Уйғун (1905–1990)

0
2242
марта кўрилган.

Раҳматулла Отақўзи ўғли Уйғун 1905 йили ҳозирги Қозоғистон Республикаси Жамбул вилоятининг Марки қишлоғида хизматчи оиласида дунёга келди. У қишлоғидаги мактабни тугатгач, Тошкент педагогика техникумида ўқиди. 1925 йилдан бошлаб Тошкент қишлоқ хўжалик техникумида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди.

Уйғун 1927 йили Самарқанддаги Педагогика академиясига ўқишга кириб, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Амин Умарий, Ҳасан Пўлатлар билан танишади.

Уйғун ёшлигидан шеърлар ёзиб, вақтли матбуотда фаол иштирок эта бошлади. 1929 йили шоирнинг “Баҳор қувончлари” номли биринчи шеърлар тўплами чоп этилди. 30-йилларда унинг “Иккинчи китоб”, “Қуёш ўлкаси”, “Шеърлар”, “Муҳаббат” каби янги шеърий тўпламлари, бир қатор ҳикоя ва достонлари босилиб чиқди.

Уйғун шеърияти марказида баҳор, муҳаббат, Ватан, тинчлик, дўстлик мавзулари туради. Дастлабки шеърий тўпламининг “Баҳор қувончлари” деб аталиши ҳам бежиз эмас. “Ватан – Она сўзи нақадар азиз” деб бошланувчи “Ватан” номли шеъри ўзбек шеъриятидаги она-Ватан ҳақидаги энг яхши асарлар сирасига киради.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг фашизмга қарши курашдаги юксак ватанпарварлик фазилатларини куйлаган шоир шеърияти янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Уйғун бу даврда “Она” (1942), “Алишер Навоий” (1943, Иззат Султон билан ҳамкорликда), “Қалтис ҳазил” (1944) каби саҳна асарларини ҳам яратди.

Уйғуннинг урушдан кейинги йиллардаги ижодида уруш ва тинчлик, фидокорона меҳнат мавзулари етакчилик қилди. Шоир шу даврда “Ҳаёт чорлайди” (1954) шеърий тўпламини эълон қилди. “Ҳаёт қўшиғи” (1947), “Олтинкўл”, “Навбаҳор” (1948), “Сўнгги пушаймон” (1955) сингари драматик асарларини ёзди.

Шоирнинг, 60-йиллардан кейин яратилган шеърларида кўпроқ умуминсоний қадриятларни ардоқлаш етакчилик қилади. Бу жиҳатдан “Хиросима такрорланмасин”, “Ҳимолай”, “Чодир ёпинган аёл”, “Шаҳрингга йўл олдим”, “Ҳинд раққосасига” каби шеърлари эътиборга лойиқ. Шунингдек, у “Украина еллари”, “Жонтемир”, “Гуласал” каби достон ва балладалар ҳам яратган. Унинг “Парвона” (1956), “Абу Райҳон Беруний” (1973), “Ибн Сино”, “Зебуннисо” каби саҳна асарлари ҳам бор. Уйғун 1952–1954 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлиб ишлади.

У ўзбек адабиёти тараққиёти йўлидаги хизматлари учун 1956 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби”, 1965 йили эса “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонларига, шунингдек, Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Уйғун 1974 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига мухбир аъзо қилиб сайланган. У А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, А. П. Чехов, Л. Н. Толстой, В. Шекспир асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.