Алишер Навоий

0
2153
марта кўрилган.

(1441–1501)

 

XV асрнинг иккинчи ярми ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги нисбий кўтарилишлар юз беради. Бу даврда Темурийлар сиёсатининг ўзига хос қирралари янада кўпроқ намоён бўла бошлайди. Амир Темур бошлаб берган буюк ривожланиш давом эттирилди. Эндиликда ҳокимият тепасида Темурнинг фарзандлари, набиралари ҳукмронлик қилишарди.

Андижон, Тошкент, Хўжанд, Сайрам, Туркистон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Ҳисор, Қундуз, Марв шаҳарлари ривожланди. Айниқса, Ҳусайн Бойқаро замонида Ҳирот гуллаб-яшнайди.

Улуғбек замонида Самарқандда илм-фан ниҳоятда юксалди, ўзбек фанининг дунёга ёйилишида бу давр ўзига хос ўрин тутади. Хусусан, аниқ фанлар ривожи, айниқса, математика, астрономиядаги ютуқлар салмоқли бўлди. Биргина Улуғбек обсерваториясининг ютуқлари натижасида 1018 та юлдузнинг ҳолати ўрганилди. Маълум бўлишича, юлдузларнинг ўрнини белгилашдаги аниқлик ҳозирги замон ютуқлари билан деярли уйғун келади. Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ мирзо қурдирган кутубхона салмоғи ва бойлигига кўра ҳам ўз замонасида тенгсиз эди.

Самарқандда Бибихоним, Шоҳизинда, Улуғбек мадрасаси, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси ўша давр меъморчилигининг гўзал обидалари сифатида бугун ҳам халқимизнинг фахр-у ифтихорига сабаб бўлиб келмоқда.

Ҳиротда Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ташаббус ва раҳбарликларида кўплаб бинолар, мадраса ва хонақоҳлар, шифохона, ҳаммом ва карвонсаройлар қурилгани, ариқ ва каналлар қазилгани, боғ-роғлар барпо қилингани яхши маълум.

Темурийларнинг ўзаро нифоқ ва курашлари Шайбонийхоннинг (1451–1510) тарих майдонига кириб келиши ва бу майдонда барқарор туриб қолиши учун имкон беради. Шайбонийхон кўчманчи ўзбекларнинг хони Абулхайрхоннинг (1428–1468) набираси эди. У 1499-йилда темурийларга дастлабки зарбаларни бера бошлаган бўлса, кўп ўтмай уларнинг ўрнини деярли эгаллаб олади. Шайбонийхоннинг ўзи ҳам катта иқтидор эгаси, йирик салоҳиятли ижодкор эди.

Бу даврда Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ижоди жаҳон адабиётининг энг порлоқ намуналари сифатида эътироф этилди.

Бадиий ижоднинг икки тилда яратилиши ҳам шу даврнинг муҳим хусусиятларидан эди. Навоий, Бобур мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Султон Аҳмад мирзо (1451–1494) сингари ижодкорлар икки тилда шеърлар яратган. Зуллисонайнлик анъанаси ҳам Навоий тимсолида ўзининг олий чўққисига кўтарилди. Алишер Навоий бошчилигидаги адабий ҳаракат туркий тил мавқейи учун қаттиқ кураш олиб борди ва бу борада оламшумул ғалабаларни қўлга киритди.

Алишер Навоий фақат ўзбек эмас, балки бутун туркий халқлар адабиёти, жаҳон халқлари адабиёти тарихидаги энг ноёб ҳодисалар силсиласига мансуб бўлган буюк шахсдир. У қолдирган мероснинг сони ва ҳажмигагина эмас, балки уларнинг мазмун ва юксак бадииятига кўра ҳам тенгсиз адибдир. Навоийнинг кичик замондоши Заҳириддин Муҳаммад Бобур буни жуда мухтасар тарзда ифодалаб берган: “Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас. Олти маснавий китоб назм қилибтур, беши “Хамса” жавобида, яна бири “Мантиқ ут-тайр” вазнида “Лисон ут-тайр” отлиқ. Тўрт ғазалиёт девони тартиб қилибтур: “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадойи ул-васат”, “Фавойид ул-кибар” отлиқ. Яхши рубоиёти ҳам бор. Яна “Мезон ул-авзон” отлиқ аруз битибтур… Форсий назмда “Фоний” тахаллус қилибтур. Яна мусиқийда яхши нималар боғлабтур. Яхши нақшлари ва яхши пешравлари бордур”.

