаяпсан қаёққа?

Э, дўстим, бу сайёҳлар

Роса тегдилар жонга.

Эрмакка гулхан ёқиб,

Хавф солишар ўрмонга.

Шунга бўлиб кўз-қулоқ,

Юрибман кун кечириб.

Улар ёқиб кетишган

Гулханларни ўчириб…

Бу ажойиб мисралар, маъно ва мазмунга бой, бадиий жиҳатдан юксак даражадаги шеър истеъдодли болалар шоири Ҳамза Имонбердиев қаламига мансуб. У 1954 йилда Қозоғистон Республикаси Шимкент вилоятининг Сузоқ қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди. Ҳозирги Низомий номли Тошкент давлат педагогика университетининг филология факултетида Абусаид Кўчимов, Абдуғаффор Ҳотамов каби ёзувчилар, Шуҳрат Жабборов, Ҳамид Ҳабибуллаев каби таниқли журналистлар билан бирин-кетин ўқиди. Талабалик йилларида юқоридаги ижодкор дўстлари билан Ўткир Рашид раҳбарлик қилган факултетнинг “Чашма” тўгарагида, университетнинг “Маърифат йўлида” газетасида шеърий машқларини тоблади.

Университетни имтиёзли диплом билан тамомлаган бўлажак болалар шоири Ҳ. Имонбердиев ўз меҳнат фаолиятини “Тонг юлдузи” газетасида бошлади. Умрининг сўнгги ўн йилини эса “Чўлпон” нашриётида, кичкинтойлар учун катта адабиёт чоп этадиган масканда муҳаррирлик билан ўтказди.

Талабалик йилларидаёқ ижодда китобхон кўзига ташланиб қолган болалар шоири Ҳамза Имонбердиев “Қувноқлар қувончи”, “Шоколадхўрлар”, “Кулги шаҳарчаси”, “Ғаройиб пуфак”, “Ойдаги томоша”, “Қутичада миттича”, “Лофчилар – алдоқчилар”, “Ғаройиб Кент ҳангамалари”, “Бир кунлик мўъжиза” каби китоблар муаллифи сифатида болалар дилидан мустаҳкам жой олди.

Шоир асарлари ранг-баранг, мавзу доираси кенг. У ҳар бир катта-кичик асарида кенжа китобхон дўстларини нимагадир ўргатади, ўрганишга, ибрат олишга, турмушда хулоса чиқариб яшашга чорлайди.

Халқда: “Бировга чуқур қазисанг, унга ўзинг қулайсан”, деган нақл бор. Бу борада “Калила ва Димна”да жуда ибратомуз бир ҳикоя бор. У ҳар қандай одамга таъсир қилади:

Бир куни Қорақулоқ ўрмон четига чиқиб ўтирган эди, бир сичқоннинг жаҳд-у жадал билан дарахт томирини кемираётганини кўриб қолади.

Дарахт тилга кириб унга деди:

Эй, дилозор ва ситамкор! Нима учун жоним ришталарини қирқяпсан?

Сичқон унинг нола-ю зорига эътибор бермай, ўз ишини давом эттираверди. Ногаҳ бир бурчакдан илон чиқиб, сичқонга ҳамла қилди ва бир зумда ютиб юборди. Қорақулоқ бу воқеадан “Дилозорнинг жазоси озор экан”, деган хулоса чиқариб олди.

Шу вақт бир тарафдан типратикан келиб, илоннинг думидан тишлади-ю, бошини ичига тортиб ғужанак бўлиб олди. Илон жаҳл билан унга ўзини ура бошлаган эди, аъзойи баданини тиканлар пора-пора қилиб юборди. Илон ўша заҳоти ўлди. Қорақулоқ бундан ибрат дарси олди. Илон ўлгач, типратикан бошини чиқариб, унинг яхшияхши жойидан танлаб еди. Қорни тўйгач, дарахт соясида коптокдек бўлиб юмалаб, ҳузур қилиб ётган эди, ногаҳ бир оч тулки келиб қолди. Типратиканнинг найзаларидан қўрқиб, уни ҳийла билан ўлдирмоқчи бўлди. У типратиканни ағанатиб қорнига ёзилди. Типратикан ёмғир ёғяпти шекилли деб ўйлаб, бошини чиқарган ҳам эдики, тулки бир ҳамла билан уни чўрт узди, бўшашиб қорни очилиб қолган типратиканни иштаҳа билан еб олди. Шу вақт бўрига ўхшаган ваҳший бир ит келиб, тулкини турган ерида бўғиб, унинг гўшти билан очлигини қондирди.

