Ҳаким Назир

0
1439
марта кўрилган.

 (1915 – 2008)

Ҳаким Назир ўзбек болалар насрининг отахон ижодкорларидан, кичкинтойларнинг севимли адибларидан биридир. У болалар учун ўндан зиёд қисса, роман, песа, сон-саноқсиз ҳикоялар яратди. “Сўнмас чақмоқлар”, “Ёнар дарё”, “Кенжатой” қиссалари, “Лочин қанотлари” романи, ўнлаб ҳикоялари кўпгина хорижий тилларга таржима қилиниб, чет элларда ҳам ўз ўқувчисини топди.

Заҳматкаш адиб 1915 йилда Тошкент шаҳрида маҳсидўзкосиб оиласида дунёга келди. Онаси Малика отиннинг мактабида бошланғич маълумот олгандан кейин, поябзал фабрикасига кирди, шу билан бирга кечки ишчилар дорилфунуни (индустриал техникум)да ўқишни давом эттирди.

Ҳаким Назир болалигидан китобхонликка жуда берилган, газета ва журналларда босилган асарларни чанқоқлик билан ўқиб чиқарди. Ундаги ўқиш-ёзишга бўлган қизиқиш уни ҳозирги “Тонг юлдузи” газетаси таҳририятида ишлашга олиб келди. 1934–1935 йиллардан дастлабки ҳикоя, очерклари газетада, “Ёш куч” журналида босилиб чиқди. Булар ҳаваскорлик машқлари эди. Адиб жиддийроқ асар ёзиш учун ҳаёт таассуротларидан ташқари чуқур назарий маълумот ҳам зарур эканлигини англади. Кундузи таҳририятларда ишлаб, кечки Тошкент давлат педагогика институтида ўқиди ва тил-адабиёт факултетини муваффақиятли битирди. Бироз вақт ўқитувчилик қилди. Адабий ишга астойдил берилди. 1942 йилдан бошлаб ўн бир йил давомида Ўзбекистон радио қўмитасида бўлим бошлиғи, бош муҳаррир бўлиб ишлади. Сўнг Бадиий адабиёт нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида котиб, адабий маслаҳатчи вазифаларини бажарди. Мазкур вазифаларни ёзувчи ижодий иш билан қўшиб олиб борди.

Қунт, чидам билан ўз устида ишлаши, тинимсиз ижодий изланиши туфайли Ҳаким Назир болалар ёзувчиси сифатида китобхонларга танилди. 1940 йилда “Кенжа” (янги номи “Қуёш қачон тутилади?”), 1946 йилда “Салим ота” номли ҳикоялари республика танловларида совриндор бўлди. 1951-йилда эса рус тилида чиққан “Мальчики из кишлака” ҳикоялар тўплами Москвада бўлиб ўтган танловда мукофот олди.

Севимли ёзувчимизнинг ижод йўлига синчиклаб назар ташласак, унинг дастлабки ижодий изланишлари ҳикоячиликдан бошланганини кўрамиз. Унинг биринчи китоби “Қишлоқдаги жиянларим” ҳам ҳикоялардан жамлангандир. Ҳикоя жанри ёзувчи билан ёш китобхонлар оламини бирлаштиришда бамисоли бир кўприк бўлди. Бу кўприк орқали Ҳаким Назир болаларнинг бой, гўзал, қувноқ, ажойиботларга тўла дунёсига кириб борди. Бирбиридан таъсирли, бир-биридан ўқимишли, болаларча жонли ҳикоялари дунё юзини кўрди. Буларда кичкинтойларнинг қувончларга тўла турмуши, ҳис-туйғулари, ўқиши, хулқ-одоби, катталарга ҳурмати, меҳнатга муносабати, миллий қадриятлар ўз бадиий ифодасини топди. Ҳикояларида ёзувчининг кичкинтойлар ёши, савияси ва руҳиятини кўрсатишга алоҳида эътибор бергани кўриниб туради. “Қишлоқдаги жиянларим” (1948), “Беш баҳо” (1955) “Чўл ҳавоси” (1958), “Яхши исм” (1962), “Мени танийсизми?” (1963), “Болажонларим” (1964) номли ҳикоялар тўпламлари бирин-кетин эълон қилиниб, болалар ва ўсмирларнинг маънавий мулкига айланди.

