Томас Элиот (1888–1965)

0
279
марта кўрилган.

Шоир, драматург ва адабий танқидчи – Томас Стернз Элиот (1888–1965) шеъриятда модернизм оқимининг йирик вакилларидан биридир.

У 1888 йил 26 сентябрда Сент-Луис (АҚШ) шаҳрида бадавлат ва мартабали протестантлар оиласида дунёга келди. Унинг бобоси черков қурган ва университет коллежига асос солган, ўз даврининг маърифатпарвар руҳонийларидан эди. Отаси ишлаб чиқариш компаниясининг президенти, онаси адабий фаолият билан шуғулланган. Элиотлар хонадонидаги анъаналар: эътиқодлилик, талабчанлик, одоб-ахлоқ меъёрларига, ўз хатти-ҳаракатларига масъуллик туйғуларининг шаклланиши бўлажак адибга катта таъсир ўтказган. Янги Англиянинг пуританларга хос қатъий тамойиллари ва ўз бурчига садоқат, эътиқодга содиқлик йиллар давомида ёш Элиотнинг ҳаётий йўлини белгилаб берди. Айни вақтда у муҳтарам ота-боболари йўлидан бошқа сўқмоқларга ҳам ўтиб кетганини, аммо ўз йўлини топа олганлигини таъкидлаш жоиз.

1910 йилда Гарвард университетини тўрт йиллик таҳсилини уч йилда тамомлаб, у иккинчи ватани бўлиб қолган Европага йўл олди. Бу даврда у фалсафа, дин ва маълум тарихий даврлар (Итальян тикланиш даври, Елизавета давридаги Англия ва XVII аср)га бўлган қизиқишлари ортган эди. Элиотнинг илк тўпламларига буржуа жамиятининг сохталиклари, шаҳарнинг шовқин-суронли ҳаётида инсон шахсининг емирилиши ҳақидаги фожеавий шеърлар хос бўлди. Чинакам пуританлар авлоди сифатида у мунтазам ибодат, интизом ва тинимсиз меҳнат билан олдидаги машаққатли тўсиқларни енгиб ўтди.

Бўлғувчи авангард шоир ўз замони адабиёт майдонига исён билан кириб келди. Унинг ижодидаги асосий мавзу – руҳ инқирози бўлди. Элиот ўша даврда моддий қадриятларга ружу қўйган инсониятнинг Худо томонидан берилган илоҳий неъматларни менсимаслигини танқид қилиш, даҳрийликни қоралаш ғояларига суянди.

Унинг илк шеърлари 1916 йилда Американинг “Литтл ревю” журналида чоп этилди. Биринчи жаҳон уруши даврида адабиётда мунтазам равишда янги шеърий йўлларни очишга интилди. Бу йилларда яратилган кўплаб асарлари унинг руҳий ва ижодий йўлини қатъий белгилаб олганлигидан далолат берарди. Масалан, “Ховал одамлар” (1925) шеърлар туркуми Элиотга “умидсиз шоир” деган лақаб келтирди. “Альфред Пруфрокнинг севги қўшиғи” (1917) тўпламига эса ижодининг илк босқичида яратилган, замондошлари томонидан англо-америка модернизмининг манифести сифатида эътироф этилган шеърлари киритилганди. 1919 йилда унинг “Шеърлар” китоби чоп этилди. 1922 йилда Элиотнинг Инжил ва Дантеона руҳдаги сатрлари жамланган, урушдан кейинги йилларнинг “Йўқотилган авлод”и қарашларини мужассам этган “Ҳосилсиз ер” поэмасини эълон этди. Бу йилларга келиб Элиот адабиётшунос, танқидчи сифатида ҳам шуҳрат қозонди. 1920 йилда унинг эстетик қарашлари жамланган “Муқаддас ўрмон” тўплами нашр қилинди. Унда Элиот унутилаёзган Жон Донне, шунингдек, “метафизик шоирлар” Эндрю Марвелл ва Жон Вебстер каби инглиз адабиётининг намояндаларини юқори баҳолаб, замондошларининг ёдига солишга интилди.

1927 йилда Т. Элиот Буюк Британия фуқаролигига қабул қилинди. Тараққиётининг буржуа-капиталистик йўлини рад этган ҳолда, Элиот руҳий жиҳатдан насронийликнинг ахлоқий меъёрларига амал қилишни (“Кул босган муҳит”, 1930), ибтидоий диний эътиқодга қайтишни тарғиб этди, ижодини консерватизм томон йўналтирди. Шунингдек, у таржимон сифатида 1930 йилда француз шоири Сен-Жон Перснинг “Анабасис” поэмасини инглиз тилига ўгирди.

Ижодининг сўнгги босқичларида (“Тўрт квартет”, 1943) бақо ва фано, авлодларнинг руҳий ришталари мавзуларига мунтазам мурожаат этиб турди.

Элиот олий тафаккур шоир эди, унинг асарлари замондош ижодкорларнинг ижодидан тубдан фарқланади. Шоир ўз ижодида мураккабликни мақсад қилиб олмади, балки бу мураккаблик унинг англанган ва ҳал этилган муаммоларининг серқирралиги билан белгиланади.

1948 йилда “Замонавий поэзияга қўшган катта новаторлик ҳиссаси учун” Элиотга Нобел мукофоти берилди. 1948 йилда Британиянинг Хизматлари учун ордени, 1954 йилда французларнинг Фахрий легион ордени ва олмонларнинг Ганзей иттифоқи таъсис этган Гёте мукофоти билан тақдирланди.

Томас Элиот 1965 йил 4 январда Лондонда вафот этди ва Вестминстер аббатлигига қарашли Ист-Кокер ҳудудида – Сомерсет қишлоғида дафн этилди. Худди шу ердан бобоси Эндрю Элиот XVII аср ўрталарида Америкага йўл олган эди…

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.