Атойи лирикаси ҳақида

0
20232
марта кўрилган.

Атойи – лирик шоир. У ўз шеърларида нозик хаёл, синчков нигоҳ, баланд дид эгаси эканлигини намойиш этади. Гўзал, эсда қоладиган ўхшатишлар, кутилмаган муболағали тасвирлар яратади. Бир ғазалида гўзал ёр хокисор ошиқнинг юзига оёқ босар экан, оёғи оғрийди, “юзинг бунча бўйрадек дағал бўлмаса” деб нозланади. “Бўйра” – қамишдан шолчага ўхшатиб тўқиладиган бир ашё. У гилам тагидан тўшалади, том устига ёпилади. Ёрнинг оёғи шу қадар нозик ва гўзалки, унинг олдида ошиқнинг юзи бўйрага ўхшайди. Иккинчи бир шеърида эса, ёрини соғинган ошиқнинг кўзидан ёш эмас, дарё оқаётгани, у киприкларидан сол ясаб, шу дарёда сузаётгани манзараси чизилади. Шоир ёрини улуғловчи, фидойиликни кўрсатувчи бетакрор сатрлар битади. Масалан, “Бегим” радифли шеърида у киприкларини супурги (“жоруб”), юзини хокандоз қилишга тайёр, ёр хизматига олинса бўлгани. Ҳатто ёр у ёқда турсин, унинг фаррошлигига – “қул”ликка қабул қилса ҳам ўзини бахтли ҳисоблайди. Атойи ёрни мана шундай юксакликка кўтаради.

Шоир ёрнинг қадди-қомати, юзи, кўзи, қоши, сочи, киприклари, оғзи, лаби, холини таъриф-тавсиф этади. Уларни сифатлаш орқали ёрнинг гўзалликда тенгсиз тимсолини чизади. Ҳар дақиқада ўзининг маъшуқага бўлган севги-садоқатини изҳор этиб боради. Ўзини “қул”, ёрни “шоҳ” кўрсатиш орқали бир томондан, гўзал ёрга севги-садоқатини билдирса, иккинчи томондан, бу севгининг тенгсизлигини (“шоҳ” – “қул”) таъкидлаб туради. Маъшуқа гўзалликда нуқсонсиз, ҳар жиҳатдан мукаммал бир сиймо сифатида намоён бўлади.

Ҳа, маъшуқа гўзаллигига чек-у чегара йўқ. Ҳатто, кўплаб қиссаларда гўзаллик тимсоли сифатида тасвирланган Юсуф ҳам унга тенг келолмайди:

Гар ҳусн будурким, санга бор, кес бу тилимни,

Юсуф сўзидин қилсам агар зарра ҳикоят.

Шоирнинг қатор шеърларида реал ёр, дунёвий ишқ, яъни инсоннинг инсонга бўлган муҳаббатини кўриш мумкин.

Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур,

Ғояти нозиклигиндин сув била ютса бўлур, –

байтида нозикниҳол қиз тасвир этилаётганига шубҳа йўқ. Шеърда маъшуқа шу қадар нозик, шунчалар гўзал қиз сифатида тасвирланадики, гўё уни бир қошиқ сув билан ютиб юбориш мумкиндай. Атойи халқ ибораларини ғоят яхши билади ва ундан ўринли фойдалана олади. Ғазалнинг матлаъсида ҳам шу ҳол сезилиб турибди.

Шоир навбатдаги ўхшатишни келтиради. Маъшуқанинг боғ ичидаги ариқ бўйига келиши гўё жаннат боғидаги Кавсар суви (ҳовузи) ёнига ҳур-у парининг келишига ўхшайди:

То магарким салсабил обина жавлони қила,

Келди жаннат равзасиндин оби Кавсар сори ҳур.

Қизнинг гўзаллиги, тиниқлиги, покизалиги шунчаликки, у қўлини сувда ювиб тозаламайди, балки қўлини ювиб сувни поклайди:

Ул иликким сувдин ориқтур, юмас они сувда,

Балки сувни пок бўлсин деб илиги бирла юр.

