Аҳмад Яссавий

0
3653
марта кўрилган.

 (1166-йилда вафот этган)

 

Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти ҳақида маълумотлар етарли эмас. У Ясси яқинидаги Сайрам шаҳрида туғилган. Унинг отаси Иброҳим Туркистоннинг таниқли шайхларидан бўлган. Онаси Қорасоч момо номи билан машҳур.

Аҳмаднинг ёшлиги анча қийин кечади: жуда эрта ёшлигида отаси вафот этади.

Аҳмад Яссавий йирик мутасаввиф олим Арслонбобо қўлида тарбияланади, сўнг Бухорога бориб Юсуф Ҳамадоний қўлида таҳсил олади.

Аҳмад Яссавий тасаввуф илмини шу қадар чуқур эгаллайдики, халқ орасида “Мадинада Муҳаммад, Туркистонда Хожа Аҳмад” деган нақл пайдо бўлади.

Аҳмад Яссавий 1166-йилда вафот этади. Унинг шуҳрати вафотидан кейин ҳам пасаймаган. Амир Темур унга алоҳида ҳурмат билан қараб, 1395–1397-йилларда Туркистонда Аҳмад Яссавийнинг қабри ўрнида муҳташам мақбара қурдиради. У ҳозир ҳам мавжуд.

Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Аҳмад Яссавийга шундай таъриф беради: “Хожа Аҳмад Яссавий – Туркистон мулкининг шайх ул-машойихидур. Мақомати олий ва машҳур, каромоти матаволий (ҳайратланарли) ва номаҳсур (чегарасиз) эрмиш. Имом Юсуф Ҳамадонийнинг асҳобидиндур (суҳбатдоши)”.

“Ҳикмат”лар Аҳмад Яссавий меросини жамлаган асардир. Унда 240 га яқин шеър бор. Асар халқ орасида “Девони ҳикмат” номи билан машҳур бўлган. Ҳикматларга “Қул Хожа Аҳмад”, “Хожа Аҳмад Яссавий”, “Аҳмад ибн Иброҳим”, “Султон Хожа Аҳмад Яссавий”, “Яссавий мискин Аҳмад”, “Мискин Яссавий”, “Хожа Аҳмад”, “Аҳмад”, “Аҳмадий”, “Қул Аҳмад”, “Мискин Аҳмад” каби тахаллуслар қўйилган.

Аҳмад Яссавий – мутасаввуф шоир. Тасаввуфдаги тўрт асосий босқич: шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат моҳиятини шеърий мисраларига сингдирган Аҳмад Яссавий шу йўналишда катта шуҳрат қозонди. Бу бежиз эмас. Адиб тасаввуфни инсон маънавиятини юксалтирувчи муҳим омил сифатида билади. Бундан мақсад инсониятни тўғри йўлга даъват этишдир. Тўғри йўл ҳақиқатни англашга олиб келмоқ керак. Ҳақиқатни англаш ўзликни англашдир. Бунга эришмоқ учун кишининг ҳидоят йўлига кирмоғи, бутун куч ва вужудини шу йўлга қаратмоғи керак.

Аҳмад Яссавий шеъриятидаги образлар тузилиши ҳам тасаввуф таълимоти билан, ҳам оғзаки ижод анъаналари билан чамбарчас боғланиб кетган. Пир, дарвиш, ошиқ, обид, оқил, зоҳид, ишқ, толиб, уммат, расул, шайтон, иймон каби образлар бевосита тасаввуф билан боғланса, йўл, работ, карвон, ўқ кабилар оғзаки ижод анъаналари билан алоқадор ҳолда юзага келган.

Аҳмад Яссавий ҳикматлари халқона руҳи билан ўзига хослик касб этади.

 

Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 10-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энсиклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2017) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.