Султон Акбарий (1923–1997)

0
431
марта кўрилган.

Адабиётимизда бахшиёна услубда қалам тебратган шоирлар анчагина. Султон Акбарий ‒ шулардан бири. Бинобарин у ўз овози, ўз услубига эга шоирлардандир.

Султон Акбарий 1923 йилнинг кеч кузида Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, меҳнат фаолиятини газеталарда адабий ходимликдан бошлаган. Тошкент давлат педагогика институтининг сўнгги курсидан фронтга кетади. Жангдан қайтгач, яна журналист сифатида фаолият олиб боради.

У “Хоразм ҳақиқати” газетасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб юрган кезларида Қўнғирот темир йўли қурилиши ҳақида “Чўлдан мактублар” номли туркум очеркларини эълон қилди.

1948 йили Тошкентга қайтиб, 1952 йилгача газеталарда фаолият кўрсатди. Москвадаги олий адабиёт курсида таҳсил олди. Сўнгра “Тошкент” бадиий адабиёт нашриётида бош муҳаррир, “Тошкент ҳақиқати”, “Гулистон”, “Ўқитувчилар газетаси” каби газета ва журналларда масъул лавозимларда ишлади.

Султон Акбарийнинг дастлабки шеърий тўплами 1950 йилда эълон қилинди. Шундан кейин унинг 20 га яқин шеърий тўпламлари, достонлари чоп этилди. Улар орасида “Имоним, эътиқодим”, “Яраланган қўшиқлар”, “Сулув сулув эмас, суйган сулув”, “Шукрона”, “Меҳригиё”, “Довон ва девон” каби шеърий мажмуалари алоҳида ажралиб туради.

Султон Акбарий моҳир достоннавис сифатида ҳам кўплаб асарлар яратган. Улар орасида айниқса, “Гирдоб” (1964) достони китобхон ва адабий жамоатчилик эътиборини қозонган. “Қатағон” (1992) достонида совет давлатининг мудҳиш сиёсати, ғайриинсоний бошқарувининг туб моҳияти кескин очиб ташланган.

Султон Акбарий таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган. Ўзбек тилига ўгирган асарлари орасида қирғиз эпоси “Манас”дан қилинган таржималари алоҳида ўрин эгаллайди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.