Қорақулоқ бу ажойиботларни кўриб, ҳайрон қолиб ётар эди.

Ит энди дам олишга ҳозирлик кўраётганда бир қоплон келиб, унинг сийнасидан олди. Қоплон ҳали итни тугатмаган ҳам эди, овчи келиб, бир ўқ билан уни тинчитди. Қоплоннинг жони ҳали узилмаган эди, у ердан бир отлиқ ўтиб қолди. Унга қоплоннинг териси ёқиб, овчи билан уриша бошлади. Қилич солиб, овчининг бошини танидан жудо қилди ва қоплоннинг терисини олиб йўлга тушди. У юз қадам ҳам юрмаган эдики, оти қоқилиб, ерга йиқилди. Гардани синиб, шу онда ҳалок бўлди”.

Болалар шоири Ҳамза Имонбердиев “Ўқ” шеърида худди шунга яқин бир воқеани ёш китобхонга ҳавола қилди. Камондан бемаврид отилган ўқ ҳаётда босар-тусарини билмайди, у ўта даҳшатли, қасд қилиш иштиёқида ҳаммага дағдаға қилади. Ўқ ҳеч кимни назар-писанд қилмайди, чор томонни нобуд қиламан, отаман, бағрини тиламан, ўлдираман, деб олдинга интилаверади:

Келиб қолди рўбарў

Она Жайрон йўлида.

Қуёш кўкда қотди тош,

Қора ажал қўлида.

Гуллар маъюс эгди бош

Ўзлигин унутганча.

Қочар Жайрон қуюндай

Туёғидан чақнар ўт.

Жон ўқ, тегма, уйимда

Кутар болам, кўзи тўрт!

Ўқ воз кечиб нишондан,

Ўтиб кетди бир ёндан.

Ҳамон учиб борар у

Нафасини ютганча.

Келиб қолди рўбарў

Кекса Чинор йўлида.

Ҳой, кўзингга қара-да, –

Титраб додлади Чинор, –

Бағримдаги инларда

Ахир палапонлар бор!

Ўқ воз кечиб нишондан,

Ўтар-кетар бир ёндан…

Одатда, ким ҳаддидан ошса, ён-атрофдагилар билан ҳисобкитоб қилиб яшамаса, ўзига ортиқча бино қўйса, албатта, ҳаётда қоқилади. Чор томонга даҳшат солиб, ҳамманинг жонини олмоқчи бўлган ўқ ўзига нисбатан зўрроқ мерган отган ўққа дуч келиб вайрон бўлиши китобхон болаларни қувонтиради.

Шоир шеърларини ранг-баранг дедик. У ҳақиқатан ҳам шундай. “Тарбиячи” асари бунинг ёрқин исботи бўла олади. Инсон инсофли, адолатли, ор-номусли бўлса, ҳар бир босадиган қадамини ўйлаб, билиб ташлайдиган бўлса, ҳаётда қоқилмайди, бахтиёр бўлади. Бундай одамларни виждонли, ор-номусли кишилар деб аташади. Инсондаги бундай ижобий фазилатларни биров унга ҳадя қилмайди, ўзини ўзи кузатади, ноўрин хатти-ҳаракати учун ўзи жавоб беради. Унинг тарбиячиси – виждони. Шу виждон кузатуви уни ҳар доим тўғри йўлга бошлайди ва тўғри йўлга солиб туради:

Тунов куни футболга

Кетаётсам тез шошиб,

Кўзи ожиз чол йўлда

Турган экан адашиб.

 

Иккиланиб турдим мен,

Бироз хаёл сурдим мен.

Футбол завқи бир дунё,

Йўлни тўпга бурдим мен.

 

Тўпга тегмасдан оёқ,

Солган каби тизгинга,

Тарбиячим ўша чоқ

Қайтарди-ку изимга.

 

Қарши чиқмоқ фойдасиз,

Қайга борай даъвога?

Қўлларидан олиб тез,

Йўл кўрсатдим бобомга.

