Абдулла Авлоний

0
4382
марта кўрилган.

Буюкларнинг, эл-юртга хизмати сингган улуғ кишиларнинг номлари мангуликка дахлдор бўлади. Асрлар оша ундай одамларнинг хизматлари кўз-кўз қилинаверади. Ана шундай улуғ зотлардан бири, машҳур муаллим, ташкилотчи, шоир Абдулла Авлонийдир. Президентимиз қачон таълим-тарбия ҳақида гапирадиган бўлса, албатта, Абдулла Авлоний ҳақида тўхталади. Унинг ибратомуз сўзи ва ишини мисол қилиб айтади: “Мен Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир” деган фикрини кўп мушоҳада қиламан,” – деб, бу муаллимнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини ёшларга ибрат қилиб кўрсатади.

Ҳа, ана шундай мақтовга лойиқ инсон, ўзбек маданиятининг улкан вакилларидан бири, педагог, жамоат арбоби ва ёзувчи Абдулла Авлоний 1878йилда Тошкент шаҳрида тўқувчи оиласида дунёга келди.

Абдулла Авлоний бошланғич диний мактабда ва мадрасада ўқиди, илм-фанга ихлос қўйди. Ўзбек ва бошқа Шарқ халқлари адабиётини берилиб ўрганди. Абдулла Авлоний 14 ёшидан бошлабоқ шеърлар ёзишни машқ қила бошлади. Унинг бу даврда ёзган илк шеърлари ўша давр вақтли матбуот саҳифаларида босилиб турди.

Абдулла Авлоний халқни илм-фан нурларидан баҳраманд қилишни ўзининг бирдан бир бурчи деб билди ва 1904йилда ўзи яшаб турган жойда – Мирободда мактаб очди.

Абдулла Авлоний мактаб ҳар томонлама болани ўзига тортиши учун ҳаракат қилади. Унинг қўлидан дурадгорлик ишлари ҳам келар эди. Шунинг учун у ёзув тахтаси, парта ясаб, барча ўқув жиҳозларини ўзгартирди. Бу ерда ўқийдиган болаларнинг кўпчилигини камбағалларнинг болалари ташкил этганлиги сабабли муаллим бойбадавлат дўстларининг кўмагида “Жамияти хайрия” ташкил этади. Бу билан болаларга бепул кийим-бош, озиқ-овқат, дафтар, қалам берилишини таъминлайди.

Авлоний очган мактабнинг шуҳрати тобора ортиб, ўқувчиларнинг сони кўпая боради.

Абдулла Авлоний ўзи ташкил қилган мактабда болалар диққатини асосий фанларга жалб этиб, уларнинг тезда саводини чиқаришга ва аниқ фанлардан баҳраманд бўлишларига ҳаракат қилди. У болаларга жуғрофия, тарих, адабиёт, тил, ҳисоб, ҳандаса, ҳикмат (физика) каби фанлардан маълумотлар берди.

У 1907йилда “Шуҳрат” деб номланган газета ташкил этди ва унинг саҳифаларида меҳнаткаш халқ манфаатларини ҳимоя қилишга доир фикрларни тарғиб этди. Жумладан, газетанинг биринчи сонида: “Матбуот ҳар инсонга ўз ҳолини кўрсатувчи, аҳвол-оламдан хабар берувчи, қоронғу кунларни ёритувчи, халқ орасида фикр тарқатувчи, илм, иттифоқ, ҳикмат ғояларини ёювчидир”, деб ёзган эди.

Абдулла Авлоний “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” деб номланган тўрт қисмдан иборат бўлган дарслигида ёшларни маориф-маданиятга чорлайди, ярамас хулқ-одатларни эса танқид қилади.

Ўша давр халқ педагогикасида Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим” – “Алифбе”, “Иккинчи муаллим” – “Ўқиш” китоблари катта рол ўйнади.

Бу китобларда Авлоний ўтмиш адабиётимизнинг энг яхши анъаналарини давом эттирди, илм ва маърифатнинг аҳамиятини янгичасига талқин этди.

