“Бир туш кўрдим, тушимда…”

0
1333
марта кўрилган.

(Рауф Парфи ижоди Америка олимлари талқинида)

 

Американинг “Шарқ ва Ғарб адабиёти” (“Literature East and West”) журналида 1967 йилнинг 11 ноябр сонида уммонорти жадидшунос олими Эдворт Олвортнинг “Марказий Осиё адабиётига миллий уйғониш кайфиятининг қайтиши” (Edward Allworth. An old mood returns to Central Asian literature // Literature East and West. 1967,11.2: pp. 149-154.) мақоласи чоп этилди. Америка олими мазкур мақолада анъанавий тадқиқот объектларидан фарқли замонавий, ўша пайтда ўзбек адабиётига эндигина кириб келаётган шоирлар – Рауф Парфи, Мукаррама Муродова, Дилором Тожиева ва Гулистон Шомуротовалар ижоди таҳлилига тўхталади. У Р. Парфининг “Букун бир туш кўрдим” (1966) шеърини инглиз тилига ўгиради ва шеърнинг тўлиқ матнини (ўзбек ва инглиз тилларида) ўз мақоласига илова қилади. Айни пайтда, Мирмуҳсиннинг “Зиёд ва Адиба” ва Н. Охундийнинг “Болшевиклар ўлкасида” каби даврни улуғловчи, замонабоп шеърларидан намуналар келтириб, улардаги шакл ва мазмун, мавзу ва ғоя ифодасидаги муайян фарқлар хусусида тўхталади.

Америка олими Р. Парфи ва унинг 70-йиллардаги издошлари яратган ижод намуналарини анъанавий шеъриятдан фарқли, янги адабий феномен сифатида баҳолайди. Шу шеър тадқиқига тўхталган олим: “Рауфнинг ушбу шеъри адабиётга янгича қиёфа олиб киришидан ташқари, а-а-б-а ёки а-а-а-б шаклидаги анъанавий шеър тузилишидан фарқли ўзига хос, ҳатто Ғарб шеър системасида ҳам кам учрайдиган тузилишга эга”, деб ёзган.

Э. Олворт Рауф Парфи шеъриятидаги шаклий ўзгаришларни Европа ва классик шеърий системалар билан чоғиштириб, унинг ўзига хос услубда яратилганлигини асосан тўғри изоҳлайди. Шоир ўз кечинмаларини мавҳум ижтимоий синфлар эмас, балки ички индивидуал муҳит воситасида, тарих ва шахс ўртасидаги боғлиқлик аниқ бир макон, Бухоро орқали акс эттирганлиги, ички туйғуларни нозиклик билан, ўз ўрнида, ажойиб тарзда, образли тасвирлагани ҳақидаги кузатишлари ҳам эътиборга молик.

Баҳри муҳит орти тадқиқотчисининг 1960 йилларда юртимиздаги адабий жараёнлар, давр шеъриятининг энг сара намуналарига муносабати унинг нозик кузатувчанлик ва сезгирлик қобилиятига эга эканлигини кўрсатади. Чиндан ҳам ўтган асрнинг 60-йилларида, социалистик реализм анъаналарида кўз очган утопик ғояларни улуғловчи бадиий асарлар тўлиб-тошган бир пайтда Рауф Парфи қаламига мансуб бундай услубдаги шеърларнинг яратилиши ўша давр учун ўзига хос аҳамиятга эга эди. Қолаверса, шоирнинг нафақат мазкур шеъри, балки унинг бутун бир лирикасига хос мураккаб мушоҳада йўсини, руҳий кечинмаларнинг ўзгача услубдаги таҳлили унинг замондошлари орасида ўз имзоси ва овозига эга шоир бўлганлигидан далолатдир.

Эдворт Олвортнинг “жадид адабиётида акс этган миллий уйғониш кайфияти Рауф Парфи каби ёш ижодкорлар шеъриятида ҳам акс этмоқда” қабилидаги фикрларидан “Рауф Парфи Бухоро мотиви воситасида миллатпарварлик ғояларини тарғиб қиляпти” деган қарашни илғаш мушкул эмас. Англашиладики, олимнинг ушбу тадқиқотида ҳам эскича ёндашув тамойили, яъни шеър таҳлилида асосий урғуни ғояга – адабий матнни сиёсатга хизмат қилдириш усули кузатилади. Аниқроқ қилиб айтсак, олим таҳлилда шеърнинг фақат ижтимоий-ғоявий қийматини кўрсатиш билангина чегараланган.

