Бадиий-фалсафий тафаккур қирралари

0
1691
марта кўрилган.

Интеллектуал шеъриятнинг табиати

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг бадиий асар, адабий жараён, сўз санъаткорларининг шахсияти ва истеъдодининг табиати хусусида фикр юритилган мақолаларида шоирона эҳтирос, теран мушоҳадакорлик балқиб туради.

Шу жиҳатдан қараганда, Шуҳратнинг “Ҳақгўй ва некбин” мақоласи Шайхзода ижоди мисолида фалсафий шеъриятнинг муҳим белгиларини кўрсатишлиги, хусусиятларини очиб беришига, эстетик баҳолашга қаратилган моҳияти билан нажиб. “Шайхзода табиатан мулоҳазакор, файласуф шоир эди. Бу нарса мавзунинг туб моҳиятини очиб ташлашни, йирик масалаларни, кўламли мавзуларни қаламга олишни тақозо этарди”. Кўринадики, масала ижодкор шахсиятига келиб боғланяпти. Хусусан, мавзуни танлаш, белгилаш ва унга ёндашув, чиқарилажак бадиий-эстетик ёхуд ижтимоий-фалсафий хулоса-фикрлар адабий асар табиатини тайин этар экан. Шайхзода шахсиятини безаган “илмий мулоҳазаларининг баркамоллиги, суҳбатининг ширинлиги ва кўнглининг очиқлиги” ижодининг юксак савиясини белгилашда асосий омиллардан бири вазифасини ўтади. Адиб Шайхзоданинг табиатан ўта камтарлиги, фикрлари теран ва зийраклиги, чақиндек тиниқ ва ёрқинлиги сингари сифатларни алоҳида кўрсатиб ўтади. “Ўта ҳозиржавоб, оқ кўнгил, зийрак, фикрлари равон, ҳазил-мутойибага доим майли бор шоир эди. Суҳбатда енгил юмор ишлатишга, кутилмаган иборалар топишга, қисқа ва лўнда фикр билдиришга ҳаракат қиларди”.

Шуҳрат устози Шайхзоданинг шахсиятини зийнатлаган хусусиятларга асосий урғу бераркан, бадиий ижод давр-замон билан, эл-юрт юмушларию ташвишлари билан боғлиқ воқе бўлади, дея тушунтиради. Ана шу омиллар адиб ижодининг ижтимоий аҳамиятини ташкил қилади. “Замоннинг аниқ позициясида туриб энг муҳим мавзуларга ёндашиши, ўзига хос оригинал, муболағали тасвирлари, кутилмаган ва тутилмаган қофиялари, янги зарбдор вазнлари” Шайхзода шеъриятининг бадиияти нечоғли ўзига хос бўлганлиги далолатидир. Демак, сўз санъаткорининг онг-шуури ўзлигини, интеллектуал салоҳиятини тайин этаётир ва шу билан баробар, ана шу ақлий заковатни ўрганишга, таҳлил этишга асос яратаётир. Сўз санъаткорининг онг-шуури ўзининг нечоғли мавжудлигини ошкор этаркан, шахслик даражаси ҳаётий муҳит ва шарт-шароит билан кўп жиҳатдан боғлиқ намоён бўларкан.

Шуҳрат интеллектуал шеъриятнинг ўзига хос аломатларини кўрсатиш баробарида, уч омилнинг чамбарчас уйғунлигига алоҳида диққатни қаратади. Хусусан, истеъдоднинг фаоллиги поэтик моҳиятни белгилаш баробарида, ижодий ҳолат мазмунини, етакчи хусусиятларини тажассум этади. Бу борада, асар тили ҳал қилувчи омиллардан биридир. Фалсафий асар тили алоҳида чархланган, тарашланган, ёниб турган сўзлар тизимидан ташкил топади. Оддий сўзлашув нутқи ёки публицистик қасида йўсинидан кескин фарқ қилади. Ижодий ғоя ва поэтик образлар билан узвий алоқадорликда шоирнинг муайян ҳиссий-эмоционал ҳолатини, тафаккур закосини ёритишга қаратилади. Шайхзоданинг шахсияти билан поэтик заковати уйғун ҳолда намоён бўлганлигини “Мирзо Улуғбек”, “Жалолиддин Мангуберди” трагедиялари мисолида кўрсатади. “Шоирнинг тили юксак услубдаги адабий тил. Унда маълум даражада улуғворлик, тантанаворлик бор. Бу тил унинг фалсафий шеърларига жуда монанд, катта, кенг, чуқур масалаларни кўтаришга қўл келади. Назаримда, шоир ижодий табиатидаги бу ўзига хослик тарихнинг катта қатламларини кўтаришда унга ёрдам берганлиги, шубҳасиз. “Жалолиддин Мангуберди” ва “Мирзо Улуғбек” трагедияларининг кўпчилик қаҳрамонлари билимли кишилар, улар чуқур мулоҳаза юритадилар, замон ва тарихга, ҳаётнинг катта масалаларига муносабат билдирадилар”.

