Зоҳиджон Обидов (1923–1996)

0
226
марта кўрилган.

Жангчи-шоир Зоҳиджон Обидов 1923 йили Тошкентда туғилган. У ўрта мактабни тугатиб, олий ўқув юртига эмас, фронтга ‒ Иккинчи жаҳон урушига отланди. Ленинград бўсағаларида бўлган жангларда ярадор бўлиб она юртига қайтди. Шундан сўнг Тошкент давлат университетига ўқишга кирди.

Уни тугатгач Наманган педагогика институтида дарс берди. Айни чоғда вилоят Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди. З. Обидов Тошкентга қайтганидан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида ҳамда “Муштум” журналида фаолият кўрсатди.

У шоир сифатида 50-йиллардан бошлаб ижод қилиб келди. Бир қатор шеърлари қўшиқ бўлиб, ҳозиргача хонандаларимиз томонидан севиб куйланади. Шоирнинг йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлари эълон қилинган. Жумладан, “Яхши ният” (1957), “Янги ойнинг ўроғи” (1961), “Ошиқ кўнгил билан” (1963), “Хитойдан совға” (1963), “Тонг юлдузлари” (1964), “Сенинг изларинг” (1965), “Кўнгил навоси” (1968), “Хандаларим” (1969), “Умид тўлқинлари” (1972), “Юракдаги мавжлар”, “Куйган куёв” (1973), “Танланган асарлар” (1974), “Талпинур дил” (1977), “Қўлингни бер” (1979), “Кўнгил таронаси” (1983), “Куйла, дилкаш дуторим” (1984), “Дилрабосан” (1984), “Бахшида” (1985), “Сенга талпинаман” (1990), “Қанотли қушлар” (1991) каби китоблари босилган.

Зоҳиджон Обидов М. Лермонтов, Т. Шевченко, М. Бажан, Р. Ҳамзатов каби машҳур шоирларнинг асарларини ҳам ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Жангчи шоир “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.