“Галактикада бир кун” илмий-фантастик қиссасига билдирилган шахсий фикрлар

0
184
марта кўрилган.

Хабарингиз бўлса керак, яқинда ўзбек болалар адабиётида “катта портлаш” содир бўлди. Балки буни ҳали сезиб улгурмаган бўлсангиз, ушбу пост айнан сиз учун. Яқинда “Академнашр” нашриёти томонидан Саъдулло Қуронов қаламига мансуб “Галактикада бир кун” деб номланган илмий-фантастик қисса нашр қилинди. Ушбу қисса болалар учун аталган бўлса ҳам, мен уни бемалол катталар ҳам ўқиса бўлади деб ўйлайман. Шу вақтгача ўзбек болалар адабиётининг қироли ҳисобланган Худойберди Тўхтабоевнинг сеҳрли қалпоқча кийган Ҳошимжони, ана энди ўрнини “Кўккезар” соҳиби Аҳмадга бўшатиб беришига тўғри келади. Ушбу қиссани ҳали қўлёзмалик вақтидаёқ ўқиган эдим. Муаллиф қисса ҳақида фикрларимни айтиш учун уни менга берган эди. Тўғрисини айтаман, адабиёт вакилининг жиддий илм-фанга бурун суқишини унчалик ёқтирмайман, айниқса илмий-фантастик асарни илмга умуман дахли бўлмаган одам ёзиши илм кишисини унчалик хурсанд қилмайди. Лекин биласизми, асарни бир ўтиришда, бир кечада ўқиб чиқдим. Ўзим билан тенгдош, филология бўйича PhD даражасига эга ушбу йигит кўз олдимда бутунлай бошқача шакллана бошлади. Асарда Аҳмад исми ёш ерлик болакайнинг бутун галактика бўйлаб саёҳати ҳақида сўз юритилади, унга Салмир сайёрасидан бўлган Маргол ҳамроҳлик қилади. Қўлимдаги қисса шунчаки фантастик асар эмас эди, у чинакам илмий-фантастик қисса эди. Эрта тонг бўлишини ҳам кутмай ярим тундаёқ фикрларимни муаллифга ёзиб юборган эдим. Бу қисса тимсолида ўзбек болалар адабиётида янги юлдуз туғилганига ишончим комил эди. Асар ҳақида фикрларимни қисқача баён қилиб ўтаман:

1) Агар асарга эътибор берсангиз умумий ҳолатда муаллиф асар марказига ҳазрати инсонни улуғлаш тамойилини қўяди. Бу ҳақида ҳеч қаерда айтилмаса ҳам асар сўнггига етгач буни ҳис қиласиз. Асар қаҳрамонларининг деярли барчасининг исми исломий эканлиги, бош қаҳрамон Аҳмаднинг хулқ-атвори унинг ҳақиқий мўмин болакай эканлигини кўрасиз. Фикримча асар муаллифи ислом динига юксак ҳурмат руҳида тарбияланган, акс ҳолда бу нарса асарда бу қадар табиий акс этмас эди. Мана шу жиҳатдан асар менга жуда ҳам ёқди.

2) Асарнинг илмий фантастик қисса эканлигини айтдим. У ерда физика, астрономия, астрофизика билимларидан ўта дақиқ тарзда фойдаланилган. Агар муаллифни олдиндан танимаганимда бу асарни ё физик ёки астроном ёзган деб ўйлаган бўлар эдим. Асар худди Жюл Верн асарларини ёдга солади. У ерда айтилаётган фантастик воқеалар ёзувчининг мутлақ хаёлот маҳсули эмас. Аксинча ҳар бир эпизод ҳозирда аниқ мавжуд илмий янгиликлар, кашфиётларга асосланилгани яққол кўзга ташланади. Асар давомида медага тегмайдиган тарзда коинот, галактика, борлиқ, сайёралар, юлдузлар, ёруғлик тезлиги, унинг ўлчами шу қадар моҳирлик билан тасвирланадики, бу борада муаллифнинг ўта катта меҳнат қилгани шубҳасиз.

3) Муаллиф қиссада жуда машҳур тарихий воқеаларга мурожаат қилади. Масалан, Нютоннинг бошига олма тушиб кетиши, Лувр музейидан Мона Лиза асарининг ўғирланиши, Мирзо Улуғбекнинг Али Қушчига яшириш топширилган сирли хазинаси ва ҳ. к. Ушбу машҳур воқеалар асарга шу қадар табиий тарзда сингитиб юборилганки, беихтиёр наҳотки деб юборасиз. Мана шу жойида мақтаниб қўймасам бўлмайди. Нютон бошига олма тушиш эпизодининг қиссага қўшилишида каминанинг ҳиссаси бор. Менинг тавсиямга кўра муаллиф айнан мана шу эпизодни асарга қўшиб кетган эди 😎.

4) Шу билан бирга муаллиф айни бугунги кундаги жаҳоннинг энг глобал муаммоларидан бири бўлган экологик муаммоларнинг келажакда қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам маҳорат билан башорат қилиб ўтади. Бу жиҳатлар қиссани ўқиган болада мазкур ҳолатлар ҳақида тафаккур қилишга кучли туртки бўлади.

Муаллиф асардаги тасвирлаган галактикада юзган воқеликларни мантиқий изчил равишда бир-бирига боғлайди. Қисқа қилиб айтилганда, асарда тасвирланган девордаги милтиқ отилмасдан қолмайди.

Ҳар доимги одатимга кўра воқеалар ривожи ҳақида тўхталмайман. Уни албатта ўзингиз ўқишингиз керак, сизни давоми нима бўлар экан дейдиган фараҳли ҳиссиётдан мосуво қилишни истамайман)) Асар ҳақидаги салбий фикрларимни билдирмаганимга мени илгаридан билганлар ҳайрон бўлаётгандир, бунга ҳам жавоб бериб ўтаман. Асарни ҳали қўлёзмалик вақтида ўқиганимдаёқ ҳар бир қисмига ўз фикрларимни, изоҳларимни, тавсияларимни, менга кўринган камчиликларни муаллифнинг ўзига кўрсатиб ўтганман. Куни кеча асарни босмадан чиққандан кейинги ҳолатини қайтадан ўқиб чиқдим. Муаллиф билдирган фикр ва таклифларимни ҳисобга олган ҳолда асарни яхшигина сайқаллабди.

Агар ҳали ҳам бу қиссани ўқимаган бўлсангиз, тавсия қиламан. Бир нарсани олдиндан айтишим мумкинки, асарни ўқиб бўлгач муаллиф билан кўришиб бир саволнинг жавобини сўрагингиз келади: “Қиссанинг давомини ёзасизми?”

 

Бахтиёр Шералиев

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.