Фалсафий асар ҳаёт, жамият, одамлар ва тақдирлар тўғрисида фикрлар экан, бадиий идрок ва ифода маданияти ҳам шунга монанд кечади. Теран мушоҳадакорлик ҳар бир сўзнинг замирига чўғ солиб нурлантиради. Шуҳрат юқорида қайд этилган мақоласида Шайхзода трагедияларининг бадиий-эстетик хусусиятларига, яратилиш тарихига, поэтик тили ва образлари психологиясига оид қимматли кузатишларини айтади: “… У Жалолиддин ёки Улуғбек ҳаётини ёзмоқ учун жуда катта тайёргарлик кўрди. Киши ҳайратда қоладиган даражада қунт билан синчиклаб ўрганди, улар ўтган ерларни қайта-қайта бориб кўрди, турли кишилар билан суҳбатлашди. Айниқса, Улуғбек образини яратиш мураккаб ва масъулиятли иш эди. Адабиётда кўп тилга олинган, талай китоблар ёзилган бу машҳур зотнинг яна бир турда, ҳали ҳеч ким қаламга олмаган фазилат ва хислатлари билан тасвирлаш, баркамол бадиий образини яратиш оғир ва завқли иш эди”.

Шуҳрат мулоҳазаларида Шайхзода бадииятини таъминлаган ҳаётий ҳамда психологик ҳолатлар уйғунлиги алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Мирзо Улуғбекнинг фикрлаш йўсини атроф-муҳитнинг деталлаштирилган аниқ ҳолатлари, ҳаётий омиллар тиниқлиги асосида ёритилади. Характер хусусиятларини белгиловчи фазилат ва хислатлар психологиясини яратиш орқали теран мушоҳадалари табиатини акс эттириш бирламчи эканлиги таъкидланади. Ушбу омиллар Мирзо Улуғбекдек бетакрор ва беназир шахс феноменини ёритишда ҳам асос, ҳам ёрдамчи воситалар вазифасини ўтаяпти. Зеро, улар орқали Шайхзоданинг бадиий-эстетик тажрибасини ёритиш бирламчи ўрин тутаётир. Шайхзоданинг ўз қаҳрамонлари ҳаёти ва тақдирига, маънавиятига бўлган муносабатни очиб бермоқда; беқиёс ижодий тажрибаси Мирзо Улуғбекнинг жамиятга, илм-фанга, тириклик тамойилларига бўлган шахс ва олим тимсолини ўзида мужассамлаштирган оламгир шахсиятини нурлантиришга хизмат қилаётир.

Шайхзоданинг ижодий изланишларини ёритиш жараёнида (бадиий тажрибанинг ўрни улуғ, самараси қутлуғ деб билади) Шуҳратнинг фалсафий шеърият табиати билан боғлиқ эстетик қарашлари намоёнлик топган. Шу маънода, Шуҳрат шеъриятни ҳаёт ҳикматини ўзида мужассамлаштирган, туйғуларни тарбияловчи, тафаккурга қувват бағишловчи юксак маънавий-интеллектуал маданият, деб билади. Воқеа-ҳодисалардан, одамлар қисматидан ибрат ва ҳикмат излаш, ана шу фалсафий мазмунни тимсоллар, образлар тилига кўчириш, ҳаёт ва тақдирлар тўғрисида, олам, одам ва жамият сир-синоатлари хусусида мутафаккирона мушоҳадаларга берилиш Шайхзода услубининг устувор хусусиятидир, деб тушунтиради. Энг муҳими, ана шу жараёнда – интеллектуал шеърият табиатини англаш баробарида, Шуҳратнинг ҳам ўзига хос индивидуал нуқтаи назари кўзга ташланди.

Маълумки, воқеликдан, теварак-атрофимиздан орттирган таассуротлар, тушунчалар дастлаб ҳиссиётлар силсиласи тариқасида кўнглимизга кўчиб ўтади. Сўнгра эса, у онг-шууримизда фикр уйғотади, тафаккур тўфонларини қўзғайди. Шуҳрат “Мирзо Улуғбек” билан “Жалолиддин Мангуберди” трагедияларининг бадиий-эстетик хусусиятларига тўхталар экан, адабиётимизда ҳиссий идрокка асосланган фалсафий тафаккур маданияти устувор йўналишга айланганлигини Шайхзоданинг сўз санъати мисолида исботлайди.

