Тўлан Низом (1938)

0
585
марта кўрилган.

Тўлан Низом 1938 йил 17 августда Андижон вилоятининг Бўз тумани Бешкал қишлоғида таваллуд топди.

Андижон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, сўнгра туман ёшлар қўмитасида етакчи, маориф бўлими мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилоят бўлимининг масъул котиби, педагогика билим юрти директори вазифаларида ишлади.

Ўн икки ёшида илк машқлари туман, вилоят газеталарида чоп этила бошлади. “Сенинг эртакларинг” номли илк шеърий тўплами 1970 йилда нашр этилди. Шундан сўнг “Ифтихор” (1981), “Қуёш йўли” (1984), “Андижонда бир қуш бор”, “Ойқизлар”, “Шеър айтгим келяпти, онажон”, “Чўлпон”, “Ҳумо”, “Интизорлик”, “Акс садо”, “Чаман ичра” “Муқаддас руҳ” (1992) каби шеърий мажмуалари, “Мажнунтол йиғиси” (1991), “Чўлпон” (1992), “Гиря”, “Руҳи равоним”(1993), “Бобур” (1995), “Ботмай қолган ой” (1997) каби достонлари дунёга келди.

Булардан ташқари, Т. Низом “Нон ҳиди” (1998), “Руҳлар қасидаси”, “Алишер Навоий” (2001), “Довон”, “Аввалу охир” (2002) “Пўлат белбоғ” (2015) каби китоблар муаллифи ҳамдир.

Истиқлол йилларида шоир самарали ижод қилди. Қисқа давр ичида ўттизга яқин достон яратди. Бу достонлар бир қатор адабий нашрларда ҳамда шоирнинг “Ватан ҳақида қўшиқ” (2009), “Оқ гул” (2010) каби тўпламларида эълон қилинди. Уч жилдлик “Сайланма” си, “Табибнома” (2012) мажмуаси ҳам мухлислар учун муносиб совға бўлди.

Тўлан Низом 1998 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати”, 2008 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденларига сазовор бўлди. У халқаро Бобур ва Чўлпон мукофотларининг ҳам соҳибидир.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.