Инсон ҳаётда соғлом, тетик, қўрқмас, жасоратли бўлиб камол топиши зарур. Мабодо у соясидан ҳам чўчиб, ҳадиксираб, қўрқиб яшайдиган бўлса, бундай бола келажакда омадсиз, толесиз бўлиб қолади.

Ҳамза Имонбердиев “Ёлғизликда” шеърида худди шу масала устида тўхталади. Ботир ўзи табиатан қўрқоқ бола. Қўрққанга қўша кўринар деганларидек, айниқса, кечқурунлари ҳар қандай шарпадан чўчиб, қўрқиб юради. У кечқурун кўчага чиқдими, тамом, гўё қўшиқ айтгандек бақириб-чақириб, тўполон қилиб юради. Натижада у ҳамманинг тинчини, оромини бузади: мушуклар миёвлайди, итлар вовуллайди, одамлар “ҳангманг” бўлади. Воқеа ойдинлашгач, кўрсаларки, бу Ботирнинг қуёнюраклиги бўлиб чиқади:

Билсак, Ботир бу палла

Қўшиқ айтиб баралла,

Мадад бериб ўзига,

Бот-бот қараб изига

Қўрқинчдан қочиб борар.

Болалар адабиётида ўй ўйлаш, хаёл суриш, хаёлий орзулар билан яшаш ижобий натижа бериши тўғрисида кўп гапирилади. Бунга мисол қилиб Ғафур Ғулом, Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Миразиз Аъзам асарларидан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Болалардаги бундай ширин туйғуларни Ҳамза Имонбердиев ҳам тўғри пайқай олган. “Лофчилар – алдоқчилар” асарида у кичкинтойлардаги мана шундай орзу-ҳавасни ўзига хос усул билан очиб беришга эришган.

Али хаёлан қушча шаклини яратди. Уни томоша қилишга Валини чақирди. Вали кўрсаки, қушча йўқ. Лекин Алининг бўш келмаслиги китобхонда яхши таассурот қолдиради.

Ҳа, болалар қуш расмини чизишади, хаёлан қушчаларга дон беришади. Буларнинг ҳаммаси умумлашиб, келажак пойдеворини бунёд этади. Бу болаларнинг келажакда мустақил мамлакатимиз кенжа авлодини билимдон, зукко, раҳм-шафқатли бўлиб камол топишига баракали таъсир қилади.

Ҳайвонот оламига меҳр қўйиш, уни эҳтиёт қилиш, асраш, авайлаш, дўст тутуниш болаликдан, оиладан бошланади ва бир умр инсонга ҳамроҳ бўлиб қолади. Ҳамза Имонбердиев бу ҳақда “Оламошим” деган бир шеър ёзган. Бундай олиб қараганда бу асар жуда оддий, содда, болаларни ўйлантирмайдиган, уларни ҳеч нарсага ўргатмайдиган, хулоса чиқармайдиган шеърлардан бирига ўхшаб кетади. Лекин бир ўйлаб кўрилса, таҳлил қилинса, маъно ва мазмуни, тарбиявий аҳамияти жуда катта ва энг таъсирли шеърлардан бири эканлиги ярқ этиб кўзга ташланиб қолади.

Токчадаги қаймоқдан

Кўтармай сира бошин,

Ичаяпти қарасам,

Уялмай Оламошим.

 

Аввалига “пишт” деб бир

Қувмоқ бўлдим-у, бироқ

Раҳмим келиб негадир

Тикилиб қолдим узоқ.

 

Қулоқларин чимириб,

Ичар эди бир майин.

Бепарволигим сабаб

Қорни очгани тайин.

 

Оёқ учида аста

Чиқиб кетдим ҳовлига

Бир гал қаймоқ емасам

Емабман-да, майлига.

Эътибор берган бўлсангиз, “Бир гал қаймоқ емасам емабман-да, майлига”нинг ўзи ижобий ҳолат, бағрикенглик, бир майизни қирқ бўлиб ейишга болаликдан ўрганишнинг бошланиши. Бундай болалар келажакда ҳақиқий инсон бўлиб камол топишларига шак-шубҳа йўқ.