Шуҳратнинг эстетик қарашларида бадиий ижоднинг ўқувчи онг-шуури, психологик ҳолатлари билан боғлиқ жиҳатлари катта ўрин тутади. Ижодкор ўзининг “Қувноқ соз” мақоласида Ҳасан Пўлат қаламига мансуб поэмаларнинг бадиий хусусиятлари ҳақида фикр юритаркан, даврнинг маънавий эҳтиёжларига жавоб излаш, замоннинг ижтимоий талаблари корига яраш сингари омилларни асос сифатида кўрсатади. “Шу боисдан поэма (“Жанговар”) уруш арафасидаги яхши асарлардан бири бўлиб қолди. Унинг жанговар руҳи китобхонни ҳаяжонлантиради, ҳушёрликка чақиради. Чинакам ижоднинг вазифаларидан бири ҳам шу бўлса керак”.

Агар, эътибор берсак, Шуҳрат қарашлари асар нафосати билан бадииятини белгиловчи туйғу-тафаккур уйғунлиги масаласига келиб тақалаяпти. Жисм-ашёлар, мавжудот ернинг тортиш кучидан узилмагани сингари кечинмалар ҳақиқати билан фикр-тафаккур салоҳияти яхлит бир вужудга айланиб кетади. Бири иккинчисини инкор этмаган ҳолда, қаҳрамон руҳияти билан у яшаган жамият психологияси вобаста очишга қаратилади. Бу борада, Шуҳрат “Бизнинг домла” мақоласида “Сароб” асарининг бадиий тароватини таъминлаган тил хусусиятларига доир Абдулла Қодирий билан Чўлпон суҳбатини келтиради. “Худди шу кунларда катта проза асарларига эълон қилинган танлов якунланган, “Сароб” романи иккинчи мукофотни олган, “Кеча ва кундуз” билан “Обид кетмон” шундайгина тақдирланган кез эди. Шунинг учун бўлса керак, бу икки улкан ёзувчининг суҳбати мусобақалашган китоблар устида борарди. Абдулла Қодирий “Сароб”нинг тилини мақтаб келиб, “тили жуда яхши шиббаланган, нам ўтмайди”, деган эди. Чўлпон ҳам уни қувватлаб тўлдирди. “Тилига шак йўқ, жуда пухта. Ҳар сўзни алоҳида жойига михлайди. Образлари-чи? Яхши ишланган. Лекин тилида сал қурғоқлик борга ўхшайди. Хотин-қизларга хос нозикликни ифодалашда майинлик ва нафосат етмаётгандай”. “Менимча, – деди Абдулла Қодирий, – адиб сиз кутган кўтаринки услубдан кетмас. Унда танқид ва фош этиш кучли бўлади. Услуби юморга мойил”.

Бадиий тил зарофати Абдулла Қаҳҳор истеъдодининг олмос қирраларидан бири тариқасида таҳлил этилади. Айниқса, унинг ижодий лабораториясида тил бебаҳо хазинадир, дейди адиб. “Абдулла ака тили нақадар бой ва ширали, нақадар табиий ва жонли, нақадар ранг-баранг ва мусиқий. Абдулла аканинг асар тили устида жуда оғир, узоқ, машаққатли иш олиб боришини биламиз. Бир асарни қоғозга тушуриб олишидан кўра, унинг пардози, сайқалига кўпроқ вақти кетади. Асарга жило беришда тоқатли, инсофли заргардай эринмайди, толмайди, пешона терини аямайди. Ана шундай зўр қунт, фил бардоши билан чекилган заҳматгина Абдулла Қаҳҳорни замондош ёзувчиларимизнинг пешқадамлари қаторига, устозлар даврасига олиб чиқди”, – деб ёзади Шуҳрат.

Кўринадики, воқеликни, инсон руҳиятини реалистик идрок ва ифода этишда ҳиссий тафаккурдан сизиб чиқувчи туйғу маданияти бирламчи ўрин тутади. Реализм, аввало, туйғу билан тафаккурнинг юксак омихталиги, синтези самарасидир. Ҳақ ва ҳақиқатга етишишнинг воситаларидан биридир. Ижтимоий воқелик билан боғлиқликдаги мавзу-мундарижа, сўз санъаткорининг олам ва одам сир-синоатларига муносабатидаги маънавий-интеллектуал қадриятлар Шуҳрат эстетик қарашларининг мағзини ташкил этади. Шеъриятнинг, сўз санъатининг инсон эҳтиёжларини қондиришдан, манфаатларини қадрлашдан ортиқ вазифаси йўқ. Интеллектуал инсон – табиат ва жамият ҳақидаги тафаккур маданиятининг энг баланд ҳолати. Рамзларга, бадиий шартлиликка, тимсолларга таянган фикрлаш тарзи туйғулар реаллигига, ҳаёт ҳақиқатига етишиш, кўриш ҳам кўрсатиш воситаларидир.

