Эссе – инсон қалбига йўл

0
2863
марта кўрилган.

Таниқли ёзувчи Абдусаид Кўчимовнинг “Сафар” эссесини ўқиб, “Ёзувчининг асарида унинг ички дунёси, бошқа ҳеч кимникига ўхшамайдиган “мен”и аниқ кўриниб туриши керак”, деган устозлар фикри хаёлимга келди.

“Баҳор” тўпламига киритилган ушбу эссенинг мавзуси оддий: бир гуруҳ ижодкорлар Қорақалпоғистоннинг Манғит туманига сафар қилишади, кузнинг енгил изғиринида олов ёқиб, чўпон-чўлиқлар, балиқчилар билан кўл бўйида, дарё қирғоғида дилкаш суҳбатлар қуришади. Ҳазил-мутойиба авжига чиқади. Муҳими бу эмас, баҳс-мунозара, беғараз тортишувлар, гап келганда отангни ҳам аяма дегандай, бир-бирларини “эзиб” қўйишлар расмий учрашувлар чоғидан кўра, кўпроқ саёҳатчилар ўзлари қолиб, гапнинг индаллосига ўтишганида содир бўлади. Гурунгни ўзлари қизитишади. Чўлнинг ёқимли ҳавоси, сувнинг мавжланиб, ороланиб оқиши, қушларнинг чуғури, жийда дарахтларининг ёқимли эпкини шаҳарда анча димиқиб қолган меҳмонларнинг дил қулфларини очиб, фавқулодда “сайратиб” юборади, кўнгил тубига чўкиб ётган қайроқи, тишли-тирноқли, гоҳ эҳтиросли фикрлар юзага қалқиб-бўртиб чиқади.

Эссе муаллифи бу ҳолатларнинг ҳар лаҳзасини, суҳбатлар чоғи айтилган айтим, ибора, қочирма-ю учирмани бутаб-тарамай, силлиқламай, ғадир-будури билан қоғозга туширган. Шу боис, “Сафар”ни мутолаа қилган киши беихтиёр саёҳатчилар сафига қўшилиб кетганини, баҳс ичида юрганини билмай қолади. Кўнглида ўзини кўл бўйида чордана қуриб, гапни гапга, мақолни маталга, олис мозийни бугунга, келажакка улаётган сафардошлар сафида кўриш истаги уйғонади.

Эссе – публицистиканинг таъсирчан жанрларидан бири. Шу маънода у журналистика ва бадиий адабиётнинг ўртасида туради, бирини иккинчисига боғлайди, фикрни чархлаб, ёзилажак янги асарларга хамиртурушлик қилади. Романлари, қиссалари билан жаҳонга танилган адиблар кутилмаганда публицистик асарлар ёзгани ва, аксинча, суяги журналистикада қотганлар вақти келиб, бадиий асарлар ижод қилгани сабаби шунда. Олимлар сўнгги юз йилликда инсон руҳий-ижтимоий оламини тадқиқ этиш билан боғлиқ янги “уйғониш” фаслининг юзага келишида эссе ўзига хос роль ўйнаганини, ХХI аср бўсағасига келиб, “медиаборлиқ эссечилик дардига чалинганини”, бу жанр олам ва одамни англашнинг ғоят самарали воситаси эканини таъкидлашади.

Чиндан ҳам, қатор машҳур эсселарда, масалан, Оноре де Бальзакнинг ХIХ аср француз ёзувчиларига мактуби, Жон Голсуорсининг “Адабиёт ва ҳаёт”, Лев Толстойнинг “Жим туролмайман”, “Иқрорнома”, Юхан Боргеннинг “Ёзувчи бўлмоқ нима дегани?”, Гоголнинг “Ал Маъмун”, Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”, Фитратнинг “Шарқ сиёсати”, Исмоилбек Ғаспиралининг “Оврупо маданиятига бетарафона бир назар” асарларида тараққиётнинг беқиёс шиддати боис, одамлар онг-шуурида юз бераётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар моҳиятини тўғри англаш, тарихий адолатни юзага чиқариш билан боғлиқ муаммолар ғоят таъсирчан, айни чоғда бадиий назокат билан талқин этилганини кўриш мумкин.

