Тоҳир Қаҳҳор (1953)

0
272
марта кўрилган.

Тоҳир Қаҳҳор 1953 йил 9 майда Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманидаги Мозор Қўҳна қишлоғида хизматчи оиласида туғилди. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида (1970–1975) таҳсил олди.

Ўзбекистон радиоси адабий-драматик эшиттиришлар Бош муҳарририятида (1975–1979), “Шарқ юлдузи” журналида (1979–1991), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (1991–1997) турли лавозимларда хизмат қилди. Жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетида мураббий (2005–2010), “Жаҳон адабиёти” журналида бўлим муҳаррири (2010–2012) вазифаларида ишлади. 2004 йилда “20-30 йиллар ўзбек адабиётининг Туркияда ўрганилиши” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Тоҳир Қаҳҳорнинг илк шеъри 1968 йилда Наманган тумани газетасида, илк илмий мақоласи 1978 йилда “Таржима санъати” тўпламида босилди. Шундан сўнг “Оқ ўрик” (1980), “Оқаётган дарё” (1982), “Осмон кимники” (1982), “Эшик тақиллаётир” (1984), “Кун кўзи” (1987), “Юлдузлар менинг боғим” (1988), “Око дня” (1990, Москва), “Тоғнинг парвози” (1990) номли шеърлар, “Ҳур Ўзбекистон учун” (1994) мақолалар китоби нашр этилди.

Тоҳир Қаҳҳор таржимон сифатида Г. Г. Маркес, Исмоил Ака, Меҳмад Эмин Юрдақул, Ниҳол Отсиз, Исмоил Ғаспирали, Дундар Алп, Зиё Кўкалп сингари хорижлик ижодкорлар асарларини ўзбек тилига ўгирди. Айни чоқда ўзининг бир қатор шеърлари озарбайжон, украин, инглиз, булғор, турк тилларига таржима қилинди. Бундан ташқари у илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тоҳир Қаҳҳорга мустақиллик мавзусидаги публицистик ва адабий-илмий мақолалари учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тарғибот марказининг Аҳмад Яссавий номидаги халқаро мукофоти берилган (1991).

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.