Навоий адабиётшунос сифатида ўзбек адабиёти тараққиётига хизмат қиладиган кўплаб илмий асарлар муаллифидир. Хусусан, унинг ўзбек адабиёти ва маданияти тарихи учун ноёб манба сифатида катта аҳамиятга эга “Мажолис ун-нафоис” асарида 459 та шоир, ёзувчи, ижодкор ҳақидаги маълумотлар жамланган. “Бу азиз китоб ҳазрати хоқон Шоҳруҳ мирзо подшоҳлиги давридан бошлаб, шу замонга қадар ер юзини равшан вужудлари билан безаган ва безаб турган олим ва шоирлардан кўпларининг баъзи сифатларидан ва аҳволларидан баён қилади”[1], – деб билдиради Хондамир.

Асар 8 мажлисдан иборат: дастлабки мажлислар хронологик тартибда, яъни вақтнинг қадимдан шоирнинг замонасигача бўлган йўналиши қамровида олинган. Кейинги мажлисларда ижодкорларнинг яшаш жойларига кўра тузилган, яъни бунда минтақавий (географик) тамойил амал қилган. Еттинчи мажлис Темур ва темурийларга, саккизинчи мажлис эса биргина Ҳусайн Бойқарога аталган.

Асар фақат адибларнинг ҳаёти ва ижодига оид материаллар билан чекланиб қолмаган. Унда адабиёт назарияси, шеър санъатлари, маданий ҳаёт воқеалари ҳам ўзига хос тарзда акс этган. Айрим мақолаларда адибларнинг шахсий фазилатлари, алоҳида хусусиятлари ҳам очиб берилган. Масалан, машҳур шоир Яҳё Себак ҳақида шундай дейди: “Хуросон мулкининг рангин фозили эрди, кўп улум ва фунунда моҳир эрди. Саноеъ ва аруз фанида барча эл ани мусаллам тутар эрди… Бу фақир аруз фанида восита била Мавлононинг шогирдимен”. Биз Навоийнинг аруз илмини Дарвеш Мансурдан ўрганганлигини яхши биламиз. Дарвеш Мансур эса Яҳё Себакдан таҳсил олган. Бу ерда мана шу “восита” назарга олинган.

Асарда Навоийнинг шахсий ҳаётига, таржимайи ҳолига алоқадор кўплаб факт ва воқеалар ҳам акс этган. Жумладан, иккинчи мажлисда Мавлоно Шарафиддин Али Яздий ҳақида гапириб туриб, ўзи билан бевосита боғлиқ бир ҳодисани ҳам қайд этади. Тақдир тақозоси билан (Хуросондаги номуносиб шарт-шароит туфайли) Алишерларнинг оиласи ҳам ўз яқинлари билан Ироққа йўл олишади. Улар Тафт шаҳрида бир муддат дам олиш учун тўхташади. Бу шаҳарда машҳур тарихчи олим Шарафиддин Али Яздий яшар эрди. Тасодифан, жамоа шу олим яшайдиган жой яқинида тўхтаган экан. У киши ўйнаб юрган болалардан бирини чақиради. Бу бола ёш Алишер эди. “Фақир алар сари борурға муваффақ бўлдум. Ҳар неки сўрадилар жавоб айттим. Табассум қилиб таҳсин қилдилар, дағи сўрдиларким, мактабға борибмусен? Дедимким: борибмен. Дедиларки, не ергача ўқибсен? Дедимким, “таборак” сурасиғача. Дедиларким: бу жамоа атфоли (болалари)дин биз тилаганда, сен келиб биз била ошно бўлдунг. Сенинг учун фотиҳа ўқули (ўқийлик) деб ўз фотиҳалариға мушарраф қилдилар. Ҳамул замон фақирнинг волиди (отаси) ва ул хайл улуғлари келиб, Мавлоно хизматида анвойи ниёзмандлиғлар (илтижо ва илтифотлар) қилғондин сўнгра, фақирға андоқ шуур ҳосил бўлди ангаким, “не киши эркандурлар”.