Публицистик асарда, хусусан, эсседа муаллиф бадиий талқин ва ифода усулларидан унумли фойдаланади: ижодкорнинг образли мушоҳадаси, ҳиссий, эмоционал туйғулари, ижтимоий-эстетик қарашлари, конкрет воқеликка нисбатан ижобий ёки танқидий муносабати бу жанрда ўзининг тиниқ ифодасини топади. Чинакам публицистик асар ўқувчини фикрлашга, ижтимоий фаолликка, баҳс-мунозарага даъват этади, муаллифнинг ички “мен”и яна-да журъат касб этади.

“Саёҳат”да шу хусусиятлар борми? Бор, албатта. Эссе воқелиги бир қарашда жўнгина, одмигина воқеа: таниқли адабиётшунос олим Пирмат Шермуҳамедов дўстлари билан ўзи туғилиб ўсган қадрдон юртига келади, “пилиги баланд” меҳмондорчилик, ҳаяжонли учрашувлар, шеърхонлик бошланади. Бунинг нимаси янгилик? Янгилиги шундаки, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деганларидай, саёҳатчилар, гарчи гапни ҳазил-ҳузулдан, қочирим-учиримдан, шаҳарда тимирскиланиб юравермай, шунақа ҳаво алмаштириб туришнинг зарурлигидан бошлашса-да, тез жиддийлашиб кетишади. Миллат, маънавият, тарих, таълим-тарбия, аждодлар мероси, ижодкорнинг бурчи, сўз масъулияти, илмий покизалик каби мавзуларда аёвсиз баҳс бошланади. Баҳс шиддат олади, саёҳат, меҳмондорчилик икки-уч қават парда остида қолиб кетади.

Муаллиф эссени қоғозга туширар экан, кенгфеъллик йўлидан боради. Сафардошларининг фикр-мулоҳазаларини, айтган-деганларини, ҳаваскор овчилар сифатида ўқни қаёққа қараб отишганигача тўла, ҳароратини совутмай, завқини пасайтирмай келтиради. Бу усул ортиқча муфассаликка ўхшаб кетса-да, ўзини оқлайди, ўқувчи ҳар фикр, ҳар изоҳ ёки эътироздан ўзига яраша сабоқ олади.

Бир даврада бугунги адабий танқиднинг ғоят сусткашлиги, келишувчанлиги ҳақида сўз кетаётган эди. Фаол танқидчиларимиздан бири, бор гапни борлигича айтишга ўзида журъат топаётган Йўлдош Солижонов даврамиз оқсоқоли эди. Даврадошлардан бири у кишини “Фарғонанинг маънавий овози” деганди, менинг тилим қичиб, “акамиз наинки Фарғонанинг, бугунги ўзбек адабий танқидининг ҳам овози” деб юборибман. Кулги кўтарилди. Мен у кишининг овози бироз хасталаниб қолганига ишора қилгандим.

Йўлдош ака хафа бўлмади, бир ўзим эшитадиган қилиб, аста: “Оласизда-а” деди-қўйди. Сўнг: “Ҳар ҳолда, кимдир вақти-вақти билан бўлса-да, шунақа “олиб” туриши ҳам керак”, дея баҳсга якун ясади.

Эссени ўқир экансиз, сафардошлар чўл бағрига юриш қилишганида, дам олиш, табиат мўъжизаларидан завқланишдан кўра бугунги адабиёт, шеърият, танқидчилик, ижодкор масъулияти ҳақида баҳслашиб юракларини би-ир ёзиб олишни ният қилишгандай туюлади. Бир гапдан бошланган суҳбат кўп ўтмай, Амударёдек қирғоқларни ювиб, ўйиб, ўзанини ўзгартириб юборадиган даражада жиддийлашади, бир-бирларига ёвқараш қиладилар, аяб ўтирмайдилар, аммо муҳим, таъсирчан сўзларни, чин ҳақиқатларни айтадилар.