Ошиқ сув ёқасида паридек ўлтирган тенгсиз гўзалга қараб, ҳайрат билан “сув қизи”, яъни сув парисининг “гоҳ-гоҳ кўзга кўриниши”га имон келтиради. Ғазал мақтаъсида шоир ўзининг ибодати ҳам ёр ҳуснини кўришнинг таваллосидан иборатлигини билдиради. Атойининг ушбу ғазалигача ёр кўнглига ғулғула солган санам тимсоли бу қадар жонли, таъсирчан ва айни вақтда илоҳий йўсинда тасвирланмаган эди.

Жамолинг васфини қилдим чаманда,

Қизарди гул уёттин анжуманда, –

матлаъли ғазали – шоирнинг бадиий етук асарларидан бири. Биринчи байтда ажойиб бир манзара чизилган: лирик қаҳрамон – шоир гулзорга киради. Анвойи гуллар очилиб ётибди. Йўқ-йўқ, бу шунчаки гулзор эмас, гулларнинг анжумани – йиғилиши, ҳар бир гул ўзини намойиш этади, кўз-кўз қилади. Шоир ушбу анжуманда ёрнинг гўзаллигини таърифлаган экан. Гуллар хижолатдан – уятдан қизариб кетибди. Аслида, улар қизил эмас эди, маъшуқага қараганда хунукроқ эканликларидан уялиб қизардилар. Шеърда қизаришнинг ўз ва кўчма маъноларидан самарали фойдаланилган. Иккинчидан, гулга инсоний сифатлар берилади, шахслантирилади. Чунончи, гулзорнинг анжуманга ўхшатилиши, гулнинг уятдан қизариши каби. Бу ташхис санъатига хос хусусиятдир. Биринчи байт ёрнинг жамоли таърифида эди. Иккинчи байт ёрнинг лаби ва оғзи таърифида:

Таманно қилғали лаълингни кўнглум,

Киши билмас они ким, қолди қанда.

Бу байтда кўнглим сенинг лаъли лабингни орзу қилган эди, истаб тополмади, деган мазмун ифодаланган. “Лаъл”, айни пайтда, ёр лабидан чиқадиган илиқ сўзни ҳам англатади. Ёрнинг лаби қон каби қип-қизил бўлгани учун ҳам қизил қимматбаҳо тош – лаълга ўхшатилади. Мумтоз адабиётда ўймоқдаккина, кичик оғизли қизлар гўзал ҳисобланган. Ошиқ ўзича ёрнинг оғзини кўрмоқчи эди. Лекин у шунчалар кичик эканки, қаердалигини ҳеч ким билмади! Кейинги байтларда тасвир ўзгаради. Таъриф эътироф ва шикоят билан алмашади. Лирик қаҳрамон дил изҳорига ўтади, ишқ ва садоқатини билдиришга тушиб кетади:

Чу жонимдин азиз жонона сенсен,

Керакмас жон манга сенсиз баданда.

Манга ул дунёда жаннат не ҳожат,

Эшигинг тупроғи басдур кафанда.

Лирик қаҳрамон ёрини жонидан азиз тутмоқда. У дунёдаги жаннатдан ёр эшигининг туфроғини афзал билмоқда. Бешинчи байтда талмеҳ бор. Шоир ёрини “Юсуфи ҳусн” деб таърифлаб, Яъқубнинг аҳволига тушиб қолишдан хавотир олмоқда. Юсуф ҳақидаги ривоятларга кўра, у – Яъқубнинг севикли ўғли. Акалари бунга ҳасад қилиб, отаси олдидан алдаб далага олиб чиқадилар ва қудуққа ташлайдилар. Сўнг “Бўри еди!” – деб ёлғон овоза тарқатадилар. Ўғлининг ҳажрида йиғлайверганидан Яъқубнинг кўзлари кўр бўлиб қолади. Мумтоз адабиётимизда Яъқубнинг айрилиқдаги ҳаёти “Байт ул-ҳазан” (ғам уйи) сифатида тилга олинади. Юсуф ташланган қудуқ эса, унинг ҳусни туфайли ёришиб турар эди. Мумтоз шеъриятимизда кўп ишлатиладиган “чоҳи зақан” (ияк остидаги чуқурча) шунга ишора қилади:

Солиб борма мени, эй Юсуфи ҳусн,

Букун Яъқубтек байт ул-ҳазанда.

