Бобур ижодида Ватан мадҳи

0
7484
марта кўрилган.

Улуғ бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида сўз борар экан, унинг тарихимизда, адабиётимизда беқиёс ўрин тутганига аҳамият қаратиш жоиз. Айниқса, шоирнинг мумтоз шеъриятимизда янгича руҳ – Ватан ва унга бўлган ишқ улуғворлиги йўғрилган шеърлари диққатга сазовордир.

Шу ўринда адабиётшунос олим В. Раҳмоновнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтишни жоиз деб топдим:,, Бадиий маҳорат бобида бирор ўзбек шоири Бобур билан беллаша олмайди.… унинaг мумтоз шеъриятга дадил киритган таржимайи ҳоллик хусусияти ҳам Бобур шеъриятини алоҳида нурлантириб туради. Ана шу кейинги хусусият шоирнинг ватанпарварлик туйғуларига жон бағишлайди”.

Дарҳақиқат, Бобур ижодига назар ташлар эканмиз, кўпгина шеърлари ҳасби ҳол мазмунида бўлиб, мавзу жиҳатдан ватан ва унга бўлган соғинч асосий ўринга чиқади. Унинг ижодида ўз ҳаёти билан бақамтилик сезилиб туради: шоҳ сифатида бошига тушган қийинчиликларни қоғозга туширади. Зеро, ватандан айролик, ватанига ҳукмдор бўлолмагани шоир наздида ўз,, хато”ларидан бири эканлигини ёзади:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерин қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Тарихий асарларга назар ташлар эканмиз, ўша даврда Мовароуннаҳрдаги ижтимоий-сиёсий муҳит Бобурнинг юртда узоқ вақт ҳукмдорлик қилишига йўл бермаган. Бобурнинг ўзи хусусидаги юқоридаги айблови эса унинг ўзига нисбатан талабчанлигидан, камтар инсон бўлганидан далолат беради. У бениҳоят азият чекиб, ўзга юртга (аввал Кобулга) кетишга мажбур бўлади. Шоир бу ҳақда қуйидаги ғазалда шундай дейди:

Эл билмаса ҳолатим, билур ёр,

Ҳолимдин эрур Худой огоҳ.

Кобул сори гар азимат этсанг,

Қурбон қилай ўзни санга, эй шоҳ!

Бобур яна ўтлуқ оҳ чектинг,

Куйдурмасун элни оҳ ногоҳ!

Кўринадики, Бобур ҳаётидаги турли қийинчиликлар, қарама-қаршиликлар, гарчи у заковат бобида ҳам муносиб тарбия кўрган бўлса-да, унинг ақл чархини янада ўткирлаб, донишмандга айлантирди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, унинг кўпгина ғазалларида файласуфона руҳ яққол намоён бўлади:

Улуснинг таъну таърифи манга, Бобур, баробардир,

Бу оламда ўзумни чун ямон – яхшидин ўткардим.

У Мовароуннаҳрни тарк этгач, ижодида Ватан мотиви янада кучайди, алоҳида ҳасратли мазмун касб этди. Эндиликда ватан тушунчаси ҳам, ғурбат ва ғариблик тушунчалари ҳам кенгаяди, конкретлашади. Шоирга она юртда қолган дўст-у ёр, хеш-у ақраболар ва, ҳатто, туғилган ўлка табиати, ноз-у неъматлари Ватанни эслатади, унинг бир бўлаги сифатида соғинч билан орзу этилади, ардоқланади:

Қовун бирла узумнинг ҳажрида кўнглимда ғам ҳар сў,

Оқар сувнинг фироқидин кўзимдин ҳар дам оқар сув.

Маълумки, Бобур адолатли подшоҳ сифатида, ҳукмрон бўлган юртларда ҳам адолатли сиёсат юритди. Халқни маърифатга, бунёдкорликка чорлади. Маънавий ҳаётга салбий таъсир этувчи омиллардан воз кечиб, жамият ҳаётида уларни таъқиқлаб қўйди. Ҳинд халқи ҳаёти ва маданиятининг гуллаб-яшнашига юксак ҳисса қўшди. Ўзининг илм-у ирфони билан маърифатни янада ривожлантирди. Аммо умр бўйи унинг хаёлини Ватан, унга бўлган интилиш банд этди:

Не ерда бўлсанг, эй гул андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибинға тараҳҳум айлагилким, андижонийдир.

Демак, Бобур ижодида ватан мотиви ғоят юксак аҳамият касб этади. Зеро, у ўзга юртда ошён қурган бўлса-да, ўз юртини, ўзлигини унутмаган чин ўзбек фарзандидир.

 

Нилуфар ЧЎЛИЕВА

 

“Ёшлик”, 2013 йил, 10-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.