Пирмат ака вазмин мулоҳаза юритади, сафардошларига Садриддин Айнийнинг, ёзувчи асарларида “афт-ангори” кўриниб туриши керак, деган фикрини эслатади. Абдулла Қодирийнинг “асар ёзувчининг ўзигагина тушунарли, бошқаларга эса тушунарсиз бўлиши катта айб”, деган фикрини келтириб, “Навоий, Фузулий, Бедил, Бобурлар ўз замонида қандай севиб ўқилган бўлса, ҳозир ҳам шундай! Демак, асар жумбоққа айланиб кетмаслиги керак”, дейди.

Муҳаммад Али бугунги ёшлар шеърияти ютуқ-камчиликларидан баҳс очади: “Бир куни ёш йигит бир дафтар шеърини ўқиб кўринг, деб менга берди. Ўқисам, ҳаммасида нуқул “Ўлолмаяпман, дунё кўзимга тор кўриняпти”, деган йиғи-сиғи. Бу – мода, касаллик. “Ўлаяпман, ўлимни яхши кўраман”, деган шоир гўёки беқиёс талант эгаси, ўзини адабиётга фидо қилувчи қаламкаш. Шундайларни мақтаб, йўлдан адаштирадиган танқидчиларимиз ҳам бор. Кулгили эмасми”, дейди.

Қозоқбой Йўлдош баҳсга киришади: “Э, адабиёт – бир тирик вужуд. Камол топиши учун унинг формалари, услублари ўзгариб турмоғи, кўҳналари ўлиб, янгилари пайдо бўлмоғи табиий ҳол”. Муҳаммад Али бу фикрга қўшилган ҳолда, унга муҳим “тузатиш” киритади: “Форма айбни яширмаслиги керак, биродар”. Қозоқбой қўлидаги чалачўпни ёнаётган кундага уриб, кутилмаганда Адҳамбек Алимбековга ташланиб қолади: “Сиз нима учун ўтириши тулкидай, ўт жийиши жилқидай бўлиб ялпайиб ўтирибсиз? Тўқмоқдай ўшакчи эдингиз, дўппига тўрт кун, телпакка тўққиз кун гапирадиган чечанлигингиз бор эди, халтангизни очиб, тақимлашмайсизми?”.

Адҳамбек бўш келадиган анойилардан эмас, Қозоқбойга жавоб қайтариш ўрнига кутилмаганда ўртага савол ташлайди: “Қани, айтингларчи, илҳом парисининг рамзи бўлмиш қанотли фаришта кимдан қолган?”.

Ҳеч кимдан садо чиқмайди. Адҳамбек ғолибона илжайиб, психологик зарбани давом эттиради: “Билмайсиз, шоирман, олимман дейсиз-у, хабарингиз йўқ. Зардуштлардан! Беғубор фаришталар сингари юксак маънавият билан йўғрилган бу ноёб асарда озодлик ва олижаноблик каби инсоний кечинмалар қойиллатиб берилган. Шунинг учун ҳам қанотли фаришта образи бора-бора Шарқ поэзиясида софлик, муҳаббат, гўзаллик ва илҳом тимсолига айланиб кетган. Хўш, зардуштлар вақтни қандай аниқлашган? – яна даврага савол ташлайди Алимбеков. – Буни ҳам билмайсиз. “Авесто”ни ўқиш керак, “Авесто”ни. Унда айтиладики, хўрознинг биринчи қичқириғидан кейин оташхона хизматчилари, иккинчи қичқириғидан кейин қўшчилар, учинчисидан кейин бошқа одамлар уйғонади…”.