Олтинчи байтда “узун” ва “узмасман” сўзларидаги ўзакдош “уз” такрорида ҳам хислат бор. Буни иштиқоқ санъати дейдилар. Бунинг устига, сочдан қилинган қилтўр ошиқни ўз тузоғига олгани ҳам англашилади. Ошиқ шу қадар хоксор ва ялинчоқки, маъшуқанинг “аёғи қанда бўлса, ошиқнинг боши анда”. Яъни у суюклиси ташлаган қадамга бош уради. Бу ўринда зидлик – тазод санъатидан фойдаланади:

Узун сочингдин узмасмен кўнгулни,

Аёғинг қанда бўлса бошим анда.

Шеърнинг мақтаъси ғоят самимий бир туйғу ифодаси билан якун топган: одамлар ошиққа юксак мансаб-мартабалар тилайдилар, лекин Атойи – “сарви озод”га банда, яъни қул. Буни у ўзи истайди. Шу ўринда қизнинг гўзал қадди-қомати “сарви озод” орқали берилганини кўриш мумкин. Мумтоз адабиётда қад ҳамиша сарвга ўхшатилиб келинган. “Озод” сўзи луғатларда тик, чиройли ўсган сарвга аниқловчи сифатида қўлланилган. Умумий маъноси хушқомат гўзалга тўғри келади. Лекин бу муҳим эмас, муҳими сарвнинг “озод”лиги билан ошиқнинг “банда”, яъни қул экани қаршилантириб тасвирланаётганида:

Тилар эл мансаби олий ва лекин

Атойи сарви озодингға банда.

Атойи шеърларида тазод – қаршилантириш санъатидан маҳорат билан фойдаланади. Чунончи, “Сочинг чун лайлат ул-қадр-у юзинг чун субҳи содиқдур” мисраси билан бошланадиган ғазалида ҳам шу санъатни усталик билан қўллаб, таъсирли бадиий самарага эришганлигини кўриш мумкин. Шоир ёрнинг қоп-қора сочини лайлат ул-қадрга, оппоқ юзини эса субҳи содиққа ўхшатади. Бир-бирини инкор этувчи икки тушунча усталик билан қўллангани учун ҳам санамнинг тенгсиз чиройини тўлдиришга хизмат қилади.

Манга сенсиз тирилгандин ўлим юз қатла ортуқдур,

Бу сўзда, ҳақ билур, кўнглум тилим бирла мувофиқтур, –

дейди шоир шу ғазалнинг учинчи байтида. Самимий иқрор шеърнинг таъсир даражасини оширган. Шоирнинг ошиқлиги шу даражадаки, у маъшуқасиз ҳаётдан ўлимни афзал билади ва бу гапни чин дилдан изҳор этади. Ғазалнинг:

Бу кун васлингни тарк айлаб, тилар жаннатни зоҳидлар,

Берурлар насяға нақдни, бу не нодон халойиқтур?

сатрларида сўфиёна руҳ яққол сезилади. Чунки тариқат аҳли, яъни мутасаввифлар Аллоҳни жаннатга кириш учун эмас, балки ўн саккиз минг оламнинг яратувчиси, бутун борлиқнинг мояси бўлгани учун, жамолини кўриш учун севиш лозим деб ҳисоблайдилар. Улар қиёматда яхши қисматга эга бўлиш учун тоат-ибодат қилиш пора эвазига иш битиришга ўхшаш нарсадир, чин муҳаббат беғараз бўлиши, яъни ошиқ ҳеч нарса таъма қилмай, Яратганга кўнгил боғлаши лозим деб ҳисоблашади. Атойининг наздида жаннатга кириш учун Аллоҳга муҳаббат қўйган кимса нақдни насияга алмашган нодон кабидир. Аллоҳнинг жамоли, гўзаллиги олдида жаннатнинг чиройи ҳечдир. Шу байтнинг ўзини мажозий нуқтайи назардан талқин қилиш ҳам мумкин. Мумтоз шоирларимизнинг мумтозлиги ҳам шундаки, бир сўз билан бир неча маънони ифодалай олганлар.

