Ғафур Ғулом

0
5624
марта кўрилган.
Ғафур Ғулом

Оташнафас куйчи Ғафур Ғулом ҳозирги замон ўзбек болалар адабиётининг юксалишида муҳим ўрин эгаллайди.

1918-йилда Ғафур Ғулом 8 ойлик муаллимлар тайёрлаш курсига кириб ўқиди ва 1919 йилдан бошлаб тарбиячилик, ўқитувчилик ишлари билан шуғуллана бошлади. Ёшларни билим ва маданият қучоғига тортишда у астойдил хизмат қилди. У Тошкентдаги “Урфон” номли мактаб қошидаги боқувчисиз болалар уйида тарбиячи ва мудир бўлиб ишлади.

1923 йилдан адабиёт майдонига қадам қўйган Ғафур Ғулом ўз ижодини болаларга атаб шеър ёзишдан бошлади. У бутун ижоди давомида ёш авлодни унутмади ва унга муносиб адабий мерос қолдирди. Шоирнинг “Мукофот” (1940), “Шеърлар” (1946), “Тонготар қўшиғи” (1949), “Бари сеники” (1953), “Бир ғунча очилгунча” (1955), “Сиз менинг ёшлигимсиз” (1958) шеърий тўпламлари, ўрта ва катта ёшдаги болалар учун “Шум бола”, “Тирилган мурда” (1934), “Ёдгор” (1935) каби ажойиб асарлари болалар адабиётида муносиб ўрин тутади.

Ғафур Ғулом “Яша, дейман, ўғлим!” шеърида фан ва техникани эгаллашни ҳавас қилган, қалби қаҳрамонлик руҳи билан тўлиб-тошган, чексиз осмонга учиб, юлдуздан юлдузга ўтишни орзу қилган замонамизнинг илғор ёш қаҳрамони туйғуларини ўғли мисолида тараннум этади. Шоир болалардаги қаҳрамонликка бўлган зўр ҳавасни сезгирлик билан илғаб олиб, уни моҳирлик билан ифодалаб берган. Ота билан боланинг суҳбати шаклида ёзилган бу шеърда ўғилнинг қўрқмаслик ва иродалилик хислатлари жонли тафсилот ва образлар орқали очилади. Шеърда болаларнинг ички кечинмалари, характери, ҳамма нарсани билишга бўлган қизиқувчанлик ҳолатлари кулгили усулда, таъсирли ифодаланган. “Турсунали нега варракдан воз кечди?” шеърида Ғафур Ғулом техниканинг куч-қудратини кичик ёшдаги болалар савиясига мос воситалар – варрак ва аероплан орқали кўрсатади. Шоир буни варракнинг кучсизлиги билан аеропланнинг кучлилигини бирбирига қарама-қарши қўйиш ва жонлантириш усули орқали моҳирона кўрсатишга муваффақ бўлган. Шоир аеропланда тинмай баланд ва узоқларга учган қаҳрамон образини чизар экан, болаларда замонимизнинг шундай қаҳрамонига нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотади. Шу билан бирга, муаллим шеърида Ватанимиз қудрати ва гўзаллигини шоирона тасвирлайди, болаларни ҳаётда туғилаётган янгиликлар билан таништиради, буларнинг ҳаммаси ижодий меҳнат орқали яратилганлигини куйлаб, уларни замонимиз қаҳрамонлари изидан боришга, фаннинг чўққиларини эгаллашга ундайди.

Аеропланнинг учар отга ўхшаб кетиши боланинг хаёлига мувофиқ келади. Шоир аероплан талқинида болани уни миниб олишга, “Фаннинг энг чўққиси” га учириб олиб боришга чақиради. Бундай ҳавас иштиёқи ёш юракни тўлқинлантиради ва бола самолёт минишга қатъий аҳд қилади.

Шоир “Бари сеники” шеърида юксак ватанпарварлик ғоясини илгари суради. Айни чоғда, ўз халқининг бахтини, гўзал Ватаннинг истиқболини куйлаган шоир ҳаётга бўлган муҳаббатини Ватанга бўлган муҳаббати туйғуси билан ёнма-ён кўради, болаларга икковини бир бутун ҳолда тушунтиради. Буни шоир бола тилидан қуйидагича ифодалайди:

Мунча ҳам чиройлисан, азиз Ватаним,

Бодомдай минг кўз билан севар баданим.

Сенсан аввал-охир, сенсан севганим,

Жоним, юрак қоним, ҳатто шу таним

Бир бутун ҳолича бари сеники.