Ҳамза Имонбердиев ўзи билимдон, ўта маданиятли, тўғрисўз, ҳалол, пок, озод ва обод Ўзбекистонимизни жуда қаттиқ суядиган ажойиб инсон бўлганлиги учун ижодининг мундарижаси ҳам шундай. Адолат масаласида у кўп жон куйдирар ва бу ҳақда кўплаб асарлар яратган эди.

Ҳадисларда тўғрисўз, ҳалол, пок бўлинг, дейилади. Кимки бунга қаттиқ амал қиладиган бўлса, эл-юрт ўртасида хижолат бўлмайди, обрў-эътибори ошади. “Адолат калити” эртагида Ҳамза Имонбердиев худди шу ҳақда гап юритади. Асар бошланишидаёқ ёш китобхонларни ўзига тортади:

Ҳайрон қуёш, лолдир ой,

Неча кун-у неча ой

Икки элат урушар,

Бир-бирларин қиришар.

Ўртага кимки тушса,

Биз ҳақмиз, деб туришар.

Ҳамма гап, ҳамма бало ана шу “биз ҳақмиз”да. Бунинг асл боиси, сабабини ҳеч ким тушунмаслигида. Қонли уруш давом этаверади. Бундан подшоҳ ҳам ҳайрон:

Подшоҳнинг боши қотган,

Ҳаловатин йўқотган.

Ожизлигин ҳис этиб.

Оғир хаёлга ботган.

Чорасиз қолган подшоҳ бу ишни – қонли урушни тўхтатиш чора-тадбирини қидиради. Бу жумбоқни ечадиган, урушга чек қўядиган адолатли, халқ манфаатини ўз манфаатидан юқори қўядиган бир Одилбек отли қозини топтиради.

Одилбек ҳалол, пок, адолатли. У оғир-босиқлик билан воқеани сўраб-суриштиради, сўроқ қилади. Даъвогар-у айбдорларнинг кўрсатмалари ёш китобхонда ҳақиқат учун курашчи бўлиш орзусини ниш урдиради. Даъвогарнинг:

Йигитимиз зўр эди,

Тўғри, ёш-да, ғўр эди.

У элатнинг бир қизин –

Латофатда юлдузин

Севаркан, дил очибди,

Шу кун олиб қочибди.

У қизнинг оғалари,

Қасоскор тоғалари

Қувиб етиб олибди,

Етиб қилич солибди.

Бечора бовиримизнинг

Тани ерда қолибди.

Ёвлар тўласин хунин,

Йўқса кўради кунин!

Чиққунича тандан жон,

Олишамиз, бегумон!

Қозикалон, биз ҳақмиз,

Ҳукмингизга илҳақмиз.

Тўғри ҳал этинг, илло, –

Дея бир халта тилло

Узатиб чиқиб кетмиш, –

дейиши ва пора бериши Одилбекни сергаклантиради. У ишига янада жиддий киришади. Айбдорларнинг ғирромликлари ҳам ётиғи билан китобхон онгига етиб боради:

Юзимиз ёруғ этинг,

Тўғри ҳал қилиб кетинг.

Ҳақ қарор топсин, илло, –

Дея бир халта тилло

Узатишиб, кўз қисиб,

Чиқиб кетмишлар пусиб.

Ҳамма гап мана шунда. Ўша пора сифатида берилган иккита халта – бойликда. Мабодо Одилбек одил бўлмаганида халтачаларни олиб уйига равона бўлар эди. Аммо у нафсини тияди, халқни ўйлайди, урушни тўхтатиш йўлларини қидиради. Унинг даъвогарнинг ҳузурига чорлаб воқеани мана бундай ҳал қилиши ўқувчиларда катта таассурот қолдиради:

Ҳақ сўз нишонга тегди,

Рақиб тўлиқ бош эгди.

Айбларин тан олишиб,

Мулзам бўлиб қолишиб,

Бир эмас, қайта-қайта

Тавбасин айта-айта,

Дейишиб йигит хуни

Ташлаб кетишди буни, –

Деб қўш халта тиллони

Даъвогарга узатди.

Ялт кўзи ёнганини,

Ғурури қонганини

Диққат билан кузатди.

Тугаб денг олақараш,

Бўлибди “яраш-яраш”.

Ҳамза Имонбердиевнинг ўнлаб қўшиқлари, кўплаб достон-эртаклари болалар тилида куйланмоқда, ўқилмоқда.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.