Шуҳратнинг қатъий ишончига кўра, дунёни тушуниш ҳамда тушунтиришда ҳиссий-эмоционал идрок бош омил ҳисобланади. Туйғу фикрни уйғотади, такомиллаштиради, эзгулик, адолат, гўзаллик мақомидаги маънавий-ахлоқий қадриятларни ёқловчи тафаккур маданияти тарзида қиёмига етказади. У билим, ижтимоий-фалсафий фикр тариқасида зоҳир бўлади. Шоир туйғу-тафаккурнинг қули ҳам, ҳукмдори ҳам эмас. Фақат туйғу-тафаккурлар ҳақиқатини рўёбга чиқарувчи, бир умр кўнглига эктивор келтириб яшаган, унинг ройишлари билан истакларини амалга оширувчи фидойи бир шахс. Шу маънода, шоир ҳеч қачон ўз кўнглини енголмайди. Кўнглига фармойиш ҳам беролмайди. Унинг буюклигию ожизлиги ҳам шунда.

Шуҳрат эстетикасида кўнгил эрки масаласи ғоят кенг ва рангин қирраларда воқе бўлади. Бадиий асар табиати, ижод психологияси, адабий жараён тамойиллари билан омихта кузатилгани боисдан у образлар қатимига, сўз санъаткорининг тафаккур тарзига, ижодий индивидуаллигига сингдириб юборилади. Айнан ана шу қалбга “мутелик” ошноликка айланиб, ҳамкор-ҳамнафас ҳолатида инсон қувончлари ва дард-аламларини ифодалайди: ҳаёт, инсон, жамият ҳақидаги теран мушоҳадалар тусини олади. Сўз санъати намуналари шу тариқа қадриятлар мақомига эга бўлади: фалсафий, ахлоқий-маърифий мазмун-моҳияти билан ижтимоий аҳамият касб этади, эстетик ҳодисага айланади.

 

Фалсафий лирикада табиат тимсоллари

 

Агар, чиғаноқни қулоғингизга тутсангиз ундан уммоннинг долғали шиддатнок ғувури эшитилади. Улкан сўз санъаткорларининг нафақат мақолалари, суҳбатлари, интервьюлари, шунингдек, шеърлари, поэмалари, қиссалари романларидан ҳам адабий-эстетик қарашларининг эпкини уфуриб туради. Бадиий сўзларига қулоқ тутар, адабий қаҳрамонлари эътирофларини тинглар эканмиз, катта ижодкорларнинг шахс ва санъаткорлик маснадини белгилаб берувчи дунёқараши, ижодий идеали ва эътиқоди уларнинг қалбига сингиб кетганлигидан воқиф бўламиз. Шу боисдан ҳам ижодкорларнинг фикр-мушоҳадалари, адабий қаҳрамонларининг ўй-кечинмалари ёлғиз дил эътирофлари эмас, аслида, улар бизнинг замондошларимиз ҳисобланади.

Ана шу мазмун-моҳиятга кўра нафис сўз санъати вужудга келган кўҳна замонлардан бери лирика олам билан одамни бадиий-эстетик ўрганишдаги ингичка салоҳияти билан бадиий маданиятимиз тарихида салмоқли ўрин тутади. Лирика ҳиссий нафосати, фикрий теранлиги боис, адабиётнинг бошқа турлари силсиласида нуфузи ўзгача. У олам билан одам юрагини забт этган кечинмалару мушоҳадалар уйғунлигида юзага келган объектив моҳияти билан гўзал. Шу боис, халқимизнинг маънавий ҳаётини, шахснинг фикрий-ҳиссий камолотини, миллатнинг ижтимоий-маданий тараққиётини баркамол лирика асарларисиз тасаввур этиш қийин.

Шуҳрат лирикасида ҳам мазкур ёруғ хусусиятлар устувор. Бадиий тафаккур табиатидаги сифат ўзгаришлари ўзига хос бадиий шаклларни (иккилик, тўртлик, олтилик, саккизлик сингари) жанр (баллада, поэма, эртак) ва ифода усуллари хилма-хиллигини тақозо этади. Ҳар бир авлод шоирларининг образлар тизими бир-бирига ўхшамаганидек сўз санъаткорларининг лирик қаҳрамонлари ҳам ҳар бир шеърда бетакрор йўсинда фикрлайди. Ушбу ҳол ҳар бир ижодкор авлодининг бадиият тарихидаги ўзлик қиёфасини белгилаб бериш баробарида, шоирларнинг индивидуал дунёсини ҳам тайин этади. Олам сир-синоатларини, инсон руҳияти иқлимларини теран идрок этиш борасида Шуҳрат тинимсиз бадиий изланишлар олиб борганлигидан далолат беради.