“Аҳмад ёмон бола эмас-ку, аммо…” шеърида Аҳмад образи орқали “Соғлом танда – соғ ақл” мақолидаги мазмунни ўзига хос тарзда ёритади. Шоирнинг маҳорати шундаки, шартлилик асосида Аҳмаднинг тана аъзоларини жонлантиради ва Аҳмад ўз тозалигига бефарқ қарагач, бу аъзолар мажлис қилиб ҳар бири сўзга чиқади ва эгасидан норози эканликларини айтиб, уни танқид қилишади. Ғафур Ғулом докторнинг фойдали маслаҳатларига амал қилган Аҳмаднинг кейинчалик озода, соғлом ва интизомли бўлиб қолиши билан бирга, аълочи ўқувчига айланганлигини ишонарли тасвирлайди:

Қўллари ҳам севинчидан чапакда,

Бутун аъзо бир-бирига кўмакда.

Энди Аҳмад соғлом, тоза, аълочи,

Меъда кучли, тишлари мисли инжи.

Шоир “Нортожининг курак тиши” шеърида ҳам болаларни Нортожи образи орқали тозаликка риоя қилишга ундайди. Кичик китобхон диққатини дастлаб олти ёшли Нортожининг “…чоллар каби кемшик” эканлигига қаратади:

Олдинги тўртта курак тишининг

Соғи йўқ – ҳаммаси чирик, дарз кетган.

Баъзиси жуда паст, баъзиси баланд,

Баъзиси лаб юлар – мисли тикан.

“Нортожининг курак тиши”да шоир образли тасвирлар орқали Нортожи характерига хос бўлган эринчоқлик ва ялқовликни, тозаликка риоя қилмаслигини ўзига хос йўсинда фош этади. Хусусан, Нортожи тишининг ковагидан жой олган нарсаларни тасвирлар экан, унинг кулгили ҳолатини “Карнайдай оғзини очиши билан сассиқ ҳид ҳаммага билиниб кетди”, “Олдинги курак тишида бир ҳафта бурунги овқат қолдиғи” каби мисралар орқали янада бўрттириб гавдалантиради. Шеърда тозаликка риоя қилмасликнинг зарарли оқибати болаларга ғоят ҳаётий ва характерли мисраларда етказилади.

Ғафур Ғулом Нортожининг ўз нуқсонларини тўғри англаб, тозаликка риоя қилувчи болага айланганлигини ифодалаб, ибратли хулоса чиқаради:

Биласизми, ўртоқлар, бу дори нима?

Бир қути порошок, кичкина чўтка…

Энди Нортожининг тишлари дурдай;

Оғриқни, сасишни билмайди, тоза.

Ҳар кимки, тишини тозалаб турса,

Жони ором олар, ўзи покиза!

Демак, шоир шеърларидан келиб чиқадиган муҳим хулоса шунчаки баён ёки панд-насиҳат тарзида эмас, балки жонли тасвир, образли ифода орқали берилади. Бу каби хулосалар кичкинтойлар маънавиятига тезроқ етиб боради.

Шуни таъкидлаш зарурки, Ғафур Ғулом “Шум бола”, “Тирилган мурда”, “Ёдгор” асарлари билан болалар адабиёти насрий жанрининг юксалишига ҳам ўзининг муносиб улушини қўшди.

Ғафур Ғуломнинг “Тирилган мурда” асарида жамиятга доғ бўлиб тушадиган дангасалик ўртасидаги кураш асосида меҳнатнинг тарбияловчи қудрати кўрсатилади. Муаллиф ижодий мақсадни Мамажоннинг бошидан кечирганлари ва унинг ўзи томонидан ёзилган кундалик саҳифалари воситасида кулгили тарзда ҳикоя қилади. Асар пролог ва эпилогдан ташқари, олти фаслдан иборат бўлиб, уларда мулла Мамажоннинг 1925 йилдан то 1933 йилгача ўтган даврда бошидан кечирганлари ёзилган. Асарда Ғафур Ғулом ўз қаҳрамонига “сўз” бериб, унинг ўзига хос характерини яратади.

Адибнинг “Тирилган мурда” асари икки қисмдан иборат. Иккинчи қисмда унинг жамоа хўжалигига кириши ва қайта тарбияланиши, фаровон ҳаётга эришиши тасвирланади.

