Турғун Пўлат (1928–1974)

0
104
марта кўрилган.

Турғун Пўлат 1928 йилнинг 20 ноябрида Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Машад қишлоғида хизматчи оиласида таваллуд топди. Бироқ болалиги уруш даврига тўғри келганидан бор-йўғи 9–синфгача ўқий олди. Ҳаётнинг ўзи ҳам муаллим, ҳам дорилфунун вазифасини бажарди. Отаси каби у ҳам она қишлоғи Машадда ҳисобчи бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади.

Кейинчалик вилоят қишлоқ хўжалик банкида ишни давом эттирди. Айни чоғда “Наманган ҳақиқати” вилоят газетаси билан ҳамкорлик қилиб, илк шеърлари, публицистик мақола ва фелъетонларини чоп эттирди. Поровардида моҳир журналист ва адиб сифатида элга танила борди. Айниқса, унинг 50-йиллар ўрталарида Тошкентга кўчиб келиши орзу ва истакларининг рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутди.

“Адабиётга болаликдан ҳавасим зўр эди, ‒ деб ёзади у таржимаи ҳолида, ‒ мана шу интилиш мени журналистика даргоҳига олиб келди. Аввал Наманган вилоят газеталарида, сўнгра ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида, “Ўзбекфильм” киностудиясида, Ўзбекистон телеграф агентлигида адабий ходим, бўлим мудири, муҳаррир, таржимон лавозимларида ишладим. “Шарқ юлдузи” журналида бўлим мудири бўлдим. Асосан 1951 йилдан бери очерк, ҳикоя, фелъетонларим билан газета ва журналлар саҳифаларида қатнашиб келаман. Баъзи-баъзида таржимонлик ҳам қилиб тураман. В. Овечкиннинг “Районнинг иш кунлари” очеркини, П. Бровканинг “Дарёлар туташганда” романини, П. Покришкиннинг “Уруш осмони”, А. П. Сабуровнинг “Зафарли баҳор” эсдаликларини ўзбекчага ағдарганман. 1971 йилда ўзимнинг “Водийларни кезганда” очеркли китобим босилиб чиқди”.

Гарчи Турғун Пўлат адабиётнинг қутлуғ даргоҳига шеърий машқлари билан кириб келган бўлса-да, асосан, наср борасида жиддий шуғулланиб, “Аёллар исёни” (1967), “Жиғилдон қори”, “Тўрахўжа” (1970) каби ҳажвий ҳикояларини яратди. Адиб “Ҳожи ҳисобчининг ҳикоялари” туркуми ва “Миррихдан келган меҳмон” (1973) китоби билан адабий жамоатчиликнинг эътиборини қозонди.

Шунингдек, унинг “Табаррук заминда” (1970), “Хотинбоз” (1972) ҳамда вафотидан кейин нашр қилинган “Яловбардор” (1986) каби китоблари адабий давраларда яхши баҳо олди.

Адиб “Ичкуёв” (1975) қиссаси билан 70-йиллар ўзбек насри тарихида қолди. Зеро, “Ичкуёв” 70-йиллар ўзбек насрида янги фикр, янги қараш, ҳаёт ҳақиқатини рўй-рост кўрсатиш нуқтаи назаридан муҳим асар эди. Шу туфайли ҳам бу асар тез орада кўп қисмли телефильм бўлиб, зангори экранга кўчди. 1979 йилда ана шу фильм ижодкорлари қаторида адибга ҳам Республика Давлат мукофоти берилди.

Мустақиллик йилларида Турғун Пўлатнинг “Ичкуёв” номли сайланма асарлар тўплами янгидан нашр этилди ва унга адибнинг тугалланмай қолган “Одамий эрсанг…” номли романи ҳам киритилди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.