Боққил бу диёрнинг…

0
1132
марта кўрилган.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид шеърияти чорак асрга яқинки, ўқувчилари эътиборини ўзига тортиб келади. Ижодкорнинг ўзи таъкидлаганидек, унинг шоирлиги “ёзилмиш манглайимга бир замонлар”дир.

Айтиш жоизки, шоир лирикаси турли даврларни ўз ичига қамраб олади. Бироқ унинг шеъриятида шундай бир “сўз йўли” , “ижод мавзуси” борки, уни алоҳида куйламоқ шоир учун ифтихордир.

 

Сўқмоғингда мен бир эпкин ё бир насимман,

Япроқ сенинг, хас бўлсам гар сенинг хасингман.

 

Ҳа, С.Саййиднинг “ижод мавзуси”ю, алоҳида сўз йўли бу – Она юртга муҳаббат, севги ва садоқат йўлидир.

Албатта ҳеч бир шоир йўқки, ўз Ватани ҳақида шеър ёзмаган, халқига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини тўлқинланиб тараннум этмаган бўлса. Сирожиддин Саййид шеъриятининг ўзига хос фазилатларидан бири шуки, кўнгил кечинмаларида она юрт тимсоли тасвирини теран мазмун, бадиий етук гўзал ўхшатишлар бирлашмасида тараннум этилишидир. Шоир лирикасида она юртдан фахрланиш, Ватан равнақи ҳақида ўйларга берилиш, маънавий софлик, олижаноблик, эзгулик ҳақида мушоҳада юритиш каби хусусиятлар бўртиб кўринади. С.Саййид ҳам бошқа шоирлар сингари ўз ижодида Ватан гўзаллиги, иқболи, шунингдек, унинг машаққатли тарихи ва тақдирини поэтик гавдалантиришга эришади.Ватан дардларини куйлаш, шу тупроқда яшаётган фидойи фарзанд каби унинг дардларига малҳам бўлишга тайёр туриш шоир шеърларининг асосий ғояларидан биридир.

Эътиборлиси шуки, С.Саййид Ватан манзарасини жимжимадор сўзларсиз, ҳайқириғу даъватларсиз содда ва самимий тарзда акс эттиради. Албатта, мозийга назар ташласак, Ватан “қирларидаги бир хас ё тикан, шу ҳам кимларгадир зўр армон экан” лигига гувоҳ бўламиз. Шоир ўз юртининг улуғворлигидан, “ Ҳар хасида юз минг боғнинг қиссаси, Чинорлари осмонларнинг ҳассаси” лигидан фахрга тўлади.

 

Мен Ватанни на китоб, на

Жаридадан ўрганганман,

Момоларнинг юзидаги

Харитадан ўрганганман.

Боболарнинг таёғи-ю,

Чориғини кўргандайман,

Мен Ватанни сўрилардан,

Сўқмоқлардан ўрганганман.

 

Келтирилган мисраларда сунъий бўёқдорликнинг йўқлиги, халқчил, содда ва теран мазмунга эгалиги билан ҳам шоир шеърияти таъсирчан. Мазкур сатрлар тилининг равонлиги билан ҳам ёдда қолади. Сирожиддин Саййид шеърларидан яна бирида Ватан тимсолининг чизилганига эътибор беринг: “ Дил пораси, кўз қораси сен ўзингдирсан, Менинг кўнглим сен аслида, сен кў­зимдирсан. Томиримда томир ёйган илк сўзимдирсан, Илк оғриғим, илк ёмғирим, найсоним, Ватан”.

Шоир “ Ватан абадий ” шеърида кўнглида ин қурган саволлардан бирини ошкор этади: “ Ким ахир бу даҳри дундан ўтмагай? Ким ахир бир куни асо тутмагай”. Эътиборлиси, Сирожиддин Саййид Ватаннинг абадий эканлигини мана шу риторик қаторларда қатъий ифодалаб беради. Шундай бўлса-да, шоир дилидаги бу ҳақиқат юрак қаридан отилиб чиқади:

 

Тандан жон кетар,  лек Ватан кетмагай,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Дарҳақиқат, юқоридаги каби сатрларда ифодаланган оригинал ўхшатишлар ҳаётий асосга эгалиги ва ҳиссий қудрати тенгсизлиги билан шеърхонни ўзига ром этади.

Албатта, ҳар қандай шоир ўз юртининг гўзаллиги, унинг сўлим гўшалари бисёрлигидан фахрланиб, ички кечинмаларини ифода этади. Дарҳақиқат бу дунёда гулучаманлар, кўзни қувонтирар маконлар кўп. Бу ҳақда шоир: “оламга боқ – қанча боғ, Қанча гулу чамандир. Бир томони Чин-Мочин, бир томони Ямандир”, – дея эътироф этиб, аммо булар орасида Она юрт ягоналигини “Бир жисм-жони тандир, Ватан битта Ватандир” эканлигини, зеро, Ватандан бошқа ҳар қандай макон “Қаён борсанг – онангдай, Йўлларингда зор бўлмас” дея хитоб қилади.

Доно халқимизда “Она юртинг омон бўлса, ранги-рўйинг сомон бўлмас”, деган ажиб нақл бор. Бу ҳақда шоирнинг:

 

Баланд-баланд тоғларда

Бекорларга қор бўлмас.

Чирқираган полапон

Бежиз бир кун сор бўлмас.

Бўталари изидан

Келмаса гар нор бўлмас,

Юртинг – сенинг юзингдир,

Юртнинг ўзи бор бўлмас.

 

Каби ўтли сатрларидаги “Юртинг – сенинг юзингдир” мисраси халқ ҳикматларини тўлдирибгина қолмай, шеърхонда юрт тўғрисида чуқур мулоҳаза юритиш ҳиссини уйғотади. Негаки, шу Ватан, шу юрт “Ўзингники шу гулшан, Ё койинсанг, ё суйсанг”.

Инсон туғилибдики, ато этилмиш кўп неъматларнинг маънисини англашга ҳаракат қилади. Инсон Ватан танламайди, дейишади. Ватанни қандай англаш мумкин?! Балки нафас олаётган, кўз ўнгимизда ўтаётган умримиз лаҳзаларидан, балки… “ Элнинг ҳар они, давру давронлари Ватандир ”.

Сирожиддин Саййид айтади:

 

Шабнам-шабнам тонгларда

                               Жайронларга айланган,

Онанг сувлар сепганда

                                Райҳонларга айланган,

Бир кечада соғинчинг осмонларга айланган,

Соғинчларингдай зангор

                                Осмонлари Ватандир.

 

Шоир шеъриятида Ватан мавзуси кенг ёритилганки, бу билан Ватанга муҳаббат, чексиз ҳурмат туйғуси алоҳида ўрин тутади.

Сирожиддин Саййид шеъриятини мутолаа қилиш киши руҳиятини поклайди, туйғуларини баланд қилади, асосийси, маънавий жиҳатдан юксалишига, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англаб етишига сабаб бўлади.      

 

Зокир Пардаев,

Миллий университет аспиранти 

 

“Ёшлик”, 2011 йил, 10-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.