Демак, Р. Парфи ижодининг генетик илдизларини авваламбор миллий шеърият, қолаверса, немис романтизми, француз символизми орқали жаҳон адабиётига кенг тарқалган верлибр (сарбаст), рус шеъриятининг силлабо – тоник шеър тизимига хос эркин шеър, Болтиқбўйи халқлари поэзияси анъаналарининг ижодий ўзлаштирилиши каби кўплаб факторлар билан боғлаб изоҳламоқ лозим. Зотан, мисралардаги бўғинлар сони, уларнинг чўзиқ-қисқалиги, туроқланиш ёхуд қофияланиш тартибида эркинликка интилиш Р. Парфининг ихтиросигина эмас. Графика ва интонация, эмоционал тўйинтирилганлик, сўз ва товуш такрорлари, ритмик урғуларга аҳамият қаратиш, кечинма ва оҳанг маромининг фикр-туйғуга монанд, сўз англатган маъно асосида ўзгариб туриши миллий ва жаҳоний тажрибаларни ижодий ўзлаштириш самараси эди. Афсуски, Эдворт Олворт муаммога бундай кенг кўламли тарзда теран ёндаша олмайди.

Ғарб дунёсида яратилган адабий танқид назариясига оид тадқиқотларда матн таҳлили билан боғлиқ бир-бирига ўхшаш қарашларни учратиш мумкин. Жумладан, инглиз олими Хенс Бертенс ва рус академиги Н. П. Сакулин муайян бадиий асарни ижтимоий-ғоявий жиҳатдан таҳлил этганда “нима учун ижодкор айнан мазкур мавзуда санъат асари яратди”, “ушбу мавзуда асар яратишнинг сабаби нимада”, “бу мавзу нимани англатади”, “шоирнинг янгича ёндашуви асосида қандай мақсад ётади”, “бадиий матн кучи қайси элементга асосланган”, “бадиий матндаги калит сўзларнинг ички ва ташқи шакли, образлар структураси ва ғоя тузилишида қандай поэтик асослар мавжуд” каби қатор саволларнинг қўйилиши ҳам, матн тадқиқида ҳам танқидчининг матн борасида тўғри хулосалар чиқаришда муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди.

Бадиий матнни Европалик олимлар таъкид этган муаммолар атрофида таҳлил қилиш, қўйилган саволларга жавоб топиш нафақат матн моҳиятини тўғри идрок қилиш, балки ижодкор ҳаётидаги муҳим нуқталарни ойдинлаштириш, асар яратилишидаги ижодкор руҳий кечинмаларини тасаввур қилиш каби масалаларни ҳам ойдинлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Эҳтимол шунинг учун ҳам Э. Олворт, Р. Парфи шеъриятидаги моҳиятни ҳам Хенс Бертенс ва Н. П. Сакулин таъкид этган назария асосида ечишга интилади. У бадиий асар поэтикасини шакл лингвистикаси асосига қўяди ва шеърдаги ғоя тадқиқида формал методга таянади. Тадқиқотчи таҳлилларига синчков назар ташланса, унинг шоир нима учун айнан Бухорога мурожаат этгани сабабларини қидираётганлигини англаш қийин эмас. Э. Олворт ўз эътиборини шеърдаги, мумтоз адабиётимиз намуналарида кўп учрайдиган “гулшан”, “паришон” каби сўзларнинг маъно қатламларига қаратади. Агар Р. Парфининг “Бир туш кўрдим” шеъри таҳлилига давр ижтимоий воқеликлари ва тарихий шароит нуқтаи назаридан ёндашилса, америкалик олим хулосалари ҳақиқатга яқин эканлиги ойдинлашади. Зеро бадиий яратиқ ижодкорнинг ўз атрофидаги жараёнларга муносабати маҳсули. Шоир сўзи – жамият тили, халқининг юрагидир. Қолаверса, кучли ижтимоий муаммоларни гўзал поэтик воситалар билан ифодалаш Рауф Парфи ижодининг характерли жиҳатларидан бири бўлган.

Аслида ўтган асрнинг 60–70-йилларида нафақат Рауф Парфи, балки бошқа шоир ва ёзувчилар ижодида ҳам ижтимоий мотив кенг кўлам касб этиб, уларнинг айримлари озодлик ғояларини турли хил рамзлар воситасида акс эттирганликлари ҳам айни ҳақиқат. Аммо АҚШ ўзбекшуноси таҳлил усули мазкур шеър поэтикасининг барча муаммоларини очиш, уни бадиий-эстетик нуқтаи назардан тадқиқ этиш имконини бермаган. Бундан ташқари Э. Олворт илгари сурган ижтимоий концепция аниқ таҳлил ва мисоллар воситасида кўрсатилмайди. Миллий уйғониш кўринишлари айнан қайси сатрларда, қай йўсинда ва қандай образлар ёки поэтик воситалар ёрдамида акс этганлиги хусусида ҳам ҳеч гап йўқ.