Бу гапдан кейин баҳс ҳовури ёниб бўлаёзган гулхандай бироз босилади.

Пойтахтлик меҳмонларга ҳамроҳлик қилган Нукус университети ўқитувчиси, ёзувчи Файзулла Салаев баҳсга қўшилади: “Македонский юртимизга бостириб келган кезлари Хоразм давлатининг ҳудудлари Волга ва Ўрол бўйларидан тортиб, Днепр ва Қора денгиз қирғоқларигача чўзилган эди. Бу ерларда қипчоқлар, можорлар, хазарлар, ўғизлар, печенеглар каби туркий қавмлар яшар эди. Киев Руси энди юзага келган пайтда Хоразм давлатининг қудрати беқиёс бўлган. Бу вақтларда ҳатто князь Владимир Святославич ислом динини қабул қилиш ниятида ўзининг тўрт кишилик вакилини Хоразмга жўнатган. Рус элчиларини ҳурмат билан кутиб олган Хоразмшоҳ жавоб тариқасида машҳур имомлардан бирини Рус давлатига юборган, шу воқеа сабаб, айрим руслар ўша йиллари ислом динига киришган…”.

Баҳс қизигандан қизийди, Пирмат ака жўшиб боради: “Бундан бир неча минг йиллар аввал Амударё Узбой орқали ўтиб, Каспий денгизига қуйилган. Кейинчалик дарё ўз йўлини ғарб томонга бурган ва, натижада, Орол денгизи ҳосил бўлган. Серунум тоғ жинслари – минерал ўғитлар чўкиб-ўрнашиб қолганидан бўлса керак, туманимиз ерлари серҳосил”.

Эссени ўқир экансиз, Тўрткўл, Қўнғирот, Шоҳтемир каби шаҳарлар, дарё ва кўллар, тепаликларнинг ноёб тарихи, “Едиге”, “Кублон”, “Қирқ қиз”, “Шаҳриёр”, “Маспошшо”, “Саётхон ва Ҳамро”, “Юсуф Аҳмад”, “Қирқ минглар”, “Хирмон дали” каби машҳур халқ достонларига доир қизиқарли маълумотлар билан танишасиз. Бу ноёб асарларни ўз вақтида қойиллатиб айтиб юрган Осовбий овулилик Аҳмад бахши эса шоир ва таржимон Музаффар Аҳмаднинг бобоси бўлиб чиқади. Жапақ бахши, Бекжон бола, Хўжамурод бахши, Худойберган бахши, Йўлдош бахши, Юсуф масхарабоз, Тўрабой дорбоз, Карим дорбоз ҳақидаги ҳикоятлар. Табиат манзаралари. Биргина чўл жийданинг таърифига эътибор беринг: “Жийда шўрни шимади, ичкетарга, қорин, томоқ оғриғига даво, гули тана салқишини йўқотади, гижжани ҳайдайди, бронхит, қулунж, юрак хасталикларида, боднинг олдини олишда, жароҳатларнинг битишида унга тенг келадигани йўқ. Меваси нонга қўшилса, шўрвага солинса, таомнинг хушхўрлиги ошади, илдизида азот кўп, шароби зўр бўлади. Жийда истеъмол қилиб юрадиган боланинг бўйи тез ўсади, камқонликни даволайди, қазғоқни кеткизади. Жийдадан елим тайёрланса, ёпишган нарсасини ўлса ҳам қўйвормайди. Ёғочи темирдай мустаҳкам, жийда гулининг асали жоннинг роҳати…”.