Ёзувчи Мамажоннинг ялқовлиги ва эринчоқлигини чуқурроқ очиш учун, аввал уни “Минг бир кеча” эртакларидаги Абутанбалнинг ялқовлиги билан таққослайди: “Хўш десангиз, Бағдод деган шаҳарда Абутанбал деган бир ялқов йигит ўз онаси қошида яшар экан. Абутанбал ҳеч қандай иш қилмас экан. Онаси топиб келган овқатни чайнаб оғзига солса ҳам ютгани эринар экан. Доимо ёнбошлаб ётар экан-у, ўрнидан туришга ҳафсаласи келмас экан. Мабодо қўлтиғидан кўтариб, тикка турғизиб қўйган чоғингизда ҳам оёқлари бир-бировига чалишиб йиқилар экан…” Мамажоннинг саргузаштлари, унинг ўз тилидан сўзлатилиши болаларга асар ғоявий мазмунини яхши тушунишга ва уларнинг қизиқувчанлигини оширишга хизмат қилган.

Мамажон шу қадар ялқовки, у отаси экиб кетган ярим танобча ердаги жўхорини қайириб олишга ва буни пишириб тирикчилик ўтказишга ҳам эринади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: “Қаддимни кўтаришдан кўра чолларнинг койишларини эшитиш осонроқ кўринар эди”.

Ҳатто юришга ҳам ҳафсаласи келмаган ялқов Мамажон бирданига илғор меҳнаткаш бўлиб қолмайди. Давр воқелиги, меҳнатнинг шон-шарафи ва қаҳрамонлик ишига айланиб, ялқовликнинг таг-томири билан емириб ташланиши Мамажон онгида иллатларни йўқотиб, унинг ўзгариб боришида ҳаққоний, аниқ ва ҳаётбахш куч – жамоанинг таъсири ижобий рол ўйнайди. Мамажонни меҳнатга жалб қилишда яхши одамларнинг кўрсатган ижобий намуналари Сатторқул образида мужассамлаштирилади:

“Сатторқул акам қўярда-қўймай шудгорга олиб чиқди.

– Бас энди, ётаверма. Сал меҳнатга ҳам қайиш. Рангинг жойига келиб қопти. Тўлишибсан. Юр мен билан, – деди. Эриниб унинг кетидан кета бошладим. У қўш ҳайдади. Мен отбоши етакладим. Шудгор одамлар билан тўла эди: бириси ҳайдаётир, бириси мола босаётир, бошқалари кетмон чопаётир”.

Бундай жўшқин ҳаёт, даладаги қайноқ меҳнат Мамажонда аста-секин ишга ҳавас туйғусини уйғота бошлайди. Ёзувчи бу образ орқали меҳнатсеварлик ғояларини илгари суради.

Асарнинг тузилиши ўзига хос, қизиқарли, тили равшан ва соддадир. Мамажон тушида кўрган аёл: “Ғунчадай тугилиб келган қипқизил лаб, ҳавода учиб юрган қалдирғочнинг муттасил қанотидай пайваста қора қош, сочларининг учи қўнғироқ бойлагандай жингалак, юзлари атиргулга ўхшаган тиниқ пушти ранг” тарзида чизилган. Шахс тасвирида ёки “гапларим зуваласи пишмаган хамирдай уваланиб кетмоқда эди” каби иборалар асарга зийнат бағишлаган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида шеъриятнинг жуда кўп дурдоналарини яратган Ғафур Ғулом болаларга ҳам ажойиб асарлар тақдим этди. Унинг болалар учун яратган асарларида ватанпарварлик ва байналмилаллик ғоялари, қаҳрамонлик ва жасурлик, ғалабага ишонч оҳанглари янграйди. Шоир “Навқирон наслимиз синов олдида” шеърида ёшларнинг келажагини ифодалаб, уларни эрк ва бахт берган ватанга муносиб кишилар бўлишга чақиради:

Бизнинг ўлкамизда йўқолур офат,

Ўлимни енгишга сизлар кандидат…

Эртанинг, эй адиб ва шоирлари,

Кишилик руҳининг инженерлари…

Сиз осмон илмини сувдай ичасиз,

Юлдуздан юлдузга зумда кўчасиз…

Аълочи ўғлонлар, аълочи қизлар,

Ватан истаги ҳам худди ана шу.

Шоирнинг бу даврда ёзган ноёб ва гўзал асарларидан бири “Сен етим эмассан” шеъридир. Унда одамларнинг иккинчи жаҳон уруши йилларида етим қолган болаларга бўлган ватанпарварлик, қардошлик, инсонпарварлик ҳис-туйғулари юксак маҳорат билан тараннум этилади:

Сен етим эмассан,

Тинчлан, жигарим,

Қуёшдай меҳрибон,

Ватанинг – онанг,

Заминдай вазмин-у,

Меҳнаткаш мушфиқ,

Истаган нарсангни тайёрлагувчи

Халқ бор – отанг бор.