Бизнингча, Рауф Парфининг “Букун бир туш кўрдим” шеъри моҳияти унда зуҳур топган Бухоро ва туш образларининг поэтик мотивига алоқадорликда кенгроқ очилади. Маълумки, Бухоро қарийб уч минг йиллик тарихга эга шаҳар. У Марказий Осиёдаги энг муқаддас, афсонавий тарихга эга, шон-шарафга бой шаҳарлардан биридир. Бухоро нафақат диний марказ, балки эстетик туйғулар юксак қадрланган маскан экани билан ҳам ҳурмат-эътибор қозонган. У неча-неча буюкларнинг бешигини аллалаган, неча-неча алломалар хокини бағрига олган, минглаб жангу жадалларга шоҳид макондир. Шоир гўзал Бухоро, унинг минораларида мужассам қудрат, шон-шараф орқали миллатнинг маданиятини, куч-қудратини, бой тарихга эга ўтмишини намоён қилмоқда. Айниқса, шоирнинг мазкур бадиий-ғоявий концепцияси унинг қуйидаги сатрларида кульминацион нуқтага етган.

 

Ул айирди мени ҳушимдан,

Юрагимни кўрган эмишман…

Букун бир туш кўрдим. Тушимда

Бухорода юрган эмишман.

 

Шоир нигоҳидаги юрак бу – ўзлик. У юракни кўриш билан ўзликни идрок этиш, англаш мақомига етади. Шоир ўзлигида эса бутун бир миллат, унинг қудратини намоён қилиш ғояси мавжуд.

Ўтган асрнинг 60-йилларида ҳам бу каби шеърлар “миллатчиликни тарғиб қилувчи шеърлар” қаторида баҳоланиши табиий ҳол эди. Шу сабаб ҳам Р. Парфи буни ифодалашда туш мотивидан фойдаланган. Р. Парфининг таҳлилга тортилган шеърида “Бухоро” ва “туш” образлари икки тарафлама: ҳам бадиий, ҳам ижтимоий мотив ўлароқ шоир ғоявий-эстетик мақсадига хизмат қилган.

Рауф Парфининг “Бир туш кўрдим” шеъри турли даврларда кекса ва янги авлод Америка ўзбекшунослари эътибори марказида бўлиши шеърнинг ўзига хос поэтик кучга эга эканлиги билан изоҳланади. Қолаверса, шоирнинг америкалик мухлиси Рейчел Ҳаррел таъкидлаганидек, унинг ижодида хаёлот мураккаблиги инъикос этади. Шеърлари гўзал, силлиқ ўқиладиган, китобхон эътиборини тортиб, воқеликка яхшироқ назар солишга, рамзий маъно қатламларини янаям чуқурроқ англашга чорлайди. Бу каби муносабат Рауф Парфи шеъри мисолида ўзбек адабиётининг куч-қудрати, келажаги, ёрқин манзиллар соҳиби бўлиш имконига эга эканлигини кўрсатувчи ёрқин далилдир.

 

Букун бир туш кўрдим. Тушимда

Бухорода юрган эмишман,

Юксак миноралар бошимда,

Оёқларим остида гулшан.

 

Бухорода юрган эмишман,

Мен-ла бирга юрармиш Қуёш.

Эрир эмиш, оқар паришон

Муз асридан омон қолган тош.

 

Юксак миноралар бошида,

Менга ҳасад билан боқармиш

Асрлар бир дамдай қаршимда

Зангор олов бўлиб оқармиш.

 

Оёқларим остида гулшан

Зангори оловлар давоми…

Бухоро зангори гул ушлаб,

Мени асир этди тамоман.

 

Ул айирди мени ҳушимдан,

Юрагимни кўрган эмишман…

Букун бир туш кўрдим. Тушимда

Бухорода юрган эмишман.

 (Рауф Парфи)

 

Today I had a dream. In my dream

I seemed to stroll in Bukhara.

Tall minarets above my head,

Beneath my feet a rose garden.

 

I seemed to stroll in Bukhara,

Along with me strolled the Sun,

It seemed to melt, a flowing perplexity

An unhurt stone left by the ice age.

 

Tall minarets above my head

Seemed to gaze at me with envy.

The centuries momentarily before me

Seemed to flow like pale blue fire

 

Beneath my feet arose garden,

The pale blue of the fires continuing…

Bukhara, having caught the pale blue rose,

Imprisoned me forever.

 

It parted me from my senses,

I seemed to see my heart…

Today I had a dream. In my dream

I seemed to stroll in Bukhara

 

(Эдворт Олворт таржимаси)

 

Зулхумор МИРЗАЕВА

 

“Ёшлик”, 2013 йил, 9-сон

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.