Ака-ука Гриммлар

0
13253
марта кўрилган.

Ака-ука (Якоб 1785–1863, Вилгелм 1786–1859) Гриммлар Магдебург университетида ўқиб юрган чоғларидаёқ ўрта аср олмон тарихи ва маданияти, ҳуқуқ ва мифологияси, халқ оғзаки ижоди ҳамда тил ва адабиёти билан шуғуллана бошладилар.

Ўқиш, ўз устларида қаттиқ ишлаш Гриммлар учун бахт йўли бўлди. Улар аввал Геттинген, кейинчалик эса Берлин университетининг профессорлари бўлдилар. Якоб олмон тили грамматикаси ва мифологиясини, Вилгелм ўрта аср олмон адабиёти ва халқ оғзаки ижодини ўргана бошладилар. Олмон халқ оғзаки ижодининг гуллаб-яшнашига, олам кезишига бир кўприк ясадилар. Ниҳоят, 1812 йилда Гриммлар томонидан ёзилган эртаклар бир неча жилдли “Болалар ва оилавий эртаклар” юзага келди. 1815-йилда 2-жилд, 1822-йилда эса ҳар иккала жилдни умумлаштирувчи учинчи жилд босилиб чиқди.

Гриммлар эртакларнинг кўпчилигини бевосита эртак айтувчилардан тинглаб, баъзиларини эса деҳқонлар билан суҳбатлашиб ёзиб оладилар. Халқдан олинган эртакларнинг ҳар бири Гриммлар томонидан қайта ишланиб, бадиий тус олиб, яна халққа қайтарилади.

Гриммларнинг уч жилдлик китобига икки юздан ортиқроқ эртаклар жамланган бўлиб, унда муаллифлар кўпроқ афсонавий, маиший ва ҳайвонлар ҳақидаги эртакларни умумлаштиришга ҳаракат қилганлар. Ҳар бир эртакда сахийлик, меҳнатсеварлик, ботирлик каби фазилатлар билан бирга, қўрқоқлик устидан кулиш, дангасалик ва ёлғончиликни қаттиқ қоралаш биринчи ўринда туради. Шуниси ҳам қувончлики, кўпинча Гриммлар эртакларининг асосий қаҳрамонлари шоҳ ва шаҳзодалар эмас, балки камбағал, бева-бечораларнинг ўғил-қизлари, чўпон ёки аскар бўлади. Улар ўзларининг ибратомуз ишлари билан эртак тингловчида чуқур таассурот қолдиради.

Ақл билан иш кўриш, билимдонлик “Тилла ғоз”, “Шишадаги арвоҳ”, “Уч ака-ука” эртакларида яхши берилган.

Гриммларнинг дунёга машҳур “Золушка”, “Қор қиз” эртакларининг қаҳрамонлари ҳаммадан туртки ейдиган, сўкиш эшитадиган ва энг паст ҳамда қийин юмушларни бажарадиган қизлар бўлиб, эртак давомида ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёқимли сўз ва табассумлари билан бахтиёр бўладилар.

Гриммларнинг “Қуён билан типратикан”, “Бўри ва тулки” асарлари масал жанрига яқин туриши билан китобхонда катта таассурот қолдиради.

“Ялқов Гейнс”, “Ганснинг бахти”, “Ботир тикувчи”, “Ёш паҳлавон”, “Бремен мусиқачилари” каби эртаклари ўзбек болаларининг ҳам севимли асарларига айланиб қолган.

“Ёш паҳлавон” эртагидаги ботир қиёфаси кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади. У ҳалол, пок инсон бўлиб, ростгўйлик, тўғрисўзлик шайдоси. Шу сабабга кўра у йўлида учраган ҳар қандай тўсиқ ва ғовни шошилмай, жасорат ва мардлик билан енгади, мақсадига эришади.

“Ботир тикувчи”нинг сужети кўпчиликка яхши таниш. Қаҳрамон ногаҳон бир нечта пашшани бир уришда нобуд қилиш билан ўзига ўзи ботир, довюрак тамғаси – шиорини ёзиб, елкасига осиб олади. У бахтини, тақдирини синаб кўриш, пешанасида борини қўлга киритиш мақсадида сафарга отланади.

