Хосият Бобомуродова (1950)

0
495
марта кўрилган.

Истеъдодли шоира Хосият Бобомуродова 1950 йилда Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги “Ибн Сино” жамоа хўжалигида туғилди. Отаси мулла Бобомурод элни оғзига қаратган, суҳбати ширин, маърифатли киши эди. Хосият Алишер Навоий, Жомий, Фурқат номларини илк бор отасидан эшитган, ғазаллари билан ошно тутинган, “Минг бир кеча”, “Чор дарвеш” каби асарларни тонготаргача маҳлиё бўлиб тинглаган эди. У 1966 йили ўрта мактабни тугатиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида ўқиди (1966–1970).

Адабиётга ёшлигидан ҳавас қўйган Хосият турмуш қийинчиликлари туфайли 1967 йили институтнинг сиртқи бўлимига ўқишга ўтади. Ўн етти ёшидан бошланғич синф ўқитувчиси, йигирма беш ёшидан эса мактаб директори бўлиб ишлади.

Хосиятнинг дастлабки шеърлари “Гулистон”, “Шарқ юлдузи” журналларида босилди. Шоира 1978 йили вилоят газетасига ишга ўтгач, унга ижод учун имконият туғилди. “Дарёдан катта” деган илк шеърий тўплами (1979) нашр этилди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Шундан сўнг “Қалб титроғи” (1984), “Турналарим” (1984), “Самарқандга мактублар” (1988), “Мен узган гуллар” (1992), “Мурод қасри” (1997) каби қатор шеърий тўпламлари дунё юзини кўрди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова кейинги пайтда “Бола кўтарган аёл” драмасини, “Жонимнинг эгаси”, “Ватан ягонадир”, “Тўйлар муборак” номли шеърий мажмуаларни яратди.

Шоира “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.