Чўчима, жигарим,

Ўз уйингдасан.

Бу парчада Ватаннинг муаззамлигини, унинг меҳри дарё кишилари қуйма образларда, лўнда, таъсирли ифодаланганлиги ҳар бир мисрада кўриниб турибди. Шоир болаларга етимлик нима эканлигини тушунтираркан, ўзининг аччиқ етимлик қисматини эслаш орқали асарнинг таъсир кучини янада оширишга эришган:

…Мен етим ўсганман,

Оҳ, у етимлик…

Вой, бечора жоним,

Десам арзийди,

Бошимни силашга,

Бир меҳрибон қўл,

Бир оғиз ширин сўз Нондек арзанда,

Мен одам эдим-ку,

Инсон фарзанди…

Шоир шеърида ғалабанинг муқаррарлигини зўр ҳаяжон ва кўтаринки руҳда, образли мисраларда ифода этади:

Тонг яқин,

Тонг яқин,

Оппоқ тонг яқин…

Улуғ оиланинг

Гўдак фарзанди,

Билиб қўй энди:

Сен тезда улғайиб,

Олам кезасан

Ҳақорат емирилур,

Зулм янчилур,

Жаҳонда бўлурмиз,

Озод, музаффар,

Сен етим эмассан,

Менинг жигарим!

Ғафур Ғуломнинг бу шеъри ёшларда Ватанга садоқат, ватанпарварлик ва байналмилаллик ҳамда босқинчиларга нафрат туйғуларини тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлган баркамол асардир.

Урушдан кейин Ғафур Ғулом болалар учун “Шеърлар” (1946), “Тонготар қўшиғи” (1949), “Бари сеники” (1953), “Бир ғунча очилгунча” (1955), “Сиз менинг ёшлигимсиз” (1958) шеърлар тўплами ва “Менинг ўғригина болам” (1965) воқеий ҳикоясини яратди.

Ғафур Ғуломнинг бу давр ижодида болаларнинг ўзига хос орзу-умидлари, юксак маънавий оламлари, одоб ва ахлоқлари, ўқиш ва интилишлари асосий мавзуга айланди. Жумладан, шоир “Олтин медал” шеърида ўрта мактабни битираётган ўғил ва қизларга ишонч ва умид кўзи билан қарайди. Уларни келажагимизнинг ишонган кишилари – “замонлар тонгининг чироқлари” деб тасвирлайди:

Сизсиз келажак йўқ, сиз ахир халқнинг

Минг йилни кўражак қароғларисиз.

Сизсиз ёримайди осмонда Зуҳра,

Замонлар тонгининг чароғларисиз.

Шоир ўлкамизнинг келгусида янада гуллаб-яшнашини, жаҳонда тенги йўқ диёрга айланишини орзу қилади ва ёшларни ана шундай Ватанга муносиб фарзанд бўлишга, илм-фанни эгаллашга ундайди. У ёшларнинг илм-фанда камол топишига зўр ишонч билан қарайди.

Ғафур Ғулом болалар ва ёшларни катталарга, айниқса, отаонага меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялаш мавзусида кўплаб шеърлар яратди. Шулардан бири “Она” шеъридир. Шоир бу шеърида бағри уфқлардан ҳам кенг онанинг лирик образини яратиб, боланинг унга бўлган меҳр-муҳаббатини ифода этади.

Шоир болани чақалоқлигиданоқ меҳр-муҳаббат билан асраб, авайлаб тарбиялаб келган онани таърифлаб, бу мўътабар зотни эъзозлайди.

Шоир шеърда онага мурожаат этиб, уни қоя, юксак тоғ, чаман боғ ҳамда қуёшга қиёслайди ва онани улардан юқори қўяди. Дарҳақиқат дунёда онадан улуғ зот йўқ! У борлиққа жон бахш этувчи, оламни нурга бурковчи офтоб мисол қадрли, ҳатто ундан ҳам азиздир. Шеър болаларда оналарга чуқур муҳаббат ҳиссини уйғотишда катта хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, академик шоир Ғафур Ғулом ўзбек болалар адабиётини юксалтиришга баракали ҳисса қўшди. У ёшлар учун ёзган асарларида болаларнинг қувноқ ҳаётини юракдан берилиб куйлади. Унинг асарлари болаларни яхши инсон бўлиб камол топишга, аъло ўқишга даъват этади.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.