Тавалло (1882–1937)

0
706
марта кўрилган.

Шоирнинг асл исми-шарифи Тўлаган Хўжамёров бўлиб, “Тавалло” унинг адабий тахаллусидир. Тавалло 1882 йил Тошкентнинг Кўкча даҳасида, зиёли оиласида туғилган. Аввал эски мактабда, кейин машҳур “Бекларбеги” мадрасасида таҳсил олади.

Тошкентнинг Эски Жўва мавзесида жойлашган мазкур мадрасада Муқимий, Фурқат каби мумтоз шоирлар ҳам истиқомат қилишган, баҳс-мунозара, мушоиралар уюштирилган. Ана шундай ижодий муҳит Таваллонинг шоирлик ҳавасига қанот бағишлайди. Шунингдек, унинг шоир сифатида шаклланишида ўз даврининг машҳур шоири Юсуф Сарёмийнинг ҳам таъсири катта бўлган.

Таваллонинг шеърлари ХХ аср бошларида турли матбуот саҳифаларида тез-тез учраса ҳам, китоб ҳолидаги “Сабзавор” шеърий тўплами 1914 йилда чоп этилган. Худди шу йили татар шоири Абдулла Тўқай вафотининг бир йиллиги муносабати билан ёзган шеърида ўз миллати равнақи йўлида Абдулла Тўқайдек хизмат қилишга аҳд этгани, қатъий курашга бел боғлаганини маълум қилади.

1905 йилда жадидчилик ҳаракатига қўшилган Тавалло “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” газеталарида ўз мақола ва шеърлари билан фаол иштирок этади. Тошкентда намойиш этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” асарини саҳналаштиришда ташкилотчилик қилади. 1916 йилга келиб у матбуотда эълон қилинган ва қилинмаган сара шеърларини жамлаб, “Равнақ ул-ислом” деган номда чоп эттиради.

Тўплам гарчи исломий руҳда номланган бўлса-да, аксарият қисми ҳажвий, ижтимоий шеърлардан ташкил топган. Энг муҳими, шеърларининг барчаси оташин маърифатпарварлик руҳи билан суғорилган, мавзу жиҳатдан эса ранг-баранг, жанрига кўра хилма-хиллиги билан ажралиб туради.

 

Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,

Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг, –

 

дея миллатга, унинг тақдири, келажагига бўлган эҳтиромини ифодалайди.

Ватан ва миллат истиқболига бўлган ишонч, муҳаббат шоир ижодининг асосий мазмун-мундарижасини ташкил этади. Атоқли адиб Ойбек ўзининг “Болалик” қиссасида шуни кўзда тутган ҳолда Тавалло ижодига катта ҳурмат-эҳтиромини изҳор қилади.

Тавалло октябрь тўнтаришидан сўнг шўро идораларида ҳам ишлади. “Муштум” журналида фаол иштирок этди. Аммо 1937 йилда мустабид тузум қурбонига айланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.