Тўра Сулаймон (1934–2005)

0
1070
марта кўрилган.

Тўра Сулаймон 1934 йили Жиззах вилояти Бахмал туманидаги Ёйилма қишлоғида туғилди. 1936 йилда оиласи Мирзачўлга кўчирма қилинган шоир ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади: “Менинг қайси йили туғилганим аниқмас. Энамнинг айтишларига қараганда, қолаверса, ўзимнинг қачон мактабга бориб, қачон рўзғор ишлари билан катталардай жиддий шуғуллана бошлаганимни эсласам, туғилган йилим ўттиз иккинчи йилга тўғри келади. Бундай дейишимнинг сабаби, қулоқ қилинганимизда энамнинг қўлида эканман”.

Тўра Сулаймон 1952 йилда ўрта мактабни тугатгач, мактабда ўқитувчилик қилди. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида сиртдан таҳсил олди(1958–1964). “Сирдарё ҳақиқати” вилоят газетасида масъул котиб (1964–1971), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоятининг масъул котиби, адабий маслаҳатчиси (1971–1986) вазифаларида хизмат қилди.

Шоирда адабиётга, ижодга ҳавас анча эрта уйғонган. Бунда халқ оғзаки ижоди, халқ китобларини яхши билган зукко ота-онасининг хизматлари катта. “Айниқса, отамдан эшитган эртакларим орасида “Болдирбой” деган эртак мени кўп мафтун қилар эди”, ‒ деб эслайди шоир.

1962 йилда Тўра Сулаймоннинг “Истар кўнгил” номли биринчи шеърий тўплами чоп этилди. Шундан кейин “Қорасоч” (1964), “Ҳамқишлоқларим” (1968), “Жаҳонгашта” (1970) достони, “Менинг қора кўзгинам” (1972), “Мен қайга борар бўлсам” (1976), “Алҳазар” (1979), “Интизор” (1980), “Сизни эслайман” (1982), “Истар кўнгил” (1982) каби йигирмадан ортиқ китоблари дунёга келди. Ўнлаб шеърлари қўшиққа айланиб, таниқли ҳофизлар томонидан куйлаб келинади.

Тўра Сулаймон 1999 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.