Навоий аруз илмига бағишлаб “Мезон ул-авзон” деган асар ҳам ёзган. Унда аруз вазнинг моҳияти, тузилиши, бу вазннинг турлари, жузв ва рукнлари, баҳрлари ҳақида маълумот беради. Бу асарида туюқ, қўшиқ, чинга (ёр-ёр), муҳаббатнома, арузворий, туркий сингари шеърий шакл ва жанрлар ҳақида ҳам маълумот беради.

Хондамир қайд этганидай: “Ҳақиқатан, ул ҳазратнинг шеър нозикликлари тўғрисида маҳоратларининг кўплиги бу рисоладан англанади. Чунки ўтмишдаги шоирлар сезгиларининг нури тушмаган бир қанча мақбул баҳрни аруз доирасига қўшганларки, у қимматли нусха мутолаа қилинса, бу нукта маълум бўлади”.

Навоий муаммо ҳақида “Муфрадот” номли бир асар ҳам ёзган.

Алишер Навоий йирик ва ҳассос тилшунос олим ҳамдир. Унинг 1498-йилда яратилган “Муҳокамат ул-луғатайн” асари тилшунослигимиз хазинасидаги бебаҳо гавҳардир. Унда аллома адиб, ўз тили билан айтганда “назм гулистонининг андалиби нағмасаройи” сифатида эски ўзбек тилини, унинг бадиий услубини илмий-назарий жиҳатдан ҳар томонлама асослади, туркий тил имкониятларини амалий жиҳатдан исботлаб кўрсата олди.

Алишер Навоий тилнинг ижтимоий ҳодиса эканлигига алоҳида урғу қаратади. Ўзбек тилидаги ифода имкониятларининг бойлигини намойиш қилади. Ҳар бир сўздаги маъно нозикликларини жуда ишончли тарзда, мантиқий далиллар билан кўрсатиб беради. У араб, форс, ҳиндий тиллари қаторида ўзбек тилининг ҳам энг қадимий тиллардан бири эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Фикрларини қиёслаш усулидан фойдаланган ҳолда баён этади. Бунинг учун у форс-тожик тилини жалб этади. Бироқ бирор ўринда ҳам у холисликдан чекинмайди. Адиб туркий тилдаги юзта феълни келтириб, уларнинг маъносини англатадиган сўзларнинг форс тилида мавжуд эмаслигини кўрсатади. Ёки сўз маънолари орасидаги тафовутларга алоҳида урғу беради.

Асарда йиғламоқ феълининг энг баланд ва доимий маъноси қайд этилади. Унинг ёнидаги йиғламсинмоқ феълида эса маънонинг озайиши ҳисобига янгиланиши акс этади. Инграмоқ ва синграмак ҳам йиғлаш маъносини беради. Фақат уларда “дард била яшурун оҳиста йиғламоқ” маъноси устунроқ. Сиқтамоқ эса “йиғламоқда муболағадур”. Туркийларда “бийик ун била”, яъни қаттиқ товуш чиқариб йиғлаш ҳам бор. Бунга ўкурмак дейилади. Адиб фикрини давом эттириб шундай ёзади: “Чун ўкурмак муқобаласида форсий тилда лафз йўқтур”.

Бундай фикрлар келтирилар экан, адиб уларни кўпинча шеърий мисралар воситасида тасдиқлайдиган мисолларни ҳам келтиради. Жумладан, қабоғ сўзининг маъноси кўз ва қошлар орасини билдириши билан изоҳланиб, бу маънони ифодалайдиган алоҳида сўзнинг форс тилида мавжуд эмаслигини айтаркан, қуйидаги байтни далилловчи мисол сифатида келтиради.

Менгизлари гул-гул, мижалари хор,

Қабоқлари кенг-кенг, оғизлари тор.