Атойининг “Ҳажрингда, бегим, оҳ дегумдур дағи ўлгум” деб бошланадиган ғазали ҳам ошиқона бўлиб, суюклисига муҳаббатни оламдаги ҳамма нарсадан ортиқ кўрадиган ошиқ ҳолати ифода этилган. Шоир учун маъшуқа шунчаки қиз эмас, балки имон ҳам. Негаки, лирик қаҳрамон: “Имоним ўшал моҳ дегумдур дағи ўлгум” дейди. Шу ўринда исломда ҳар бир мусулмон ўлими олдидан калимайи шаҳодатни қайтариши кераклиги ҳам ҳисобга олинган. У ўлимига рози. Шу боис имон келтиришга ҳам тайёр. У: “Ло илоҳа иллаллоҳ” (“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”), – деб эмас, балки “Имоним ўша Моҳ (Аллоҳ)”, – дея калима қайтармоқчи. Лекин санамдан ажралишга тоқати етмайди. Чунки инсон абадий роҳатда бўладиган жаннат ҳам маъшуқасиз “ғамгоҳ”дир. Буни шоир шундай ифодалайди:

Жаннатдаким, эл онда бўлур зиндаи жовид,

Сенсиз они ғамгоҳ дегумдур дағи ўлгум.

Ошиқнинг муҳаббати шу қадар теран ва азалийки, у ёр кўйида ўлиб кетса ҳам унинг руҳи қиёматга қадар маъшуқага ҳамроҳ бўлади.

Атойининг “Менгиз ё равзайи ризвонмудур бу?” мисраси билан бошланадиган ғазалида ҳам муҳаббат туйғуси тасвир этилади. Бунда шоир малаксиймо қизнинг чиройидан ҳайратга тушади. У шу қадар баркамолки, ундаги фазилатлар саналган ва уларга эътибор қаратилган сари ошиқнинг муҳаббати кучайиб бораверади. Маъшуқанинг юзи (менгиз) жаннат боғини эсга туширса, оғзи “ғунчайи хандон”ни ёдга солади. Қора кўзлари қароқчини, чиройи эса Туркистон парисини хотирга келтиради:

Қароқчи кўзларин ким кўрса айтур:

Ажаб, айёри Туркистонимдур бу?”

Қароқчи ҳам молни, ҳам жонни олгани каби маъшуқа ҳам ўйноқи кўзлари билан ошиқнинг жонини олади. Ёр ўзини турфа ҳолатларда кўрсатишга моҳир. Шу боис фаришта сифатли бўлиб ҳам кўринади. Малоҳатда тенгсиз санамнинг хати – лаби устидаги майин туклар райҳон сингари хуш бўй таратади. Хуллас, ғазал тўлиғича паричеҳранинг портретини чизишга бағишланган. Лекин шоир қизнинг сиртини кўрсатиш билангина кифояланмаган. У охирги байтда ўзининг мискин ва саргардон ҳолатини бир оғизгина қайд этиш билан маъшуқанинг шафқат билмайдиган сийратини ҳам чизиб беришга эришган.

Атойи маъшуқани турли ҳолатларда кўрсатишга, унинг жабрини ҳар хил нуқталардан туриб тасвирлашга моҳир шоирдир. Буни:

Қон бўлди кўнгул фироқи бирла,

Куйди жоним иштиёқи бирла

матлаъли ғазали таҳлили мисолида ҳам кўриш мумкин. Ниҳоятда содда ва ўйноқи бу ғазалда қизнинг ўхшаши йўқ зулфи, юракларни ўртагувчи кўзлари, ўқдай киприклари ўз ҳолича васф этилмай, табиатдаги энг нодир ва гўзал нарсалар билан ёнма-ён қўйиб тасвирланиши орқали катта бадиий таъсирчанликка эришилади:

Ғунча севунуб тўниға сиғмас,

Ўхшатсам, ўқинг башоқи бирла.

