Шуҳрат (1918–1993)

0
9118
марта кўрилган.

Ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири, шоир, носир ва драматург Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йил 19 апрелда Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласида туғилди.

У эски ва янги мактабларда таҳсил олгач, транспорт техникумида ўқиди. Бу ерда Юнус Латиф таъсирида шеърлар ёза бошлади. Сўнг Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олди (1936–1940). Шуҳрат ижодини 1935 йилда шеър ёзиш билан бошлаган. Унинг “Орзу ва қалб” достони ҳамда “Меҳрол” эртак-достони 1940 йилда босилган. Шу йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер сифатида хизмат қилади.

У урушдан кейин республика газета ва журналларида адабий ходим бўлиб ишлайди. Шу йилларда унинг “Ҳаёт нафаси” (1947), “Қардошлар” (1950) шеърий тўпламлари нашр этилади.

Қатағоннинг мудҳиш шамоли Шуҳратни ҳам четлаб ўтмади. 50-йиллар бошида советларга қарши тарғиботда айбланиб, умрининг беш йили Сибиру Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарда ўтади. “Жаннат қидирганлар” романи нашр этилгандан кейин эса (1968), айрим кимсалар уни миллатчиликда айблашга уринадилар. Яна ташвиш устига ташвиш келади. Шуларнинг ҳаммаси унинг соғлиғига путур етказади.

У умрининг сўнгги йилларида ҳарбий мавзуда “Фарзанд”, “Сўлмас чечаклар”, “Оқибатли кишилар” каби ранг-баранг жанрларда асарлар яратди.

Ёш авлоднинг ахлоқ-одобини, меҳнатсеварлигини, жанговар жасоратини, озодлик ва тинчлик учун курашган ота-боболарга муносиб ворислар бўлиб етишганини ифтихор билан тасвирловчи “Бизнинг кўча”, “Балоғат” (1957–1958), “Қудуқ” (1973) асарлари яратилди. Адибнинг “Сенинг севгинг” (1931), “Ишқингда ёниб” (1964) лирик китоблари, “Кавказ дафтари”, “Қиз табассуми”, “Буюк муҳаббат” каби шеърий туркумлари, балладаларида Ватан ва ҳаёт, севги ва муҳаббат, қадр ва қиммат, меҳнат ва меҳнатсеварлик улуғланади.

Ҳаётий воқеаларни кенг кўламда тасвирлаш эҳтиёжи ижодкорни роман жанрига ундайди. У Иккинчи жаҳон уруши фронтларида орттирган катта ҳаётий тажрибаси асосида халқимизнинг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардоши, келажакка умиди ҳақида ҳикоя қилувчи “Шинелли йиллар” (1947–1957) романини яратади. “Олтин зангламас” (1967) романида маърифат соҳиби ‒ ўқитувчи деган шарафли касб улуғланса, “Жаннат қидирганлар” (1968) романида ватангадолик фожиаси бадиий ифодасини топган. Шоирнинг ҳаёт ҳақидаги фалсафий мулоҳазалари ифодаланган шеър ва тўртликлардан иборат “Лирика” (1973) тўплами, “Беш кунлик куёв”, “Қўша қаринглар” комедиялари ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг кўпгина асарлари хорижий тилларга таржима қилинган.

Шуҳрат вафотидан кейин “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.