Александр Сергеевич Пушкин

0
4526
марта кўрилган.

(1799–1837)

 

Рус адабиётининг даҳоси, ҳозирги замон рус адабий тилининг асосчиси А. С. Пушкин 1799 йил 6 июнь куни Москва шаҳрида дворян оиласида туғилди. Отаси Львович Сергей замонасининг илғор кишиларидан эди. Ўз уйида француз ва рус ёзувчиларининг китобларидан кутубхонаси бор эди. Унинг укаси, яъни А. С. Пушкиннинг амакиси Василий Львович Пушкин шоир бўлиб, карамзинчилар оқимида ижод қиларди.

Александр 12 ёшигача уйида ўқиди, кейин уни 1811 йил Царское Село шаҳарчасида янги очилган лицейга ўқишга беришади. Бу лицей давлатнинг юқори ишлари бўйича чиновниклар етказиб берарди. Лицейда у ўзига Дельвиг, Пушин, Кюхельбекер ва шунга ўхшаш дўстлар орттирдики, улар бир умрга қадрдон бўлиб қолишди. 1817 йилда лицейни битирган Пушкин Ташқи ишлар Коллегиясида иш бошлади. Бу ерда у 1820 йилгача ишлади. Шу ерда у А. С. Грибоедов билан танишди.

1820 йил 9 майида Пушкин шахсан Александр I буйруғига асосан генерал Инзов қўл остига хизматга юборишади. Шу йилнинг ёз ойларида Инзов рухсати билан Раевский оиласи билан саёҳатга боради. У Шимолий Кавказ, Қримда бўлиб, Симферополь ва Одесса орқали Кишинёвга қайтади.

Кишинёвда у Пестель, Давидов, Якушкин сингари декабристлар билан танишади. Бу ерда унинг биринчи “жанубий” поэмаси “Кавказ асири” юзага келади (1822). 1823 йилда иккинчи поэмаси “Боғчасарой фонтани”, 1823 йилда эса ўзининг “Евгений Онегин” шеърий романини бошлайди. 1824–26 йилларда яна сургун қилинади.

Бу сафар Псков губернясига қарашли Михайловское қишлоғига юборишади. Шаҳарда юриб ўрганган Пушкин қишлоқда жудаям зерикади. У кўпинча бўш вақтларини Осипова хонимнинг хонадонида ўтаказарди. 1825 йил декабрь қўзғолони ва унинг мағлубиятидан жуда ҳам афсусланади. 1826 йил 8 сентябрда у подшо Николай I билан учрашади. Бу ерда, яъни шоҳ қабулида у очиқдан-очиқ подшонинг саволига “мен декабристлар томонида бўлардим” дейди.

1829 йил у Кавказ бўйлаб саёҳатга чиқади. Унинг асл мақсади сургун қилинган декабрист ўртоқлари билан учрашиш эди. 1830 йилда у Москванинг энг гўзалларидан бўлмиш Н. Гончаровага уйланади. Лекин орадан 4 йил ўтар-ўтмас ҳар хил гаплар, унинг ориятига тегадиган иғволар кўпаяди. Унинг Н. Гончарова билан оралари бир мунча совуқлашади. Охири бориб бу гаплар уни Голландия элчиси Геккерннинг сақлаб олган ўғли – Дантесни дуэльга чақиришга мажбур қилади. Дуэль пайти оғир яраланган Пушкин 1837 йил 27 январь куни 38 ёшида вафот этади.

Пушкин икки буюк жаҳоншумул воқеалар таъсири остида ўсиб, маънавий улғайди: Ватан уруши ва декабристлар қўзғолони.

У лицейда ўқиб юрган пайтларида Державин, Батюшков, Жукивскийларга ўхшаб ёзишни истар ва шуларнинг асарларига тақлид қилиб ўз асарларини яратарди. Унинг асарлари юқорида айтиб ўтилган шоирларникига кўра баркамол яратилди.

Унинг лицейда ўқиб юрган пайтларидаёқ “Шоир дўстимга” (1814), “Менинг дўстларимга васиятим” (1815), “Менинг эпитадиям” (1815), “Менинг Аристорхимга” (1815), “Ҳижрон”, “Айрилиқ” номли шеърлари одамларнинг диққат эътиборини ўзига тортган эди.

Пушкин жанубга сургун қилинган пайтларида лицейда ўқиб юрган чоғларида бошлаб қўйилган “Руслан ва Людмила” поэмасини ёзиб тугатди.

 

Акрам УЗОҚОВ

 

“Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги халқлари адабиёти” (Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент, 2007) ўқув қўлланмасидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.