Сайёр (1932–2001)

0
145
марта кўрилган.

Сайёр (Сайёрпўлат Файзуллаев) 1932 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳам шоир, ҳам носир сифатида қалам тебратган. Унинг биринчи шеъри 1953 йилда эълон қилинган. “Қалб ҳарорати” номли биринчи китоби 1960 йилда чоп этилган. Шундан кейин унинг ўзбек, рус ва бошқа тилларда ўттизга яқин шеърий ва насрий асарлари босилиб чиққан. Жумладан, “Бошсиз ҳайкал” (1961), “Фидойингман” (1962), “Қачон катта бўламан” (1965), “Бир кеча хаёли” (1965), “Ўттиз ёшим” (1968), “Ҳулкар” (1969), “Парвона” (1970), “Денгиздан томчилар” (1972), “Йиллаб куйганим” (1973), “Мусаффо фасл” (1978), “Одам борки…” (1981), “Болға зарби”, “Анча катта боламан” (1982), “Чорраҳа” (1985), “Умр қўшиғи” (1986), “Ҳалоллик ва фаоллик”, “Уйқудаги тош” (1989) каби шеърий тўпламларини, қиссаларини ва болалар учун ёзилган асарларини санаб ўтиш мумкин.

Сайёрнинг шеърияти инсон гўзаллиги, инсоний бурч, виждон ва имон тушунчаларини бадиий шарҳлаши билан ажралиб туради. Шоирнинг “Ҳалоллик ва фаоллик” номли тўпламига кирган кўп шеърлари шу жиҳатлари билан ҳарактерлидир. Уларда инсоннинг Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчи, ҳақгўйлик ва ростгўйлик фазилатлари улуғланади.

Шоир шеъриятида сиёсий лирика билан бирга муҳаббат лирикаси муҳим ўринни эгаллайди. Сайёр шоира Гулчеҳра Жўраеванинг турмуш ўртоғи эди. Уларнинг тўрт нафар фарзандлари ва қўша-қўша набиралари бор.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.