Голливуд сценаристлари ҳам доғда қолибди

0
195
марта кўрилган.

Ҳали жуда ёш, ўзим тўқиган фалсафадан ўзим ҳаяжонланиб юрадиган дамларда китобхонлик ҳақидаги ўйларимни ён дафтарга қоралаб юрардим. Шу қораламаларнинг бирида “Сиз асарни ўқиб ундаги воқеликдан завқланинг. Мен эса шу воқеликни яратишга уринаётган ёзувчининг ҳаракатларини кузатиб роҳатланаман” деб ёзиб қўйган эканман☺️.

Муаллиф истаганидай мен у яратган бадиий оламга тушиб қола олмайман. Воқеликка қаҳрамон нигоҳи билан қарай олмайман, унинг изтироблари, қувончу шодликларига шерик бўла олмайман… Афсуски, ўй-хаёлларим бошқа ёққа – асарнинг бадиий яхлитлиги, сюжет қурилиши, ёзувчининг бадиий-ғоявий нияти ва ҳ. к. тушунчалар томон ўтлаб кетади. Китоб ўқиб китобхондек завқлана олмаётганимдан баъзан афсусланаман. Лекин ёзувчининг ижодий фаолиятини тафтиш қилиш чоғида туйган завқ мени яна ўқишга чорлайверади.

Даврон Султоновнинг “Афсонавий кўзгу сири” номли детектив асарни ўқирканман ана шундай ажиб жараёнлардан роҳатландим. Аслида детектив жанрининг мухлиси эмасман. Бироқ нима фарқи бор, қандай жанрда бўлмасин, маҳорат билан ёзилган асар бўлса бўлди-да. Аввало шуни айтишим керакки, бу ўта бадиий, фалсафий, маърифий, маънавий… асар эмас. Ўлай агар, асарнинг бу каби жиҳатларига эътибор ҳам қилмадим. Сабаби бу шунчаки детектив эди. Бироқ мени бошқа нарса – асарнинг фавқулодда ўткир сюжети ўзига ром қилди. Аниқроғи, сюжет узвларини заргарона аниқлик билан теришга уринаётган ёзувчининг ҳаракатларини мароқ билан кузата бошладим.

Унинг мақсади эса битта эди: ўқувчини қандай бўлмасин асарга ипсиз боғлаб олса, керак бўлса, китобдан бошини кўтартирмай ўқитса. Қойил қолганим, у бунга эришди. Мен асарнинг сўнгигача унинг хато қилишини, қартадан қураётган бежирим уйчасининг қулаб тушишини кутардим. Аммо ундай бўлмади. Аксинча, борган сари ўзига бўлган ишончи ортиб борарди. Қанчалар хатарли бўлмасин уйчаси учун жуда мураккаб фигуралардан фойдаланарди… Хуллас асарни бир кунда “Эҳ, у бундай сюжетни қаёқдан топиб олди?”, “Кўп кино кўраркан, мана бу, мана бу эпизодлар худди кинодагидек тасвирланган”, “Голливуд сценаристлари ҳам доғда қолибди”, “Ҳалигача қотилни сир сақлай олганини қара-я” каби ўйлар билан ўқиб қўйганимни сезмай қолдим. Чиндан ҳам муаллифнинг маҳоратидан завқландим, маза қилдим☺️.

P.S. Ёзганларим билан “Афсонавий кўзгу сири” асарини тарғиб қилмоқчи эмасман. Айтганимдек, у ўта бадиий, фалсафий, маърифий, маънавий… асар эмас. Шунчаки яхши детектив.

 

Саъдулло Қуронов,

филология фанлари номзоди

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.