Алишер Навоий она тилидаги сўзларнинг барча имкониятларидан имкони борича тўлиқроқ фойдаланишга ҳаракат қилди. Замондошлари тилидаги фаол ва нофаол сўзларни ўз асарларига киритиб, уларнинг бизнинг замонамизгача етиб келишини таъминлади. Ўзи кўплаб янги сўзларни яратди, олдиндан қўлланиб келаётган сўзларнинг янгича маъно товланишларини кашф қилди, тилнинг ифода имкониятларини амалий жиҳатдан ҳам жуда кенгайтирди.

Олимнинг синонимлар, омонимлар, атамашунослик борасидаги фикрлари ҳам қадрлидир. Асарда ит, туш, ёқ, бор, соғин, туз сингари сўзларнинг бир неча маъноларни ифодалай олиш имконини кўрсатувчи мисоллар келтирилган. Жумладан, кўк сўзининг осмон, куй, куйламоқ, қадоқ, сабза – ўт-ўлан маъноларида қўлланилиши кўрсатилади. Айрим сўзларнинг тўрт, беш, олти маънода қўлланишига мисоллар келтиради.

Алишер Навоий ҳассос тилшунос сифатида форсий тил амалиётида туркий тилдан ўтган сўзларга ҳам эътибор қаратади. Масалан, тубичоқ, арғумоқ, яка, ёбу, тоту сингари от турларини, дастор, қалпоқ, тўппи, ширдоғ, ёғлиғ сингари бош кийимларини, қўрчи, сувчи, қушчи, қўруқчи, кийикчи, кемачи, қўйчи сингари касб ва ҳунарларнинг номларини форсийлар ҳам туркийча сўзлар билан юритиши кўрсатилади.

Шундан сўнг адиб “бу халқ орасида пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин ўз тиллари турғоч ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди” деган истакни билдиради. Яна қўшиб қўядики, “агар икала тил била айтур қобилиятлари бўлса, ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди… агар муболаға қилсалар, икала тил била тенг айтсалар эрди”.

Гарчи асар она тилининг имкониятлари ва қонуниятлари борасида баҳс юритса-да, унда адабиётшуносликка оид кўплаб фикр ва мулоҳазаларни ҳам кўриш мумкин. Хусусан, сўз маънолари орасидаги тафовутлар, қофия, вазн, шеър тузилишига оид қайдлар шулар жумласига киради. Унда Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий сингари кўплаб буюк сўз усталарининг ижодларига оид қайдлар ҳам мавжуд.

Асарда Ҳусайн Бойқаронинг туркий тилга алоҳида эътибор бергани, унинг ривожини кўзда тутиб махсус фармонлар чиқаргани ҳам айтиб ўтилади: “Ва илтифот ва эҳтимом[2] юзидин баъзи маънилар топиб, назм қилурға ҳукмлар ҳам жорий бўлди”.

Олим “Сабъат абҳур” (“Етти денгиз”) номли бир луғат ҳам тузган. У араб тилининг изоҳли луғатидир.

Навоий 1485–1488-йилларда “Тарихи анбиё ва ҳукамо” (“Пайғамбарлар ва ҳакимлар тарихи”) китобини ёзади. Бу китобда пайғамбарлар тарихи Одам Атодан бошлаб ёритилган. Иккинчи қисм обидлар (Аллоҳга тоат-ибодат қилувчилар), учинчи қисм эса ҳакимлар ҳақида. Бу қисмда Луқмони ҳаким, Фишоғурс (Пифагор), Жомосб, Буқрот (Гиппократ), Суқрот, Жолинус (Гален), Батлимус (Птолемей), Бузуржмеҳр ва бошқалар ҳақида маълумотлар берилган. Муҳими, улар ҳақида ўқувчиларда дастлабки тасаввурни уйғотиш учун уларга хос бўлган энг муҳим фазилатлар, хусусиятлар санаб ўтилади.