“Биринчи муаллим”да Авлоний даставвал 32 ҳарфни ёлғиз ёзиладиган шаклларини бир саҳифа алифбо тартибида берган. Шу саҳифада алифнинг сўзнинг бошида, ўртасида ва охирида ёзилишини кўрсатган, сўнг алифни барча “бош ҳарфлар”га қўшиб, бўғинлар ҳосил қилган.

“Иккинчи муаллим”да ахлоқ-одобга доир, ҳалоллик ва покликка оид турли шеърлар, ҳикоя, масал ва эртаклар жамланган, рангбаранг аллегорик қиёфалардан усталик билан фойдаланган.

Китоб “Мактаб” шеъри билан бошланади. Унда кимки мактабга борса, ўқиса, саводхон бўлса, жуда кўп нарсаларга эришиши чиройли таърифланади:

Мактаб дур-у гавҳар сочар,

Мактаб сизга жаннат очар,

Мактаб жаҳолатдан қочар,

Ғайрат қилиб ўқинг, ўғлон!

 

Мактаб сизни инсон қилур,

Мактаб ҳаё эҳсон қилур,

Мактаб ғами вайрон қилур,

Ғайрат қилиб ўқинг, ўғлон!

Дарсликда кўплаб ибратомуз шеър, ҳикоя ва эртаклар берилган.

Абдулла Авлоний 1904йилдан умринмг охирига қадар ўқитувчи бўлиб ишлади. У кўплаб шеърлар, “Мактаб гулистони”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” каби дарсликлар билан ҳозирги замон ўзбек болалар адабиётига пойдевор қўйган эди. Узоқ йиллар қайта-қайта нашр этилган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Носир Хусравнинг “Саодатнома”, Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”, Жомийнинг “Баҳористон”, Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, Донишнинг “Фарзандларга васият” асарлари каби ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга.

Унда Абдулла Авлоний ўзининг ижтимоий ва ахлоқий қарашларини баён этган. Асарнинг сўзбошисида муаллиф бу ҳақда шундай ёзади: “Мен бу асаримни мактабларимизнинг юқори синфларида таълим бермак ила баробар улуғ адабиёт муҳиблари – ахлоқ ҳаваскорларининг эътиборларига тақдим қилдим”.

Дарсликдаги ҳар бир бўлим таълим-тарбиянинг муҳим бир масаласига бағишланган бўлиб, уларнинг бири иккинчисини тўлдиради, такомиллаштиради. Ҳар бир бўлимда кичик ҳажмли, ибратли ҳикоялар келтирилади, шеърий парчаларда ёки ҳикматли сўзларда “қиссадан ҳисса” чиқарилади. Ёзувчи бу асарида халқ оғзаки ижодидан кенг фойдаланган.

Абдулла Авлонийнинг “Баҳор келди”, “Булбул”, “Бола ила гул”, “Ёлғончи чўпон”, “Тулки ила қарға” каби жуда кўп шеърлари кичик ёшдаги болаларга бағишланган.

“Мактаб боласи” шеъри бошланғич синф ўқувчилари ҳаётидан олиб ёзилган. Асарда ишёқмас, дангаса боланинг қалбида ўқишга муҳаббат уйғониши умумий йўсинда баён этилади:

Йўлга солди тил ила йўлдошин,

Мактабга мойил айлади бошин.

Солди ўртоғининг сўзина қулоқ,

Босди ул ҳам ўқув йўлина оёғ.

Иккиси бирга бўлдилар мулло,

Чиқди хат-у савод ҳам имло.

Шу тариқа шоир қиссадан ҳисса чиқарар экан, “Яхши билан юрсанг етарсан муродга” ғоясини илгари суради.

Абдулла Авлоний ўзбек адабиётида драма жанрининг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшди. Унинг “Адвокатлик осонми?”, “Пинак”, “Биз ва сиз” песалари адабиётимиз тарихида ўчмас из қолдирди.

Абдулла Авлоний 1934йилда вафот этди. У маърифатчи, шоир, драматург, журналист, режиссор, таржимон, актёр, жамоатчи, муаллиф сифатида халқимиз қалбида мангу сақланиб қолди.

 

Мамасоли ЖУМАБОЕВ

 

“Болалар адабиёти” (Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент, 2013) дарслигидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.