Эсседа мақолу матал, ўхшатишу сифатлаш, орттиришу бўрттиришлар шу қадар кўпки, жамланса, чоғроқ илмий тадқиқотга бемалол етади: “Мўрининг аччиғини тутун билади”, “Меҳмон келса эт пишар, эт пишмаса бет пишар”, “Қорақалпоқ – тўғри тўқмоқ”, “Тошбақа тухумига маҳлиё бўлгандай”, “Уйнинг иссиқ-совуғи қиш тушганда билинар, дўст-душманнинг кимлиги иш тушганда билинар”, “Шишани тошга урасанми ё тошни шишага урасанми, барибир”, “Шер қутурса ойга сапчир”, “Чумолининг ажали етса қанот чиқаради”, “Эчкифаҳм одам”, “Тўқмоқдай бобой”, “Шаҳарлик сояки”, “Чангал ҳам жойида гуриллайди”, “Аҳмоқлик айб эмас, аҳмоқлигича ўлиб кетиш ёмон”, “Итдан ёруғлик, битдан чоруғлик чиқмайди”, “Милтиқ кўтарган билан овчи бўлмас, дағдаға солган билан довчи бўлмас”, “Этик ечма отим йўқ деб, томдан кечма шотим йўқ деб”, “Туҳмат тош ёради, тош ёрмаса бош ёради”, “Томдан тараша тушди, бўйнимга яраша тушди”, “Турқи бузуқдан хулқи бузуқ ёмон”, “Синган қўлнинг оғирлиги бўйинга тушади”, “Тирсак яқин бўлгани билан тишлаб бўлмайди”, “Товус танасига қараб яйрайди, оёғига қараб йиғлайди”, “Тойни той қилгунча, эгаси ит бўлади”, “Тандирнинг иси ҳам қашшоққа нон”, “Сигир сув ичганда бузоқ муз ялайди”, “Куя талаган телпакдай”, “Хом қолип гап”, “Ёлланган гўяндадай”, “Ҳам ўт ёқади, ҳам сув сепади”, “Гапи дуруст, аммо яхшилаб қайнатсангиз, ярми кўпикка чиқиб кетади”.

Абдусаид Кўчимов қаламига мансуб эсселарда халқнинг жонли, жозибали тили ўзининг бор нафосати, мафтункор назокати билан кўриниб, қўр ташлаб туради. Бадиий асарларда тобора камёб бўлиб бораётган сўз ва иборалар шодаси ўқувчини ўзига ром айлайди. Муаллиф эссе қаҳрамонларининг характерини очишда, Шукур Холмирзаев каби бир қарашда жўн, аммо ғоят самарали йўлдан боради, ҳар кимнинг характери сопини ўзидан чиқаради. Ишончли, мунозарага ўрин қолдирмайдиган усул. “Сафар” эссесининг бош қаҳрамони Пирмат Шермуҳамедов. Унинг характерида бошқаларда кам учрайдиган ноёб “ўзига хос”лик бор. Айни шу ҳолат жуда тиниқ очиб берилган. Қозоқбойни, Адҳамбекни, Ўрозбойни, Абдуҳолиқни ҳар ҳолда, биламиз. Аммо, эсседан кейин, яқинроқдан таниш учун улар билан уч-тўрт кунга Мўйноққа бориб келиш керак экан”, деган ўй хаёлдан ўтади.

“Сизни ўйлайман…” эссесининг қаҳрамони Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобилов мана қандай тасвирланади: “Қадди тик, бўйи баланд, елкалари ва пешонаси кенг, сочлари орқага силлиқ таралган, шошмасдан қадам ташлаб, бир нималарни ўйлаётгандай, бошини олдинга ташлаброқ юрувчи бу одамнинг сочи, қоши, кўз қорачиқлари-ю, киприкларигача бир-бири билан беллашгандек, тим қора эди. Ўзини бировларга хор қилиб қўймайдиган, ҳақини едирмайдиган, ўзи учун керак бўлган нарсасини узиб олишни яхши биладиган бу киши… унча-мунчани ёнига яқинлаштирмас, ўзи ҳам ҳар ким билан “элакишиб”, “ош-қатиқ” бўлиб кетавермасди. Юриш-туришида ижтимоий арбобларга хос белгилар бўртиб тургувчи шоир ҳамиша шеърий хаёллар оғушида юрарди, менинг тасаввуримча”.

