Атойи ғазалларидан

0
1774
марта кўрилган.

Ул санамким су(в) яқосинда паритек ўлтурур,

Ғояти нозуклигидин сув била ютса бўлур.

 

То магарким салсабил обина жавлони қила,

Келди жаннат равзасиндин оби Кавсар сори ҳур.

 

Ул иликким сувдин ориқтур, юмас они суда,

Балки сувни пок бўлсун деб илиги бирла юр.

 

Эмди билдим рост эрмиш, балки кўрдим кўз била,

Улки дерлар сув қизи гоҳ-гоҳ кўзга кўрунур.

 

Қошларинг ёсин Атойи кўргали ҳусн ичра тоқ,

Субҳидам меҳробларда сурайи ёсин ўқир.

 

V – – /– V – – / – V – – / – V –

фоилотун / фоилотун / фоилотун / фоилун

Рамали мусаммани маҳзуф

 

* * *

Жамолинг васфини қилдим чаманда,

Қизорди гул уёттин анжуманда.

 

Таманно қилғали лаълингни кўнглум,

Киши билмас они ким қолди қанда.

 

Чу жонимдин азиз жонона сенсан,

Керакмас жон манга сенсиз баданда.

 

Манга ул дунёда жаннат не ҳожат,

Эшигинг тупроғи басдур кафанда.

 

Солиб борма мени, эй Юсуфи ҳусн,

Букун Яъқубтек байт ул-ҳазанда.

 

Узун сочингдин узмасмен кўнгулни,

Аёғинг қанда бўлса бошим анда.

 

Тилар эл мансаби олий, ва лекин

Атойи сарви озодингға банда.

 

V – – – / V – – – / V – –

мафоилун / мафоилун / мафоил

Ҳазажи мусаддаси маҳзуф

 

* * *

Сенсиз бу жаҳон айши аламдур манга, эй дўст,

Шодлиғи ҳам меҳнат-у ғамдур манга, эй дўст.

 

Лутф-у карамингни сен агар мендин аясанг,

Жавр-у ситаминг лутф-у карамдур манга, эй дўст.

 

Дийдор ила қониъ эмас эрдим эса, ҳажринг

Бисёр жафо айлади, камдур манга, эй дўст.

 

Кўнглум юзини жавр ила чун сендин уюрмон,

Охир неча бу жавр-у ситамдур манга, эй дўст.

 

Одамға сени ўхшата билмонки, парисен,

Нортек яноқинг боғи Ирамдур манга, эй дўст.

 

Қўй қиссайи Жамшедни жоми илгингдин,

Гар бўлса даме мулкати Жамдур манга, эй дўст.

 

Оғзингға фидо жонки, табассум қилиб айтур:

“Ҳар лаҳза Атойи не адамдур манга, эй дўст”.

 

– – V / V – – V / V – – V / V – ~

мафъувлу / мафоийлу / мафоийлу / мафоийл

Ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи мақсур

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.