Ҳаким Назирнинг кўпгина ҳикоялари боғча ёшидаги ёки эндигина биринчи синфга қадам қўйган болалар ҳаётини акс эттиришга бағишланган. Буни адибнинг “Бир оғиз сўз”, “Расмли китобча”, “Давроннинг қушчаси”, “Қайсаргина укам”, “Яхши исм”, “Икки ўртоқ”, “Булбул”, “Қанддон”, “Игна”, “Бир туп ғўза” каби ҳикоялари мисолида айтиш мумкин. Бу ҳикояларда болалар ўртасидаги ўзаро дўстлик, ахлоқ-одоб, аъло ўқиш, жамоат ишларида фаоллик кўрсатиш, катталарнинг юмушларига кўмаклашиш, қушлар ва жониворларга ғамхўр бўлиш, орзу-умидлар қанотида яшаш ва бошқа масалалар акс этганини кўрамиз.

Болаларда орзу-умид, яхшилик сари интилиш катталарга нисбатан кучлироқ бўлади. “Яхши исм” ҳикоячасида адиб худди шу тўғрида сўз юритади.

Шоира эндигина биринчи синфга қадам қўйган. У ҳали мактаб қонун-қоидасини яхши билмайди. Шунинг учун қизча мактаб ўқитувчиси Зуҳра юлдузига ракета учирилганлиги тўғрисидаги ахборотни газетадан ўқиб берганида бутун синфни бошига кўтариб:

– Топдим! Топдим! Топдим! – дея овозининг борича бақириб юборади.

Аён бўлишича, кеча Шоиранинг онаси унга сингилча туғиб берган бўлиб, чақалоққа нима деб исм қўйиш муаммо бўлиб турган экан. Шоирада ҳавас яхши, ният кучли. Унга ракета ва, айниқса, Зуҳра юлдузи ёқиб қолади. Шу онда сингилчасига Зуҳра деб исм бериш фикри туғилади. Бу ҳақда у бутун синфга сўзлаб беради.

“Яхши исм”нинг аҳамияти шундаки, ўқувчининг Шоирага, танлаган исмга, қудратли техникага, ширинсухан муаллимага ва отага бир умр ҳаваси келади.

Болаларга ҳар тарафлама тўғри таълим-тарбия бериш, тушунтириш, ўргатиш, уларда ўқиш ва меҳнатга кўникмалар ҳосил қилиш катталарга боғлиқ. Кичкинтойларнинг отахон адиби “Булбул” ҳикоясида бу масалага катта эътибор беради. Она табиатга, қушларга меҳрибончилик қилиш ғояси бу асарнинг асосини ташкил этади.

Қобилжон қушларни эҳтиёт қилиш, эъзозлаш керак эканлигини, уларни уриш, озор бериш ёмонлигини тушуниб етмайди. Шу сабабли қўшни ҳовлига келиб сайраган булбулни кесак отиб урмоқчи бўлади.

Олим ака ишдан қайтганда Қобилжон қўшниларникига булбул келганидан хабар беради:

– Дада, дада! – деди у кўзини катта-катта очиб, – нега бизнинг боғга булбул келмайди-я?

– Қўрқади, – деди дадаси.

– Нимадан қўрқади? – деди у ажабланиб.

– Сендан! – деди дадаси.

– И-я, нега энди мендан қўрқади?

– Ахир кесак отсанг, у майиб бўлади-да! Бу ишинг ярамайди, деб айтиб эдим-ку.

Қобилжон индамай, ўйланиб қолди: энди нима бўлади? Ростдан ҳам булбул унинг боғига ҳеч келмасмикан-а?