Қуш қанотидаги майда патлари катта патларига қанчалик мададкор бўлса, ҳар бир ижодкор бадииятидаги янги нуқтаи назар, тушунча ва талқинлар бадиий тафаккурнинг ёруғлик даражасини оширади, янги-янги идрок поғоналарига кўтаради. Шу маънода, бадиий тафаккур моҳиятан ҳамиша янгиланишга мойил. Бу нарса унинг ўзгарувчан табиатидаги ўзгармас боқий хусусиятидир. Шуҳрат лирикаси жанрларининг бойлиги, ранг-баранг шаклий изланишлар илдизи ана шу заминдан – ҳаётни, инсонни янгича тушуниш ҳамда тушунтиришдан озиқланади. Табиат ва жамият ҳодисаларини, инсон сир-синоатларини фалсафий тадқиқ этишга мойиллик самарасида сонет, рубоий сингари анъанавий жанрлар, иккилик, тўртлик, фард, олтилик, саккизлик, ўнлик сингари поэтик шакллар Шуҳрат ижодидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бадиий тафаккур табиатидаги сифат ўзгаришлари шоир шеъриятининг эстетик ифода имкониятларини бойитди. Хилма-хил поэтик жанрлар ва шеърий шакллар ҳисобига Шуҳрат фалсафий лирикаси канораларини кенгайтириб юборди.

Бақо ва фано, ёруғлик ва зулмат, эзгулик ва ёвузлик сингари боқий масалалар Шуҳрат лирикасига янги нуқтаи назарлар, бадиий талқинлар, ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-маърифий хулосалар, янги умумлашма фикрлар олиб келди. Воқеликни янгича эстетик ўзлаштириш, табиийки, Шуҳрат шеъриятида янги йўналишларни вужудга келтирди.

Шуҳратнинг бадиий тафаккур тарзида халқона ҳикмат ҳис-туйғу ва фикрнинг омихта синтезидан сизиб чиқади. Бу борада, тахайюллар асосига қурилган образлилик устувор. Хусусан, ижтимоий воқелик юзага келтирган, табиат ҳодисалари уйғотган бадиий фикр лирик қаҳрамоннинг кўнгил чиғириғидан ўтади, туйғу-кечинмаларини ўзига сингдиради, онг-шуурида муайян поэтик образ сифатида шакллангач, ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-тарбиявий маъно касб этган ҳолда теран мушоҳадакорлик ҳосиласига айланади. У бир йўла ўқувчи кўнглида ҳам фикр гулларини ундиради, халқона ҳикматнинг гўзал намуналари сифатида кўз очади:

 

Сен болта урасан, бечора дарахт

Бир чўчиб, бағрига кетар зирқироқ.

Сен ундан ўзингга бунёд этсанг бахт,

У эса мангуга кўз юмар бироқ.

 

Бадиий фикр тарбиявий-маърифий моҳияти билан юзага чиқаётир. Хусусан, кимнингдир иқболи бировларнинг заволи эвазига бўлмаслиги лозим, деган маъно етакчи. Яна, гўзалликни ҳимоя қилиш ҳақиқатни қарор топтириш билан вобаста намоён бўлади, деган ибратни ҳам англаш мумкин. Умуман, шоирнинг табиат ва инсон талқинидаги шеърларида (“Боғ ичидан қараб ўтдинг”, “Инжунинг таърифи бир олам”, “Шу тупроқнинг қулоғиман, кўзиман”, “Мен сенинг номингни тошга ўйибман”, “Сен сувга тош отдинг, балиққа тегди”, “Ўчоқни қазибсан, энди олов ёқ”) она юрт манзараларидан ҳикмат уқиш, ибрат олиш баробарида, инсонсеварлик, ватанпарварлик туйғуларини тарбиялайди. Янаям муҳими, Ўзбекистон табиати халқимизнинг юксак ахлоқий-гуманистик қарашлари билан боғлиқ талқин этилади. Уларда шоир лирикасидаги она юрт образини белгилаган, кечинмаларга тўйинган, фикрга бой маъноли бўёқлар ёрқин ифодасини топган:

 

Ўчоқни қазибсан, энди олов ёқ,

Устига ос, дўстим, тоза бир қозон.

Бўлмаса нимага қазидинг, ўртоқ,

Нимага керакдир бу чанг, бу тўзон.

Ёки:

Субутсиз сўзини тонгги туман бил,

Ё кўприк ўрнига солинган бир қил.

Туманнинг ҳаёти қуёш чиққунча,

Қил ҳоли маълумдир чиқса агар фил.

 

Шуҳратнинг интеллектуал лирикасида фалсафий маъно табиат образлари – деталлар рангдорлиги ва бўёқлар замиридан балқиб туради, бадииятни таъминловчи хос хусусиятга айланади. Бу, шоир эстетик қарашларининг зоҳир бўлишида табиат унсурлари инсоний хислат-фазилатлар касб этаётир, шоирнинг олам ва одам сир-синоатларини тушуниш ҳамда тушунтиришдаги ўзига хос нуқтаи назарлари тизимини белгилаётир.

Шуҳрат табиатнинг сирдош куйчиси дейиш камлик қилади. Табиат шоир учун боқий бетимсол устоз. Яна, ибрат, ҳикмат ва ҳақиқат тимсоли. Она ўлка табиати, Ўзбекистон тупроғи шоир кўнглига сўз сеҳри ва меҳрини сингдирди, адиблик зуваласини пишитиб, камол топтирди.