Ботир тикувчи тадбиркор, эпчил, чаққон. “Қочиб қолгунча отиб қол” қабилида довюраклик билан иш кўриши унга катта шуҳрат келтиради. Ғорда беҳисоб девлар устидан пухта-пишиқлиги билан ғолиб чиқади. Дев кўтариб олган дарахт шохлари устида қуш каби енгил ўтириши, девларнинг саволларига қўрқмай, усталик билан жавоб бериши асрлар оша китобхонни ҳайратга солиб келмоқда.

Ботир тикувчи учун оғир синов ўрмондаги икки паҳлавон билан “олишув” бўлади. Подшоҳ томонидан икки паҳлавонларни мағлуб қилиш вазифасини олган ботир тикувчи таваккал қилиб йўлга тушади. Устларига тош ташлаш ҳисобига улар ўртасида нифоқ чиқаради. Икки жангчи бир-бирини тош билан уриб нобуд қилади.

Тадбиркор йигит билимдонлик, ўйлаб иш кўриш билан ўрмондаги шохдор махлуқ устидан ғолиб чиқади.

Ботир тикувчининг юмшоқ сўзлиги, мулойимлик билан иш кўриши ёш китобхонда яхши таассурот қолдиради. Уларда ҳам худди ўша ботир тикувчи каби етук инсонлар бўлишга, ботир, паҳлавон бўлишга ҳавас уйғотади.

Ака-ука Гриммларнинг қайси асарини олманг, ҳаммасида ҳам, энг аввало, меҳнаткашлик, меҳнатга муҳаббат ғояси ётади. Иккинчидан, ҳар қандай ҳолда ҳам, ҳар қандай мушкул иш бошига тушганда ҳам ўша қаҳрамон чора қидиради, тадбиркорлик, ишбилармонлик йўлидан боради ва офатдан қутулади. Тулки каби ҳийла ва макр ишлатадиган жонивор бўлмаса керак. Гриммлар уларга қарама-қарши қилиб ғозлар образини яратишади.

Ғозлар ҳар доим чорасиз – бўш, беғам ҳаёт кечирадилар. Гриммларда вақти келганда ўша боқибеғам ғозлар ҳам сергак, тетик, тадбиркор, ишбилармон бўлиб кетишларини, олғир, муттаҳам тулкиларни ҳам доғда қолдиришларини кузатамиз.

Тулки ўтлоқда юрган ғозларни емоқчи. Улар ўлимлари олдидан битта қўшиқ айтиб, сўнгра тулкига ем бўлишларини сўрайди. Аммо узундан узоқ “ға-ға”лари тулкини зериктиради, унинг тинка-мадорини қуритади, охири ғоз – ўлжадан воз кечишга мажбур бўлади:

“Дастлаб битта ғоз қўшиқ айтибди. Унинг қўшиғи мана бунақа узундан узоқ экан:

– Ға, ға-ға-ға, ға-ға!

Ундан кейин иккинчи ғоз жўр бўлибди:

– Ға, ға-ға-ға, ға-ға, ға-ға-ға!…

Улардан сўнг учинчиси хониш қилибди:

– Ға, ға-ға-ға, ға-ға, ға-ға-ға, ға-ға-ға. Учинчи ғоздан кейин тўртинчи ғоз ҳам:

– Ға, ға-ға-ға, ға-ға, – деб қўшиқ бошлабди.

Охири ҳамма ғозлар биргаликда қичқириб, “ға-ға-ға”лашга

тушибдилар:

– Ға-ға-ға, ға-ға-ға, ға-ға-ға, ға-ға-ға… Қачонки, ғозлар қўшиғи тамом бўлса, эртак ҳам тугайди.

Шундагина тулки ғозларни ейди.

Бироқ ақлли ғозлар қўшиқни тўхтатишни ўйлашмабди. Улар ҳозир ҳам “ға-ға-ға, ға-ға-ға”, – деб қичқириб туришган эмиш”.

Ака-ука Гриммларнинг эртаклари олам кезиб, уларнинг номларини жаҳонга ёйиб юрибди.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.