Туроб Тўла (1918–1990)

0
8032
марта кўрилган.

Қўшиқчи шоир ва драматург Туроб Тўла 1918 йил Қозоғистон Республикаси Чимкент вилоятига қарашли Турбат қишлоғида туғилиб, болалар уйида тарбияланди.

1935–1941 йилларда Тошкент педагогика институтининг кечки бўлимида таҳсил олди. Сўнгра Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон радиосида бўлим бошқарувчиси, “Ўзбекфильм” киностудиясида адабий бўлим мудири, Республика киночилар уюшмасида котиб, Санъат ишлари бошқармасида бошлиқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиёт тарғиботи марказида раҳбар ва бошқа шу каби масъул лавозимларда фаоллик кўрсатди.

Туроб Тўла шеър ёзишни 1934 йиллардан бошлаган. 1939 йилда унинг биринчи шеърлар тўплами босилган. 1941–1945 йилларда у ҳарбий мавзудаги шеърлари билан халқимизнинг фашизмга бўлган нафратини ифодалади. Шоирнинг “Шодлигим” (1941), “Табассум” (1944) тўпламларидаги шеърлари ҳам қаҳрамон жангчиларга бағишланган. Туроб Тўланинг “Бахт тонг отари” (1948), “Сенинг ҳақингда”, “Қанот қоқинг, қўшиқларим”, “Камалак”, “Нафосат” тўпламлари кўпгина шеър ва мақолаларни ўз ичига олган. У “Болалар достони” (1950) номли асарида мактаб ва дўстлик ҳақида ҳикоя қилади. 1955 йилда Туроб Тўла “Қанотлан, қўшиқларим” шеърлар тўпламини ўқувчиларга тақдим этди. Қўшиқ учун ёзилган ёқимли, жарангдор шеърлари замонамиз кишиларининг юрагига ҳамоҳангдир. У қўшиқчи шоир сифатида, айниқса машҳур бўлган.

Туроб Тўла бир қанча киноқиссалар, жумладан, “Раис”, “Марғилонлик қиз”, “Талант”, “Мафтунингман”, “Фурқат”, “Шашмақом”, “Тўққизинчи аср монологи”, “Қаҳр” фильмлари сценарийсини яратишда иштирок этган, муаллифлик қилган.

Туроб Тўла драматург сифатида ҳам фаол эди, унинг “Қари қиз”, “Қизбулоқ”, “Момо Ер” (Ч. Айтматов асари асосида), “Нодирабегим”, “Қаҳр” пьесалари республика театрларида қўйилди. Шунингдек, у “Зулматдан зиё” (Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи асосида) операси ҳамда “Самарқанд афсонаси” балети либреттоларини ёзган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Туроб Тўла ўз шеърлари, қўшиқлари, мусиқали драмалари ва киносценарийлари билан ўзбек китобхонлари ва томошабинлари қалбидан чуқур жой олган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.