Шуҳрат эстетикасида ҳар бир сўз қанотли, рамзли. Осмону фалакда қушлар парвозию булутлар хаёли эмас, одамларнинг табиат, жамият, дунё ҳақидаги тасаввур ва тушунчалари ғужғон ўйнайди. Офтоб қозонида қайнайди. Дарахтларнинг кўм-кўк булут шаклини олган фикр-ўйлари нималарнидир айтишликка ошиқиб энтикади. Қалдирғочлар толиқиб симёғочларга, ток сўриларининг ёғоч бағазларига эмас, шоирнинг киприкларига келиб қўнади. Бўғотлардан чак-чак томган томчилар баҳорнинг кўзёшлари эмас, улар дарёлару кўлларнинг, уммонларнинг уруғи. Хурмонинг кўм-кўк шапалоқ баргларидан сизиб оққан сим-сим томчилар, аслида, осмоннинг ерга айтмоқчи бўлган сўзлари. Юлдузларнинг товушлари, офтобнинг эриб сувга айланган, силқиган хотиралари.

Ёмғир томчилари ҳам кўкни ер билан боғлайди. Кўнгилларни барру баҳрларга улайди. Ёмғирдан кейин томчилар ойдин тиниқликни, ёруғ бокираликни, нурли мусаффоликни бошлаб келади. Ер гуллайди. Осмон гуллайди. Олам ёмғир бўйларига тўлиб кетади. Худди тунлар оғушида тонглар бўй кўрсатганидек, тунлар бағрида ёруғлик гуллагани мисоли.

Тимсоллар Шуҳрат поэтикасида сўз-образлар, қиёслар, ишоралар тизимидан иборат рангин бир олам. Ана шу ғоят турфа образли тахайюллар орқали акс этган маънолар дарахти у. Қалбнинг тўрт фасли шабадалари ошён қурган. Шу боисдан ҳам биз унга ҳамиша талпинамиз, баҳра оламиз.

 

Сен қорда изингни мағрур кўрсатиб,

Дедингки, муҳрдек ёнишига боқ.

Исмини қор эмас, тошга нақш этиб,

Хокисор юрганлар бордир, эй ўртоқ.

 

Ушбу сатрларда ифодаланган ҳар икки ҳолат ҳам фикрлаяпти. Бургут билан илоннинг хатти-ҳаракатига рамзли маъно юклаш орқали шоир табиатдан ибрат олишга, ҳикматли маъно уқишга ундайди. Мазкур хусусият Шуҳрат шеъриятида тасвирий санъатнинг таъсири самарали ва салмоқли кечганлигидан далолат беради. Аслида, тасвирий санъат – ҳис-туйғуларнинг ифода маданиятидир. У Шуҳратнинг шеърий шакллардаги изланишларида фалсафий мушоҳадакорликни акс эттиришига кўра, алоҳида йўналишга айланган.

Шуҳрат тўртликларида лирик қаҳрамоннинг психологик ҳолати, кайфияти ва кечинмаларини суратлантириш тимсолнинг муҳим белгиларидан бири сифатида бўй кўрсатади. (“Нурдан ўз қалбинг бебаҳра экан, кўксинга таққанинг гул эмас, тикан”; “Тулкилар минбарда нутқ сўзлаганда, Лозимдир хўрозлар ҳушёр тортиши”; “Бу умр нодонга беқиёс узун, Донога туянинг думидек қисқа”; “Қатиқнинг юзини ёғ босса агар, “Хўп яхши бўпти!” – қувонар онам. Дўстларнинг кўзини ёғ босса агар, фарёдки, ғафлатда қолибди олам”; “Сен кеккайма! Кеккайган қамиш бўйра бўлиб ётар, ана боқ! Эзғиласа кўксини оёқ, эшитилар ҳасрату нолиш” сингари). Мазкур тасвирларда шоирнинг оҳорли бадиий-фалсафий, ахлоқий фикрлари табиат бўёқлари ва рангларига сингдириб юборилган. Бу – тасвирий санъатнинг самарасидир. Шеърга кўчиб ўтган ранглар фалсафасидир. Табиат унсурларининг шоир шеърларига инсонийлашган маъноли ҳолат ва кечинмалари тасвири бизни ўйга толдиради, мушоҳадакорликка ундайди. Зеро, тасвир тимсолга, ранглар тафаккурга айланади. “Ўтган умр…”, “Ирмоқ оқар…”, “Баҳорнинг кўрки бор…”, “Куз ҳам келди, япроқлар…”, “Кечқурун шафақни ўғирлаб…” каби тўртликлари шу жиҳатдан эътиборли.

