(XV аср)
Атойи XV асрда Балхда[1] туғилган. Атойининг ҳаёт йўли, шахсияти ҳақида маълумотлар жуда кам. У асли Аҳмад Яссавийлар насабига мансуб бўлган Исмоил Ота авлодларидан. Самарқанд, Бухоро ва Балхда яшаган. Мирзо Улуғбек саройида хизмат қилган.
Атойи туркий, форс ва араб адабиётларини чуқур ўрганган. Туркий ва форс тилларида ижод қилган. Тахаллусини машҳур шайх ота-боболарига ишора қилиб, «Ато» («Ота») деб олган.
Ҳозирги Қозоғистоннинг Турбат қишлоғида унга нисбат берилган қабр бор.
Навоий («Мажолис ун-нафоис») Атойи ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталиб: «Мавлоно Атойи Балхда бўлур эрди. Исмоил ота фарзандларидиндур, дарвешваш ва хушхулқ, мунбасит (очиқ чеҳрали) киши эрди. Ўз замонида шеъри атрок (туркий тилда сўзловчилар) орасида кўп шуҳрат тутти. Бу матлаъ анингдурким:
Ул санамким сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.
… Мавлоно кўп туркона (содда, равон) айтур эрди…» – дейди. Навоий «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») асарида Исмоил ота Аҳмад Яссавийнинг иниси Иброҳим отанинг ўғли эканини айтади. Атойи девони қўлёзмасининг охирида «Девони Шайхзода Атойи» деган қайд Атойининг шайхлар оиласидан келиб чиққанига қўшимча далолат бўлади.
Атойи ғазалларида муҳаббат билан бир қаторда бошқа ҳаётий мавзулар ҳам куйланган. Атойи ижодида Умар Хайём рубоийлари ва Ҳофиз ғазалларидаги каби ҳаёт завқи, унинг барча гўзалликлари ва лаззатлари май тимсолида васф этилади.
Атойи лирикасида халқ иборалари, таъбирлар, мақол ва маталлар, оғзаки нутққа оид сўзлар кўп. Ғазалларини, асосан, арузнинг турли баҳрларида ёзган, улар орасида рамалда ёзилганлари кўпроқ; вазни енгил, мисралари қисқа, сўзлари оддий, услуби содда ва равон. Шунинг учун ҳам унинг шеърлари халқ қўшиқларига айланиб кетган. Атойи тажоҳил ул-ориф, лафф ва нашр каби ўзига хос тасвир восита ва усулларидан ҳам унумли фойдаланган. Шоир ижоди бизгача тўла етиб келмаган. Девонининг тахминан XVI асрда кўчирилган, 260 ғазални ўз ичига олган қўлёзма нусхаси Санкт-Петербургда сақланади.
“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.
[1] Б а л х – ҳозирда Шимолий Афғонистондаги кўҳна шаҳар.