Шарифа Салимова (1951)

0
291
марта кўрилган.

Шарифа Салимова 1951 йил 30 декабрда Тошкент вилоятининг Паркент туманида таваллуд топди. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олди (1969–1974). Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомитетида бошлади (1974–1987). “Саодат” журнали ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида (1989–1994) хизмат қилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий фаолиятида фаол иштирок этди. Шу йилларда адибанинг турфа мавзу ва муаммоларга бағишланган публицистик мақолалари эълон қилинди.

Шарифа Салимованинг дастлабки шеърий гулдасталари ўтган асрнинг 80-йилларида “Ҳаёт завқи” ва “Менинг баҳорим” номлари билан чоп этилди. Шоира ижодида “Хизр булоғи” (1996) тўплами алоҳида аҳамиятга эга. У буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг 550 йиллигига бағишланган “Тонгга қасам” (2002) китобидаги публицистик мақолаларида давримизнинг энг долзарб масалалари шоирона тил билан қаламга олинади. Шунингдек, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” (1997) публицистик мақолалар тўплами, “Ватан суврати” (2011) шеърий мажмуаси чоп этилди.

Шоира рус, қозоқ, қирғиз шоиралари ижодидан таржималар қилиш билан бир қаторда, исломшунос немис шоири Ҳадаятуллоҳ Ҳюбш шеърларини ўзбекчага ўгириб, “Оқ атиргул” номи билан нашр эттирди.

Шарифа Салимовага 1994 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилган.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.