Шоир назарида, ёрнинг киприги камон ўқининг учига ўхшайди. Чунки киприк ўққа икки жиҳати билан ўхшайди: аввало, киприк ҳам ўқдай тик. Иккинчидан, ўқ ёвни яраласа, ёр киприги ошиқ юрагини нишонга олади. Шу боис очилмаган гулғунча ўзининг ёр кипригига ўхшаш эканини эшитиб, “тўниға сиғмай” кетди, яъни очилди.

Атойи “Нетти, не бўлди?” радифли ғазалида маъшуқа аччиқ-тизиқларидан, нозларидан ҳайратга тушган ошиқ ҳолатини ифода этади. У ёр ғазабига дучор бўлди, лекин айби не эканини билмайди. Шу боис уни саволлар қийнайди. Атойи мумтоз шеъриятимизга алоҳида олинган инсон руҳияти тасвирини кирита билган шоирдир:

Эй орази шамс-у қамарим, нетти, не бўлди?

В-эй тишлари дурр-у гуҳарим, нетти, не бўлди?

Ошиқ ўзини гуноҳкор санайди. Аммо айби нимадалигидан хабари йўқ. У маъшуқа мени рашк этаётирмикан деган ўйга боради:

Сен бор экан ўзга кишига назар этсам,

Чиқсун бу менинг дийдаларим, нетти, не бўлди?

Лирик қаҳрамон – чорасиз, у ишқ йўлида қурбон бўлишга тайёр. Шу боис қай тарзда, қандай йўл билан ўлдирилиши уни кўпда қизиқтирмайди. Унинг жон сақлаш учун ёр қошидан кетгиси йўқ:

Гаҳ жавр билан ўлтур мени, гаҳ ноз ила сендин,

Ҳаққоки, менинг йўқ гузарим, нетти, не бўлди?

 

– – V / V–– V / V–– V / V––

мафъувлу / мафоийлу / мафоийлу / фаувлун

Ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф

Атойи кўнгил нолишлари, руҳ тўлғонишлари, қалб изтироблари тасвирини туркий шеъриятга гўзал ва таъсирчан йўсинда олиб кирган шоирдир. Унда самимий туйғулар юксак санъаткорлик билан кўрсатилгани учун ҳам ҳанузгача шеърхонлар қалбига таъсир этиб келмоқда.

“Эй дўст” радифли ғазал кўп маънолилиги билан диққатга сазовордир. Ундаги “дўст”ни хилма-хил маъноларда тавсиф ва талқин қилиш мумкин.

Сенсиз бу жаҳон айши аламдур манга, эй дўст,

Шодлиғи ҳам меҳнат-у ғамдур манга, эй дўст.

Ғазал бошдан оёқ дўстга мурожаат тарзида давом этган. Дастлабки байтда лирик қаҳрамон – ошиқнинг дўстга изҳори дили мужассамлашган. У ўзининг дўстга ниҳоятда қаттиқ боғланиб қолгани, ҳаётни усиз тасаввур эта олмаслигини ифодалашга ҳаракат қилган. Оддийгина бир зид маъноли сўзлар айш ва аламнинг келтирилиши ошиқ изтиробларининг моҳиятини ҳам, даражасини ҳам кўрсатиб турибди. Ана шу тасвир усули байтнинг кейинги мисрасида ҳам такрорланган. Натижада ошиқ тимсолидаги шахс изтироблари ўқувчи кўз олдида анча ёрқин ва таъсирли тарзда намоён бўлган.

Лутф-у карамингни сен агар мендин аясанг,

Жавр-у ситаминг лутф-у карамдур манга, эй дўст.

Кейинги байтда ҳам тазод фаол тасвир воситаси сифатида қўлланган. Фақат бу ерда биринчи мисрадаги бирданига иккита сўзнинг зидди кейинги мисрадаги яна бир жуфтликка зид ҳолда қўлланган. Айни пайтда, олдинги мисрадаги сўзларнинг такрори шоир кўзда тутган маънонинг янада кучайтирилиши учун ҳам хизмат қилган.