1488-йилда “Тарихи мулуки ажам” (“Ажам шоҳлари тарихи”) яратилади. Бу асарлар адибнинг тарих илмини жуда чуқур билганлигининг ёрқин нишонаси. Унда тарихий шахсларнинг, ҳакимларнинг ҳикматларидан намуналар ҳам келтирилади: Буқрот ҳаким “дебтурким, умр қисқадур, иш узун. Оқил улдурким, бу қисқа умрни бир нимага сарф қилғайким, заруратроқдур, яъни охират маслаҳати ва Тенгри таоло ризоси”. Ёки, “Аристотилис ҳаким Афлотуннинг шогирдидур, Искандарнинг вазири эрди. Анинг сўзларидин будурким, подшоҳ улуғ руд (сой, дарё)га ўхшар ва атбои (тобелари, тарафдорлари, издошлари) ариғларғаким, ул руддин айрилдиларким, уд руд суйиға ҳар ҳол бўлса, ариғларға ҳамул ҳолдур. Ул чучук бўлса, булар чучук; ул ачиғ бўлса, булар ачиғ; ул соф бўлса, булар соф; ул лой бўлса, булар лой. Пас, подшоҳға вожибдур – ғоят ҳикмат ва эътидол (ўртачалик, ярашиқлилик, тўғрилик) била, то мулк барқарор бўлғай. Йўқки, барчаға нима бергай бееътидоллиқ (номавзунлик, ярашиқсизлик) била, то мулк бузулғай”.

Навоийнинг диний мавзуларда қалам тебратгани ҳам яхши маълум. “Сирож ул-муслимин” (“Мусулмонлик чироғи”), “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”), “Муножот” (“Тавба-тазарру”) шулар жумласидан. Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” (“Улуғлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шаббодалари”) асари тасаввуф тарихига бағишланган. Бу китоб, аслида, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ул-қудс” (“Пок зотлар ҳузуридан эсган дўстликнинг хуш ислари”) китобининг эркин таржимасидир. Бу китобда тасаввуф тарихи, унинг назарияси, буюк сўфийларнинг ҳаёти ва фаолияти ёритиб берилган. Хожа Аҳмад Яссавий, Адиб Аҳмад (Югнакий), Шайх Фаридуддин Аттор, Низомий, Хусрав Деҳлавий, Шайх Камол Хўжандий, Носир Хусрав, Мавлоно Лутфий, Мавлоно Ашраф, Саййид Насимий, Шамсуддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий сингари буюк адибларнинг ҳаёти ва ижодига оид лавҳалар ҳам шу китобдан ўрин олган. Китоб тасаввуфга оид ҳикматли сўз ва ўгитларни ҳам жамлаган. Уларнинг айрим намуналари билан танишишимиз мумкин:

“Ҳар бир нарсанинг занги бўлади, қалб нурининг занги эса, тўйиб овқатланишдир”. (Абу Сулаймон Дороний)

“Игна била тоғни қозмоқ такаббурни кўнгуллардин чиқармоқдин осонроқдур”. (Абуҳошим Сўфий)

“Назм ул-жавоҳир” (“Гавҳарлар тизмаси”) ҳам ахлоқий-дидактик ғоялар тарғибига бағишланган. У айрим ҳадиси шарифларнинг шеърий талқинидир. Унда ҳадислардаги асосий тушунча ва тамойиллар ниҳоятда содда ва тушунарли, таъсирчан тилда, шеърий шаклда талқин қилинади.

Навоий – тарихий-мемуар руҳидаги қатор асарларнинг ҳам муаллифи. Бу силсилага “Вақфия”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарлари киради.

Алишер Навоий ички интизомга мунтазам риоя қилар эди. Шунинг учун у ҳатто ўз мактубларини ҳам тартиб билан сақлаб қўйган. Натижада 1499-йилда “Муншаот” (“Мактублар”) деган китоби тузилган эди. Мактублар турли кишиларга ёзилган. Хусусан, Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамон мирзога, ўғилхони Мир Иброҳимга ёзилган мактублар юксак савияси, гўзал бадиияти ва катта тарбиявий жиҳатлари билан эътиборлидир.

 

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан.

 


[1] Хондамир, Макорим ул-ахлоқ. – Тошкент: Фан, 1967.58-бет.

[2] Э ҳ т и м о м – ғамхўрлик, муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.