– Кесак отмасам келадими, дада? – деди охири Қобилжон.

– Албатта, келади, – деб ишонтирди дадаси.

– Бўпти! – деди Қобилжон ва шу пайтдан бошлаб қушларга кесак отмайдиган бўлди.

Адибнинг мактаб ёшидаги кичик болаларга ёзган жуда кўп ҳикоялари китобхонни она юртни севишга, меҳнаткаш бўлишга, меҳнат аҳлини, ота-онани эъзозлашга, касб-ҳунар эгаси бўлишга чорлайди. “Бир туп ғўза” ҳикоясида ёш қаҳрамонларнинг халқ бойлигига бўлган муносабатлари ғоят ҳаётий деталлар, жонли, қизиқарли воқеалар асосида ифода этилади.

Муаллиф ҳикояда қаҳрамонлар хусусиятига алоҳида эътибор беради. Абдусамад чўрткесар бола. Гоҳо баъзи гапларни шартта айтиб юборади (сигирни қидириб юрганда Қорабой акага қилган муомаласини эсга олинг). Карим софдил, тўғри бола. Шу билан бирга, серҳаракатлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Бу ҳолни биз Каримнинг хатти-ҳаракатлари, қилиқ, одатлари, сўзлари, ўртоқлари билан муносабатларида кўрамиз.

Муаллиф “Қишлоқдаги жиянларим” тўпламидаги “Валижоннинг дадаси” ҳикоясида болаларнинг жангчиларга ҳурмат ва муҳаббатини тасвирлайди. Буни иккинчи жаҳон урушидан қаҳрамон бўлиб қайтган Валижоннинг дадасини бутун қишлоқ аҳли зўр ҳурмат ва катта тантана билан кутиб олганини кўрсатиш орқали очади.

“Бошоқ” ҳикояси болаларнинг ўқишдан бўш вақтларида отаоналарга ёрдам беришларини Азимжон, Мамат, Салимжон, Тоштилла образларида гавдалантиради.

“Жиянимнинг тойчаси” ҳикояси китобхонни қишлоқ болаларининг характерлари ва ҳаёти билан таништиради. Маҳмуджон билан Омоннинг отаси пахтадан мўл ҳосил олиш учун ким ўзишга киришади. Болалар ўз оталарининг ғолиб чиқиши учун куйибпишиб ҳаракат қиладилар. Маҳмуджон жонидан азиз тойчасини аравага қўшиб, пахта ташишга киришади. Бу билан ёзувчи қишлоқ болаларининг ўзига хос хусусиятини яратади. Кичик бир парча орқали катта бир воқеани – болаларнинг улуғ ишларга қўл урганлигини ҳаққоний кўрсатади.

Ҳаким Назирнинг аксарият асарлари, юқорида кўрганимиздек, умуминсоний ва миллий қадриятларга бағишланган. Унинг жами китоблари 50 дан ортиқ. Шулардан 7 таси болалар ва ўсмирлар учун ёзилган қиссалар. Муаллифнинг биринчи қиссаси – “Кўкорол чироқлари”да урушдан кейин қишлоқ ҳаётида юз берган қийинчиликларни енгишда ота-оналарига кўмаклашган болалар ҳақида, уларнинг меҳнатда чиниқиши, дўстликнинг синалиши акс эттирилади. Бу қиссани муаллиф китобхонлар талаби асосида қайта ишлаб, “Сўнмас чақмоқлар” номи билан нашр эттирди.