 

Ўтган умр – куйган кўмир,

Эсга тушса кўнглим хира:

Куйдирмайди, ёндирмайди,

Фақат қилар қўлни қора.

 

Бу – бенаф кечган умрнинг оғриғи. У куйган кўмир сингари қора, олқинди. Ваҳоланки, алангалар ҳосил қилиб ёниши ҳам мумкин эди. Ўзидан бозиллаган, ловуллаган чўғ қолдирарди. Не тонгки, у шундай муҳитга тушиб қолди, оқибатда, ёна олмади, гуруллай билмади. Шу боисдан ҳам лирик қаҳрамоннинг кўнгли хира. Бу, аслида, эркка талпинган ва сўнгган ниятнинг ўлими, ҳурликка интилган ёруғ умиднинг алал-оқибат қора кўмирга айланган қисмати. У ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди. Фақат ўй суриш билан кифояланмасликка, фаолликка даъват этади (“Бир онлик иш билан оламда, номини умрбод қолдирганлар бор”).

Шуҳрат лирикасида табиат талқини орқали намоён бўлган муҳим тамойиллардан яна бири, бу – маънавий-ахлоқий қадриятларни қадрлаш ва шу асосда, халқона ҳикматга йўғрилган ибратли фикрларни айтишдир. Хусусан, тўртлик, олтилик, саккизлик, ўнлик сингари шеърий шакллардаги табиат ва инсон талқинларида, пейзаж лирикасида ана шу хусусиятлар етакчи. Дўстликка, меҳрга, севги-муҳаббат сингари қадриятлар қадрсизланаётганидан, хиёнат болалаб кетаётганидан қаттиқ ўкинади. Бу хил маънавий-ахлоқий қашшоқлик оқибатлари жамият руҳиятига, интеллектуал асосларига рахна солади, дея ёзғиради. Шоирнинг лирик қаҳрамони самимийлик, ишонч-оқибат, олижаноблик, эзгулик сингари беназир қадриятлар тобора тақчил бўлиб бораётганидан изтироб чекади.

Шуҳратнинг пейзаж лирикасидаги табиат ва инсон талқинларида умумбашарий маъно касб этган гўзал бадиият намуналари яратилди. Шахснинг табиатга муносабати жамиятнинг маънавий-интеллектуал маданияти билан узвий боғлиқликда ёритилади. Боқий масалаларга муносабатда фаол ўзбекона нуқтаи назар юксак ватанпарварлик туйғуларининг уйғунлигини юзага келтиради.

Шуҳратнинг “… шеърлари камсўз, пойдор, халқчил доноликка мойил, – деб ёзади Асқад Мухтор. – Китобларининг катта қисмини кичик жанрдаги лирик мулоҳазалар, саккизликлар, тўртликлар ташкил қилади. Ихчам, афористик ифодага интилиш, умр мазмуни, одамнинг ҳаётдаги ўрни, изи, ёшлик, кексалик, вақт ва мангулик ҳақидаги фикр ҳамда ҳаётий тажрибаларни айтиб олишга интилиш, ҳаракат қилиш унинг бутун ижодига поэтик бир ўйчанлик руҳини бағишлайди. Поэзиянинг бу турида ишлашнинг ўз қийинчиликлари бор. Унда шоирни ҳар қадамда дидактикага, насиҳатгўйликка берилиб кетиш хавфи пойлаб туради”.

Шуҳрат шеърий шакллар борасидаги изланишлари, хусусан, тўртликларининг эстетик табиати ҳақида ёзади: “Ёзувчи… бошқалардан фарқли ўлароқ ҳаётни ижодкорга хос кўз билан кўради. Ижодкорга хос қалб билан ҳис этади. Наинки ҳаётни ўзига хос кўради ва ижод этади. Ҳатто уни ўзига хос йўл билан таҳлил қилади. Ўз муносабатини билдиради. Ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашади. Шу таҳлил ва муносабатларининг тўғрилигига кенг китобхон оммасини ишонтириши, унинг қалбини ҳаяжонга солиши, завқлантириши, эзгуликка меҳр, қабиҳликка қаҳр уйғотиши керак. Уни янги нурли чўққиларга чорлаши, юрагига куч-ғайрат бахш этиши лозим. Қабиҳликка қарши ўт очишга отлантириши керак.

Шеър эса, ана шу ижодкор ниятларини ифодалашда шаклга солинган ҳис-туйғу ва фикрлардир. Унинг ўз мусиқаси, қонун-қоидаси ва тартиботи бор… Тўртликдаги ихчамлик, фикрларни лўнда қилиб айтиш менга ёқиб қолди. Лекин булар рубоийлар эмас. Ҳамма тўртлик рубоий бўлавермаганидек, ҳамма рубоий ҳам тўртликдан юқори эмас. Мен рубоийнинг анъанавий қатъий шаклини сақлаб ўтирмадим, ўзимни эркинроқ тутиб, қофиялаш тартибини фикр-ҳиснинг оқиб келишига қараб тузатавердим”.