“Ҳайқириқ” эссеси таниқли шоир Азим Суюнга бағишланган. Муаллиф ўзидан кам қўшади, эссе қаҳрамонини гапиртириб, кўзлаган мақсадига эришади. Бир йиғинда олимнамо бир киши шоирдан шажарасини сўраб қолган экан, Азимбой мана бундай жавоб қилибди: “Менинг отам Олим, Олимнинг отаси Суюн, Суюннинг отаси Мирзабой, Мирзабойнинг отаси Норбой, Норбойнинг отаси Қўйгелди, Қўйгелдининг отаси Оллоёр, Оллоёрнинг отаси Ақад, Ақаднинг отаси Аширмат, Аширматнинг отаси Суюшхўжа, Суюшхўжанинг отаси Чурагаймирзо, Чурагаймирзонинг отаси Шомонмирзо, Шомонмирзонинг отаси Бегихийро, Бегихийронинг отаси Холмат, Холматнинг отаси Чўянкалтак, Чўянкалтакнинг отаси Қирошар…”.

Эсседа шоирнинг ўзига хос характери, ички дунёси саҳифадан-саҳифага очилиб боради. “У залворли овози билан шеър ўқиганида бошқа шоирларнинг ҳам ҳаваси келиб кетади”, “давраларга довулдай дувур билан кириб боради, у кирган давралар чақмоқдай чақнаб кетади…”

Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” асари дебочасида: “Олдимга онча душворликлар юзланди ва теграмда онча саъб гирифторликлар айланди ва бошимға сипеҳр онча бало тошларини отди ва ишқ сипоҳининг лагабкуби (тепки, зарбалари) заиф пайкарим била сўнгакларимни онча оёқ остида ушотдиким, не ўзимдан хабарим, не ўзлугим била ўзимдин асар қолди”, деган эди. Кўнгилни тозалаш нима? Умрини ирқчиликка қарши курашга бағишлаган Нельсон Мандела буни шундай ифодалайди: “Юрагингдаги нафратни қувмай туриб, ўзгаларнинг нафратидан халос бўла олмайсан”.

Абдусаид Кўчимов эсселарида қаҳрамонларнинг характери, турмуш тарзи, ўй-фикрлари, маънавий-ахлоқий принциплари, айрим “хос” жиҳатлари саргузаштлари билан бирга, уйғун ҳолда қаламга олинади. Айни шу уйғунлик янги давр адабиётида ижтимоий юки тобора ортиб бораётган эссе жанрига қизиқишни кучайтирмоқда. Адабиётимизда “эссе чанқоқлиги” деган зарурат юзага келмоқда. Бунинг боиси нимада? Фикримизча, эссе бизни жуда узоқ давом этган, қон-қонимизга сингиб кетган бирёқлама таҳлил қолипидан, кўнгил тубига етиб бормаслик, юзаки, ўринсиз хулоса чиқариш, ҳаётий ҳақиқатни маълум мақсадга мослаштириш иллатидан қутқарди. Бир қарашда бир мунча ноанъанавий туюладиган, жанрнинг эски қолипига тушмайдиган эсселар бугун ўқувчининг ижодкорни у ҳаётда, ижодда, тафаккурда қандай бўлса, шундайлигича англашга доир чанқоқлигини қондираётир. Иссиқ деб совуқдан, ютуқ деб камчиликдан, ёруғлик деб зимистондан кечмаслик, уларни бир-биридан ажратмаслик, бирини иккинчисига қарама-қарши қўймаслик зарурлигини, ҳаёт деганлари фақат оқ ва қорадангина эмас, яна кўп оч ва тўқ ранглар жилосидан иборатлигини англашга даъват этмоқда.

 

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–5

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.