Ҳаким Назирнинг “Ёнар дарё” қиссаси ўзбек болалар адабиётининг кейинги йиллардаги катта ютуғидир. “Газқайнар” манзарасини ёрқин бўёқларда гавдалантирган бу асарда ўша даврда Қизилқум саҳроси кишиларининг жасорати, жўшқин ҳаёти, қаҳрамонлиги ҳамда бир-бирига чин меҳрибонлиги тасвирланади, шунингдек, оиладаги бола тарбияси, бунда ота-онанинг тутган ўрни кўрсатилади. Асарда воқеа ўн икки ёшли ўқувчи Дамир тилидан ҳикоя қилинади. Бундан икки йил аввал отаси вафот этиб, синглиси Попук иккови онасининг қарамоғида қолишган. Кўп вақтлари ишда ўтадиган она болалар тарбиясига кам эътибор берган. Дамир эса кекса бувисининг ўта меҳрибонлиги, юмшоқлиги туфайли ўйинқароқ, ўқишга камҳафсала, ўжар бўлиб қолган. Натижада, у онасига бўйин эгмасликка ҳаракат қилади.

Дамирларнинг узоқ қариндошлари Султон амаки уларнинг уйларига тез-тез келиб туради, шунинг учун болалар унга ўрганиб қолишган. Кейинчалик ота сифатида шу оилага кирган Султон амаки Дамир характерининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Дамир характерида из қолдирган иккинчи муҳим воқеа унинг Қизилқумга сафари бўлади. Бу унинг кўз ўнгида янги олам очади, уни меҳнат қучоғида чиниқтиради.

Газчиларнинг “Ғилдираб юрадиган посёлкаси,” “Чўпон бобонинг бошчилигида” очилган “Мўъжиза қудуқ”, беморлигига қарамай Султон амаки кўрсатган фидокорлик, умуман, газчиларнинг афсонавий қаҳрамонлиги Дамир руҳида кескин бурилиш ясайди.

Ёзувчининг “Кенжатой” қиссасида ҳунар мактаби ҳаёти қизиқарли ва жозибадор акс эттирилган бўлиб, ўсмирларда ишчи касбидан фахрланиш туйғусини тарбиялашга хизмат этади.

“Тоҳир-Зуҳра қиссаси”ни олсак унда бош муаммо ҳаётга қадам қўяётган балоғат палласидаги ўспирин билан қизалоқнинг ёш қалбларида туғилган илк севги кечинмаларига қаратилган, ёниқ изтироблари тасвирига кенг ўрин берилган.

“Дадамни топиб беринглар” қиссасида бир деҳқон оиласи бошига тушган ноҳақлик кичиклар назари орқали ўтказилиб, уларнинг онги ва руҳиятига етказилган салбий таъсири бадиий таҳлил этилганини кўрамиз ва ёш қаҳрамонлар билан бирга изтиробга тушамиз.

Ҳаким Назир сўнгги китобини “Оқ фотиҳа” деб атади. Бу хотирақисса бўлиб, болалик саргузаштларига бағишланган. Муаллиф безовталик, ғулғула-ҳаяжонларга тўла болалик чоғлари, кўрганкечирганларини жонли лавҳаларда ҳикоя қилади, кичикликда отаонасидан олган илк инсоний сабоқлари учун чуқур ва самимий миннатдорчилигини изҳор этади.

Ҳаким Назир 1973 йилда “Лочин қанотлари” романини яратди. Бунда урушга кетган ота-оналарнинг ўрнини босган Ўктам, Умри ва бошқа ёш ватанпарварлар тимсоллари гавдалантирилди. Романни жамоатчилик илиқ қабул этди. Тадқиқотчилар “Лочин қанотлари” романи ўзбек болалар адабиётида деярли қўл урилмаган мавзу – уруш йиллари кичкинтойларнинг буюк ғалабага қўшган ҳиссасини кўрсатишга бағишланган йирик асар сифатида қимматлидир, деб ёзадилар.

Ёзувчининг “Чиранма ғоз – ҳунаринг оз” номли песаси кўп йиллар давомида ёш томошабинлар театри саҳнасида қўйилди.

Муаллифнинг 24 та китоби рус тилига, 12 та китоби қозоқ, қирғиз, туркман, грузин, арман, белорус, латиш, эстон ва бошқа тилларга таржима қилинган. Қатор ҳикоялари немис, франсуз, испан, булғор, чех, мўғил каби тилларда эълон қилинган.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

  

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.