Табиат – жамият – инсон ўртасидаги алоқаларни бадиий тадқиқ этишда Шуҳратга иккилик, тўртлик, олтилик, саккизлик сингари поэтик шакллар кўпроқ қўл келади. Зеро, дунёни тушуниш ҳамда тушунтиришдаги халқона ҳикматга мойиллик шоирга фалсафий маънодорликни ўзида тажассум этган ана шу шаклларга кўпроқ мурожаат этишни тақозо қилган.

Шу ўринда, ғоят нозик бир жиҳат бор. Хусусан, ижодкорнинг фаол нуқтаи назари билан давр ғояларини, актуаллик билан ҳозиржавобликни ўзаро фарқлаб олиш, бир-бирига чоғиштириб юбормаслик жоиз кўринади.

Ижодкор, аввало, ўз даврининг фаол фуқароси, ўз халқининг фарзанди. Даврнинг долзарб муаммоларига муносабат билдириш баробарида миллат ва Ватан манфаатларини ҳимоя қилади.

Шуҳрат шеъриятидаги бадиий-эстетик талқинларда табиатнинг оёқ ости этилиши, бу – инсонийликнинг путурдан кетиши, интеллектуал масъулиятга куя тушиши, ахлоқсизликнинг бетийиқлиги оқибатидир, деган концепция етакчилик қилади. Бу – умумбашарий оғриқ мундарижасини тайин этади.

Шу маънода, Шуҳратнинг эстетик ғоялари табиат ва инсон талқинидаги асарларида ёрқин тажассум топганлигини кузатишимиз мумкин. Зеро, улар бадииятнинг тансиқ намуналари сифатида ҳозиржавобликни, актуаллик билан умумбашарийликни чалкаштириб юбормасликни ҳам эслатиб туради.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Шуҳратнинг пейзаж лирикасида табиат-жамият-инсон талқини орқали намоён бўлган етакчи тамойиллардан бири, бу – ҳаётни, гўзалликни улуғлаш орқали хунукликка қарши курашдир. Турмушдаги иллатларни, одамлар феъли-фаолиятидаги ноқислик кўринишларини бартараф этишга даъват алоҳида йўналиш касб этган. Иккинчидан, табиатга зуғум, табиатни оёқ ости қилиш инсон маънавиятининг қашшоқланиши оқибатлари тариқасида кўрсатилади. Учинчидан, табиатнинг тенгсиз ва мукаммал нафосатидан онгли баҳрамандлик инсоннинг ақлий савияси билан ахлоқий маданиятини англатувчи устувор мезонлардир, дея баҳоланади. Шахслик маснадини, комиллик даражасини билдирувчи омиллар сирасидандир, дейилади.

Демак, Шуҳратнинг адабий тажрибаси орқали эстетик ва ахлоқий қарашларининг етакчи жиҳатларидан воқиф топамиз. Илло, мазкур хусусиятлар шеъриятимиз табиатида кечган сифат ўзгаришларидан ҳам воқиф этади. Биринчидан, Шуҳратнинг поэтик изланишларида фаол фуқаролик руҳи гўзалликни ҳис этиш, ардоқлаш ва қадрлаш туйғуси билан омихталикда намоён бўлди. Бу – замондошларимизда фаол нуқтаи назарни шакллантириш билан баробар, эстетик дидини тарбиялашга, такомиллаштиришга ҳам хизмат қилди. Мазкур жиҳатлар келажак наслларнинг маънавий-интеллектуал савиясини юксалтиришга, эстетик тарбиялашга, табиатнинг гўзалликларини, маънавиятнинг ҳақиқатни қарор топтиришга қаратилган моҳиятини асраб-авайлашга даъват этаётир.

Иккинчидан, шоир шеърияти табиатни ўксинтиришга қарши исён орқали шахснинг табиат ва жамият ўртасидаги муносабатларидан халқона ҳикматга йўғрилган ибрат билан ижтимоий маъно излаш, топиш ва образлар тилига кўчириш устувор. Ва, алал-моҳиятан шахс маънавий маданиятини бойитишга, камол топтиришга хизмат қилаётир. Долзарб масалаларга бадиий жавоб излаш воситасида келажак авлодларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига қаратилган бадиий-фалсафий фикр илгари сурилади. Мазкур фазилатлар шеъриятимизда ижтимоий тадқиқотчилик маданияти юксалиб бораётганлигининг тасдиғидир. Табиат нафосати жамият маънавиятини янада гўзаллаштиришига йўналтирилган моҳияти билан нуфузлидир. Шуҳрат бадииятининг ижтимоий-эстетик аҳамияти ҳам ана шунда.

 

Нўъмон РАҲИМЖОНОВ,

филология фанлари доктори,

профессор

 

“Шарқ юлдузи”, 2011–2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.