Дийдор ила қониъ эмас эрдим эса, ҳажринг

Бисёр жафо айлади, камдур манга, эй дўст.

Тазодлар силсиласини истифода этиш кейинги бандда ҳам давом этади. Бу ерда “бисёр” ва “кам” сўзлари шу вазифани адо этади. Зеҳн солиб қарасак, байтнинг биринчи мисрасида ҳам зид маъноли сўзлар иштирокини илғашимиз мумкин. Бу дийдор ва ҳажр сўзлари орқали амалга ошган. Аслида, “ҳажр”, “ҳижрон” деган сўзлар “васл”, “висол” деган сўзлар билан зид маънолиликни ташкил этади. Бу ердаги “дийдор” ўша “висол” сўзининг маънодошидир. Демак, бу ерда ҳам сал яширинроқ тарздаги тазод қўлланмоқда экан.

Кўнглум юзини жавр ила чун сендин уюрмон,

Охир неча бу жавр-у ситамдур манга, эй дўст.

Тўртинчи байтдаги тазод сен ва мен олмошлари орқали намоён бўлган. Аммо асосий урғу ошиқнинг ёрга садоқатини изҳор қилиш ҳамда бунинг эвазига яна охири йўқ жабр ва ситамларга дуч келаётганидан шикоят этишга тушаётгани кўриниб турибди.

Одамға сени ўхшата билмонки, парисен,

Нортек яноқинг боғи Ирамдур манга, эй дўст.

Буларнинг ҳаммаси ёрнинг чиройи, гўзаллиги, ўзига хослигини кўрсатишга қаратилган.

Навбатдаги байт ҳам шу руҳни давом эттиради. Бу ниятга одам ва пари зиддиятини келтириш орқали эришилади. Энди таносиб санъати ишга солинади. Бу санъатнинг моҳиятини матнда ўзаро мантиқий алоқадор бўлган сўзлардан фойдаланиш ташкил этади. Эътибор беринг: юз (яноқ) одамда бўлади. Бу юзнинг ранги анорга ўхшаш. Демак, ёрнинг юзида боғнинг аломатлари мавжуд. Аммо шоир ёрни одамлар тоифасидан эмас, балки пари демоқда. Парининг яшайдиган жойи эса Эрамда, аниқроғи Эрам боғидадир. Шоир ёр гўзаллигини унинг юзидаёқ мужассам эканлигини айтиш учун мана шу мантиқий силсилалардан фойдаланган.

Қўй қиссайи Жамшедни жоми илгингдин,

Гар бўлса даме мулкати Жамдур манга, эй дўст.

Олтинчи бандда тазод йўқлик ва мавжудликнинг рамзий тасвири орқали юзага чиқарилган. Йўқ нарса – “Қиссайи Жамшед”, яъни эртак ва афсоналар олами, мавжудлик эса ёрнинг қўли орқали тасаввур этилаётган “Мулкати Жам”, яъни мавжуд ҳаётдир.

Оғзингға фидо жонки, табассум қилиб айтур:

Ҳар лаҳза Атойи не адамдур манга, эй дўст”.

Охирги байтда сўзлаш навбати маъшуқага берилади. Ёрнинг ҳар қандай гапи, ошиққа мурожаати лирик қаҳрамон учун мамнунлик ва қаноат ҳиссининг пайдо бўлиши учун кифоя қилади. Ваҳоланки, бу сўзларда мақтов эмас, кўпроқ киноя ва истеҳзо мужассамлашган. Эътибор беринг: “не адам”ни “мавжуд эмас, йўқ” деган маънода ҳам, “қандай одам”, “одам эмас” деган маънода ҳам тушунтириш мумкин.

Буларнинг барчаси Атойининг ўзбекча сўз кучи ва қудратини теран ҳис этгани, унинг латофатини кўрсатиш учун катта куч ва меҳнат сарфлаганини кўрсатади. Худди шу нарсалар адибдаги бадиий маҳоратнинг ниҳоятда юксак даражаси ҳақида ҳам тўла тасаввур бериб турибди.

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.